РАМЗЛАР ТИПОЛОГИЯСИ ВА СИНКРЕТИКАСИ
Annotatsiya
Мақолада рамзларнинг таснифланиши, турларга бўлиниши, шунингдек, уларнинг бир асар ичида ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттирилиши келтириб ўтилган. Рамзларнинг тарихий илдизлари билан замонавий адабиёт доимий равишда боғлиқ экани қайд этилган.
Kalit so'z
рамз, неомиф, Назар Эшонқул, расм, уй, ҳид, адабий-эстетик қараш, адабий жараён.
Muallif
Олимжон ЖУМАБОЕВ, ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти таянч докторанти
Ҳозирги ўзбек неомиф насрига хос бадиий хусусиятлар Х.Дўстмуҳаммад, Ш.Бўтаев, Н.Рауфхон, Н.Эшонқул, Н.Нормат, И.Султон (Жажман, Сизиф, Шайтон, Қўл) сингари бугунги адабиётимиз намоёндалари тимсолида янада ёрқинроқ кўринади. Улар асар яратаётганида қайсидир воқеа-ҳодисани ҳисобга олиб, ўз тажрибаларини қўллаб, чет эл адабиётини синтезлаб шундай йўлдан боради.
Масалан, ёзувчи ўз асарларида адабий-эстетик қарашларини аудиторияга етказиб берар экан, аввало бунда бошқаларга ўхшамаган жиҳатларни намоён этади. Бу адибнинг бадиий ниятига боғлиқ. Шу маънода бугунги кунда Назар Эшонқул ва Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари бошқаларга ўхшамаган рамзий-мажозий образларга бойлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Тадқиқотчилар фикрига кўра, матнларни тушуниш учун калит бу рамздир. Рамзлар ўйлашга ундовчи ва ўқувчиларни ижодий ўстириш хусусиятига эга бўлиб, у шунингдек, бегоналаштиришнинг ажойиб усули ҳамдир.
Рамз муаллиф ва уларнинг аудиторияси ўртасидаги ҳамкорликдир. Яхши ҳикоячи рамзлардан фойдаланади.
Эрик Фромм рамзларни уч турга бўлади: анъанавий рамз, тасодифий рамз, умуминсоний рамз. Расмлар ва ранглар анъанавий рамзларга киради. Масалан, байроқлар ҳам анъанавий рамздир.
Тасодифий рамз индивидуал тажрибага асосланиб яратилади. Баъзан анъанавий рамз билан қарама-қарши бўлиши мумкин.
Aнъанавий рамздан фарқли ўлароқ, тасодифий рамз жараёнга боғлиқ ҳолда кечади. Шу сабабли тасодифий рамзлар мифларда, эртакларда ёки рамзий тилда ёзилган бадиий асарларда камдан-кам қўлланилади, чунки улар ёзувчи фойдаланадиган ҳар бир рамзга узоқ изоҳ бермайди. Тушларда эса кўпроқ тасодифий рамзлар тез-тез учраб туради.
Умуминсоний рамзлар кўпроқ бадиий дид билан боғлиқ бўлиб, ташқи дунёни ички ҳиссий жиҳатдан боғлайди. Ҳис-туйғулар ва ҳиссий тажрибалар унинг асосини ташкил этади. Масалан, олов — куч, энергия, қувват рамзи, дейиш мумкин.
Рамз тушунчаси халқимизнинг энг қадимий ёзма ёдгорликлари бўлмиш Ўрхун-Энасой битикларига бориб тақалади. Гўё ўша давр одамларига хос ёзув ва белгилар асосида ниманидир баён этишга чақириқ ва ундов мужассам. Кейинчалик битилган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ҳам рамзий ўзига хослик асар замирига сингдириб юборилган.
Асрлар ўтиб, Алишер Навоий рамзий маънолар бериб, асар мазмунига ўзига хос бадиий-фалсафий ғоя юклашни энг юқори даражага кўтарди. Бобур, Гулханий, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр, Махмур, Муқумий, Завқий, Фурқат, Чўлпон, Ойбек сингари ижодкорлар асарларида ҳам бу жиҳатлар ўта нозик имо-ишоралар, турли топилмалар ва рамзлар воситасида акс эттирилади.
Ўзбек насри мунтазам ривожланиб бориши асносида жаҳон ҳикоячилигининг маълум усул ва услубларини, тараққиёт тенденцияларини бошжан ўтказди ва шу асосда уларни ўрганиб, ўзлаштирди. Хусусан, кенийги даврда Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул ва Исажон Султон каби ёзувчиларнинг асарларида ўзига хос адабий, интеллектуал, фалсафий беглилар ишора — рамзлар учрамоқдаки, бу асар моҳиятини чуқурроқ таҳлил этишга ундайди.
Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси қатор адабиётшунослар, олимлар ва танқидчилар томонидан таҳлил ва тадқиқ этилган бўлса-да, ундаги маъно ва тафаккур кўламининг кенглиги янгича фикр ҳамда қарашларни пайдо қилади. Ҳикоя номининг ўзиёқ ўқувчини бир қадар мушоҳадага ундайди. “Маймун етаклаган одам”, одам маймунни етакламоқдами, ёки маймун одамни етакламоқдами? Хўш, қай бири мантиқан тўғри? Ҳикоя аввалидаги суратда тасвирланган ёш навқирон йигит маймунни етаклаган ҳолида ўрмон ичига кириб кетади.
Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси ҳам бевосита одамнинг одам сифатида ўзини йўқотиши, унинг тубанлашиши, ҳаётнинг чиркин жиҳатларини очишга интилиш борлиги билан ҳам ўзига хос фалсафий маъно-мазмун касб этган.
Ҳикоядаги айрим деталлар ҳам анъанавий, ҳам тасодифий, ҳам умуминсоний рамзиликка хос ҳисобланади.
Хусусан, ёзувчи қаҳрамон-чолнинг уйини тасвирларкан, унинг ўта ҳашамдорлигини, катта ва маҳобати, аммо тўзғиб ётганию файзсиз эканига урғу беради: “Чолнинг уйи ҳашаматли, кенг, лекин тошлар тилган майдондай ҳувиллаб ётарди. ...хазонликка юз тутган гулзордан, уйнинг ёғочларидан ва айвонда қалашиб ётган ҳар хил расмлар... шалтоқ ҳид эса ахлат солинадиган ундуқадан келарди”[1].
Уй — тириклик ва мустақиллик рамзи. Унинг ҳувиллаб ётиши эса кўпроқ эркини бой берганликдан далолат.
Гулзор эса — ободлик рамзи. Хазонликка юз тутган гулзор эса ўз-ўзидан ободлик ва озодалик кетганини англатади.
Расмлар — умр ва вақт рамзи. Қалашиб ётган расмларда қисмат акс этиб турибди.
Шалтоқ ҳид — эса надомат ва афсус белгиси.
Н.Эшонқулнинг «Маймун етаклаган одам» тўпламига кирган (Тошкент, «Янги аср авлоди», 2004) ҳикоя ва қиссалар биз юқорида эслаб ўтган йўналишнинг оригинал намуналари бўлди. Бу асарлар бадиий адабиётда янгича тафаккур юритиш, инсон фикрлаши билан характерланади...[2]”
Албатта, мутахассислар томонидан юқори баҳолангани бежиз эмас. Унда рамзий образлар ва деталлар шу даражада бир-бирига боғлиқ ҳолдда тасвирланганки, бу асарнинг янада пухта ва гўзал чиқишига замин яратган.
Адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг “Умидбахш тамойиллар” китобида, адибнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси ҳақида сўз юритаркан, “Назар Эшонқул кейинги олти-етти йил мобайнида ёзган талай ҳикояларида асосан ўша асардаги ғояни турли кўринишларда давом эттирди, маънисиз ўтган умр манзаралари таҳлили билан банд бўлди”[3], шунинг баробарида, “ўзбек ҳикоячилигида янги даврни бошлади”, дея унга юксак баҳо беради. Шунинг учун ҳам мазкур асар ўзига хос қадр-қимматга эга ҳикоядир.
Дарҳақиқат, Константин Паустовский таъбирича, “Ёзувчилик ҳунар ва машғулот эмас”[4]. У ижоди намунасини аудиторияга етказиб берувчи интеллектуал инсондир.
[1] Э. Назар. Маймун етаклаган одам. ziyouz.uz
[2] Холдоров Д. Тавба-тазаррунинг бадиий талқини (ЎзМУ хабарлари 2006 йил, 3-сон).
[3] Норматов У. Умидбахш тамойиллар. – Т:. Маънавият, 2000. 39-бет.
[4] Паустовский К. Рождение рассказа. – Москва.: изд. Рус.язык, 1979, стр 134.
Fikrlar