ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ
Annotatsiya
Мазкур мақолада Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини демократлаштириш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларининг ҳуқуқий асослари, уларнинг давлат ахборот сиёсатида акс этиши масалалари хусусида фикр юритилган. Фуқароларнинг сўз эркинлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга қаратилган механизмлари таҳлил этилган.
Kalit so'z
демократлаштириш, фуқаролик жамияти, ҳуқуқий давлат, Конституция, давлат ҳокимияти, ҳуқуқ, Қонун, ОАВ, жамоатчилик назорати.
Muallif
Маматов Ғанишер Сапиевич, Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), Renessans ta’lim университети доценти E-mail.: mamatov.g.s@mail.ru
Маълумки, давлат ҳокимияти ташкилотлари фаолиятини ижтимоий назорат қилиш тизимида қонун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Давлат ўз ташкилотлари ва амалдор шахслар номидан, энг аввало, фуқаролар, халқ, жамият манфаатларини ифода этади. Мазкур ваколатни амалга ошириш кўпгина омилларга, жумладан, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга қаратилган чораларни амалга оширувчи давлат институтларининг ривожланганлик даражасига ҳам боғлиқ. Фикримизча, давлат ҳокимияти ташкилотлари фаолиятини жамоатчилик томонидан назорат қилиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар мажмуи ана шундай институтлардан бири бўла олади.
Ривожланган давлатларда ОАВ орқали тарғиботда сиёсий жараёнларга хизмат қилиш – жамоатчилик назоратини ташкил этишнинг муҳим усулидир. Бунинг асосини биз Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш ҳақидаги Европа Конвенцияси, Европа Кенгашининг “Журналистик эркинлик ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги резолюцияси, “ОАВ соҳасидаги келажак сиёсати тўғрисида”ги декларацияси, “ОАВ ва сабр-тоқатли бўлиш маданиятини шакллантириш тўғрисида”ги, “Жиноий жараёнларга дахлдор ахборот манбаларини ҳимоя қилишда журналистларнинг ҳуқуқи тўғрисида”ги тавсияларда аниқ кўришимиз мумкин.
Шунингдек, суд ҳокимияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатишда халқаро тажриба ҳам мавжуд. Суд жараёнларини таҳлил этишда матбуот аҳолини хабардор этиш, ҳуқуқий таълим бериш, ўзини ўзи назорат қилишга ундаш ва жамоатчилик назорати функцияларини бажаради. Хусусан, Ғарбий Европа давлати ҳисобланган Германияда суд транспарентлиги, одил судловнинг халқ назоратида амалга оширилиши лозим, деган қоидага амал қилинади. Англияда суд қарорлари тўплам шаклида чоп этилади ва махсус нашрлар орқали халққа ҳисобот берилади. Россияда эса суд ахбороти агентлиги фаолияти мавжуд. Қозоғистон Олий судининг веб-сайтларида суд қарорлари бўйича ахборотни жойлаштириш, унинг электрон дискининг яратилиши ва таҳририятларга бепул тарқатилиши йўлга қўйилган.
Европа мамлакатларида ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий асосларини таъминловчи бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Чунончи, Швециядаги 1776, 1812, 1949 йилларда ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонунлар, Финляндиянинг “Расмий ҳужжатларнинг ошкоралиги тўғрисида” 1951 йилдаги ҳамда “Ҳукумат фаолиятининг очиқлиги” тўғрисидаги 1999 йилги Қонунларида булар ўз аксини топди. Шунингдек, Буюк Британиянинг 2000 йилдаги “Ахборот эркинлиги тўғрисида”ги Қонуни фуқаронинг давлат органлари ахборот тизимига кира олиши ва уни назорат қилишда иштирок этишини белгилаб берди. Натижада ҳокимият органлари устидан назоратни кучайтиришнинг янги институти пайдо бўлди.
Жаҳон тажрибасида жамоатчилик назорати орқали давлат бошқарувида иштирок этиш истаги кучайиб бормоқда. Ўтган аср сиёсий жараёнларида фуқароларнинг сиёсий мафкура таъсири асосида яшаши ва жамиятнинг сиёсийлашуви кучайди. МДҲ давлатларида жамоатчилик назоратининг шаклланиш динамикасига эътибор берадиган бўлсак, уларда сиёсий соҳага сиёсатдан хабардор бўлмаган одамларнинг аксарияти жалб қилинмайди.
Бошда айтганимиздек, ОАВ орқали тарғиботда сиёсий жараёнларга хизмат қилиш – жамоатчилик назоратини ташкил этишнинг муҳим босқичидир. Эътибор қаратилса, дунё мамлакатларида ахборий РR(Public relations)нинг ҳукуматга ҳужуми авж олди. Айниқса, МДҲ амалиётида муваффақиятга эришиш мақсадида ОАВнинг ўртаҳол (билимлар ва интеллектуал сифатлар бўйича) аудиторияга мўлжал олиши, ахборотларнинг оддийлиги ва етиб борувчанлиги ҳисобига самарага эришиши нормага айланди. Натижада аудиториянинг ўзи ОАВни шакллантириши – жамоатчилик назорати тамойилларига зид ҳолат эканлиги ички барқарорликнинг бузилишида намоён бўлмоқда.
Хорижий ОАВда салбий ва сохта ахборотни чоп этиш орқали давлатнинг етакчи сиёсатчилари руҳиятига таъсир этиш ва жамоатчилик кайфиятини ўзгартириш тажрибаси мавжуд. Хорижий давлатларда давлат ҳокимиятининг олий органларида салбий маънавий-руҳий вазият манфаатдан келиб чиқиб бошқарилади. Айрим ОАВ тузилмаларида стратегик мақсад сифатида давлат раҳбариятини обрўсизлантириш ва заифлаштириш масалалари режа асосида амалга оширилади. Ривожланган мамлакатларда ошкораликни юзага келтириш ҳамда ахборий-психологик қаршилик кўрсатиш, жамоатчилик назорати ва жамият барқарорлигини сақлаб қолишнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилган [1].
Жамоатчилик назорати, хусусан ОАВ бугунги кунга келиб, энг аввало, сиёсий аҳамиятга молик ахборот-билимларни тарқатувчи ва ўзида олиб юрувчи институт сифатида тадрижий кўриниш касб этмоқда. Жаҳон тажрибаси ва Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва модернизация қилиш жараёнларида мазкур ҳолатнинг долзарблиги аҳамиятлидир. Айтиш жоизки, демократик қадриятларнинг ёритилиши ОАВ мустақиллигини таъминлаш муаммоларига бевосита боғлиқ жараёндир. Кўпгина тадқиқотлар ОАВнинг ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини тасдиқламоқда. Уларнинг барчаси давлат ва жамият қуриш назарияси ва амалиёти масалаларига чамбарчас боғлиқликда замонавий бошқарувнинг долзарб тадқиқот объектига айланиб улгурди.
Эндиликда жамоатчилик назорати ОАВнинг одамларга сиёсий ахборотни етказа олиш қобилияти орқали ўзининг бугунги мавқеига эга бўлди. Оммавийлик, уни истеъмол қилувчилар доирасининг чексизлиги, ахборотни етказиш бўйича махсус техник қурилма ва воситаларнинг мавжудлиги унинг ўзига хослигини – устунлигини таъминлайди. Коммуникацион ҳамкорлар билан вақт ва маконда ҳамкорликнинг чегарасизлиги мазкур фикрларнинг тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 апрелда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5980-сон Фармон [2] фуқаролик жамияти шаклланишидаги муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Фармонда кўзда тутилишича, Президент ҳузурида Жамоатчилик палатаси ҳамда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида унинг бўлимлари ташкил этилади. Фуқароларимизнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини янада фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидир. Фармон асосида Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолияти тугатилди ва “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилди.
Палата муассислигида “Фуқаролик жамияти” журнали, “Жамият” газетаси ва бошқа нашрларни чоп этиш кўзда тутилган.
Жамоатчилик палатаси:
Президент ва Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;
Конституцияга ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқади;
давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш муаммолари айнан ОАВда жамоатчилик назоратининг юқорида таъкидланган хусусиятлари билан белгиланмоқда. Бугунги кунда турли сиёсий партиялар, нодавлат, ноҳукумат ташкилотларининг ўз матбуот органлари орқали жамоатчилик назорати сиёсатига таъсирини ўтказиш масаласи юқорида қайд қилинган ривожланган давлатлар тажрибаси ва тенденцияларидан келиб чиқади. Айнан шу сабабли мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов “...давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан, унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йўл йўқ”[3], деб алоҳида таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш фурсати етгани таъкидланган эди. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда кучли фуқаролик жамиятини изчил барпо этишнинг бугунги босқичида ушбу қонунни қабул қилишга зарурат туғилган эди. Чунки жамоатчилик назорати жамиятда илдиз отган салбий иллатларни, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишда айни муддаодир.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда нодавлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни чоғда нодавлат ва жамоат тузилмаларининг, биринчи навбатда, демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти устидан тўрачилик ҳамда коррупцияга қарши курашнинг самарали воситаси бўлган жамоатчилик назоратини кучайтиришдаги ўрни ортиб бораётир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш ҳамда ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир шароитда жамоатчилик назоратининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Чунки жамоатчилик назорати демократиянинг энг муҳим талабларидан бири бўлиб, у фуқаролар, ОАВ, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари сингари фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилади. Унда асосий эътибор давлат ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида қонун устуворлигини, мансабдор шахслар томонидан Конституция ҳамда қонунлар талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилади. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилиб, улар фаолиятининг самарадорлиги ошиб боради. Қолаверса, жамоатчилик назорати давлат ҳокимияти ва фуқаролар ўртасида ўзаро муносабатларни яқинлаштириб, умумдавлат равнақига хизмат қилади.
Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш, ҳаётнинг барча соҳаларида либераллаштириш жараёнларини жадаллаштириш, энг асосийси, қонунлар ижросини тўла таъминлашда давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур ёндашув ва ундан ўсиб чиқувчи тамойиллар замонавий дунё бошқарувида ўзини ҳар томонлама оқлаётгани ва чинакам демократик қадриятлар улуғланишига катта ижобий таъсир кўрсатаётгани билан ҳам эътиборлидир. Аммо яна шуни ҳам эътиборга олмоқ лозимки, жамоатчилик назорати бир кунда пайдо бўлиб қоладиган ҳодиса эмас. Аниқроқ қилиб айтганда, демократик йўлни танлаган ҳар қандай давлат борки, жамиятда жамоатчилик назоратини ўрнатишда муайян босқичларни бошдан кечиради, ҳуқуқий асос яратади, аҳоли сиёсий онгини юксалтирувчи воситалар тарғиботи билан шуғулланади, жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиб боради. Бу ўринларда халқ менталитети, анъана ва қадриятлари, тарихий мероси ҳамда маданий интеллекти, дунёқараши, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-маданий эҳтиёжлари ҳисобга олинади.
Гарчи халқаро амалиётда “жамоатчилик назорати”нинг умумэътироф этилган юридик таърифи бўлмаса-да, у турфа кўринишларда мавжуд. Яъни, яхлит тизим уни ифода этувчи турли механизмлардан иборат. Табиийки, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Шу ўринда, айни мезонларни давлатимиз мисолида қисқача кўриб чиқсак.
Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид қоидалар 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Уларда 100 га яқин айнан жамоатчилик назоратига оид нормалар мавжуд [4].
Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларида, жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги (10–12-моддалар), “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги (11–16-моддалар),“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги (16-модда), “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги (25-модда), “Таълим тўғрисида”ги (28-модда), “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги (9-модда), “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги (7-модда), “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги (4, 6, 23-24-моддалар), “Ўзбекистон Республикасининг савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги (13-модда), “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (3-модда), “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги (27-модда) Қонунларда ва Меҳнат кодекси (236-модда), Ҳаво кодекси (5-модда), Ер кодекси (84-модда), Уй-жой кодекси (6-модда) ва бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда алоҳида нормалар билан белгилаб қўйилган [5].
Бу сингари норматив контекстдаги ҳуқуқий меъёрлар миқдори ошгани сайин жамият шаффофлашиб борса, ўз навбатида уларни ўзида яхлит жамлайдиган, бу меъёрларнинг устқурмаси вазифасини ўтайдиган алоҳида қонунга эҳтиёж туғилмай қолмайди, албатта.
Фойдаланилган адабиётлар:
Жўраев Н. Тарих фалсафасининг назарий асослари. – Тошкент: Маънавият, 2008. – Б 419-420.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони (ПФ-5980-сон, 16.04.2020 й.) [Электрон манба]: http://uza.uz
Каримов И.А. Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чукурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йуналишлари:/ Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тўққизинчи сессиясидаги маъруза. 2002 йил 29 август/. –Т.: Ўзбекистон, 2002. –Б 80.
Иззатиллаев О. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси муҳокамасида. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси расмий сайти: http://ngo.uz/uz/zhamoatchilik-nazorati-t-risida-gi-onun-loji-asi-onunchilik-palatasi-mu-okamasida.
https://www.indianjournals.com/ijor.aspx?target=ijor:ajmr&volume=10&issue=9&article=017 10.5958/2278-4853.2021.00655.8
Fikrlar