ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Muallif
Мансур МУСАЕВ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессори, сиёсий фанлари доктор (DSc)
Бугун мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида “Янги Ўзбекистон” тамойили шаклланиб бормоқда. Шу ўринда, ички ишлар органлари тизими ҳам тубдан янгиланиб, соҳа тобора такомиллашиб бормоқда. Кейинги ўтган ўн йил мобайнида республикамизда ички ишлар органларини ислоҳ қилиш жараёнида ташкилий тузилмаларни ўзгартириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ички ишлар тизими ислоҳотларида ходимларнинг шахсий ва маънавий-ахлоқий фазилатлари, касбий маданияти, мулоқот кўникмаси ҳамда Ватанга бўлган садоқатини юксалтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар шаклланди. Хусусан, мамлакатимизда 2017 йилда ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда тизимни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш вазифаси белгиланди. Шу билан бирга, ходимларнинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда уларда юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш алоҳида вазифа сифатида қайд этилди. Шу ўринда, мамлакатимизда 2016 - 2026 йиллардаги ўзгаришларни шартли равишда “ислоҳот - тизимлаштириш - институционаллаштириш - рақамлаштириш” босқичлари асосида таҳлил қилиш мумкин.
Мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган янги ривожланиш босқичи ички ишлар органларини жамиятдаги ўрни ва ходимларнинг маънавий – маърифий ва касбий – ахлоқий қиёфаси бўйича янги талабларни қўйди. Бу борада, 2017 йил 10 апрелда қабул қилинган ПФ-5005-сон Фармон ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва тизимни профессионал тузилмага айлантиришнинг ҳуқуқий асосларидан бири бўлди. Фармонда профилактика, кадрлар тайёрлаш ва ходимларнинг тарбиявий салоҳияти билан боғлиқ муаммолар очиқ кўрсатилди. Шу билан бирга, 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарор билан эса кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги тизими белгиланди. Мазкур қарорда ёшларда касбий билим билан бирга юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш мақсади белгиланди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, эътиборли рақамлардан бири шуки, 2018-2019 ўқув йилидан ички ишлар вазирлиги Академиясида кундузги таълимга 600 нафар, сиртқи таълимга 200 нафар, касбий тайёргарлик факультетига эса 600 нафаргача қабул квотаси имконияти яратилди. Мазкур биринчи босқичда маънавий тарбияни касбий тайёргарликдан ажратиб қарашдан воз кечилиб, “маънавий етуклик — профессионал хизматнинг таркибий қисми” деган ёндашув қарор топа бошлади. 2018–2020 йилларда маънавий тарбияни касбий тайёргарлик билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, ушбу йиллар давомида ички ишлар органларида ходимларни тайёрлашнинг мазмуни ўзгариб, амалий кўникмалар, ҳуқуқий билим, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва шахсий масъулиятни оширишга эътибор кучайтирилди. Шу ўринда, 2017 йилги қарор асосида 2018 йил 1 сентябрдан ички ишлар органлари ходимларини масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш вазифаси белгиланиб, бу ўзгариш эса, ўз навбатида маънавий-маърифий ва касбий таълимни замонавий ахборот технологиялари орқали узлуксиз ривожлантириш имконини берди. Эътиборли томони 2021 йил мамлакатимизда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар ривожида алоҳида босқич бўлди.
2021 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда мамлакатдаги кенг қамровли ислоҳотлар шароитида маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш зарурати қайд этилди. Ушбу қарор асосида ички ишлар органларида “Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” жорий қилинди. “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз” концептуал ғояси асосида ходимларни тарбиялашни такомиллаштириш чора-тадбирлари, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларнинг асосий мақсади ва вазифалари, ҳар бир ҳудудий ички ишлар органида жасорат ва ватанпарварлик ғояларини акс эттирувчи маънавий-маърифий бурчакларни (хоналарни) ташкил этиш, мафкуравий ишларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари, шу жумладан тарбиявий ишлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, психологик қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя ва маданий тадбирлар, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларнинг асосий йўналишларини амалга ошириш механизмлари” белгиланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050-сонли қарорида ички ишлар ходимларни ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, умуминсоний қадриятларга таянадиган, ёт ва бузғунчи ғояларга муросасиз курашувчи, иймон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавиятли ва фидойи, аждодларимиз ва мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган ходимларнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган баркамол шахс сифатида тарбиялаш, улар қалбида давлат ва халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашда шахсий дахлдорлик ва юқори масъулият ҳиссини шакллантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси сифатида белгиланди. Ушбу қарорга кўра, Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди.
Концепцияда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларнинг қалби ва онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлаш каби улуғ мақсадлар ўз аксини топган. Мазкур концепция ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, соҳадаги ишларнинг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган. Концепцияда ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган барча ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган. Шу билан бирга, концепция миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларнинг онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ фаолиятнинг устувор йўналишларини акс эттиради. Шунингдек, концепциянинг асосий мазмуни сифатида ходимларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириш, фаол ҳаётий позицияси, интеллектуал салоҳиятини, Она Ватан тақдирига бўлган масъулиятини мустаҳкамлаш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини садоқат ва фидойилик билан виждонан бажаришга йўналтириш бўйича маънавий-маърифий ишларни ташкил этишни ифодалайди. Мазкур йўналиш алоҳида мақсад, вазифа ва механизмларга эга бўлган тизим сифатида шаклланди. Президентмиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилдаги мурожаатида ушбу концепция амалга татбиқ этилиши натижасида ходимларнинг ватанпарварлик руҳи, маънавий дунёқараши ва муомала маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар аҳоли билан ишлаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатгани қайд этилган. Албатта, бу ўзгаришнинг муҳим жиҳати шундаки, маънавий-маърифий ишлар энди алоҳида тадбирлар йиғиндиси эмас, балки ходимнинг касбий фаолиятини таъминловчи доимий тарбиявий механизм сифатида алоҳида эътибор қаратила бошланди. 2022 йилдан бошлаб ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларда тарихий хотира, миллий қадриятлар, ватанпарварлик, китобхонлик, санъат ва маданият билан боғлиқ тарғибот ишлари мунтазам амалга оширила бошланди. Шу билан бирга тизимда “Ватанпарварлик” ва “Маънавият” мавзуларига бағишланган махсус ойликлар, маънавият ва маърифат дарслари, фахрийлар билан учрашувлар, китобхонлик тадбирлари ва авлодлар учрашувларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу жараённинг моҳиятини “ходимни фақат хизмат вазифасига эмас, балки жамият олдидаги маънавий масъулиятига тайёрлаш” тамойили билан ифодалаш мумкин.
Мамлакатимизда кейинги йилларда маънавий-маърифий соҳадаги ишлар кадрлар сиёсати билан уйғунлашиб, ходимларнинг оилавий, ижтимоий-психологик ҳолати ва хизмат интизомини қамраб олган тизимли йўналишга айланди. Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг фаолияти бу жараённинг ташкилий асосини мустаҳкамлади. 2024-2026 йилларда тизимда рақамлаштириш ва янги маънавий-маърифий муҳит анча ўзгарди.
Мазкур ислоҳатлар бугунги кунда замонавий ички ишлар органлари ходимидан нафақат юксак маънавият ва ҳуқуқий билим, балки рақамли саводхонлик ҳамда янги технологиялардан фойдаланишни тақоза этмоқда. 2025 йил апрель ойида ички ишлар органларида “Маънавият ойлиги” доирасида “Маънавият маршрути”, “Заковат”, театр ҳафталиги, илмий-амалий конференциялар ва “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар ўтказилди. Қайд этиш жоизки, 2016–2026 йиллардаги ислоҳотлар натижасида маънавий-маърифий ишлар, тарғибот тадбирларидан комплекс ва тизимли тарбия механизмига айланди. Биринчи босқичда асосий эътибор ички ишлар органларини профессионаллаштириш ва ходимларнинг маънавий-ахлоқий сифатларини юксалтиришга эътибор қаратилди.
2017 йилдан ватанпарварлик ва маънавий етуклик касбий компетенциянинг таркибий қисмига айланди. 2021 йилда бошлаб, маънавий-маърифий ишлар тизимлаштирилди, 2023 йилдан эътиборан эса кадрлар сиёсати билан уйғунлашди. Шу асосда, кейинги 2016–2026 йиллардаги ислоҳотларини қуйидаги формула билан ифодалаш мумкин: “Маънавий тарбия → касбий тайёргарлик → тизимлашув → ходимбай ёндашув → рақамли бошқарув”. Келгусида ички ишлар органларида самарадорликни тадбирлар сони эмас, балки хизмат интизоми, коррупцияга муросасизлик, мулоқот маданияти, ҳуқуқий онг, касбий масъулият ва аҳоли ишончи каби индикаторлар асосида баҳолашни талаб этади. Бу ҳақда, Президент Шавкат Мирзиёев Шарқ донишмандларининг “Энг катта бойлик – ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – билимсизлик” ҳикматли сўзларини мисол келтириб, ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, замонавий билим ва юксак маданиятни эгаллаш муҳимлигини таъкидлайди. Зеро, илм-маърифат ва юксак маънавият жамият тараққиётининг муҳим омили бўлиб, илмсизлик эса қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари кузатилишини таъкидлаган эди. Шу ўринда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим мезонлари - инсон қадри, қонун устуворлиги ва халқ манфаатларини таъминлашдир. Бу жараёнда ички ишлар органларини модернизация қилиш, ходимларнинг касбий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш долзарб вазифага айланди. Сўнгги ўн йилликда тизимдаги ислоҳотлар ташкилий-бошқарувни такомиллаштириш билан бир қаторда, ходимларнинг хизмат маданияти, ватанпарварлиги, ҳуқуқий онги ва маънавиятини юксалтиришга қаратилмоқда. Ўтган ўн йиллик давр мобайнида мамлакатимиз ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилиниб, халқ ишончи ва меҳрига сазовор, халқпарвар тизимни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли кўламли ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Жамиятимизда мафкурани харакатлантирувчи асосий куч маънавият бўлиб, уни юксалтиришга хизмат қилиш барчанинг бурчи эканлигини англаш лозим. Шу ўринда, ички ишлар органлари тизимида маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш йўналишлари концепциянинг асосий мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги йўналишларда олиб борилади. Хусусан, тарбиявий ишлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, психологик фаолият, ижтимоий-ҳуқуқий фаолият ва маданий тадбирлардан иборат.
Концепциянинг тарбиявий ишлар йўналишида олиб бориладиган ишлар, ватанпарварлик, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, оилавий-маиший тарбия ҳамда якка тартибдаги тарбиявий чора-тадбирлардан иборат. Яъни: ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш доирасида уларда Ватанга садоқат, касбига нисбатан ғурур ҳиссини шакллантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашишда шахсий масъулиятни оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ўтказиб борилади;
ижтимоий-сиёсий тарбия доирасида ходимларга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қонунчилик ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун-моҳияти тизимли равишда етказиб борилади ҳамда уларда дунёда ва ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан онгли муносабат ва фаол ҳаётий позиция шакллантирилади; маънавий-маърифий тарбия ўз ичига миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли умр йўлини кенг тарғиб этиш тадбирларини қамраб олиб, хизмат бурчини бажариш бўйича қатъий ҳаётий эътиқодни қарор топтиришга қаратилади;
оилавий-маиший тарбия доирасида ходимларнинг оила аъзолари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, улар томонидан ходимларга касбий бурчини бажаришга руҳий кўмаклашишга қаратилган тадбирлар ўтказилади;
якка-тартибдаги тарбиявий ишлар ходимларда касб учун зарур бўлган шахсий фазилатларни шакллантиришга, уларни хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя этишга йўналтиради. Тарбиявий йўналишда ходимларнинг онги ва тафаккурига кучли таъсир кўрсатадиган, қалбига етиб борадиган, кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган ҳамда замонавий ахборот ва тарғибот технологияларини қўллаган ҳолда таъсирчан руҳда ўтказиладиган тадбирлар ташкил этилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда ички ишлар органларининг фаолияти очиқ ва ошкоралик тамойиллари асосида, фуқаролар ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ҳолда ташкил этилмоқда. “Одамларни эшитиш бошланди. Уларнинг зарур муаммолари, дарду ташвишларини ўрганиш тизими яратилди”. Айниқса, бу борада, халқ билан аниқ мақсадни кўзлаб ўтказиладиган тизимли мулоқотлар бошланди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш асосий вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат сиёсатида аҳоли тинчлиги, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш устувор йўналишлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, мазкур масала юртимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ривожлантиришга ва мамлакатни модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, Президентимиз томонидан ички ишлар органларини тубдан ислоҳ қилиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Азалдан буюк аждодларимиз ватанпарварлик, мустақиллик ва бағрикенглик каби бунёдкор ғояларни халқ, айниқса ёшлар онгига сингдириш орқали соғлом дунёқарашга эга, тафаккурли ва юксак маънавиятли ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга интилишган.
Маълумки, жамиятда шахснинг шаклланишига турли омиллар таъсир кўрсатади. Атоқли адиб, миллат маърифатини устуни Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ” номли асарида инсонни камол топишида тарбиянинг ролини алоҳида таъкидлаб, “Боланинг саломи ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига - яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур”, дея таъкидлаб ўтади. Миллий ғурур ва Ватан ишқи юксак инсонгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз лозимки, юртимизнинг қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси кўзимизни, қалбимизни яшнатиб турсин. Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “халқимиз Яратгандан, аввало, тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз”, - дея таъкидлагани бежиз эмас. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатадиган, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз” ғояси асосида фаолият юритадиган профессионал ва ижтимоий йўналтирилган тузилмага айлантиришдир. Зеро, юртимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Fikrlar