0
1 019
PDF

ҲУДУДЛАРНИНГ ТОВАРЛАР ВА ХИЗМАТЛАР ЭКСПОРТИ РАҚОБАТ УСТУНЛИКЛАРИНИ БАҲОЛАШ

Annotatsiya

Мақолада Ўзбекистон ҳудудларида товар ва хизматлар экспорти рақобат устунликлари ва ихтисослашуви баҳоланган, яқин ва ўрта муддатли истиқболда экспортни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асослаб берилган.

Kalit so'z

Ҳудуд, ҳудудлар экспорти, экспорт таркиби, рақобат устунликлари, рақобатбардошлик, ихтисослашув, устувор йўналишлар.

КИРИШ

Дунё бозорида содир бўлаётган жараёнлар, жумладан коронавирус пандемиясининг жаҳон халқаро савдосига кўрсатаётган салбий таъсири Ўзбекистон ҳудудларининг товар ва хизматлар экспортида рақобат устунликларини аниқлаш ва уни амалга ошириш долзарблигини белгиламоқда.

Ҳусусан, “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6042-сонли Фармонида “ҳудудлар ва тармоқ экспорт салоҳиятининг ўсиши ва сафарбар этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш, нобарқарор ташқи конъюнктура, шунингдек янги турдаги халқаро таҳдид ва хатарлар (коронавирус пандемияси каби) шароитида мамлакатнинг экспорт қилиш салоҳиятини ривожлантириш” асосий вазифалардан бири этиб белгиланган[1].

Ушбу масалада, ўз навбатида Ўзбекистон ҳудудларида мавжуд бўлган экспортдаги рақобатбардош устунликларга эътибор қаратиб, ҳудудлар экспортини ривожлантиришнинг самарали йўналишларини шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, ҳудудларнинг яқин ва ўрта истиқболда рақобатбардош устунликларини ва ихтисослашувини аниқлаш ва ҳудуд иқтисодиётини тегишли йўналишларини ривожлантиришга ҳам эътибор бериш муҳим ҳисобланади.

АСОСИЙ ҚИСМ

Ҳозирги кунда иқтисодиёт назариясида мамлакат ва ҳудудлар рақобат устунликлари ва умуман рақобатбардошлилиги мезонларини белгилаб берувчи турли ёндашувлар мавжуд. Жумладан, М.Портер фикрига кўра, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги аниқ тармоқларнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги ҳамда мамлакатнинг жаҳон савдосидаги ўрнини белгилайди. Миллий иқтисодиёт рақобат устунлиги асосида (шу жумладан, ҳудудлар) мамлакатнинг иқтисодиётни янгиланиш ва такомиллаштиришни рағбатлантиришдаги ролига асосланган (яъни, инновацияларни жорий қилишга рағбатлантириш)[2].

Б.Йонсон халқаро рақобатбардошликни “давлат томонидан ташқи қарзни оширмаган ҳолда ҳамда тўлов баллансининг доимий дефицитисиз мамлакатнинг иқтисодий фаол аҳолисини тўлиқ иш билан таъминлаш шароитида иқтисодиётининг барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб туриш қобилияти” деб таърифлайди[3].

Б.Скот ўз таърифида рақобатбардошликни аҳолининг турмуш даражаси билан чамбарчас боғлаган. Яъни “Миллий рақобатбардошлик бу давлатнинг халқаро иқтисодиётда бошқа мамлакатлар томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматлар билан рақобатлашган ҳолда товар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва тақсимлаш қобилияти бўлиб, буни мамлакатдаги аҳоли турмуш даражаси ошадиган даражада амалга оширишдан иборатдир[4].

Шу билан бирга, халқаро савдо назариясига асосан, мамлакатнинг рақобатдошлиги қиёсий устунлик концепциясига асосланиши лозим деб таъкидланади. Жумладан, Д.Риккардо ва Хекшер-Олин назарияларига кўра, савдо оқимлари мамлакатлар ўртасидаги ишлаб чиқариш харажатларидаги фарқларнинг натижасидир. Мамлакатлар маълум бир мамлакат учун ортиқча ва арзон ишлаб чиқариш омиллари бўлган товарларни экспорт қилади ва кам ва қиммат омилларга эга бўлган товарларни импорт қилади. Бунда ҳар бир мамлакат иқтисодий афзалликларга эга бўлган товарларни ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

Халқаро рақобатбардошликни баҳолаш учун энг кенг тарқалган кўрсаткичлардан бири бу – аниқланган қиёсий устунлик (Revealed comparative advantages, RCA) индекси ҳисобланади[5].

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мақолада Ўзбекистон ҳудудларининг экспортдаги ихтисослашуви орқали рақобат устунликларини баҳолаш учун аниқланган қиёсий устунлик индексидан фойдаланилди. Бунда ҳудудларнинг экспорти таркибидаги товар гуруҳлари улуши мамлакат экспорти таркибидаги товар гуруҳлари улуши билан таққосланган ҳолда амалга оширилди.

Ҳудудлар товар ва хизматлар экспортининг ихтисослашуви қуйидаги формула ёрдамида аниқланди:

Бунда:  – ҳудуд экспорт товар таркибининг ихтисослашув индекси;

 – республика экспортида у ёки бу экспорт таркиби бўйича товар ва хизматлар экспорти ҳажми;

  – республика экспортининг умумий ҳажми;

  – ҳудуд экспортида у ёки бу экспорт таркиби бўйича товар ва хизматлар экспорти ҳажми;

  – ҳудуд экспортининг умумий ҳажми.

Ҳисоб-китоблар натижасида қуйидаги шартлар асосида ихтисослашув (рақобат устунлиги) мавжудлиги ёки имкониятлари баҳоланади:

  •  ≥1 – экспортнинг муайян бир товар ва хизматлар тури бўйича ихтисослашув мавжуд;
  • 0,750 ≤  < 1,000  – яқин истиқболда (1-2 йил) экспортнинг муайян бир товар ва хизматлар тури бўйича ихтисослашувни шакллантириш имконияти мавжуд;
  • 0,500 ≤   < 0,750 – ўрта муддатли истиқболда (3-5 йил) экспортнинг муайян бир товар ва хизматлар тури бўйича ихтисослашувни шакллантириш имконияти мавжуд;

Ихтисослашув асосида ҳудудлар экспортдаги рақобат устунликларини ҳисоблаш учун Давлат статистика қўмитасининг маълумотларидан фойдаланилди. Шу билан бирга, 2020 йилда коронавирус пандемияси оқибатида ҳудудларда экспорт ҳажмининг кескин камайиши ҳолатини силлиқлаш мақсадида, ҳудудлар ихтисослашуви ҳисоб-китоби 3 йиллик (2018-2020 йй.) кўрсаткичлар асосида амалга оширилди. Шунингдек, республика экспорт таркиби улуши ҳисобланишида тўлиқ марказлашган ҳолда ҳисоби юритилувчи олтин экспорти ҳажмлари инобатга олинмади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида ўтказилган ҳисоб-китоблар экспортнинг товар таркиби бўйича қуйидаги ихтисослашув шаклланганини кўрсатди:

- пахта толаси: Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари;

- кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар: Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари;

- рангли металлар ва ундан тайёрланган буюмлар: Тошкент вилояти;

- қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар: Тошкент вилояти;

- машина ва асбоб-ускуналар: Андижон, Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри;

- озиқ-овқат маҳсулотлари: Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари;

- текстил ва текстил маҳсулотлари: Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари;

- хизматлар: Тошкент шаҳри(1-жадвал).

 

1-жадвал

2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида экспортнинг товар таркиби бўйича ихтисослашуви

(аниқланган қиёсий устунликлари индекси асосида) 

Ҳудудлар

Пахта толаси

Озиқ-овқат маҳсулот-лари

Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар

Энергия манбаалари ва нефт маҳсулотла-ри

Қора металлар ва ундан тайёрлан-ган буюмлар

Рангли металлар ва ундан тайёрлан-ган буюмлар

Машина ва асбоб-ускуналар

Текстил ва текстил маҳсулот-лари

Хизматлар

Қорақалпоғистон Республикаси

0,538

0,781

9,893

0,063

  

0,007

0,413

0,021

Андижон

0,046

1,322

0,120

 

0,496

0,007

7,738

3,128

0,033

Буxоро

16,316

1,516

0,162

0,501

0,111

 

0,034

1,770

0,265

Жиззаx

0,566

2,589

0,207

0,000

0,161

0,002

0,599

3,519

0,013

Қашқадарё

9,156

1,809

2,520

0,351

0,025

0,001

0,057

1,836

0,094

Навоий

0,196

0,787

8,080

0,038

0,035

0,294

0,313

0,674

0,098

Наманган

0,023

2,610

0,102

0,021

0,439

 

0,816

3,717

0,105

Самарқанд

0,379

4,176

0,308

0,048

0,442

0,113

2,415

1,503

0,327

Сурxондарё

0,658

5,455

0,026

0,036

0,007

0,001

0,035

1,894

0,055

Сирдарё

3,669

3,600

0,450

 

0,013

0,005

1,144

1,619

0,054

Тошкент в.

0,000

0,924

0,345

0,001

5,542

5,930

0,656

0,838

0,031

Фарғона

0,126

2,901

0,153

0,196

0,078

 

0,050

3,450

0,062

Xоразм

3,133

2,999

0,095

0,020

0,120

0,002

0,136

2,867

0,343

Тошкент ш.

0,000

0,376

0,727

0,304

0,284

0,406

1,490

0,603

2,446

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилган.


 Шу билан бирга, экспортнинг товар таркиби бўйича ихтисослашув даражаси 0,750 индексидан ортиқни ташкил этган ҳудудларда қуйидаги тегишли турдаги маҳсулот ва хизматларнинг экспорти ихтисослашувини ошириш мумкин:

- кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар: Тошкент шаҳри;

- машина ва асбоб-ускуналар: Наманган вилояти;

- озиқ-овқат маҳсулотлари: Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Тошкент вилоятлари;

- текстил ва текстил маҳсулотлари: Тошкент вилояти (2-жадвал).

Бундан ташқари, ўрта муддатли истиқболда (3-5 йил) Бухоро вилоятида – энергия манбаалари ва нефт маҳсулотлари, Жиззаx вилоятида – машина ва асбоб-ускуналар, Навоий вилоятида – текстил ва текстил маҳсулотлари, Тошкент вилоятида – машина ва асбоб-ускуналар, Тошкент шаҳрида – текстил ва текстил маҳсулотлари бўйича экспортнинг ихтисослашувини шакллантириш имконияти мавжуд (экспорт таркибининг ихтисослашув индекси 0,500дан 0,750гача кузатилиши).

Қўшимча равишда таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳудудларда экспорт таркибида ихтисослашув даражаси паст бўлган (ихтисослашув индекси 0,500 дан кичик), лекин ўсиш тенденцияси кузатилаётган (2019-2020 йй.) товар турлари мавжуд бўлиб, келгусида улар асосида янги ноанъанавий ихтисослашувни шакллантириш имкониятлари мавжуд. Жумладан:

- озиқ-овқат маҳсулотлари: Тошкент шаҳри (ўсиш – 172,4%);

- кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар: Андижон (2,7 марта), Бухоро (2,1м.), Жиззах (6,1м.), Наманган (5,2м.), Самарқанд (2,2м.), Сурхондарё (2,5м.), Тошкент (147,3%), Фарғона (4,9м.) ва Хоразм (138,3%) вилоятлари;

- машина ва асбоб-ускуналар: Қашқадарё (6,2м.) ва Фарғона (2,0м.) вилоятлари;

- текстил ва текстил маҳсулотлари: Қорақалпоғистон Республикаси (3,7м.).
  

2-жадвал

Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида экспортнинг товар таркиби бўйича яқин ва ўрта муддатли истиқболда ихтисослашув имкониятлари 

Ҳудудлар

Ихтисослашган экспорт таркиби  турлари 
(ихтисослашув индекси 1 дан юқори)

Яқин истиқболда ихтисославушни шакллантириш имконияти мавжуд 
(ихтисослашув индекси 0,750дан 1,000 гача)

Ўрта муддатли истиқболда (3-5 йил) ихтисослашувни шакллантириш имконияти мавжуд 

(ихтисослашув индекси 0,500дан 0,750гача)

Қорақалпоғистон Республикаси

кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар

озиқ-овқат маҳсулотлари

 

Андижон

озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва асбоб-ускуналар, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Буxоро

пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

энергия манбаалари ва нефт маҳсулотлари

Жиззаx

озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

машина ва асбоб-ускуналар

Қашқадарё

пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Навоий

кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар

озиқ-овқат маҳсулотлари

текстил ва текстил маҳсулотлари

Наманган

озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

машина ва асбоб-ускуналар

 

Самарқанд

озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва асбоб-ускуналар, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Сурxондарё

озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Сирдарё

пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва асбоб-ускуналар, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Тошкент в.

қора ва рангли металлар ва улардан тайёрланган буюмлар

озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

машина ва асбоб-ускуналар

Фарғона

озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Xоразм

пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, текстил ва текстил маҳсулотлари

 

 

Тошкент ш.

машина ва асбоб-ускуналар, хизматлар

кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар,

текстил ва текстил маҳсулотлари

 

ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР

Ихтисослашув асосида ҳудудларнинг товарлар ва хизматлар экспорти рақобат устунликлари таҳлили натижасида қуйидагилар аниқланди.

Тармоқ ва ҳудудий дастурлар доирасида текстил саноатида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар деярли барча ҳудудларда ушбу фаолият турлари бўйича маҳсулотларнинг экспорти ихтисослашув даражасини оширишда муҳим омил бўлди.

Шу билан бирга, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида пахта толаси экспортида ихтисослашув сақланиб қолган. Бу эса ўз навбатида, етиштирилган пахта ҳосилини чуқур қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулотлар экспортини ҳажмини оширишда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлигидан дарак беради.

Ҳудудларда қишлоқ ҳўжалигида интенсив, сувни тежовчи технологияларни қўллаш орқали ҳосилдорликни ошириш, етиштирилаётган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш бўйича ишлатилмаётган заҳиралар мавжуд.

Хизматлар экспортида Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда ихтисослашув кўрсаткичи паст даражада.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича экспорт рақобат устунликларини оширишни таклиф этиш мумкин:

- пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида текстил ва текстил маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш;

- қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражасини ошириш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмларини ошириш (Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Тошкент ва бошқа вилоятлар);

- ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ҳамда янгидан шакллантирлаётган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарда ўрта ва юқори технологияли фаолият турларини яратиш орқали кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар, машина ва асбоб-ускуналар ва бошқа турдаги саноат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш (Жиззах, Наманган, Тошкент ва бошқа вилоятлар);

Бундан ташқари, коронавирусдан кейинги даврларда туризм соҳаси билан боғлиқ хизматлар экспорти бўйича ихтисослашув даражасини оширириш имкониятлари мавжуд (Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятлари).

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6042-сонли Фармони. https://lex.uz/docs/4954642.

2. Назаров Ш.Х. Методологические аспекты повышения конкурентоспособности регионов. –Ташкент: IFMR, 2014. – 212 с.

3. Пилипенко И.В. Конкурентоспособность регионов: анализ теории кластеров М. Портера и региональных кластеров М. Энрайта. / «Города и городские агломерации в региональном развитии». Сборник материалов XX ежегодной сессии экономико-географической секции МАРС, Пущино, 23-25 мая 2003 г. / Под ред. Ю.Г. Липеца. – М.: ИГ РАН, 2003. – С. 86-94.

4. Balassa, B. “Trade Liberalisation and “Revealed Comparative Advantage” The Manchester School vol. 33, Issue2 (May 1965), pp. 99-123 (https://onlinelibrary.wiley.com/doi/abs/10.1111/j.1467-9957.1965.tb00050.x).

5. Porter, M. 1990. “The Competitive Advantage of Nations” Harvard Business Review March-April 1990 (https://hbr.org/1990/03/the-competitive-advantage-of-nations).

6. Scott B., Lodge G. US Competitiveness and the World Economy. Boston: Harvard Business Scholl Press, 1985.

7. Small Countries Facing the Technological Revolution / Edited by Ch. Freeman, B.-Å. Lundvall. London: Pinter Publishers, 1988. 


[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6042-сонли Фармони. https://lex.uz/docs/4954642

[2] Porter, M. 1990. “The Competitive Advantage of Nations” Harvard Business Review March-April 1990 (https://hbr.org/1990/03/the-competitive-advantage-of-nations)

[3] Small Countries Facing the Technological Revolution / Edited by Ch. Freeman, B.-Å. Lundvall. London: Pinter Publishers, 1988. 

[4] Scott B., Lodge G. US Competitiveness and the World Economy. Boston: Harvard Business Scholl Press, 1985.

[5] Balassa, B.1965. “Trade Liberalisation and “Revealed” Comparative Advantage” The Manchester School vol. 33, Issue2 (May 1965), pp. 99-123 (https://onlinelibrary.wiley.com/doi/abs/10.1111/j.1467-9957.1965.tb00050.x)

1
0
0

Muallif haqida ma'lumot

ID: 1545682396

Жураев Бахром
  • Mamlakat O`zbekiston

  • Mutaxassislik Iqtisodiyot

  • Ilmiy daraja Ilmiy darajasiz

  • Ilmiy unvon Ilmiy unvonsiz

Fikrlar

Fikrlar

Qiymatni tanlang
Kommentariy qoldirish administrator tomonidan bloklangan

Sharhlar faqat ro'yxatdan o'tgan foydalanuvchilar tomonidan qo'shilishi mumkin. Kirish Yoki Roʻyxatdan oʻting