МАҲАЛЛА ИНСПЕКТОРИ — ХАЛҚ ХИЗМАТИДА
Muallif
Сарвиноз АШУРОВА, Ички ишлар вазирлиги академияси доценти в.б.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашдан иборат. Бу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, ички ишлар органлари ходимларининг зиммасига катта масъулият юкланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги ПҚ-5040-сон «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳам жамиятда соғлом дунёқарашни шакллантириш, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, оила, таълим ва маҳаллада маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, аҳолининг ахборот маданиятини юксалтириш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган.
Мазкур вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда маҳалла институтининг ўрни алоҳида. Чунки маҳалла — инсоннинг кундалик ҳаёти, оилавий муҳити, қувончи ва ташвишлари билан энг яқин боғланган ижтимоий маскандир. Шу маънода маҳалла инспектори нафақат жамоат хавфсизлигини таъминловчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходим, балки аҳоли билан бевосита мулоқот қиладиган, уларнинг муаммоларини эшитадиган ва ечим топишга кўмаклашадиган масъул шахс сифатида намоён бўлади.
Халқ ишончи — энг катта масъулият
Ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлиги, аввало, халқнинг ушбу тизим ходимларига бўлган ишончи билан чамбарчас боғлиқ. Халқ ишончи эса бир кунда шаклланмайди. У ходимнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан, муомаласи, касбий билими, адолатли қарори ва фуқарога бўлган муносабатидан таркиб топади.
Маҳалла инспектори учун хизмат — фақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ёки жамоат тартибини сақлашдан иборат эмас. Унинг вазифаси аҳоли билан профилактик мулоқот олиб бориш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, ёшлар билан ишлаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, турли салбий иллатларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш каби кенг қамровли вазифаларни ўз ичига олади.
Бунда ҳар бир профилактик суҳбат, ҳар бир мурожаат ва ҳар бир учрашув инсон тақдирига таъсир қилиши мумкинлигини ходим чуқур англаши лозим.
Ватанпарварлик — касбий бурчнинг маънавий асоси
Бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бири — маънавий юксак, ватанпарвар, билимли ва салоҳиятли кадрларни шакллантиришдир. Юксак маънавиятли инсон фидойилик, жасорат, мардлик, бағрикенглик, Ватанни севиш, миллий қадриятларни қадрлаш, буюк аждодлар меросидан фахрланиш каби фазилатлари билан ажралиб туради.
Айниқса, ички ишлар органлари ходими учун бу фазилатлар касбий фаолиятнинг муҳим маънавий пойдевори ҳисобланади. Зеро, халқ тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат хавфсизлигини асраш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юксак масъулият ва садоқатни талаб этади.
Ҳақиқий ватанпарварлик — Ватан ҳақида баландпарвоз сўзлар айтиш билангина эмас, балки унинг тараққиёти ва тинчлиги учун ҳалол меҳнат қилиш, қонунга риоя этиш, халқ манфаатини устувор қўйиш ва зиммадаги вазифани виждонан бажариш билан намоён бўлади.
Ички ишлар органи ходими учун «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» деган эзгу ғоя кундалик хизмат фаолиятининг мазмунига айланиши керак. Чунки хизмат либоси ортида, энг аввало, халқ ишончини оқлаши лозим бўлган инсон туради.
Маънавий иммунитет ва замонавий таҳдидлар
Глобаллашув жараёнлари жамият ҳаётининг барча соҳаларига таъсир кўрсатаётган бугунги даврда ахборот маконидаги ўзгаришлар ҳам инсон дунёқарашига катта таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар, зарарли ахборотлар ва маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шундай шароитда ички ишлар органлари ходимларининг ўзи ҳам етарли билим ва мустаҳкам маънавий иммунитетга эга бўлиши зарур. Чунки бошқаларга тўғри йўл кўрсатиш учун инсоннинг ўзи билимли, маърифатли ва мустаҳкам ҳаётий қарашларга эга бўлиши керак.
Маънавий иммунитетни шакллантиришда миллий қадриятлар, тарихий хотира, миллий маданият, адабиёт ва санъатнинг ўрни беқиёс. Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини ошириш, ахборотни таҳлил қилиш ва унинг ишончлилигини баҳолай билиш ҳам замонавий ходим учун зарур кўникмалардан биридир.
Маънавий-маърифий ишларни фақат тадбирлар ўтказиш билан чеклаб қўймаслик лозим. Бу жараён ходимнинг кундалик хизмат фаолияти билан уйғунлашган, узлуксиз ва тизимли тарбиявий жараён бўлиши керак.
Маҳалла — профилактиканинг энг муҳим майдони
Бугунги кунда мамлакатимизда 8992 маҳалла фаолият юритмоқда. Уларнинг барчасининг фаоляттини қониқарли, деб бўлмайди. Шу боис ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда энг самарали усуллардан бири — муаммони оқибат юзага келгандан кейин эмас, балки унинг илк белгилари пайдо бўлган пайтда аниқлаш ва бартараф этишдир.
Бунинг учун маҳалла инспектори аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилиши, фуқаролар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ва бошқа жамоат институтлари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориши зарур.
Оилавий низолар, ёшлар ўртасидаги муаммолар, ишсизлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан боғлиқ масалалар, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги каби омиллар ўз вақтида аниқланиб, тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда бартараф этилса, кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкин.
Шу маънода маҳалла инспектори фаолиятида «жазолаш» эмас, балки «олдини олиш», «тушунтириш», «ишонтириш» ва «кўмаклашиш» тамойиллари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқ билан мулоқот — хизматнинг мезони
Замонавий ички ишлар ходими учун касбий билим қанчалик муҳим бўлса, мулоқот маданияти ҳам шунчалик аҳамиятлидир. Фуқаро ички ишлар органи ходими билан учрашганда, аввало, унинг муомаласи, муносабати ва адолатли ёндашувини ҳис қилиши керак.
Фуқаронинг мурожаатини тинглаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, қонун талабларига қатъий амал қилиш — халқ ишончини мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидандир.
Зеро, ҳуқуқ-тартибот идораларининг нуфузи фақат хизмат натижалари билан эмас, балки халқ билан муносабатлар маданияти билан ҳам белгиланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир фуқаро, қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, аввало тарбиячи эканини, фарзандларимиз тақдири учун ҳар биримиз масъул эканимизни англаши зарур. Бу фикр ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам катта маънавий масъулият юклайди.
Чунки маҳалла инспектори ҳар куни ўнлаб, баъзан юзлаб инсонлар билан мулоқот қилади. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир муносабати фуқарода давлат ва ҳуқуқ-тартибот тизими ҳақида муайян тасаввур уйғотади.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган давр ички ишлар органлари тизими олдига янги талабларни қўймоқда. Замонавий ходим нафақат қонунларни яхши биладиган, балки юксак маънавиятли, ватанпарвар, билимли, кенг дунёқарашли, инсон тақдирига бефарқ бўлмаган шахс бўлиши лозим.
Айниқса, маҳалла инспектори фаолиятида халқ билан яқин мулоқот, профилактика, ишонч ва ҳамкорлик асосий мезонга айланиши зарур. Чунки тинчлик ва осойишталикни таъминлаш фақат ҳуқуқбузарликка қарши курашишдан эмас, балки жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришдан ҳам бошланади. Маънавий-маърифий тарбия, ватанпарварлик, китобхонлик, ҳуқуқий маданият, касбий билим ва халқ билан мулоқот маданияти бир-бирини тўлдиргандагина ички ишлар органларида ҳақиқий замонавий ходим қиёфаси шаклланади.
Бинобарин, Ватанга садоқат, халққа хизмат ва қонунга ҳурмат — маҳалла инспекторининг касбий фаолиятини белгилаб берувчи уч муҳим тамойилдир. Ана шу тамойиллар асосида ишлаган ходимгина халқ ишончини қозонади ва ўз касбий бурчини шараф билан адо этади.
Fikrlar