0
977
PDF

Қишлоқ жойларини ривожлантириш бўйича хориж тажрибасини амалиётда қўллаш масалалари

Annotatsiya

Мақолада қишлоқ жойларини ривожлантириш бўйича ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси ўрганилган. Натижада айрим илғор тажрибаларни Ўзбекистон ҳудудлари амалиётда қўллаш бўйича таклифлар берилган.

Kalit so'z

қишлоқ хўжалиги сиёсати, хавфсиз ва узлуксиз озиқ-овқат занжирини ташкил этиш, “Рақамли Ҳиндистон”, “Қишлоқ стартапи”, қишлоқларни рақамлаштириш

Глобал инқироз ва пандемия шароитида ҳудудларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, унинг яшаш ва меҳнат қилиш, билим ва сифатли медицина хизматини олиш ҳолати яхшилаш бевосита тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқдир. Хусусан, қишлоқ жойларда тадбиркорликни янада кенгайтириш замонавий инфратузилма яхшилашга, моддий ва номоддий ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлаштиришга  ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолининг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилувчи шарт-шароитларни янада ривожланишига олиб келади. 

Бу борада жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида бир қатор ижобий тажрибалар мавжуд бўлиб, уларни ўрганиш Ўзбекистон қишлоқ аҳоли пунктларида ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Европа иттифоқи (ЕИ) қишлоқ жойларининг ривожлантириш сиёсати асосида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида бир хил турмуш тарзи шарт-шароитларини яратиш мақсади ётади. Масалан, ЕИнинг қишлоқ жойларида тадбиркорликни ривожлантириш дастури қишлоқ хўжалиги махсулотлари бозорларини бошқариш чора-тадбирлари билан тўлдириладиган умумий қишлоқ хўжалиги сиёсатининг (CAP) таркибий қисмларидан бири ҳисобланади [1]. Қишлоқ жойларини ривожлантириш сиёсати Европанинг таркибий ва инвестиция фондларининг (ESIF) қатор ижтимоий-иқтисодий дастурлари асосида амалга оширишни акс эттиради [2]. Шунингдек, ушбу дастурлар Европа қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (EAFRD) томонидан ҳам молиялаштирилган. Масалан, 2014-2020 йилларда дастурни амалга ошириш учун 100 миллиард евро маблағ ажратилган [3]. Бунда Иттифоққа аъзо давлатлар етти йиллик муддатга молиявий ажратмалар олган. Бундан ташқари, қўшимча 61 млрд. евро инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Бу даврда 28 та аъзо давлатда 118 хил қишлоқ ҳўжалиги ва унга туташ тармоқларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиб, амалга оширган. Улардан 20 та аъзо давлат ягона миллий дастурларни амалга оширган бўлса, 8 та аъзо давлат эса икки ва ундан ортиқ минтақалараро дастурларга қўшилган. Аъзо давлатлар ўз ҳудудларининг эҳтиёжлари асосида тқишлоқ жойларида бизнес турларини ривожлантириш маҳаллий дастурларини ишлаб чиққан. Сўнгра Европа Иттифоқининг қуйидаги умумий устувор йўналишларига мослаштириш ва бозор нуқтаи назардан боғлайди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги учун билим ва инновацияларни тарғиб қилиш, қишлоқ жойларининг ҳаётийлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, инновацион қишлоқ хўжалиги технологиялари ва барқарор ўрмон бошқарувини жорий этишни рағбатлантириш; хавфсиз ва узлуксиз озиқ-овқат занжирини ташкил этиш (Safety in the agri-food chain), жонзотлар учун қулай (фаровон) муҳит яратиш ва қишлоқ хўжалигида рискларни бошқариш, ҳудудий экотизимларни тиклаш, сақлаш ва мустаҳкамлаш; ресурсларни тежашга кўмаклашиш ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ўрмон хўжалиги тармоқларида кам чиқиндили (паст карбонли) яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш; қишлоқ жойларида ижтимоий интеграциялашувни йўлга қўйиш, қамбағалликни камайтириш ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш.

Ҳар бир устувор йўналишлар бўйича "фокус ҳудудлар"ни шакллантирилади. Мисол учун, ресурс самарадорлигини соҳасида устуворлик қуйидагиларни ўз ичига олади: иссиқхона газ ва аммиак чиқиндиларини камайтириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида углеродли энергия турларидан фойдаланишни камайтиришни тарғиб этиш. Қишлоқ жойларида тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг бир қисми сифатида аъзо давлатлар ёки ҳудудлар асосий устуворликларга эришиш учун миқдорий мақсадларни белгиланади. Улар кейин бу мақсадларга эришиш учун ишлатилади чора-тадбирлар таклиф ва ҳар бир ўлчов учун молиялаштириш миқдорини аниқлаш, дастур маблағларининг камида 30% атроф-муҳит муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши мослаштириш фаолияти учун ажратилган бўлиши керак. Шунингдек, молиялаштириш камида 5% “етакчи” ҳудудлар дастурининг фаолиятига сарф бўлиши керак. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Европа Иттифоқининг барча аъзо давлатларга тегишли бўлган ягона умумлашган қишлоқ жойларини ривожлантириш сиёсатини тармоқ ва кичик ҳудудларда алоҳида маҳаллий тарзда юритиш самарасиз усул эканлиги билан тавсифланади. Яъни бу ҳудудий сиёсат умумевропа интеграцияси шаклида олиб борилади ва бир-бирини тўлдириб боради. 

"Етакчи" дастури ЕИга аъзо 28 давлатнинг умумий сиёсати бўлиб, қишлоқ жойларини комплекс ривожлантиришга қаратилган эди. Ушбу дастур 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида амалга оширилди ва барқарор қишлоқ тараққиёти учун самарали восита эканлиги исботланди. Бунда ҳар бир аъзо давлат ўзининг "етакчи" миллий дастурини яратади ва дастурни бошқаришнинг ўз механизмини ишлаб чиқади. Масалан, Швеция, Дания, Финляндия, Ирландия ва бошқа бир қатор мамлакатлар каби давлатлар "лидер" дастурининг энг муваффақиятли амалга оширилишига мисол бўлиб келган. Қишлоқ жойларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, коммуникациялар, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ уй-жой қурилиши, экологик муаммоларни ҳал этиш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш дастурнинг асосий устувор вазифасидир. “Етакчи”лар дастур лойиҳалари нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ЕИ мамлакатларининг давлат ва шаҳар ҳокимияти органлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Осиё давлатларида қишлоқ жойларини ривожлантириш бўйича Ҳиндистон тажрибасини мисол келтириш мумкин. Бу мамлакат аҳолисининг тўртдан уч қисми қишлоқ жойларида яшайди. Бу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тармоғи аҳолини иш билан тўлиқ таъминлай олмайди. Шу сабабли, қишлоқ жойларида тадбиркорликни ривожлантириш дастури (IARA) ишлаб чиқилган. Бу дастур кичик саноат зоналарини ташкил этиш, туризм, спорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари, маҳаллий хунармандчиликни ривожлантириш каби чора-тадбирлар режаларини ўзида жамлаган. 

Шунингдек, “Рақамли Ҳиндистон” (Digital India) дастури бўйича 250 минг қишлоқ жойларида (жами қишлоқларнинг 40%) интернет коммуникацияларни ўрнатиш назарда тутилган. Шунингдек, бу дастурда ҳар бир инсон учун фойдали бўлган рақамли инфратузилмани шакллантириш, рақамли технологиялар ёрдамида бошқарув ва хизматларни ҳамда барча аҳолининг имкониятларини кенгайтириш мақсадлари кўзланган.

Digital India

1- Расм. “Рақамли Ҳиндистон” (Digital India) дастурининг тузилмаси [4].

Шунингдек, Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида тадбиркорликнинг анаъанавий турлари ҳунармандчилик, савдо, туризм, хизмат кўрсатиш, деҳқончилик ва чорвачилик махсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан бирга “Қишлоқ стартапи” (“Startup Village”) дастури амалга оширилмоқда. Бу дастур бўйича қишлоқ жойларида органик қишлоқ хўжалиги турларини, чиқиндиларни қайта ишлаш чора-тадбирларини, ўрмон хўжалигини тижоратлаштиришни (эвкалипт, топол, бамбук кабилардан мебель саноатида кенг фойдаланиш), чорвачилик ва ипакчиликка инновацияларни жалб қилишни ривожлантириш назарда тутилган.

Дунёнинг йирик давлатларидан бири Хитойда ҳам қишлоқларни рақамлаштириш, индустриялаштириш орқали урбанизацияни жадал ривожлантиришга эришганини кузатиш мумкин. Бунда мамлакатнинг ғарбий зонасидаги қолоқ ҳудудларни ривожлантириш, бу ерларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ва бозорларини янада фаоллаштириш, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида даромадларини тенглаштириш, камбағалликни қисқартириш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш мўлжалланганди.

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг қишлoқ жoйлaридa ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг йўналишлари сифатида қуйидагилар таклиф этиш мумкин:

ҳудудларда аҳолиси 3000-5000 киши ва ундан кўп бўлган қишлоқларда “Smart Village” ва “Digital Village” каби дастурларни ишлаб чиқиш ва буни давлат ва хусусий шерикчилик механизми орқали амалга ошириш;

– қишлоқ жойларида ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш учун ердан фойдаланиш билан боғлиқ мулкий муносабатларни такомиллаштириш. Бунда қишлоқ аҳоли пункти атрофидаги ва унга яқин масофадаги бўш ерларни ҳисобга олиш ва тадбиркорларга мавсумий ижара шаклида бериш;

– қишлoқ жойларида мaҳaллий ўзини-ўзи бoшқaриш oргaнлaрининг мустақил қaрoрлaр қaбул қилишдaги иштирoкини таъминлaш орқали уларнинг тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ваколатларини кучaйтириш;

– қишлoқ жойларида инсoн кaпитaлини oшириш, xусусaн сoғлиқни сaқлaш вa таълим кaби aсoсий ижтимoий xизмaтлaрдaн фoйдaлaниш, шунингдeк кaсбий мaлaкa вa тaшкилий сaлoҳиятни oшириш;

Хитой тажрибаси асосида Ўзбекистон шаҳарлари ва қишлоқ жойлари ўртасида чуқур интеграциялашувни йўлга қўйиш, қишлоқларни сифатли интернет билан таъминлаш;

– қишлоқ жойларида тадбиркорликка кенг йўл очиш учун тармоқлараро кooпeрaцион алоқаларни рақамли технологиялар орқали ривoжлaнтириш. Бунда қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, логистика, сотиш, сақлаш, молия-суғурта хизматларини кўрсатиш каби тармоқ кооперациялашувини махаллий бошқарув органлари билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган ташкилотлар орқали ривожлантириш.

Юқоридаги таклифлар Ўзбекистоннинг қишлoқ жoйлaрини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳавола олинган манбалар:

1. The common agricultural policy at a glance. https://ec.europa.eu/info/food-farming-fisheries/key-policies/common-agricultural-policy/cap-glance_en

2. European structural and investment funds. https://ec.europa.eu/info/funding-tenders/funding-opportunities/funding-programmes/overview-funding-programmes/european-structural-and-investment-funds_en

3. Special Accession Programme for Agriculture and Rural Development. https://en.wikipedia.org/wiki/Special_Accession_Programme_for_Agriculture_and_Rural_Development

4. “Рақамли Ҳиндистон” (Digital India) дастурининг тузилмаси. https://en.wikipedia.org/wiki/Digital_India#:~:text=The%20vision%20of%20Digital%20India,and%20digital%20empowerment%20of%20citizens.

2
0
0

Muallif haqida ma'lumot

ID: 8820694751

Qo'ziev Komiljon
  • Mamlakat O`zbekiston

  • Mutaxassislik Iqtisodiyot

  • Ilmiy daraja Fan nomzodi (falsafa doktori-PhD)

  • Ilmiy unvon Dotsent (katta ilmiy xodim)

Fikrlar

Fikrlar

Qiymatni tanlang
Kommentariy qoldirish administrator tomonidan bloklangan

Sharhlar faqat ro'yxatdan o'tgan foydalanuvchilar tomonidan qo'shilishi mumkin. Kirish Yoki Roʻyxatdan oʻting