ИНВЕСТИЦИОН МУҲИТ ВА УНГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР
Annotatsiya
Ушбу мақолада инвестицион муҳит, Ўзбекистон иқтисодиётида жозибадор инвестиция муҳитини ташкил этиш, инвестиция фаолиятини ташкил этиш, унинг манбаларини шакллантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, миллий иқтисодиётни ривожлантиришда инвестиция муҳитига таъсир этувчи омиллар ўрганилган. Амалиётда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми таҳлили келтирилган. Ҳудудий инвестия муҳитини ташкил этишдаги омиллар, муаммолар ва уларнинг ечимлари таҳлил қилинган.
Kalit so'z
инвестиция, инвестицион муҳит, инвестиция лойиҳалари, ҳудудий инвестицион, инвестиция муҳитини баҳолаш. инвестор, инвестицион фаолият, инвестицияларни молиялаштириш.
Muallif
Тухлиев Бозор Каримович, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Солиқлар ва суғурта иши кафедраси мудири, и.ф.д. профессор
ИНВЕСТИЦИОН МУҲИТ ВА УНГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР
Тухлиев Бозор Каримович,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Солиқлар ва суғурта иши кафедраси мудири, и.ф.д. профессор
Аксарият иқтисодчилар «инвестицион муҳит» тушунчасини бир хил талқин қилсаларда, аммо унинг муайян туркумий таркибига келганда ва уни баҳолаш услублари ҳақида фикр юритганда, уларнинг таъриф ва ёндашишлари бир-бирларидан сезиларли даражада фарқ қилади.
Инвестицион муҳитга баҳо беришда иқтисодий шароитлар, давлатнинг инвестицион сиёсати, инвестицион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси ҳисобга олинади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 11 июлда “Инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қўйидагилар таъкидланди. “Янги лойиҳалар ҳисобидан қўшимча 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бу борада энг катта имкониятлардан бири олий даражадаги хорижий ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ҳисобланади.
Жумладан, сўнгги икки йилда Саудия Арабистони, Франция, Венгрия, Сингапур, Миср, Германия, Хитой, Италия, Қатар ва бошқа давлатлар билан ўтказилган олий даражадаги учрашувларда жуда катта келишувларга эришилди.
Инвестиция жалб қилиш бўйича Венгрия, Покистон, Таиланд, Чехия ва Япония билан ҳамкорликда ижобий ўзгаришлар борлиги таъкидланди. Ушбу давлатлардан ўтган йили бор йўғи 40 миллион доллар инвестиция жалб қилинган бўлса, жорий йилнинг ўзида бу кўрсаткич 450 миллион долларга кўпайди.
Лекин, Миср, Эрон, Испания, Ҳиндистон ва Бельгия давлатларидаги элчилар фаолиятида ҳали натижа кўринмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Энди хорижий келишувлар доирасидаги инвесторлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди. Бунда Инвестиция вазирлигида ҳар бир янги инвесторга ҳамроҳлик қилиш учун “инвестиция менежери” лавозими ташкил этилади ва бевосита вазирга бўйсунади. Улар хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлади ва келиб тушган масалаларни ҳал қилиб боради.
Инвестиция ва ташқи ишлар вазирларининг барча ўринбосарларига “инвестиция менежерлари” билан бирга шу тизим асосида жами 437 та инвестор билан амалий ишларни бошлаб, жорий йилнинг ўзида қўшимча 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.” [1]
Инвестицион муҳит турли хил омиллар, статистик, фактологик ва ахборот материалларини ўрганиш, таҳлил қилиш асосида аниқланади.
Инвестицион муҳитга баҳо беришда учта асосий ёндашувни ажратиб кўрсатиш мумкин. [2]

1-чизма. Инвестицион муҳитга ижобий таъсир кўрсатувчи омиллар ва шарт-шароитлар таснифи
Биринчи ёндашув – тор маъно ва таркибга асосланган бўлиб, у ялпи ички маҳсулот, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва миллий даромад динамикаларини; миллий даромадни тақсимлаш динамикасини, жамғарма ва истеъмол нисбатини; инвестицион фаолиятни қонуний тартибга солиш ҳолатини; алоҳида олинган инвестицион бозорлар, шунингдек, фонд ва пул бозори ривожини баҳолаш орқали ифодаланади.
Иккинчи ёндашув – кенгайтирилган, кўп омиллик бўлиб, у инвестицион муҳитга таъсир кўрсатувчи қуйидаги ижобий омилларни эътиборга олиш ва баҳолашга асосланган (1-чизма).
1. Ҳудуднинг меҳнат ва энергетика ресурслари билан таъминланганлик даражаси, биоиқлимий ва илмий-техникавий салоҳияти ҳамда инфраструктура мажмуа ва субъектларининг ривожланганлиги.
2. Бозор инфраструктурасининг ривожланганлиги, хусусийлаштириш жараёни ва инфляция даражаларининг инвестицион фаолликка таъсири, аҳолининг инвестицион жараёнга жалб қилинганлик даражаси, тадбиркорлик, рақобат муҳитининг қўлайлиги, маҳаллий бозор ҳажми, хўжаликлараро алоқаларнинг жадаллиги, экспорт имкониятлари, чет эл капитали мавжудлиги.
3. Хўжалик юритишнинг умумий шарт-шароитлари – экологик хавфсизлик, моддий ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланганлиги ва тугалланмаган қурилишлар ҳажми.
Юқоридаги умумий характерда келтирилган омиллар ўз навбатида қўлай инвестицион муҳит яратиш нуқтаи-назаридан қуйидаги сиёсий, ижтимоий маданий, молиявий ва ташкилий-ҳуқуқий омиллар доирасида эътиборга олиниши лозим (2- чизма):
1. Сиёсий омиллар: аҳолининг маҳаллий ҳокимият фаолиятига бўлган ишонч даражаси, ижтимоий барқарорлик даражаси, миллий-диний муноса-батлар ҳолати.
2. Ижтимоий ва маданий омиллар: аҳолининг турмуш даражаси, маориф ва маданият соҳалари, шунингдек тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг ри-вожланганлиги, жиноятчилик даражаси, реал иш ҳақи ҳажми, аҳолининг ўз ва чет эл тадбиркорларига муносабати, чет эл мутахассислари учун ишлаш шароитлари.
3. Молиявий омиллар: бюджет даромадлари, аҳоли жон бошига тўғри келадиган бюджетдан ташқари фонд маблағлари миқдори, чет эл валюта-сида кредит олиш имконияти, банк фоизи даражаси, банклараро ҳамкорлик-нинг ривожланганлиги, узоқ муддатли кредитларнинг солиштирма қиймати, аҳоли жон бошига тўғри келадиган омонатларнинг миқдори, зарарга ишлай-диган корхоналар улуши.
4. Ташкилий-ҳуқуқий омиллар: маҳаллий ҳокимият органларининг чет эл инвесторларига муносабати, қарорлар қабул қилишдаги тезкорлик даражаси, ахборот эркинлиги, қонунни ҳимоя қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги, маҳсулотлар, капитал ва ишчи кучлари бозорларининг жойлашиши ва ҳаракатланиши учун шарт-шароитларнинг мавжудлиги ва шунингдек, тадбиркорларнинг эътик иш юритиш жиҳатлари.

Fikrlar