РАМЗ ГЕНЕЗИСИ ВА ЗАМОНАВИЙ АДАБИЁТ
Annotatsiya
Мақолада рамз ва мажозийликнинг мумтоз адабиётимизда пайдо бўлиши, ривожланиши келтириб ўтилган. Шунингдек мумтоз шоирларимизнинг рамзий-мажозий образлардан фойдаланиш тарихи акс эттирилган. Бугунги замонавий адабиётимизда қўлланилаётгани тадқиқ этилган.
Kalit so'z
Рамз, мажоз, адабиёт, мумтоз адабиёт, шоир, ёзувчи, Навоий, Саккокий, Шарл Бодлер, Гогол, Крилов, Назар Эшонқул.
Muallif
Олимжон ЖУМАБОЕВ, ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти таянч докторанти
Моҳиятан олиб қаралганда, рамз ва мажоз тушунчасининг тарихи узун. Инсон оқликни эзгулик, тинчлик, қорани ёвузлик, қизилни ҳаёт тимсолида кўрганига асрлар бўлди. Бу даврда адабиёт ва санъатда рамзий-мажозий асарлар яратилиб, асар қаҳрамонлари тарфа хил маъноларни англатиб, жамиятдаги қусур ва кемтикларни очишга хизмат қилгани ҳолда ўқувчи онгида тадрижий тафаккур янгиланишига сабаб бўлган.
Айрим қадимий ёзма манбалар, масалан Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, “Авесто”, Ўрхун-Энасой манбаларида ҳам тимсолий-образлар асар моҳиятига сингдириб юборилган. Уларни биз маълум маънода табиатдан ва жамиятдан маъно-мақсадига мувофиқ ўзлаштирилган, прототип олинган образлар сифатида кўрсак-да, барибир тагида иккичи мақсад- муддаолар ётади.
Дарҳақиқат, бизнинг адабиётимизда рамзлар ўша даврда шаклланган бўлса, Европа адабиётида қарийб ХIХ асрга келиб Пол Элюар, Шарл Бодлер, Штефан Малларме, Артур Рембо асарларида акс этиб борганлиги илмий тадқиқотларда ўз исботини топган. Ўз навбатида рус адабиёти ўз тажрибасида кўпроқ француз, инглиз ва немис адабиётидан ўргангани боис рус адабиётининг “олтин даври”да кўплаб рамз усталари етишиб чиқди. Хусусан, бу даврда Гогол, Тургенов, Крилов, Грибоедов каби жаҳон рамзий насрида бемисл ҳисса қўшган адиблар пайдо бўлди.
Масалан, ўзига хос маъно-мазмунга эга рамзий асар Гоголнинг “Бурун” қиссаси, Крилов масаллари, Тургенов ҳикояларида ҳам айнан рамзий образларни кўриш мумкин.
Ғарбдан фарқли ўлароқ ижодни илоҳиёт меваси, инсонга берилган илоҳий неъмат деб билган Шарқ мутафаккиру шоирлари асарларида борлиқни, инсон табиатни ва ижтимоий ҳодисаларни турли рамзларга ўраб тасвирлаган. Яссавий, Саккокий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мумтоз шоирларимиз ижодида айнан рамзий унсурлар етакчилик қилган.
Албатта ўтган даврда ўзбек адабиётида ҳам бадиий асарларда рамзлар турли усул ва услубларда ёзувчилар томонидан қўлланилиб келинди. Масалан, айнан жадид адабиётида ҳам, ундан кейинги ўрта асрлар адабиётида ҳам эрк ва озодлик рамзи сифатида ой ва қуёш, гўзаллик тасвирланди. Масалан, Чўлпоннинг “Гўзал”, Ойбекнинг “Наъматак” каби шеърларида ҳам ҳурлик ва озодлик тимсолини кўриш мумкин.
Кейинги даврларда ҳам нафақат халқимизнинг шунинг баробарида адабиётимизнинг бош мавзуси ҳам озодлик бўлиб қолди. Озодлик ва эрк тўғрисида гапириш эса Москва томонидан қаттиқ назорат қилинишини инобатга олсак, бу ғояни сингдириш ва газета-журналлар орқали одамларга етказиш учун эса аввало, чуқур ўйлаб иш юритиш керак эди. Халқимиз зиёлилари ва ёзувчи-шоирлар буни турли воситалар орқали халққа етказиш пайида бўлишди.
Ўша даврда “Гулистон”, “Шарқ юлдузи” сингари адабий журналлар бевосита зиёлилар мақсад-вазифаларини одамларга етказиш воситаси бўлиб хизмат қилди. Ёш авлод вакилларининг асарларини давомий бериб боришга интилди. Ўша даврда атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Киёва қуёши” номли ҳикояси “Гулистон” журналида чоп этилди ва катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
“Роппа-роса 35 йил аввал ёзилган «Кийова қуёши» ҳикояси ўша давр адабий иқлимида катта шов-шувга сабаб бўлганини эслайман. Бу ҳодиса ҳикоянинг бадиий жиҳатидан кўра, ўша даврда табу бўлган ҳурлик, босқинчилик ва ёвузлик мавзусида ёзилгани билан боғлиқ эди”,[1] дея келтириб ўтади Хуршид Даврон.
Энди тасаввур этайлик, айнан Чор Россияси зулми авж олган, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” сингари турли хил баҳоналар билан ижтимоий ҳаётдан илғор фикрли кишилар четга сурилаётган бир пайтда бундай ҳикояни давр кўтара олармиди? Албатта, йўқ. Шу боис озодлик тимсолини ботиб бораётган ва эрки бой берилган ҳинду қабиласи қуёши “Киёва”га қиёсан белгилаган ёзувчи ўз фикрини рамз орқали изоҳлаб ўтади.
“Рамз — воқеликнинг тимсолидир. Воқеликнинг айнан ўзи гўзал эмас, унинг тимсоли гўзалдир. Илло тош эмас, тошга йўнилган хаёл гўзал. Адабиётнинг илоҳий кучи — айнан шу хаёлни ёрита олишда кўринади. Ижод яратишдир. Яратиш эса илоҳиётга дахлдорликдир. Яратиш завқи барча завқдан, яратиш азоби барча азобдан юксакроқдир. Гўзаллик яратиш эса, бу — илоҳиётни чархлашдир”[2].
Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, кўпгина ёзувчи ва шоирларимиз жаҳон адабиётидан ўрганиб-ўзлаштириб, ўз асарларида турли рамз ва метафораларни қўллашмоқда. Улар сирасига Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон[3] кабиларни киритиш мумкин.
Турли хил ишоралар воситасида ёзувчи мақсадини баён этиши ўқувчининг хотирасида кўпроқ сақланиши сабаби ҳам рамзлар билан боғлиқ. Негаки, бадиий ифода рамзларда янада ёрқин акс этади.
[1] https://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/xurshid-dostmuhammad-kiyova-quyoshi.html
[2] Эшонқул Н. Ижод қудрати, гўзаллик илоҳиётга дахлдорлик// Миллий тикланиш. – 1998. – 19 май.
[3] https://ziyouz.uz/ru/2012-09-02-11-32-08/56-2012-09-02-11-20-41/599---1967
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Эшонқул Н. Ижод қудрати, гўзаллик илоҳиётга дахлдорлик// Миллий тикланиш.
2. Адабиёт назарияси. Икки жилдлик. Адабий асар. I жилд.
3. ziyouz.uz
4. kh-davron.uz
Fikrlar