0
1 157
PDF

Анвар Обиджоннинг лафзий санъатлардан фойдаланиш маҳорати

Annotatsiya

Мақолада Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг болаларга мўлжалланган шеърларида лафзий санъатлардан фойдаланиш масаласига эътибор қаратилган.

Kalit so'z

рақамли шеър, расмли шеър, такрир, тарди акс, анафора, товушдошлик, мисра, вазн

Muallif

Зафар МАМАТАЛИМОВ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Маълумки, лафзий санъатлар мисра, байт ёки бандда қўлланган сўзларнинг маъновий томонига эмас, балки ташқи – шаклий томонига асосланади. Шакллар эса болалар ҳаётида етакчи ўрин тутади. Ўзларига номаълум бўлган нарсаларга кўзлари тушиши билан, аввало, шаклини эслаб қолишга, кейинчалик мана шу ташқи кўринишига асосланиб, уларни таниб олишга интилишади. Кейинги йиллар ўзбек болалар шеъриятида рақамли шеърлар, расмли шеърларнинг ёш китобхонлар томонидан илиқ қаршиланаётганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин. Болажонлар шеърда қўлланаётган бадиий санъатларни яхши англамасликлари мумкин. Аммо уларга шеърни суюмли қиладиган, мисралар қатидаги маънони уқишни осонлаштирадиган, шеър аталмиш мўъжизанинг сирларидан баҳраманд этадиган воситалардан бири лафзий санъатлардир.

         Мана бу шеърда ташбеҳ, жонлантириш билан бирга такрир санъати ишлатилган:  

 ТУТ

Мени дерлар

Қоратут.

Шошмай,

Битта-битта ют.               

Япроқларим

Тилладир,

Тонна-тонна

Пилладир.

Ўзимда туриб

Ипак,

Қишда қолдим

Бекўйлак.[1]

Такрор қўлланаётган битта-битта сўзи шошқалоқликдан қайтариб, эҳтиёткорликка чорласа, тонна-тонна такрори мўллик, тўкинлик, фаровонлик ифодаси учун қўлланаётир. Шу маънода, такрорлар Тутнинг инсонлар ғамхўри, беминнат кўмакчиси сифатидаги характерини очишга хизмат қилмоқда. Тутнинг тақдири “Бўзчи белбоққа ёлчимас, кулол – мўндига” мақолини ёдга солади. Шеър сўнгида Тут образига рамзийлик “юкланади”. У бутун умр далада тер тўкиб меҳнат қилган, минг машаққат билан пахта етиштириб, эгни оҳорли кийим кўрмаган, устига устак “ўғри”, “муттаҳам”, “текинхўр” дея таҳқирланган маҳзун ва музтар ўзбек бободеҳқонини беихтиёр ёдга солади. 

“Тут” мавзусидаги шеър таниқли болалар шоири Қуддус Муҳаммадий ижодида ҳам учрайди. 

Колхозда кўркам тутим,

Савлатли улкан тутим.

Баланд ўс, полвон тутим,

Лаззатли ҳолвам тутим!

Ялтирар баргларинг ҳам,

Ушласам силлиқ бирам.

Атласу ипак гилам

Ҳаммаси кимдан, тутим,

Биламан сендан, тутим!

Тут шинни, тут майизлар

Дўстларга совға – юзлар...

Номинг туту хилинг кўп,

Асиллигинг билдим хўп.

Қатор-қатор экдим хўп,

Ўс, шох отиб, кўкни ўп!

Балиқ, қўноқ, шо тутим,

Барглари шойи тутим.[2]

         Қуддус Муҳаммадий шеъри 50-йиллар болалар адабиётига тааллуқли. Бунда жонсиз нарса жонлантирилмайди. Балки ўзга шахс томонидан тутнинг сифатлари, фойдали хусусиятлари санаб ўтилади. “Тут” номли икки шеър ўзаро қиёсланганда бир қатор ўхшаш ва фарқли жиҳатлар кўзга ташланади. Ўхшашлик қўлланган шеърий санъатлар, бадиий тасвир воситалари билан изоҳланса, айрим фарқларни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин: 

Қ.Муҳаммадийнинг “Тут” шеъри:

 

Анвар Обиджоннинг “Тут” шеъри:

 

21 мисрадан иборат12 мисрадан иборат
Содда вазнда ёзилган. Мисралари 7 бўғинли. Қўшма вазнда ёзилган. Мисралари     3-4 бўғинли.
Радиф ишлатилганРадиф қўлланмаган
Муаллиф мақсади лирик қаҳрамон томонидан тутга мурожаат тарзида очиб бериладиМуаллиф мақсади бевосита тутнинг нутқи орқали юзага чиқади.
Тутнинг хиллари санаб ўтилади: балиқ, қўноқ, шоХиллари саналмайди. Нутқидан қоратут эканлигини билиб оламиз. (Мени дерлар Қоратут...)
Тутдан тайёрланадиган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар учрайди. (тутмайиз, шинни; атлас, ипак гилам)Япроқлари пиллага озуқа сифатида берилиши, ундан ипак олиниши  ҳақида айтилади.
Мавзу ёритилишида ижтимоий муҳитга ҳамоҳанглик сезилади. (Колхозда кўркам тутим...) Ижтимоий муҳитдан норозилик сезилади. Мажоз орқали давр руҳини акс эттириш кучли.

         “Ади-бади” шеърида жонлантиришнинг ҳар икки тури: ташхис ва интоқ қўлланган. Шу билан бирга, бу шеърда шакл билан боғлиқ санъатлар ҳам бор:                                      Чойнак боқди

Ойнакка.

Ойнак боқди                           

Чойнакка.

Чойнак деди:

– Ҳе, ялпоқ!

Ойнак деди:

– Дингқулоқ![3]

         Тарди акс асосий бадиий санъат сифатида бўртиб кўриниб турган биринчи бандда Чойнакнинг Ойнакка, Ойнакнинг Чойнакка норози боқиши бир-бири билан даҳанаки жангга шайланаётган икки тарафни англатса, интоқ уларнинг руҳиятини, кечинмаларини юзага чиқаришга ёрдам беради. Ойна шаклан ясси бўлганидан рақиби уни “ялпоқ” деб ҳақоратлайди. Ўз навбатида, Ойна ҳам жим қараб турмайди. Чойнакнинг қулоқ шаклидаги тутқичини назарда тутган ҳолда “дингқулоқ” дея жавоб қайтаради. Бу кичкинтойлар ўртасида тез-тез учраб турадиган тортишувнинг маиший ашёлар иштирокидаги драматик кўринишидир. Болалар ўзларига таниш бу манзаранинг оқибати нима билан якун топишини жуда яхши билишади. Айни пайтда, шеърда ифодаланган “ади-бади” жанжалнинг “бошланма”си эканлигини ҳам ич-ичидан ҳис этишади.         “Кўрсичқоннинг баҳонаси” шеърида сичқоннинг қилмишларига унинг қўрлиги баҳона сифатида кўрсатилади. 

Еб юрибман 

Ғўрми-шўр. 

Узр, дўстлар, 

Кўзим кўр. [4]       

Бир томондан, кўрсичқоннинг аҳволи ўқувчида ҳайрихоҳлик уйғотади. “Бечоранинг кўзи кўр-да, топгани ширинми, аччиқми ейишга мажбур” деган фикр беихтиёр хаёлидан ўтади. Иккинчи томондан, кўрлик шунчаки баҳона эканлигини тушуниш мумкин. Олдидан чиққан егулик ғўрми, шўрми, ўз мулкими ё бировнинг мулкими барибир – еб кетаверади. Мабодо унга бошқаларга зиён етказаётгани уқтирилса, баҳонаси доим тайёр: “Узр, дўстлар, кўзим кўр”. Учинчи томондан, жисмоний кўрлик замирида қалб кўзининг кўрлиги, маънавий кўрлик  маъноси ҳам ётибди.[5]

“Кўрсичқоннинг таржимаи ҳоли”да “кўрмаганман” сўзи ҳар бир мисра бошида анафора сифатида такрорланади. 

                             Кўрмаганман жарликни, 

Кўрмаганман булутни. 

Кўрмаганман Жайронни, 

Кўрмаганман Бургутни…[6] 

Тўғри, бунда ҳам таржимаи ҳол эгасининг кўрлигига алоҳида урғу берилади. Бироқ, мисралар бошидаги қайтариқлар орқали кўрсичқоннинг қалбида буюк армони, надомати борлигини англаш қийин эмас. У оламни дўсти Каламуш ёрдамида кўради. Каламуш унга кўм-кўк далалар, шарқироқ сойлар, булут, жайрон  ва бошқалар ҳақида сўзлаб беради. Кўрсичқон эса табиат гўзалликларини ўз кўзи билан кўролмаётганидан афсусланади. Шунингдек, бировларнинг жисмоний нуқсони устидан кулувчи, меҳр-мурувватдан йироқ кимсалар Юмрон қиёфасида намоён бўлади. Ўқувчи  “Кўрсичқон эмас, аслида Юмрон қалб кўзи кўр, маънан тубан” деган хулосага келади.

 Санъатбозликка берилиш, шаклга эътибор қаратиб мазмунни унутиб қўйиш ҳамма замонларда ҳам асосий қусур сифатида қораланган. Анвар Обиджон шеъриятида ҳам мана шундай камчиликлар учраб туради. 

          Маймун ухлар айвонда,

         Ҳамма ҳайвон ҳайронда.     

Маймун туриб ўрнидан,

Деди: “Чўзинг айрондан...”[7]

         “Маймун ҳақида қўшиқ”да  ҳ ҳарфи товушдошликни юзага келтирган (Ҳамма ҳайвон ҳайронда). Тўғри, аллитерация жажжи ўқувчилар тилини бурро, нутқини равон қилишда катта аҳамиятга эга. Шунинг билан бирга қўлланган товуш уйғунлиги шеър бадиий ғоясини очишга ҳам бирдек хизмат қилиши лозим. Юқоридаги шеърда ҳайвонларнинг ҳайронлиги боиси маймуннинг ухлаб ётиши бўлса, бу ўқувчида ишонч уйғотиш учун етарли эмас. Маймун ухламайдими? Унинг ухлаши шунчалик ажабланарлими? Шеърнинг давомидан ҳам муаллиф мақсадини англаб олиш қийин. Бия, туя маймунга айрон берадию, ит қўрққанидан ковакка беркинади. Маймун айронни ичиб олиб, у ёқдан бу ёққа аланглайди ва ўрмонга жўнаб қолади. 

         Шунингдек, Анвар Обиджонинг “Турнасаф шеърлар”, “Суварак ҳақида қўшиқ”, “Тўтининг талабалари” каби қатор шеърларида шакл билан боғлиқ санъатлар қўлланганки, бу ижодкорнинг турли шаклий ифодалар орқали мазмунни юзага чиқаришида етарли тажриба, катта маҳорат эгаси эканлигидан далолат беради.   


 


[1] Обиджон А. Жажжи-жажжи кулчалар. – Тошкент: Ўқитувчи, 2013. – Б.43.

[2] Муҳаммадий Қ. Танланган асарлар. – Тошкент: ЎзДав. бадиий адабиёт нашриёти, 1957. – Б.168.

[3] Обиджон А. Жуда қизиқ воқеа. – Тошкент: Юлдузча, 1987. – Б.93.

[4] Ўша асар. – Б.39.

[5] Қаранг: мазкур шеър С.Матжоннинг “Шеърни қандай тушунасиз?” мақоласида таҳлил қилинган.

[6] Обиджон А. Масхарабоз бола. – Тошкент: Ёш гвардия, 1986. – Б.66.

[7] Обиджон А. Масхарабоз бола. – Тошкент: Ёш гвардия, 1986. – Б.92.

 

 

 

 

 

 

0
0
0

Muallif haqida ma'lumot

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Mamlakat O`zbekiston

  • Mutaxassislik Iqtisodiyot

  • Ilmiy daraja Fan doktori (DS)

  • Ilmiy unvon Ilmiy unvonsiz

Fikrlar

Fikrlar

Qiymatni tanlang
Kommentariy qoldirish administrator tomonidan bloklangan

Sharhlar faqat ro'yxatdan o'tgan foydalanuvchilar tomonidan qo'shilishi mumkin. Kirish Yoki Roʻyxatdan oʻting