Даромад ва унинг шаклланиши борасидаги баҳслар иқтисод ва молия соҳасидаги олимлар, корхоналарда ишловчи бухгалтерлардан ташқари барча инсонларни ҳам жуда қизиқтириши сабабли қизғин баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлади. Мақолада муаллиф даромадни аниқлашдаги назарияларни ўрганиб, ўз фикр ма мулоҳазалари билан ўртоқлашган. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида зарур бўлган тадбирларни молиялаштиришнинг асоси ҳисобланган солиқ тизимида даромаднинг сезиларли ўрни бор. Даромаднинг табиатини назарий ва амалий жиҳатдан атрофлича ўрганиш солиққа тортиш тизимини белгиланган стратегик тамойиллар ва узоқ муддатли аниқ йўналишда барқарор ривожлантиришга асос ҳисобланади. Ҳозирги солиқ тизимларида солиққа тортиладиган жуда аҳамиятли иқтисодий манбалардан бири бу “даромад”дир. Aйниқса, назарий жиҳатдан даромад, солиқ тўлаш қобилиятини ифодалаш нуқтаи назаридан ҳам иқтисодий оқимни ҳам ифодаловчи тузилишга эга бўлганлиги учун солиққа тортиш борасида энг кўп мурожаат қилиниб фойдаланиладиган тушунча бўлиб қолмоқда. Шунинг учун солиққа тортиш учун асос сифатида олинадиган даромадни аниқлаш жуда катта аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз солиққа тортиш тизимида даромад солиғи ислоҳоти натижасида “солиқ солинадиган базани кенгайтириш” стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш зарурлиги, бунинг асоси сифатида адолатсиз ва юқори ставкали солиқ тизими билан бир қаторда норасмийликнинг мавжудлиги ҳам таъкидланмоқда. Шу маънода, мавзу доирасида олиб борадиган ўрганишимиз бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш даражасини ҳам ҳисобга олган ҳолда даромадларни комплекс аниқлашнинг зарурлиги ва фойдасига қаратилган.
Кўпгина вазиятларда давлат солиқни жисмоний ва юридик шахсларнинг даромадлари ва фойдаларидан олади. Замонавий солиқ тизимларида мурожаат қилинадиган асосий иқтисодий ресурслардан бири бу “даромад” ҳисобланади. Солиққа тортишда адолатни таъминлаш учун ҳар бир инсоннинг тўлов қобилиятига қараб солиққа тортилиши бутун дунёда қабул қилинган асосий тамойилдир. Шу нуқтаи назардан, тўлов қобилиятининг энг муҳим кўрсаткичи бўлган даромадни аниқлаш жуда катта ҳаётий аҳамиятга эга. Умуман олганда, даромад шахснинг маълум бир давр бошида ва охирида бир хил бойлик савиясида қолиши шарти билан, ўша даврда истеъмол қилиши мумкин бўлган товар ва хизматлар йиғиндиси деб таърифланади.
Бугунги кунда солиққа тортиш нуқтаи назаридан қараганимизда энг оқилона ва реал тасниф бу даромад, бойлик ва харажатларга солиқлар шаклида тузилганлигини белгиловчи тасниф ҳисобланади. Тўлов қобилиятига эришиш учун фойдаланиладиган восита сифатида қараладиган "минимал яшаш нафақаси, прогрессив мутаносиблик, ажратиш принципи" каби тушунчаларни ўз ичига олган даромад солиғиэнг кенг тарқалган, адолатли ва самарали солиқ сифатида қабул қилинади.
Бугунги кунда замонавий солиқ тизимларидан ўрин олган энг муҳим солиқ турларидан бири даромад солиғи ҳисобланади. Маълумки, айнан даромадга солинадиган солиқларнинг икки тури мавжуд: жисмоний шахслар даромад солиғи ва юридик шахслар фойда солиғи. Иккала солиқ ҳам бир хил иқтисодий элементга, яъни даромадни солиққа тортишга қаратилган. Мавзуга назарий жиҳатдан қараганимизда, қайси пул оқимларининг даромад сифатида қаралиши ҳақида иккита асосий фикр илгари сурилган. Булар ресурсларга асосланган назария ва соф ўсиш назарияси.
Ўқувчиларга бу икки назария нуқтаи назарлари тўғрисида қисқача маълумот бермоқчимиз.
А) Ресурс назариясига кўра, даромад - бу одамлар ишлаб чиқариш омилларини ишлаб чиқариш жараёнига киритиш эвазига оладиган қийматликлар оқими. Ресурс назарияси, маълум бир ишлаб чиқариш фаолиятида иштирок этиш натижасида олинган иқтисодий қийматларни даромад деб ҳисоблайди. Бошқача қилиб айтганда, ишлаб чиқариш омилларини ишлаб чиқариш жараёнига қўллаш эвазига ўша давр даромадидан сарфланган улушга тўғри келадиган қисми, даромад деб ҳисобланади. Ишлаб чиқариш омилларидан доимий равишда олинмайдиган қийматлар даромад ҳисобланмайди.
Даромад доимий даромад яратувчи манбадан олинган бўлса, солиқлар бўйича тўлов қобилиятини аниқлашда ҳисобга олиниши ва агар керак бўлса солиққа тортилиши керак. Бу ерда узлуксизлик ёки бошқача айтганда давомийлик, даромаднинг тасодифий ёки вақтинчалик эмаслигини, яъни вақт ўтиши билан маълум кетма-кетликда такрорланишини назарда тутади. Бундай ҳолда, ҳар қандай даромад оқими доимий даромад яратиш хусусиятига эга бўлсагина солиққа тортилади.
Ресурслар назарияси ишлаб чиқариш омилларидан олинган даромадларни (иш ҳақи, фоиз, ижара ва фойда) ишлаб чиқариш жараёнидаги даромад деб ҳисоблайди. Даромад нақд пулда ҳам, натурада ҳам бўлиши мумкин ва омил эгалари томонидан олинган қийматлар ўз истеъмоли учун ажратилган бўлса ҳам даромад деб ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, кишининг ўз ишлаб чиқариши ҳисобидан қилган истеъмоли (шахсий истеъмоли) ҳам даромад деб ҳисобланади. Ресурснинг ўз қийматининг ўсиши, ишлаб чиқариш табиатига боғлиқ бўлмаган ҳолда олинган қийматлар ва активлар (масалан, мерос, қимор, лотерея ва бонуслар) эса даромад тушунчасига киритилмайди. Кўриниб турибдики, даромад манбаи қийматининг ошиши ўз эгаларига қўшимча сарфлаш ноқулайлигини олиб келган бўлса ҳам даромад сифатида қабул қилинмайди; Шунга қарамай, манбаидан қатъи назар, ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланиш натижасида юзага келмайдиган тасодифий тушумлар ва трансфер қиймат оқимлари (мерос, лотерея ютуғи, хайрия ва бошқалар) даромад ҳисобланмайди.
Б) Aниқ (соф) ўсиш назарияси. Ушбу назарияга кўра, маълум бир даврда харид қобилиятининг ошиши манбаидан қатъий назар, даромад доирасида кўриб чиқилади. Агар маълум бир давр учун даромад миқдорини топишда, давр боши ва давр охири ўртасидаги давр мобайнида эгалигидаги бойликнинг ўсиши билан шахс томонидан амалга оширилган жами истеъмол харажатлари йиғиндиси кузатилган давр учун шахснинг умумий даромадини келтириб чиқаради. Бу ерда шахснинг даромади, унинг маълум бир даврдаги истеъмоли ва шу даврдаги соф бойлигининг ўзгариши йиғиндисидан иборат. Шунинг учун ресурслар назариясига зид равишда ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланиш натижасида юзага келмайдиган трансфертлар, тасодифий даромадлар ва бойлик элементларида турли сабабларга кўра юзага келадиган қиймат ўсиши ҳам соф ўсиш назарияси бўйича даромад деб қаралади.
Солиқ тўловчининг солиқ даври бошидаги бойлиги қиймати билан солиқ даврининг охиридаги бойлик қиймати ўртасидаги ижобий фарқ даромад сифатида қабул қилинади ва солиқ тўловчининг солиқ давридаги харажатлари ушбу даромадга қўшилади. Шу маънода қараганимизда, соф ўсиш назариясидаги даромад манбалар назарияси томонидан белгиланган доимий даромадларни ҳам, капиталда юзага келадиган қийматларни ҳам (мерос, хайр-эҳсонлар, бонуслар, қимор ўйинлари каби сабабларга кўра) ўз ичига олади. Соф ўсиш назарияси кўра, солиққа тортиладиган умумий даромад қуйидаги учта элементдан иборат эканлиги кўринади:
солиққа тортиш даврида пул ва товарлар сифатида олинган қийматлар;
истеъмол харажатлари ва шахснинг ўз истеъмолининг бозор қиймати;
мазкур солиққа тортиш даврида мавжуд бўлган активлар қийматининг ошиши.
Жисмоний шахслар томонидан қилинган истеъмол миқдори ва қийматини аниқлашдаги қийинчиликлар билан бир қаторда ушбу истеъмолнинг бозор қийматини аниқлашдаги қийинчиликлар шахснинг ўзи ишлаб чиқарган товарларни ўзи истеъмол қилишига келганда ушбу назариянинг қўлланилишини қийинлаштиради. Шу билан бирга иқтисодий тизимда кузатилаётган нархларнинг доимий ўзгарувчанлиги ҳам бойлик таркибий қисмларининг қийматини аниқлашни қийинлаштиради.
Ресурс назарияси ва соф ўсиш назариясининг ҳар бирлари алоҳида-алоҳида фойдаланилган мамлакатларда кутилган муваффақиятга эришиб бўлмаганлигини кўрсатди. Шу сабабли амалиётда кўпгина мамлакатлар соф ўсиш назарияси ёки соф ресурслар назариясининг нотўғри томонларини бартараф этиш мақсадида даромадларни аниқлашда иккала назарияни ҳам қўшиб аралаш тизим яратдилар.
Шундай қилиб, даромад манбалар назариясига кўра белгиланадиган бўлсада, амалда соф ўсиш назариясининг даромад концепсиясининг экспансионистик таърифлари ва тушунтиришларидан катта даражада фойдаланилади. Aралаш тизимда назарияларнинг шакллари ва фаолияти замонга, мамлакатнинг иқтисодий ва маданий тузилишига қараб ўзгаради. Масалан, аралаш тизимни қабул қилган Испанияда даромад солиғи бўйича ресурслар назарияси самарали бўлса, Франция, Германия, Швейцария ва AҚШда аралаш тизимда соф ўсиш назарияси самарали ҳисобланади.
Хулоса қиладиган бўлсак, давлат даромадлари ҳақида гап кетганда, асосий эътибор давлат солиқ тушумларининг кўпайиши ёки камайишига қаратилар экан. Солиқ бир томондан давлат ва бошқа томондан халқ қўлидаги энг самарали воситалардан ҳисобланса унинг энг асосий турларидан бири даромад солиғи экан. Аҳолининг даромад деб номланувчи ушбу воситадан унумли фойдаланиши учун солиқ тизими мослашувчан, самарали, адолатли, шаффоф ва содда бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Давлатлар нуқтаи назаридан даромадларни белгилаш ва аниқлаш солиқ сиёсатини шакллантиришда ҳал қилувчи омиллигини назардан қочирмаслик лозим. Мадомики солиқ солинадиган даромадни аниқлашнинг энг муҳим элементи, белгиланган даромадга тегишли бўлган ҳар бир унсурини аниқлаш экан бу жараённи тўғри ташкил қилишда мутахассислар гуруҳини аниқ белгилаш зарур. Шу билан бирга мамлакат иқтисодиётида хуфёналик ёки норасмийлик қанчалик кўп бўлса, даромадни аниқлаш шунчалик қийин бўлади. Маълумки, ривожланган мамлакатларда иқтисодиётдаги хуфёналик ялпи ички маҳсулотнинг 13-20 фоизини ташкил этса, ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич 40-50 фоизгача етиши мумкин экан.
Даромад солиғи солиққа тортишнинг энг нозик ва муҳим жиҳатларидан бирилигини аниқлаш орқали ташкилий унсурларни ҳам қонун ҳужжатларида батафсил акс эттириб мустаҳкамлаш талаб этилар экан. Даромад солиғи кўплаб иқтисодий хатти-ҳаракатларга таъсир кўрсатадиган солиқ тури бўлиб, жамғармалар даражасидан тортиб меҳнат миграцияси ва таваккалчилик тенденцияларигача бўлган соҳаларни ўз таъсирида ушлашини ҳам доимо ёдда тутиш керак. Даромад солиғи жуда кенг таъсир доирасига эга ва бу таъсирлар тўғри бошқарилса, кўплаб ижобий ижтимоий ва иқтисодий натижаларга эришиш мумкин.
Фойдаланилган адабиётлар
Налоговые отношения как система специфических обязательств Б.Б. Ибрагимов - ББК 1 E91, 2022 - elibrary.ru
Yuldasheva I.R., Artikov N.A. Types and Functions of Taxes in a Market Economy //International Journal of Multicultural and Multireligious Understanding. – 2021. – Т. 8. – №. 7. – p. 579.
Lewis, Stephen R. (1984), Taxation For Development: Principles And Applications, Oxford University Press, New York p184.
Plasscheart, Sylevain R. F. (1977), "The Defination of Gross Taxable Income In Schedular or Global Income Taxes", Bulletin Fiscal Documentation.
Plasscheart, Sylevain R. F. Schedular (1988), Global and Dualitic Patterns of Income Taxation, International Taxation Bureau of Fiscal Documentation, Netherland.
Quigly, John M. and Eugen Smolensky (1994), Modern Public Finance, Harvard University Press, England.
Baker, Samuel (1990), Readings on Public Sector Economics, Lexington.
Fikrlar