0
1 083
PDF

МИНГЙИЛЛИК ҚАДРДОНЛИК РИШТАЛАРИ

Annotatsiya

Халқимизга хос қўшничилик одатлари ва унинг инсон турмуш-тарзида тутган ўрни ҳақида

МИНГЙИЛЛИК ҚАДРДОНЛИК РИШТАЛАРИ

«Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал», «Ҳовли олма, қўшни ол», деган ҳикматлар замирида доно халқимизнинг мингйиллик донишмандлиги, ўзига хос хулосаси мужассам. Қўни-қўшничилик анъаналари узоқ йиллар мобайнида инсонларнинг турмуш-тарзида муҳим ўрин тутиб келган. Аввало, ёнидаги кишига, рўзғорга ёрдам қўлини чўзиш халқимизга хос азалий қадрият. Бундан ташқари, унда ҳамжиҳатлик, иноқлик, аҳиллик сингари фазилатлар ҳам бор.   

Муборак ҳадиси шарифда: «Шўрва қилсангиз, сувидан кўпроқ солиб қўшнингизга ҳам улашинг», дейилгани замирида ҳам пурҳикмат маъно бор назаримда. Дарҳақиқат, аждодларимиз пиширган тансиқ таомидан албатта, қўшниларига ҳам илинганлар. Уйдан таом иси чиқдими, ҳамсоянинг насибасини ҳам ажратиб қўйиш одати эзгу анъаналар сирасига киради. 

— Агар қўшни сафарга кетса, оиласи, уй-жойи, мулки, хонадонидан кунда хабар олиб туриш зарур, — дейди етмиш ёшли Шарофат момо Умарова. — Унинг рухсатисиз уникидан баланд иморат қурилмайди ёки бошқа йўсинда унга зарар етказилмайди. Бироқ тансиқ таом, дарахт, экин-тикиндан унга ушур берилади. Умуман олганда, бу билан қўшничилик анъаналари тўхтаб қолмайди. Ҳам моддий, ҳам маънавий ён-атрофдагиларни қўллаб-қувватлаш ҳамсояликнинг муҳим бир белгисидир. 

...Бир сафар аммамларникига борганда ғалати воқеа содир бўлди: аммам меҳмонларга ош  тараддудига тушиб бошлаган ҳам эдики, кўчада бировнинг чақиргани эшитилди: у аста-секин ташқарилади.  

— Келинг, Пошшахон. 

Ташқаридаги ҳангомадан почамнинг қўшнисиникига совчи келгани англаш мумкин эди. Айни илик узди маҳали бўлгани учун қўшни аёлнинг уйида ҳеч нарса йўқмиди, бир ошлик эт сўрарди. Нима бўлганини билмайман, аммам бирдан хонага кириб келди-да, арчиётган сабзиларни йиғиштириб бошлади. Орадан бир ярим соат вақт ўтгач, бир лаган ош кўтариб даҳлизга кириб келди.  

— Қўшнимиз бир ширин ош тайёрлабдики, мазаси оғзингда қолади, — деди лаганни дастурхонга қўяркан. — Қўли дард кўрмасин. Умримда бунақа тотли овқат емаганман. Бир есанг, оғзингда эрийди-я!

Ҳамсоянгни рози қилишда ҳикмат кўп, дерди кексалар. Халқимизда қўшни андишаси борасида ҳам ибратга арзигулик жиҳатлар талайгина: қўшнининг боласи ҳар турли егуликларни кўриб хархаша қилмаслиги учун болаларнинг қўлига бирор нарса бериб, кўчага чиқарилмайди. Қўшнининг ҳовлисига бемаврид қаралмайди, изнсиз кирилмайди. 

Расул алайҳиссалом буюрдилар:

— Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима? Ёрдам сўраса ёрдам берасиз. Қарз сўраса, қарз берасиз. Камбағаллашса, рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса, зиёратига борасиз. Вафот этса жанозасига қўшиласиз.

Можаролар, муносабатлардаги чигалликлар одатда, кўпроқ, қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўладиган гаплар туфайли келиб чиқади. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.

Замонлар оша сайқалланиб келаётган гўзал қадрият ва урф-одатларимизни ҳар қанча таърифласак арзийди. Лекин, афсуски, бугун бу анъаналарга бироз бепарво қараётганлар, уларни назарга илмайдиган қўшнилар ҳам учраб турибди. 

Бугун глобаллашув сабаб қўшничилик анъанасига путур етаётганек. Аммо уни асраб-авайлаш энг долзарб масалалардандир. Шу орқали миллатнинг мингйиллик қадриятлари сақланиб қолинади, ўзаро муносабатларда меҳр-оқибат туйғулари янада шаклланиб боради.   

 

ЭЛИНУР ЖУМАБОЕВА,

 Тошкент амалий фанлар университети талабаси 

1
0
0

Muallif haqida ma'lumot

ID: 5233169557

Fikrlar

Fikrlar

Qiymatni tanlang
Kommentariy qoldirish administrator tomonidan bloklangan

Sharhlar faqat ro'yxatdan o'tgan foydalanuvchilar tomonidan qo'shilishi mumkin. Kirish Yoki Roʻyxatdan oʻting

{{text}}

{{text}}

{{text}}

{{text}}