0
354
PDF

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ДАРОМАДЛАРИНИ УМУМДЕКЛАРАЦИЯ УСУЛИДА СОЛИҚҚА ТОРТИШНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

Annotatsiya

Бозор иқтисодиёти ва тадбиркорлик фаолияти эркинлиги тамойиллари амал қилаётган барча иқтисодий тараққий этган мамлакатларда фуқаролар томонидан ўз даромадларини умумдекларациялаш амалиёти кенг қўлланилади. Мазкур мақолада ушбу давлатлар тажрибасини тадқиқ этиб, республикамизда ҳам жисмоний шахслар даромадларини умумдекларациялаш усулида солиққа тортишнинг долзарб эканлиги ёритилган

Kalit so'z

умумдекларация, солиққа тортиш, аҳоли даромадлари, даромад солиғи, жисмоний шахслар даромадлари, солиқ тизими, декларация, умумдекларациялаш тизими, шахсий даромад, жисмоний шахслар

Мамлакатимиз мустақил ривожланиш йўлида ўзининг тараққиёт йўналишини ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти қонуниятлари асосида бошқариш тизимини танлади. Бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилаётган даврда асосан солиққа тортиш амалиёти ҳам тараққий этган давлатларнинг ижобий тажрибаларини жорий этган ҳолда такомиллаштирилиб келинмоқда. Ҳозирги шароитда республикамизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларига мос равишда жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортишда қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида “Халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини оширишимиз зарур”[1] эканлигини таъкидлаганлари бежиз эмас.

Бозор иқтисодиёти ва тадбиркорлик фаолияти эркинлиги тамойиллари амал қилаётган барча иқтисодий тараққий этган мамлакатларда фуқаролар томонидан ўз даромадларини умумдекларациялаш амалиёти кенг қўлланилади.

Ушбу давлатлар тажрибасини тадқиқ этиш ва республикамиздаги жисмоний шахслар даромадларини декларациялашнинг амалдаги тажрибасини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, жисмоний шахсларнинг даромадларини тўлиқ ҳисобини юритиш ва ижтимоий аҳамиятга эга солиқ чегирмаларини қўллашда даромадларни декларациялаш усули юқори самара беради. Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш шароитида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва даромад топишга эркинлик яратиш билан биргаликда ушбу даромадларнинг қонунийлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бунда декларациялаш тизими орқали фуқаролар даромадларининг  ҳисобга олиниши ва адолатли солиққа тортилиши таъминланади. Бизнинг мамлакатимизда жисмоний шахслар даромадларини солиққа тортишни умумдекларациялаш тизимини тадбиқ этиш ҳамда ушбу тизимга босқичма – босқич ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Республикамизда жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация усулида солиққа тортишни такомиллаштириш бўйича муаммоларнинг мавжудлиги, уларни ҳал этишга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишнинг зарурлиги мавзунинг долзарблигини белгилайди.

Мазкур мақолада республикамизда жисмоний шахслар даромадларини умумдекларация усулида солиққа тортишнинг долзарблиги асослаб берилган.

 

Мавзуга оид адабиётлар шарҳи.

Жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортишда жумладан, даромад солиғи тўғрисида кўплаб олим ва иқтисодчилар ўзларининг илмий қарашларида фикрларини баён этганлар. О.Абдурахманов жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар моҳиятини очишда унга қуйидагича таъриф берган: жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар, бу фуқароларнинг ҳар қандай қонуний фаолияти манбалари асосида оладиган шахсий даромадларидан давлат фойдасига ўтказадиган эквивалентсиз мажбурий тўловларидир.[2] Жисмоний шахслардан ундириладиган даромад солиғи билан бирга бошқа солиқларни ҳисоблаш услубиятини такомиллаштириш ва қисман жисмоний шахслар даромадларинидекларациялаш тизими тадқиқ этган, иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида жисмоний шахсларни солиққа тортиш тизими самарадорлигини оширишга оид илмий таклифлар ишлаб чиққан.

А.Адизов жисмоний шахслардан олинадиган солиқларга умумлаштирилган ҳолда қуйидагича, “Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар-давлат ва жамият томонидан мажбурият сифатида кўрсатиладиган хизматлар ҳақи бўлиб, уларни маблағ билан таъминлаш мақсадида қонун томонидан белгилаб қўйилган ҳажм ва ўрнатилган муддатларда давлат ихтиёрига мажбурий равишда ундириладиган тўловдир” деб таъриф берган.[3]

Даромадларни солиққа тортишнинг илмий-назарий концепциялари шаклланишида маржиналистларнинг (К.Менгер, Ф.Визер, И.Тюнен, А.Курно ва бошқалар) роли ҳам катта бўлган. Маржинализм мактаби вакиллари иқтисодий жараёнларни тадқиқ этишда нархлар шаклланиши масалаларидан ташқари солиққа тортиш муаммоларини ҳам ўрганишган. Хусусан, уларнинг даромадларни солиққа тортиш масалалари юзасидан олиб борган илмий изланишлари натижасида даромадлар прогрессив механизмда солиққа тортилиши ва бунда солиққа тортилмайдиган минимал даромад миқдори белгиланиши лозимлиги асослаб берилган. [4]

И.Юлдашевнинг «Жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишда умумдекларациялаш тизимини жорий этиш масалалари» мавзусидаги номзодлик диссертациясида эса, жисмоний шахслар даромадларини солиққа тортишда умумдекларациялаш тизимини республикамиз амалиётида жорий этиш билан боғлиқ муаммолар тадқиқ этилган. [5]

 

Таҳлил ва натижалар

Республикада жисмоний шахсларнинг жами даромадларини декларациялаш тизимининг жорий этилиши, фуқароларнинг даромадларини ошкоралаштириш имкониятини белгилайди, яширин иқтисодиёт йўлига ғов бўлиб хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулайроқ шароитларни яратишга кўмаклашади. Фуқаролар жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг жорий этилиши бозор муносабатларини шакллантиришнинг объектив ва зарур шарти ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортиш Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигида қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:

- тўлов манбаидан ушлаб қолиш;

- декларация асосида солиққа тортиш.

Жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти юридик шахслар, фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳамда чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари, яъни солиқ агентлари зиммасига юклатилади. 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини пасайтирилиши, шунингдек айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун соддалаштирилган тизимда қўлланиладиган ягона солиқ тўловидан имтиёзлар берилиши уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, бундан кутилаётган мақсад субъектлар фаолиятини ривожланиши, солиққа тортиладиган базани кенгайиши натижасида бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашдир ва бюджет орқали молиялаштириладиган соҳаларни ривожлантириш ҳисобланади. 

     1-расм. Даромад солиғи ставкаларининг йиллар бўйича таҳлили [6]

Юқоридаги 1-расм маълумотларини таҳлил қиладиган бўлсак, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 1991 йил жорий этилган бўлиб, то 2015 йилгача биз Европа андозаси асосида ставкаларни жорий этдик, лекин бизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволимиз бунга тайёр эмаслиги туфайли тўрт поғонали солиқ солиш тизими йўлига ўта бошладик, чунки биз фуқаролар орасида тенгсизлик ва табақаланишни олдини олиш мақсадида 2001 йилдан то 2006 йилгача 2-3-поғонадаги ставкаларни 18 ва 25 фоизгача  туширилди, кейин 2008-йилдан то 2014-йилгача бу ставкалар кўрсаткичи  16 ва 22 фоизгача туширилди, қуйи ставка эса 7.5 фоизгача туширилди. 2015-йилга келиб мамлакатимизнинг ижтимоий қатламини яхшилаш мақсадида аҳоли даромадининг 1 баробари миқдори даромад солиғидан озод этилди. Ушбу солиқнинг энг юқори ставкаси 2018-йил 22.5%, ваҳоланки 1998-йил ушбу солиқнинг энг юқори ставкаси 45% яьни икки баробар юқори қилиб белгиланган эди. Ҳозирги кунда жисмоний шахслар даромадини ошириш мақсадида ушбу солиқ ягона 12 фоиз этиб белгиланди. “Жисмоний шахслар даромадига солиқ бўйича ягона ставканинг жорий эилиши даромадларни тўлиқ қамраб олиб, даромадлар самарадорлигини таъминлаши мумкин.” [7]

Таъкидлаш жоизки, бозор муносабатлари чуқурлашиб борган сари аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар улуши ортиб боради. Шу боисдан, жисмоний шахсларнинг асосий иш жойидан ташқарида ишлаб топган даромадлари динамикасини таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда даромадлари бўйича декларация тақдим этувчи жисмоний шахслар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, бу қуйидаги 2-расм маълумотларида ўз аксини топган.

 

2-расм. 2011-2022 йиллар давомида декларация тақдим этган жисмоний шахслар сони. (минг нафар) [8]

 

Юқоридаги 2-расм маълумотига асосан, 2023 йилнинг 1 январ ҳолатига 
489,6 минг нафар жисмоний шахслардан декларация қабул қилиниб, уларнинг сони  2011 йилга нисбатан  395,6 минг нафарга ёки 5,2 баробарга, 2017 йилга нисбатан 227,3 минг нафарга ёки 186,7 фоизга кўпайган. Бироқ ушбу кўрсаткичларни ўсиш тенденциси 2021-йилга қадар содир бўлиб 2022-йилдан камая бошлади яъни,  декларация тақдим этган жисмоний шахслар сони 2021 йилда 2017 йилга нисбатан 262,8 минг нафарга яъни 2 баробарга кўпайган. 2022-йилда эса, 2021-йилга нисбатан 35.5 нафарга ёки 107 фоизга камайган. Республикамизда 2017 – 2021 йиллар давомида декларация тақдим этган жисмоний шахслар сони кўпайишига сабаб аҳолининг даромад олиш манбалари кўпаяётгани, шу билан биргаликда даромадларининг ортишидир.

Мамлакатимизда декларация тақдим этган жисмоний шахслар сони ва декларация бўйича қўшимча ҳисобланган даромад солиғи суммаси йилдан- йилга ўсиб бормоқда.

 

                                                                                                1-жадвал

Ўзбекистон Республикасида декларация топширган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотлар. [9]

T/Р

 

Кўрсаткичлар

Йиллар

2018

  2019

2020

2021

2022

1

Декларация тақдим этган фуқаролар сони (минг киши)

304,9

358,0

492,6

525.1

489,6

2

Жами қўшимча ҳисобланган солиқ,

(млрд сўм)

33,1

61,8

81,0

105.2

133.5

3

Қўшимча ҳисобланган солиқларнинг ундирилиши (фоизда)

100

100

100

100

100

 

Юқоридаги 1-жадвал 2018-2022 йиллар малумотларини таҳлил қиладиган бўлсак, 2018 йилда жами бўлиб 304,9 минг фуқаро, 2022 йилда эса 489,6 минг фуқаро асосий иш жойидан ташқарида олган даромаддари ҳақида декларациялар тақдим этганлар. Шуниси эътиборлики, таҳлил этилаётган давр мобайнида декларация бўйича даромадларини кечиктириб топширилиши мавжудлиги, жами йиллик даромадларни декларациялаш тизими амалиётида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар борлигини  тасдиқлайди.

2018-2022 йилларда декларациялаш натижасида 414.6 млрд сўм қўшимча солиқ ҳисобланган.

Умумдекларациялаш тизимини тадбиқ этиш, амалдаги баъзи бир қонунларни ўзгартиришни талаб этади. Масалан, фуқаролар мулкини баҳолаш ва қайта баҳолаш тартибини. Бу шуни англатадики, умумдекларациялаш тизими жорий этилгач, фуқаролар қимматбаҳо харидлари ва уй-жой ёки нотураржой қурилишларга қилган харажатлари устидан назоратни амалга ошириш талаб этилади. 

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишнинг тўлақонлилигини назорат қилиш, фақатгина улар амалга оширган харажатларни декларацияда кўрсатилган даромадларга мос келишини текшириш орқали юзага келиши мумкин. Шу муносабат билан, жисмоний шахслар декларацияларида кўрсатилган даромадларини тўлиқ аниқлаш учун жисмоний шахсларнинг алоҳида харажатларини улар даромадларига мос келишини назорат қилиш механизмини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Таклиф қилинаётган механизмга кўра жисмоний шахслар мулк сотиб олиши, божхона чегараси орқали товарлар олиб кириши ёки олиб чиқиши, банкларда, суғурта ва кредит ташкилотларида пул операцияларини амалга ошириши бўйича йирик харажатлари тўғрисидаги маълумотлар тегишли муассаса ва ташкилотлардан келиб туришини йўлга қўйиш талаб қилинади. Декларацияда кўрсатилган маълумотлар жисмоний шахсларнинг ҳақиқий даромадлари тўғрисидаги маълумотлар, яъни банклардан, сотувчилардан, савдо агентларидан, давлат муассасаларидан ва битимларни рўйхатга олувчи ўзга ташкилотлар солиқ идораларига тақдим этган маълумотлар билан солиштириб кўрилиши лозим.

Агарда сарф-харажатлар миқдори жисмоний шахснинг декларацияда кўрсатган даромадлари миқдоридан ошиб кетса ёки солиқ органида жисмоний шахснинг даромадлари тўғрисида маълумот бўлмаса, у ҳолда солиқ органи жисмоний шахсга сарф-харажатларни амалга оширишга кетган даромадларни декларациялашни сўраб, ёзма талабнома юборади. Жисмоний шахслар, шунингдек чет эллик фуқаролар солиқ идорасининг ёзма талабига кўра, йирик сарф-харажатларини амалга оширишга кетган даромадларининг миқдори ва манбаларини ёзма баён этиб, маълумот тақдим этишлари зарур бўлади. Бизнингча, аҳолини қимматбаҳо харидлар қилиш, банк, кредит ва молиявий ташкилотлар хизматидан фойдаланишларига салбий таъсир кўрсатмаслик мақсадида, жисмоний шахсларнинг йирик харажатлари миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 (минг) баравари миқдорида белгилаб қўйиш талаб этилади. 

 

Хулоса ва таклифлар

Юқоридагиларни ўрганган ҳолда хулоса қиладиган бўлсак, мамлакатимизда солиқ қонунчилиги яхши йўлга қўйилган ва йилдан йилга такомиллаштирилиб борилмоқда. Шунга қарамай чет эл мамлакатлари солиқ тизимини оптимал вариантларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Фуқароларнинг даромадларини декларациялаш яширин иқтисодиётга, пул маблағларининг ноқонуний айланишига, коррупция ва порахўрликка ҳамда иқтисодиёт соҳасидаги бошқа жиноятларга қарши курашда таъсирчан воситалардан бири ҳисобланади.

Республикамизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларига мос равишда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўрт поғонали ҳисоблаш услубиятидан пропорционал ҳисоблаш услубиятига ўтказилиши билан бир қаторда, даромад солиғининг ставкаси ҳам минимал даражада яъни 2019 йилдан 12 % қилиб белгиланди. Солиқ тўловчилар томонидан амалдаги декларация бўйича маълумотлар тақдим этиш ва даромадларни тасдиқлаш жараёни уч қисмдан иборатдир:

Жисмоний шахслар томонидан даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги маълумотларнинг шахсан тақдим этилиши;

Солиқ органларига юридик шахслар ва бошқа ҳудудлардаги солиқ органларидан келиб тушадиган маълумотларни қиёсий таҳлил қилиниши;

Тадбиркор фаолиятига оид бўлган бошланғич ҳужжатларнинг текширилиши.

Умуман олганда, жисмоний шахсларнинг даромадларини умумдекларациялаш тизими қўйидаги тамойиллар асосида шакллантирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади: 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолиш тизимини янада такомиллаштириш, бунда даромадларни умумдекларациялашнинг муҳим жиҳатларидан фойдаланиш зарур бўлади.

Ялпи декларацияни тақдим этувчи жисмоний шахсларнинг таркибини белгилашда аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш лозим.

Жисмоний шахслар тасарруфида бўлган мол-мулкларни декларациялаш орқали инвентаризациядан ўтказиш.

Жисмоний шахсларнинг даромадларини умумдекларациялаш тизими тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Декларация асосида солиқ ундириш солиқ тўловчи томонидан кўрсатилган даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини, солиқ имтиёзларидан тўғри фойдаланиш жараёнини назорат қилинишни назарда тутади. Бунда назорат декларациялашга оид шакллантирилган маълумотларни қиёсий таққослаш орқали амалга оширилади. Солиқ органларига тақдим этиладиган маълумотларнинг асосий манбаси бўлиб солиқ тўловчининг бошланғич ҳужжатлари ҳисобланади.

Ҳозирги шароитда молиявий фондларни шакллантириш жараёни тубдан ўзгарди ва бу ҳолат жисмоний шахслар оладиган жами даромадлар таркибига таъсир кўрсатиб, улардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш услубиятини либераллаштиришни, яъни солиқ суммасини ялпи декларациялаш орқали бюджетга жалб қилиш самарали жараён эканлигини исботламоқда. Шу мақсадда жисмоний шахсларнинг жами даромадларини солиққа тортишда солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ва мақбуллаштириш, шунингдек солиқ тўловчи жисмоний шахслар ўртасида солиқ юкини адолатли ва тенг тақсимланишини таъминлаш, солиқни ундиришда тўловчи ва ундирувчи ўртасидаги муносабатларни демократик тамойиллар асосида ташкил қилиш лозим бўлади. 

Юқоридагилардан аён бўладики, даромадларни умумдекларациялашнинг тамойиллари унчалик ҳам мураккаб тизимни жорий этишни талаб этмайди. Лекин шу билан бир вақтда мамлакатимиз халқларининг шаклланган анъаналари ўзига хос жиҳатлари, ушбу тизимни жорий этишда зарур бўладиган маъмурий-ташкилий тадбирлар, бу масалага ўзига хос мезонларни киритибгина жорий этиш мумкинлигини тақозо этади.

 

Фойдаланилган адабиётлар

Абдурахманов О. Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар тизими ва уни такомиллаштириш масалалари./ Иқтисод фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. – Тошкент, 2005. Б. - 52-53.

Адизов А. Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар тизимини такомиллаштириш./ Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. - Тошкент, 2004. Б. - 25.

Акинин П.В. и др. Налоги и налогообложение: Учеб. пособие. – М.: Эксмо, 2008. – С.23.

Юлдашев И.С. Жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишда умумдекларациялаш тизимини жорий этиш масалалари / и.ф.н. илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация автореферати. –Т.: БМА, 2002.–22 б. 

ДСҚ маълумотлари. http://www.soliq.uz (O‘zbekiston Respublikasi Davlat soliq qo‘mitasi rasmiy sayti).

Soren Blomquist, Laurent Simula. Marginal deadweight loss when the income tax is nonlinear. Journal of Econometrics, https://www.sciencedirect.com/science/article/pii/S0304407618302343.

ДСҚ маълумотлари. http://www.soliq.uz (O‘zbekiston Respublikasi Davlat soliq qo‘mitasi rasmiy sayti).

ДСҚ маълумотлари. http://www.soliq.uz (O‘zbekiston Respublikasi Davlat soliq qo‘mitasi rasmiy sayti).

Tax fraud detection for under-reporting declarations using an unsupervised machine learning approachhttps://www.scopus.com/record/display.urieid=2-s2.0-85051492335.

http//www.uzbek-ninja.com sayti mahlumotlari.

0
0
0

Muallif haqida ma'lumot

ID: 3465835982

Usmanova Muhlisa
  • Mamlakat O`zbekiston

  • Mutaxassislik Iqtisodiyot

  • Ilmiy daraja Fan nomzodi (falsafa doktori-PhD)

  • Ilmiy unvon Professor (yetakchi ilmiy xodim)

Fikrlar

Fikrlar

Qiymatni tanlang
Kommentariy qoldirish administrator tomonidan bloklangan

Sharhlar faqat ro'yxatdan o'tgan foydalanuvchilar tomonidan qo'shilishi mumkin. Kirish Yoki Roʻyxatdan oʻting

{{text}}

{{text}}

{{text}}

{{text}}