Рухсора Раҳимберганова,
Урганч давлат университети магистранти
НАЖМИДДИН КУБРО БИОГРАФИЯСИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ
Хоразмнинг муаззам тарихида аллома, валий ва ижодкорларининг ҳам маълум ҳиссаси мавжуд. Мана шундай валий зотлардан бири, шубҳасиз, шайх Нажмиддин Кубродир. Унинг афсонавий ҳаёти ва сермаҳсул ижоди замондошлари учун ҳам ибрат бўлган. Мустақилликдан сўнг халқимизга аждодларимизнинг улкан мероси қайтарилди. Шайхи валитарошнинг асарлари билан бир қаторда у асос солган кубравия тариқати ва унинг йирик вакиллари ҳақида ҳам маълумотлар тўпланиб, таҳлил ва талқинлар кучайди. Дастлабки изланишлар учун мутафаккир шоир Алишер Навоий асарларидаги ҳамда баъзи машҳур тазкиралардаги маълумотлар, асосан, эса ғарб шарқшуносларининг тадқиқотлари асос бўлган. Маълум муддат миллат маънавий ҳаётидан, авлодлар таълим-тарбиясидан ирфоний асарлар, жумладан, Нажмиддин Кубро асарлари ажратилган бўлса-да, эътиқоди, руҳияти, кўнглига яқин бу асарларни ўрганишга тез киришилди. Таъкидлаш жоизки, мана шундай асарлар ҳамиша халқнинг маънавий бир эҳтиёжи бўлган. Албатта, биринчи галдаги вазифа шайхнинг ибратли ҳаёт йўлини тадқиқ қилиш эди. Куброшуносликдаги бу йўналиш учун тарихий асарлар, тазкира ва маноқиблар асос бўлиб хизмат қилди. Дорошукуҳнинг «Риёз ул-орифин», Мавлавий Ғулом Сарвар Соҳиб Лоҳурийнинг «Хазинат ул-асфиё», Ҳожи Халифанинг «Туҳфат ул-фуқаро», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Ҳамдуллоҳ Қазвинийнинг «Тарихи гузида», Султон Ҳусайн ибн Султон Мансур ибн Бойқаронинг «Мажолис ул-ушшоқ», Мавлоно Минҳожиддиннинг «Табақоти Носирий» номли китобларида Нажмиддин Кубронинг ҳаёти, сўфийлик тариқати ва фаолиятига оид маълумотлар келтирилган [7:403]. Ҳожи Халифанинг «Туҳфат ул-фуҳаро», «Сафинат ул-авлиё», «Хазинат ул-асфиё», Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий (Фаноий)нинг «Мажолис ул-ушшоқ», «Мажолис ул-мўъминин», Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада», «Тарихи гузида», Ризоҳулихон Ҳидоятнинг «Риёз ул-орифин», Азизиддин Насафийнинг "Зубдат ул-ҳақойиқ" асарларида Нажмиддин Куброга алоҳида тўхталиб, ҳаётининг валийлик даражасига етишдаги нозик томонларига урғу бериб улуғланган [5:20]. Шайх Кубронинг шогирдлари ҳам тариқат давомчилари ўлароқ муридлари тарбияси билан машғул бўлишган. Бу муридларнинг асарларида ҳам Кубро сиймосини учратиш мумкин. Шулардан бири сўфий ижодкор Фаридуддин Аттордир. «Мазҳар ул-ажойиб» асарида (хоразмлик буюк авлиё) у Нажмиддин Куброни ўзи кўрганлигини ёзади. Фаридуддин Атторнинг устози шайхи валитарошнинг муриди Маждиддин Бағдодий бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Машҳур шарқшунос олим Э.Е.Бертельс ўз вақтида Сант-Петербургдаги шарқшунослик институтининг қўлёзма фондидан Нажмиддин Кубро ҳаётига оид 116 варақдан иборат катта ҳажмдаги қиссани топган эди. Бертельс бу қиссанинг тузилиши ҳақида батафсил тўхталиб ўтади ва ушбу маълумотга асосланиб, шайх ҳаёти унинг мўғуллар истилоси пайтидаги жасоратини тўлақонли ёритади. Тазкира ва маноқибларда шайхнинг муршидлар остонасида илми ладунийдан сабоқ олиб, тариқатнинг амалий жараёнини ўтаганига урғу берилади. Зеро, валий Кубронинг маънан қайта туғилиши Аллоҳнинг лутфи марҳамати ила мана шу муршиди комилларнинг тарбиясига боғлиқ эди. Шу боис унга сабоқ берган, тарбият қанотига олган шайхларнинг бирортаси назардан четда қолмаган. Абдураҳмон Жомий ўзининг «Нафоҳат ул-унс» асарида ёзишича, Нажмиддин ёш болалик пайтидаёқ илм истаб Миср ўлкасига равона бўлади. Мисрда у Рўзбекхон Ваззон ал-Мисрий деган олим даргоҳида таълим олади. Рўзбекхон уни ўғлидек яхши кўриб, алоҳида меҳр билан тарбия қилади, ҳатто унга қизини бериб, ўзига куёв қилиб олади. Сўнгра уни муршиди илм талабида Табризга жўнади, Имом Абу Мансур Ҳафда остонасида сабоғини давом эттиради. Шайхдан «Шарҳ ас-сунна» илмини ҳам пухта ўрганади. Яна у Табризда Шайx Бобо Фараж, Аммор Ясир, Имоил Касрий каби улкан мутасаввиф донишмандлардан тасаввуфга оид кўпгина зоҳирий ва ботиний илмларни эгаллайди. Устозлари унга «Нажмиддин» – «дин юлдузи» , «Кубро», яъни «улуғ» лақабини беришади(унинг тахаллуси «диннинг улуғ юлдузи» маъносини беради – Р.Р). Али Акбар Деҳхудонинг машҳур “Луғатнома”сида келтирилишича, “У кишининг Кубро деб аталишларига сабаб шуки, беҳад зийракликлари ва туганмас заковатлари туфайли ҳар қандай муаммоли масалани сўралганда ҳал қилиб берар эдилар ва ҳар ким у киши билан баҳс-мунозара қилса, ғолиб чиқар эдилар” [3:365]. «Рашаҳот айн ул-ҳаёт» асарининг муаллифи Фахруддин ас-Сафий ҳам Кубро ҳақида шундай дейди: “Ҳазрат Махдуми Нуриддин Абдураҳмон ал-Жомий айтишларича, шайх Абул Жанноб Нажм ал-Кубро қуддиса сирруҳу ўзининг “Фавойиҳ ул-жамол” рисоласида ёзганларидек, ҳайвонларнинг нафас олиши бир табиий зарурият туфайли юз беради. Инсонлар ҳам аслида айни ўша зарурият юзасидан нафас оладилар, лекин ўшандай нафас олиш жараёнида инсон ғойибона Аллоҳ ҳақ субҳонаҳунинг муборак номини зикр қилади [6:570]. Ўз даврининг тасаввуф билимдони бўлган шайх Хоразмга қайтиб, у ерда хонақоҳ қуради. Кўплаб шогирдлар тарбиясига киришади. Алишер Навоийнинг 770 та шайхнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Насойим ул-муҳаббат» асарида (472 шайх) Нажмиддин Кубро ҳақида тўхталиб ўтади. Куниятлари Абулжанобдур ва отлари Аҳмад б. Умар Хевақий ва лақаблари Кубродур. Ва дебдурларки, аларға Кубро андин лақаб бўлдики, йигитлик авонидаким, зоҳир улуми таҳсилиға машғул эрмишлар, ҳар ким билаким, мунозара ва мубоҳаса қилсалар эрмиш – ул кишига ғолиб бўлурлар эрмиш. [Шунинг учун унга «Томмат ул-кубро» лақабини бердилар. У анча вақтгача шу лақаб билан аталиб келди. Кейинроқ «томма» сўзини қолдириб, «Кубро» деб атай бошладилар. Мана шу важҳ тўғрироқдир. Буни унинг ростгўй, ишончли асҳоблари нақл қилган] [2:282]. Нажмиддин Кубро дунёвий билимларни эгаллач, бу билимлар Ҳақ маърифатини идрок этишга етарли эмаслигини англайди. Энди у ботиний билим, ғайб асрорини ўрганишга киришади. Бу ниҳоятда машаққатли йўл бўлиб, Нажмиддин Кубро бу оғир синовларни устозлари: Нажмиддин Кубронинг тариқат йўлидаги пирлари Шайх Рўзбеҳон Мисрий, Шайх Аммор Ёсир ва Исмоил Қасрийлар раҳнамолигида енгиб ўтди. Шайх нафақат ўзи чуқур тасаввуфий илмларни эгаллаб қолмай, бир қанча шогирдлар етиштирганлиги ҳақида ҳам маълумотларни шу асарда учратамиз. Ҳазрат Шайхқа муридлар кўп эрдилар, аммо алардин нечаси жаҳонда ягона ва замонда муқтадо ва фарзона эрдилар. Андоқки, Шайх Маждуддин Бағдодий ва Шайх Саъдуддин Ҳумуйий ва Бобо Камол, Жандий ва Шайх Розуддин Али Лоло ва Шайх Сайфуддин Бохарзий ва Шайх Нажмуддин Розий ва Шайх Жамолуддин Гилий р.т. Ва баъзи дебдурларки, Мавлоно Баҳоуддин валадки, Ҳазрат Мавлоно Жалолуддин Румий қ.с.нинг волиди бўлғай, ҳам алардиндур. [Унинг, Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин, шаҳид бўлган санаси – етти юз ўн еттинчи йил] [2:282]. Навоийнинг "Лисон ут-тайр" достонида Шайх Нажмиддин Кубронинг сўзи ва итга тушган кўзи ҳақида ривоят келтирилади. Бир куни сукр вақтида унинг назари бир итга тушди. У ошнолик мазасини татиб кўргач, итлик сийратидан воз кечди. Шайх олдига ўз бошини қўйиб, умидворлик билдирди ва шу тариқа итлар орасида сарфароз бўлди. Бу ит шаҳарнинг қайси томонига қадам қўймасин, бошқа итлар унинг атрофини тўда-тўда бўлиб ўраб олишади. У қаерда ўтирса, итларга шоҳ бўлар, итлар эса унинг теварагида худди сипоҳлардек ҳалқа тортиб турардилар [1:157]. Нажмиддин Куброда кароматнинг кўринишлари кўп. Ул зот ҳам ўткир нафаси, ҳам назари ва ҳам суҳбати — сўзи билан қалбларга ғулғула сола олган. Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарида ҳам Кубро каромату ҳолатларидан бир неча мисол ва ривоятлар келтирилган [7:422].
Шайхнинг вафот тарихига ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Чунки унинг жангда ҳалок бўлиши ҳақидаги тарихий-манқабавий маълумотлар ҳам ўрнак бўлган. Бу ҳақида ҳатто таърихлар ёзилган. Куброшунос А.Бектош монографиясида бу ҳақда батафсил тўхталиб: “Муҳаммад Шайбонийхоннинг Нажмиддин Кубро вафотига атаб ёзган қуйидаги таърихи маълум ва машҳурдир:
Онинг таърихидир шаҳи шуҳадо,
Яна бир алиф бирла бўлур пайдо [9:20].
Мазкур таърих кейинчалик аксарият маноқиб ва таърих китоблардан:
Бўлур ҳар ким жаҳон аҳлида файдо,
Ўлум чангалиға бўлғуси шайдо.
Анингдек шайх амвот ўлғонида
Бит таърихини «шоҳи шуҳадо», –
тарзида ўрин олган эди” [4:53], – дейди.
Кўриниб турибдики, Нажмиддин Кубронинг шаҳидлар шоҳи дея танилишининг ҳам ўзига хос тарихий-бадиий асослари мавжуд. Бугунги куброшуносликда Шайхнинг ҳаёт йўлини ёритувчи тарихий, тазкиравий, манқабавий ва илмий асарларни муштарак ҳолда ўрганиш муҳимдир. Шундагина шайхнинг биографияси ҳақидаги маълумотлар янада изчил ва ишонарли бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 12 жилд– Тошкент: "Фан" , 2001.
2. Алишер Навоий Мукаммал асарлар тўплами. 17 жилд. – Тошкент: "Фан" , 2001.
3. Али Акбар Деҳҳудо. Луғатнома. 104 жилд. – Теҳрон: “Теҳрон университети”, 1996.
4. Бектош А. Нажмиддин Кубро. – Тошкент: “Наврўз”. 2019.
5. Болтабаев Ҳ. Ислом тасаввуфи манбалари. – Тошкент: “Ўқитувчи”, 2005.
6. Воиз Ҳаравий Ҳусайн ибн Али Кошифий. Рашаҳоту айнил ҳаёт фи манақиби машайихит торийқотин нақшбандийя ва адабуҳум ан-набавийяту ва асроруҳум ар-роббанийя. – Байрут, “Дорул кутубил илмийя”, 2008.
7. Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: "Мовароуннаҳр - "Ўзбекистон". 2001.
8. Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. – Тошкент: Халқ мероси, 1993.
Комментарии