Некоторые отношении шайбанидов к людям творчества
Аннотация
В статье рассматривается отношение шейбанидов к людям науки, искусства и творчества, рассмотрены произведения представителей данной династии, изобилующие изысканностью и остроумием, то, каких высоких результатов они добились в художественном творчестве, сочинении стихотворных произведений. Важное значение в изучении историко-культурной жизни XVI века имеют и произведения, написанные представителями династии шейбанидов.
Ключевые слова
история, культурная жизнь, государство, государственность, династия, наука, литература, творчество, реформа, Мухаммад Шайбани, Кочкунчихан, Абу Саидхан, Убайдуллахан.
Тарихдаги маданий юксалишлар даври марказлашган ва қудратли давлатларнинг ташкил топиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, бу давлатлардаги ҳукмдорларнинг илм-фан соҳасидаги ислоҳотлари, шахсий хоҳиш-истаклари, фан ва маданият соҳаси вакилларига ҳомийлиги сингари омиллар ҳам маданий ривожланишга хизмат қилган. Ўзбек давлатчилиги тарихида бир аср ҳукмронлик килган шайбонийлар сулоласининг илк вакили Муҳаммад Шайбонийхон ва унинг ворислари сиёсий, ҳарбий иш тарихи етарли даражада тадқиқ этилган бўлса-да, аммо ушбу сулола вакилларининг илм-фан ва адабиёт соҳасидаги фаолияти, илм ва ижод аҳли билан муносабатлари тарихий жиҳатдан деярли ўрганилмаган.
Шайбонийлар даврида фан, маданият ва шеъриятнинг ривожланишида мазкур сулола намояндаларининг маърифатпарварлиги ҳамда ўзларининг ҳам илм, санъат, шеъриятга ихлоси баландлиги муҳим аҳамият касб этган. Улар илм-фаннинг ривожланишига, шоир ва ижодкорларнинг эркин фаолиятига ҳомийлик қилганлар, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар. Масалан, Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510), Кўчкунчихон (1452-1529), Абу Саидхон (1481-1533), Убайдуллахон (1487-1540), Абдулазизхон (ваф. 1551), Абдуллахон II (1534-1598), Абдумўминхон (1567-1598), Абдол Султон (ваф. 1578), Абулхайр Султон (ваф. 1578), Музаффар Султон (ваф. 1578), Дўстум Султон (ваф. 1583) каби шайбонийлар сулоласи вакиллари фозиллар, аҳли шуарони иззат-икром этишган, улар билан илиқ муносабатда бўлиб ўз сарой мажлисларига таклиф этиб, ижодларидан баҳраманд бўлишган. Шу боис шайбонийлар даврида бошқа тоифага қараганда ижод аҳлининг имтиёзлари кўпроқ бўлган.
Аввало, сулола асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон фаолиятига тўхталадиган бўлсак, ушбу ҳукмдор ўз даврининг ақлли, ўқимишли, тадбиркор ва ижодкор кишиси бўлган. У “Илм-у фазилатлардан хабардор, аниқроғи, уларни тўла эгаллаган киши, шеърият соҳаси ва шоирларга эътиқод-эътибори катта бўлган” [ 1. 78-80]. Ҳерман Вамберининг ёзишича, Шайбонийхон замоннинг руҳоний уламоларига катта ҳурмат, ҳатто болаларча итоат қилиб, барча уруш сафарларида ўзи билан баробар кичкина гўзал кутубхонасини олиб юрар, Темур каби бу ҳам Дамашқ ва Халаб уламоси билан диний мунозараларда қатнашган. Қуръоннинг баъзи бир оятлари ҳақида Ҳиротнинг пешқадам тафсирчилари бўлган Қози Ихтиёр ва Муҳаммад Юсуфга эътироз билдирган эди. ...Султон Ҳусайн Мирзонинг вафотидан кейин бир сиқим донга муҳтож қолган кўпгина уламолар Шайбонийхондан паноҳ топганлар. У уламоларни хизматга олиб, муносиб вазифалар берган. Ҳарбий юришларда ҳам ўз атрофида бир неча олимлар бўлган ва булар унга ҳурмат ва садоқат кўзи билан қарашган [2. 64]. Албатта, бу фикрлар шайбонийлар даврида яратилган мовароуннаҳрлик муаррихлар асарларига таяниб, мақтовлар асосида келтирилган бўлса-да, ҳар ҳолда маълум ҳақиқатлар акс этади.
Муҳаммад Шайбонийхон ўз саройига кўплаб олимлар, шоирларни жалб этган. Унинг саройида Мулла Шодий (XV асрнинг иккинчи ярми –XVI аср бошлари), Камолиддин Биноий (1453-1512), Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон (1457-1521), Муҳаммад Солиҳ (1455-1535) кабилар паноҳ топиб ўз асарларини битганлар [3. 263].
Бундан ташқари, Муҳаммад Шайбонийхон сарой мажлиси кун тартибига турли масалаларга доир илмий мунозаралар ўтказар эди. Уларда Мовароуннаҳрнинг йирик олимлари иштирок этиб, ўз фикрларини билдирар эдилар. Масалан, 1502 йил Самарқанд яқинидаги Конигилда ўтказилган шундай мажлисларнинг бирида урушлар ва ўзаро тортишувлар натижасида қаровсиз ерларга айланиб қолган мулк ерларидан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Шунингдек, унинг ҳукмронлиги даврида тарихий ва бадиий адабиётда ўзбек тилининг мавқейи кучайди. Хоннинг буйруғи билан форс тилидаги ва мўғул ёзувида битилган асарлар турк тилига таржима қилинган [3. 264].
Шайбонийхон вафотидан сўнг, ёши катталиги учун хонлик тахтига ўтқазилган Кўчкунчихон давлат ишларидан бироз йироқ киши эди. Шайбонийлар даври давлатчилиги ва ҳуқуқи соҳаси билан шуғулланган олим Зиёдулла Муқимовнинг “Меҳмонномайи Бухоро” асарига таяниб ёзишича, у шариатпарвар, зоҳид, олиму уламоларнинг ҳимоячиси эди. У ўзининг ҳукмронлиги ва салтанати давомида олиму фозилларга марҳамат ҳамда таъзим бажо келтиришни ўз ҳиммати ва зиммасига олди [4. 19].
Шайбонийлар даврининг тазкиранавис адиби Мутрибий Самарқандий (1558-1632) ҳам мазкур хоннинг давлат ишларидан йироқ, ўта содда ва камтарин бўлганлиги билан боғлиқ бир ҳикояни келтиради. Унга кўра, мазкур хон тахтга чиққан биринчи кунларидаёқ, Самарқанд шаҳридаги мадрасаларга тез-тез ташриф буюриб, толиби илмлар билан суҳбат қилган, уларга ҳадялар улашган. Талабаларнинг билим савияларини кўриб, “дунёдаги барча илмли одамлар фақат Самарқандда йиғилган экан”, деб мамнун ҳолда гапирган экан [5. 121].
Шайбонийлар сулоласининг маърифатли ҳукмдорларидан яна бири бўлмиш Убайдуллахон ўз даврининг етук олимлари (Амир Абдулла Яманий, Хожа Муҳаммад Садр, Хожа Мулло Исфаҳоний, Мавлоно Маҳмуд Азизон, Мавлоно Ёрмуҳаммадқори ва бошқалар)дан таълим-тарбия олади. Араб ва форс тилларини қунт билан ўқиб ўзлаштиради. У ҳақда XVI асрнинг давлат ва маданият арбоби Мирзо Муҳаммад Ҳайдар (1501-1556) ҳам ўзининг машҳур “Тарихи Рашидий” асарида унинг илм-фанда етишган камолотини таърифлаб шундай деган эди: “У ёшлигидан барча фазилатлар билан безанган” [6. 8]. Чунончи, замона муҳаддислари сарвари Хожа Мавлоно Исфаҳонийдан ҳадис илмини, фақиҳлар пешвоси Мавлоно Маҳмуд Азизондан фиқҳни, машҳур ҳофизи қуръон Ёрмуҳаммад Қоридан қироатни ўрганади. Шунингдек, Мир Араб номи билан шуҳрат топган амир Абдулла Яманийга Убайдуллахоннинг ихлоси баланд бўлиб, доимо унинг суҳбатига рағбат кўрсатган. Мир Араб Убайдуллахонга фақат маънавий пир бўлибгина қолмай, балки давлат ишлари ва ҳарбий масалаларда ҳам яқиндан маслаҳатларини бериб турган [7. 399-400].
Убайдуллахон кўплаб шоирлар ва олимларни ўз ҳузурига чақириб, адабий суҳбатлар ўтказиб турган. Зайниддин Восифий (1486-1566)нинг хабар беришича, 1514 йил февраль ойида Восифий ва унинг дўстлари Улуғбек мадрасасида ўтиришганда, хоннинг мулозими кириб келади ҳамда “Хон ҳазратлари мавлоно Восифийни сўрамоқдалар”, деб айтади. Кейин эса Зайниддин Восифий Убайдуллахон ҳузурига борганида, хон ундан муаммо талаб этади ва номини айтманг, дейди. Шунда хон номига икки муаммо ўқилади ва Убайдуллахон иккала муаммони ҳам номсиз деб ҳисоблайди. Шундан кейин яна 79 та муаммо ёзилади ва ундан 65 тасини маърифатпарвар ҳукмдор номсиз деб топади [8. 48-49]. Бу эса Убайдуллахоннинг ҳозиржавоблиги ва топқирлигидан, муаммо ечишга уста бўлганлигидан, шунингдек, шоирлар билан баҳс-мунозара қилиб турганлигидан далолат беради.
Буюк давлат арбоби, моҳир сиёсатчи, “Хон” тахаллуси билан ўзбекча ва форсча шеърлар ёзган шоҳ ва шоир Абдуллахон II даврида Мовароуннаҳрда илм-фан анча юксак даражада ривожланди. Ушбу шайбоний ҳукмдор ҳам ўз аждодларидан қолишмаган ҳолда шоирлар билан илиқ муносабатда бўлган, улардан ўз ҳиммат ва саҳоватини аямаган. Унинг даврида олимлар ва шоирларнинг имтиёзи бошқа кишиларга нисбатан кўпроқ бўлган. Шунингдек, кўплаб ижодкорлар Абдуллахон II га бағишлаб қасидалар, шеърлар, бадиий асарлар, мусиқага доир рисолалар ёзишган ва куйлар басталашган [5. 23].
Тазкиранавис олим Мутрибий Самарқандий мазкур хон билан бевосита кўришган шахс сифатида ажойиб хотираларни ёзиб қолдирган: “Кунлардан бир кун шоир ва адабиётшунос Мутрибий Самарқандий Самарқанднинг Алиобод ноҳиясидаги Хожа Гузор номли ҳайвонот ва наботот олами намуналари қўриқлаб, парваришланадиган жойда Абдуллахон II билан кўришиш шарафига мушарраф бўлади. Шунда хон унга шеърият соҳасига оид 3 та савол беради. Мутрибий Самарқандий эса саволларнинг барчасига тўғри ва аниқ жавоб беради. Абдуллахон II шоирнинг билими ва топқирлигидан мамнун бўлиб, унга таҳсин айтади ҳамда уни мовут чакмон ва тилла тангалар билан мукофотлайди” [5. 20-23]. Мазкур ҳикоядан англашиладики, Абдуллахон назм илмини яхши эгаллаган ва шеърият билимдонларини қадрлаган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Абдуллахон II тариқат аҳлини ҳам беҳад ҳурмат қилган. Хожа Ислом Жўйборий, Қосим шайх Карминагий ва Хожа Калонхожа каби сўфийларни ўзининг пири деб билган. Мамлакатни бошқаришда уларнинг маслаҳатига қулоқ тутган. У замонасининг Мирзажон Шерозий, Поянда Муҳаммад Ахсавий, Садриддин Муҳаммад Бухорий каби машҳур алломаларини таълим-тарбия соҳасига, яъни фаол ижтимоий ҳаётга жалб этади. Уларни ўзи қурдирган Ғарбий катта мадрасага (1566-1567 йилларда бунёд этилган) мударрис этиб тайинлайди. Уларнинг ортиқча ташвишларсиз турмуш кечириши учун етарли маош белгилайди [9. 162-163].
Тарихчи олим А.Замонов “Бир қасида баҳоси” номли мақоласи орқали шайбонийлар шаҳзодаси Абу Саид Султон (1530-1533 йилларда Мовароуннаҳр ҳукмдори)нинг илм аҳлини моддий қўллаб-қувватлагани ҳақида маълумот берган ва бу эса ҳукмдорларнинг, балки шаҳзодаларнинг ҳам илм ва ижод аҳлига муносабати ижобий бўлганлигини кўрсатади [10. 124-125].
Умуман, Муҳаммад Шайбонийхон ва шайбонийлар сулоласи вакиллари миллий адабиётимиз тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган. Шайбонийхон улуғ Амур Темур шуҳрати, эришган муваффақияти соясида қолиб кетмаслик, ўз сулоласини тилларда достон этиш тадоригини ҳар жиҳатдан кўрган. Шу мақсадини амалга ошириш, яъни ўз номини тарих зарварақларига муҳрлашнинг бир йўли ижодкорларга, маданият, илм, фан, адабиёт намояндаларига илиқ муносабатда бўлиш, уларни ижод этишга рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашдирки, буни шайбоний ҳукмдорлар жуда яхши билишган. Шу боис, биринчи навбатда, ижод аҳлига эътибор қаратишган, аҳли фузалони қўллаб-қувватлаб, уларга имтиёзлар беришган. Қолаверса, шайбонийларнинг кўпчилиги яхшигина ижодкор бўлиб, бадиий сўз қудратининг кучи, имкониятларига ишонган.
Шайбонийлар даври маданий ҳаётини ўрганишда биз мана шу жиҳатларга эътибор беришимиз ва тадқиқ этишда холис бўлишга интилишимиз лозим.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Фазлуллоҳ ибн Рузбеҳхон. Меҳмонномайи Бухоро. – Москва, 1976, - Б. 79-80.
- Вамбери Ҳ. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. – Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990.
- Маънавият юлдузлари. – Т., Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999.
- Муқимов З. Қилич ва қалам соҳиблари. - Самарқанд: СамДУ нашриёти, 2008.
- Муртибий Самарқандий. Тазкурат уш-шуаро. / Форс тилидан таржима, кириш ва изоҳлар муаллифи И.Бекжонов. – Т.: Мумтоз сўз, 2013.
- Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. Тарихи Рашидий / В.Раҳмонов ва Я.Эгамова таржимаси. – Т.: Шарқ, 2010.
- Мирзаев Б. Убайдуллоҳхон –Шайбонийлар давлатининг ҳукмдори. –Т., Mumtoz so’z, 2016.
- Зайниддин Восифий. Бадоеъ ул-вақоеъ / Форс тилидан Н.Норқулов таржимаси. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979.
- Жуманазар А. Бухоро таълим тизими тарихи. – Т., Akademnashr, 2017.
- Замонов А. Ўрта аср тарихий шахслари ҳаётининг айрим номаълум саҳифалари. –Т., Bayoz, 2020.
Комментарии