БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМНИ ИЖОДИЙЛАШТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ
Muallif
Джумаева Назира
БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМНИ ИЖОДИЙЛАШТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ
Джумаева Назира, Сурхондарё вилояти, Ангор тумани,
34-умумий ўрта таълим мактаби, бошланғич синф ўқитувчиси.
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтиши узлуксиз таълим ташкилотларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламлиги билан бевосита боғлиқ. Унинг бугуни ҳамда келажаги нечоғлик улкан бўлишини, бу жабҳада белгиланган залворли мақсад ва вазифаларга қараб англаш мумкин.
Зеро, узлуксиз таълим ташкилотлари келажакда жамиятга беминнат хизмат қиладиган салоҳиятли ёшларни вояга етказишда асосий бўғин ҳисобланади.
Сифатли дарс жараёнида ўқувчиларда мустақил дунёқарашни пайдо қилишга оид ҳаркатларни юзага чиқаришдек масъулиятли жавобгарликлар малакали, кенг дунёқарашли педагог кадрлар зиммасида бўлиши табиий ҳолат десак бўлади. Демак, узлуксиз таълим ташкилотларида камол топаётган келажак авлод дарс жараёнига асқотувчи илмий асосли муҳим ташкилий ишларни амалга ошириш жараёнини кенг жамоатчилик фикри ва эҳтиёжларига таянган ҳолда олиб борилиши ўта долзарб. Бунда жамоатчилик ўртасида узлуксиз таълим йўналишлари ислоҳотларига нисбатан ижодий муҳитни шакллантириш ўта муҳим жараён ҳисобланади ва унда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Дарс жараёни имкониятларидан келиб чиқиб, аниқ мақсад сари интилишга эришиши ўқувчиларнинг барча ёш даврлари босқичида рўй берса, ўқувчиларнинг амалий кўникма ва замонавий малакаларини шакллантириш муаммоси табиий равишда ўз ўзидан анча ойдинлашади.
Шахс сифатида ўқувчилар ўқув предметларини ўзлаштиргандан кейин ўзининг салоҳиятини, амалий кўникма ва замановий малакаларга нисбатан ўзгармас ҳолатдаги имкониятлари, хусусан пайдо бўлаётган ижодий муносабатларини шакллантирган бўлиши шартки, буни энг аввало, ота-она ёки унинг ўрнини босувчи ҳуқуқий шахс тўлиқ, асосийси мукаммал тушуниши зарур.
Узлуксиз таълим ташкилотлари бошланғич синф ўқувчиларининг зарурий кўникма ва малакаларини янада такомиллаштириш учун муҳим ўқув адабиётлари тайёрланиши ва ўқув предметларининг ўқитилиши чуқур ва содда бўлиши лозим.
Масаланинг ишончли ечилиши учун ўқувчиларнинг шахс сифатида маҳаллий шароитнинг аниқ бир ишлаб чиқариш ташкил этилиши жараёнида қатнашишига эришилса, эгаллаётган кўникма ва малакаларнинг амалиётда қўлланилиши янада тушунарли бўлади. Шунда педагог кадрлар ўз ўқувчиларининг имконияти даражаси тўғрисида аниқ хулосаларга кела бошлайди, шунингдек ўқувчиларнинг интилиши, салоҳияти ва қобилиятига қараб ўқиш воситалари масъулиятини ўзлари мустақил ҳал қила боради. Педагог кадрларга ўқувчиларнинг қизиқишларига оид етарли кўникма ва малакалар эгаси бўлиши фақатгина янги техника, технологияларни ўзлаштириш ҳисобига амалга ошиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлар қатъийлашади.
Дарс жараёнига доир фикрларимизни давом эттирган ҳолда, асосий восита – дарсликлар ва қўшимча равишда тавсия этиладиган ўқув адабиётлари ўқувчиларимиз таълимини мукаммаллаштириши, уни мустақил ўзлаштириш билан ўзи интилган натижаларга эришиш мумкинлигини алоҳида таъминлаш даркор.
Зотан, дарсларни ташкил этувчиларнинг ўзи китоб-ўқув адабиётига ишонган ҳолда дарс бериши нафақат ўқувчилар, дарс ўтувчиларнинг ўз устида ишлашига мажбурлаши бор гап. Шу орқалигина дарс жараёнидаги устувор мақсад ижобий ечим топа боради.
Бошланғич таълимда дарс жараёнига оид ижодий муносабатларни пайдо қилишда ўқувчиларнинг кундалик тажрибаси, жисмоний ва моддий имкониятлари, назарий билими, амалий кўникма ва замонавий малакалари шаклланиши ҳисобга олинмаганлиги бугун ҳам учраб туради, десак янглишмаймиз.
Бугунги кундаги дарс жараёнида қўлланилаётган ўқув адабиётларининг мутахассис амалиётчи педагог кадрлар томонидан ёзилиши лозимлигини ҳисобга олиш ўринли бўлади. Бу ерда, инсон билан инсоннинг ўзаро муносабатида дарсларнинг имкон даражаси доимо етакчилик қилган ва доим ўз кучида бўлади.
Шу ўринда бир ҳолатда янглишмаслик керак, яъни дарс жараёнининг асосий эгаси ва ташкил этувчиси айнан инсон ҳисобланади. Ўқувчиларнинг дарс жараёнига мослашишининг сифатли ечимини фақат ўқувчилар мослашуви баробарида уларнинг малакаси шаклланиши сифати ҳам назарда тутилади. Қолаверса, дарс жараёнида назарий билим, амалий кўникма ва замонавий малакалар шаклланиши ҳисобига ўқувчиларда ижодий муносабатлар кўникмалари шакллана боради.
Айтиш мумкинки, тил ва тафаккур мослашуви ҳамда ижодий муносабатларнинг дарс жараёнида қўлланилиши, уларнинг ўқувчилар шахси шаклланишида катта имкониятга эгалиги исбот талаб қилмайди.
Мазкур ижодий муносабатларнинг ишончлилик даражасига келадиган бўлсак, айтиш жоизки, ўқувчиларнинг ёш босқичларига нисбатан қадимий илдизлардан тўғри имконият ахтариши турлича бўлиши табиий. Шунинг учун келажак авлод бозор иқтисоди муносабатларига асосланган тараққиёт босқичига кираётган узлуксиз таълим ташкилотларида ўз ўринларини мукаммал топиб бориши зарур. Зеро, мазкур амалий жараённи узлуксиз таълим ташкилотлари ўқувчилари шахсида таркиб топтириб бориш бугун долзарб масалардан биридир.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва узлуксиз таълим ташкилотлари ўртасида ҳамжиҳатлик муҳити бўлиши турли хил илмий муносабатларни кундалик ҳаётга кириб келишини келтириб чиқармоқдаки, бу уларнинг моҳият, мазмунини дарс жараёнида ёш авлод онгига сингдириш, илмий асосда мукаммал бўлишини педагогик кадрлардан бошлашни тақозо этади.
Узлуксиз таълим ташкилотларига кириб келган жами янгиликларнинг моҳият мазмунда ўқувчилар ва уларнинг характер хусусияти билан боғлиқ, чунки уларни ўқувчилар ўзларининг яшаш мазмунига уйғунлаштирган тақдирда ўз имкониятларини очиб беришга хизмат қилади.
Энг аввало, педагог кадр ҳозирги кунда шу имкониятларни илмий асосда англаб, сўнгра ўқувчиларга ўқув предметлари ёрдамида фойдаланиладиган тушунчаларни ўргатиши керак. Айниқса, бошланғич синфларда ҳамма дарслар шу талаб асосида ташкил этилса, ўринли бўлар эди. Шу боис, фикрларимизни бошланғич синф ўқувчилари ўқиб ўрганадиган математика ва она тили дарсликлари асосида назарий кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик.
Дарвоқе, ўқув предметларини ўзлаштириш ўқувчиларни кундалик турмушга тайёрлаш учун зарурлигини эътиборга олсак, у ҳолда дарс жараёни орқали ўқувчиларнинг турмуш тажрибаси амалий фаолиятининг самарадорлигини ошириши лозим бўлади. Жумладан, бошланғич синф ўқитувчилари ўқувчиларга кўп хонали сонларни ўргатишда “сон” тушунчасининг ўзини яхши ўзлаштириб, уни ҳаётга татбиқ қилишда ўқувчиларнинг ўқиб ўрганаётган бошқа ўқув предметларида ҳам соннинг ифода этилишини ҳисобга олиши керак. Қолаверса, “сон” деган тушунча она тили ўқув предметининг ўзида ҳам кенг ўрин эгаллайди ҳамда ўқувчи учун муҳим ҳаётий тушунчалар беришни назарда тутади. Шунинг учун педагог кадрлар математикага оид билимларни ўқувчилар шахсида шакллантиришда “сон” тушунчасининг миқдор ва тартибни билдиришини, шунингдек сон маъносига кўра: саноқ, доналик, жамловчи, чама, тақсим, тартибни англатишини эътиборга олиши зарур. Айнан математикада “сон” тушунчасининг тарихига назар солсак, унда сон шахсларнинг предметларни санашга бўлган эҳтиёжи туфайли келиб чиққанлиги айтилади. Шунингдек, рақам (лотинчада – сон)ни ўқувчиларга ўргатганда бир хил нарсаларнинг тартиб рақамини белгилашда, кийим-кечак, пойабзалларда ишлатилишини, меҳмонхона, концерт каби соҳаларда қўлланилиши баён қилинса, ўқувчиларнинг математикага оид назарий билимларини она тили ўқув предмети ёрдамида амалий ҳолатда ўз шахсида шакллантиришда янада ижодийлаша боради.
Бизнингча, бошланғич синф ўқувчиларининг шахс сифатида шаклланиши, бурчи, ҳуқуқ ва эркинликларини тушуниб, назарий билимлари, амалий кўникма ва малакаларига хос маълумот олишдан иборат бўлган узлуксиз доимий ҳаракатлар ва интилишлар мажмуига боғлиқ. Мазкур мулоҳаза баъзи камчиликлардан ҳоли бўлмаса-да, янада ишончлиликка эришиш мезони ўқувчиларнинг назарий билими, амалий кўникма ва замонавий малакалари билан туташади.
Негаки, назарий билим, амалий кўникма ва малакаларнинг шаклланиши доимий жараён бўлиб, унга керакли стимул зарур, яъни туртки бериб турилса, ҳеч қачон тўхтаб қолмайди.
Қўйингки, шу ёш даврлари босқичида рақамни билиш кўпроқ тил ўрганиш билан мослашиб, уни математик таҳлил билан қўллашга ёндашилса, ўқувчилар ҳаётда рақамнинг аҳамиятини амалий тушуна боради. Ўқувчиларга математик тушунчалардан нуқта, кесма, бурчакларни ўргатишда ижодий ҳаракатлар мазмуни ва қўлланилишига қараб ёндашиш жуда зарур бўлади.
Шу ўринда жоизки, нуқта она тили ўқув предметида тиниш белгиси, математика, геометрияда бошланғич тушунча сифатида қўлланилиб, чексиз кичик ўлчамли жисмнинг абстракт (мавҳум) образларини ифодалаши ҳамда хоссага эга бўлган тўпламларнинг элементлари нуқта бўлиши айтилган.
Дарс ўтишда педагог кадрлар ўқувчиларни бир нуқтага интилтиришни юракдан ҳис қилса, ўқув предметларини ўқувчиларнинг тушуниши осонлашади. Бундан ташқари, ўқувчиларга сон ўқи нуқталарининг энг оддий тўпламлари кесмани ҳосил қилиши исбот этилиши лозим. Шунда рақамлаш учун нуқта, нуқта учун кесма бўлишини ўқувчилар англаши ва ҳаётда ўзининг ҳаракатга келиши кераклигини тушунса, ўқувчилар шахсида билимнинг шаклланиши онгли равишда кечади. Бунинг учун ўқувчилар кесмадан нуқта орқали фойдаланиб бурчак ҳосил қилса, нуқтадан нур (кесма, тўғри чизиқ) чиқариб, бурчак бўлишини оддий қарашлар билан тушунади.
Педагог кадрлар келтириладиган мисолларни тил билан ифодаласа, шунда ўқув предметлари бир-бирининг уйғунлашувини тўлдиради, янада бойитади. Ўқувчилар математикада ҳосил бўлган шаклни чизишда узунлик бирликларини қўллашни она тилида гап тузиш орқали тушунса, математик билимларнинг ўқувчилар шахсида шаклланиши мустаҳкамланади.
Мисол учун, ўқувчилар массани ўрганганида ўлчовни билиши ва массани ўлчашда қўлланиладиган бирликдан узунликнинг фарқини билиб, ўхшаш томонларини тушуниши шарт. Чунки масса ва узунлик барча координаталарда мавжуд ҳамда уларнинг шакл ва мазмунини сон ифода этади. Шундагина узлуксиз таълим “тил” ўрганиш математикага оид назарий билимлар билан устувор уйғунлаштирилиб, ўқувчиларнинг кундалик фаолиятига оид содда гаплар тузилиб, таҳлил этилса, дарслар амалий натижали бўлади.
Дарсга масъул педагог кадрлар туушнчаларни талаб даражасида бажарганидан сўнг, ўқувчиларга вақтни ўргатишни бошлаши лозим. Чунки вақт нарсаларнинг асосий яшаш шакли, бирор даврий ҳодисани ҳисобга олиш учун ишлатилишини эътиборга олиши ўта муҳим. Ва педагог кадрлар ҳодисалар моҳиятига мос она тили ўқув предметида гаплар тузиш ва таҳлил қилишни эътибордан қочирмаслиги яхши кўрсаткичларга олиб келади.
Педагог кадрлар томонидан ўқувчиларнинг ўзидан вақтни узунлик ҳисобига массага мослаштириш талабини қўя олса, кундалик фаолиятга оид кўплаб мисоллар юзага келади. Шунда ўқувчилар фигуранинг юзини математикага оид билимлар асосида тушуниб, тил орқали ўз онгида шакллантиради.
Масалан, фигура нуқталарнинг турли тўпламларига нисбатан қўлланиладиган термин. Сиртдаги фигурани ифодалайдиган миқдорлардан бири юза дейилиши педагоглар томонидан исбот этилиб, ўқувчиларнинг кундалик ҳаётий фаолияти билан ишончли равишда туташтирилса, юза ва фигурани тушуниш оддийлик билан ойдинлашади. Айниқса, “тил” талабларидан келиб чиқиб, ушбу жиҳатлар ижодий ҳисобга олинса, узлуксиз таълим сифати амалий аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, I-IV синфда ўқувчиларининг гапириш, ёзиш, чизиш асосида тўлиқ саводини чиқариш замонавий малакаларга ишонишдан келиб чиқиб, руҳий тетикликка етаклаши ҳамда миллий ғурурга эга бўлиш ҳолатига бориб тақалади.
Fikrlar