СПОРТИВНАЯ ПОЛИТИКА В ОБЩЕСТВЕ РЕАЛИЗАЦИЯ И ЕЕ СОВРЕМЕННЫЕ УСЛОВИЯ
Аннотация
В данной статье, наряду с анализом реформ в сфере физической культуры и спорта в новом Узбекистане, существующих проблем в сфере, в частности приобщения широких слоев населения к спорту и здоровому образу жизни, воспитания физически здорового поколения , актуальность организации масштабной работы по реализации концептуальных программ развития спортивной индустрии и инфраструктуры, популяризации физической культуры и спорта среди молодежи.
Ключевые слова
Новый Узбекистан, спортивная политика, социальная политика, меры, физическая культура и спорт, молодежная деятельность, программа.
Автор
Олим Ахмедов, ЎзДЖТУ Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси
Янгиланаётган Ўзбекистонда охирги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатимиз спортчиларининг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Негаки, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммавий соғломлаштириш ҳаракатларини тарғиб қилиш, халқаро майдонларда ҳам юртимиз нуфузини ошириш орқали жамиятнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсий фаолиятини ривожлантириш ҳамда дунёда ўз ўрини топиб боришида ўзи хос хисса бўлиб қўшилиши ҳеч кимга сир эмас.
Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг: Жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш долзарб вазифаларимиз қаторига киради, дея уқтиришидан ҳам мазкур масаланинг қанчалик долзарблигини билишимиз мумкин[1].
Айни шу маънода жисмоний тарбия ва спорт соҳасида жамият аъзолари, аҳолининг кенг қатлами соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ чора-тадбирлар, дастурларни амалиётга жорий этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва уларнинг устоз-мураббийлари – тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати йилдан йилга ўз заруриятини ошириб бормоқда.
Шу жиҳатдан келиб чиқиб, қолаверса, мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом фуқарони шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш мақсадида 2020 йил 24 январда мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони[2] қабул қилинади.
Мазкур Фармон асосида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини 30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш; давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 80 фоизгача етказиш; жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тўрт босқичли – ташкилот-туман (шаҳар)-ҳудуд-республика тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш белгилаб қўйилади[3].
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда 2020 йилдан бошлаб спорт соҳасида «Tashkent Marathon» халқаро марафони, «Save Aral» халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш; аҳолининг барча қатламлари ўртасида «Жисмоний тайёргарлик даражаси» синовларини ўтказишни жорий этиш; спорт турлари бўйича терма жамоалар спортчилари учун илмий-комплекс лабораториялар ташкил этиш, тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда спорт соҳасида самарали тиббий ва фармакологик таъминотни йўлга қўйиш; спорт турлари бўйича 18 ёшгача бўлган ҳудудий терма жамоа аъзоларини ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг ўсмирлар бўлимларида ва ундан катта ёшдаги ҳудудий терма жамоа аъзоларини туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб бориш механизмини жорий этиш; қишки Олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш, ушбу спорт турларини оммавийлаштириш орқали профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш; Ўзбекистон спорт делегацияларини нуфузли спорт мусобақаларига тизимли тайёрлаш бўйича Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида Олимпия тайёргарлик марказини ташкил этиш; хорижлик спортчи ва мухлисларни кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш мақсадида «хоспиталити хизматлари»ни йўлга қўйиш, «Sport Visa» қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визасини жорий этиш; спорт соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш, шу жумладан спорт ташкилотларида давлат улушини камайтириш бўйича зарур чоралар белгилаш; ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Қуролли Кучлар тизимидаги таълим муассасалари, жумладан «Темурбеклар мактаби» ўқувчи-талабалари учун «Армия ўйинлари» дастурига киритилган спорт турлари бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш; жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари ва муассасаларининг бошқарув тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жумладан «Sport.uz» ахборот тизими орқали спорт иншоотларининг телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш; миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш, уларни Осиё ва Олимпия ўйинлари дастурларига киритиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш[4] белгилаб берилди.
Юқоридаги вазифалар ва қилиниш керак бўлган ишларнинг белгилаб берилиши бежизга эмаски, зеро, йиллар давомида спорт соҳасида тўпланиб қолган муаммолар, замонавий спортни жамиятга кенг жорий қилишга бўлган эҳтиёж, талаб ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда.
Хусусан, жисмоний тарбия ва спортни ташкил этишда қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали олиб боришга ва мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда. Буларни қуйидгача асослаш мумкин:
- жойларда жисмоний тарбия ва спорт бошқарувининг самарали яхлит тизими мавжуд эмаслиги ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тарғиб қилишни тўла қонли таъминламаяпти;
- мамлакатимизда ҳам оммавий спорт, ҳам олий спорт ютуқлари соҳасида аниқ вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепциясига муҳтожлик сезилиб келинаётган эди;
- давлат-хусусий шериклик шартларида спортнинг замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яратиш бўйича нодавлат сектор билан ўзаро муносабатларнинг юқори даражада эмаслиги ушбу соҳада мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга имкон бермаяпти;
- жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селексия)нинг самарали ва шаффоф тизими мавжуд эмаслиги терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш учун спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда;
- спорт кадрларини, айниқса, бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви соҳасида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш имконини кенг амалга ошира олмаяпти;
- спортчиларни тайёрлаш ва улар тиббий таъминотининг инновацион тадқиқотлари ва услубий ишланмалари, замонавий талабларга жавоб берадиган стандартларининг мавжуд эмаслиги сифатли ўқув-машқ жараёнининг йўлга қўйилишини етарли равишда таъминламаяпти;
- халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли маҳаллий спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларини ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилмаган, шунингдек, бундай ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан механизми назарда тутилмаган[5]лиги айтиш мумкин.
Қолаверса, бугунги кунда аҳолининг барча қатламини жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан қамраб олиш, мамлакатимизнинг барча ҳудудида жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг инсон ҳамда оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломлик ҳамда етукликнинг асосий шартларидан бири эканлигини фаол тарғиб этиш, ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан спорт соҳасида алоҳида иқтидор эгаларини саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби масалалар тизимли асосдаги ечимини кутмоқда. Қатор спорт муассасаларининг моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермайди, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда.
Мазкур соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги[6] қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, унга мувофиқ кенг кўламли, аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан, дастурга мувофиқ:
жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш;
таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаш каби йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади.
Дастур ижроси доирасида спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штатлар жадвалига «Спортчи» лавозими жорий этилиши Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган муҳим қадам вазифасини ўтайди[7].
Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жисмоний тарбия ва спорт давлат сиёсати даражасига кўтаришнинг энги ва узоқ муддатли дастур ва лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан, жамиятимизда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш мақсадида 2020 йил 24 январда Мамлакат Президентининг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб мазкур орқали Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Мазкур концепция асосида спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция), спорт захирасини шакллантириш тизимини йўлга қўйиш, ёшлар орасида спортни оммалаштиришда юқори натижаларга эришиш мақсадида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари олий таълим муассасалари камида биттадан устувор, истиқболдаги, ривожланаётган, шу жумладан миллий спорт турларига ихтисослаштирилади[8].
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги[9] Фармони ва «Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги[10] Қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган эди.
Хусусан, «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ қуйидагилар ташкил этилади:
- Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги;
- Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари негизида Туризм ва спорт вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари;
- Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази негизида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари.
Ташкил этилган вазирлик:
- туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
- ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.
Вазирликнинг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
б) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида:
- спорт объектларини ДХШ асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;
- аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона сиёсатни амалга ошириш;
- вазирликлар ва идораларнинг жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг, спорт федерацияларининг (ассоциациялари) фаолиятини мувофиқлаштириш[11] ва бошқалар шулар жумласидан.
Масаланинг яна бир томони борки, бу ҳам бўлса, жамиятдаги спортга берилаётган эътибор ҳақида гап кетганда, бевосита, бу йўналишдаги таълим муссасалари ва мутахассисларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида урғу бериш лозим бўлади.
Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида, айнан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-услубий таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида спорт бўйича мутахассислар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, ҳуқуқий билим асосларини, янада кенгроқ албатта, ўқитиш мақсадга мувофиқдир.
Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни турли тоифадаги ходимлар малакасини оширишда мутахассиснинг касбий тайёргарлигини оширишга интилиш керак. Улар ўз фаолиятларида оқилона қўллай оладиган тарзда ҳуқуқий билимга эга бўлсинлар. Спорт таълим муассасалари ва уларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларига қўйиладиган талаблар вамалака тавсифномалари, даставвал, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид ҳуқуқий билимларнинг зарур даражасини назарда тутиши керак[12].
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги[13] ПҚ-3907-сон қарорида ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурида ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласи ўз аксини топди.
Кейинги йилларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни кенг тарғиб қилиш борасида кўп ишлар қилинди. Маҳаллаларда “Саломатлик йўлаклари”, спорт майдончалари қурилди, таълим муассасаларида спорт тўгараклари очилди, мактаб-интернатлар иш бошлади. Пироварида, халқимизнинг ўз саломатлигига бўлган қарашлари тубдан ўзгарди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ўтган пандимея шаротидада, синовли кунларда ҳаётий қудрати билан муҳим аҳамият касб этди. Соғлом турмуш тарзи жисмоний тарбия ва спорт билан уйғунлашди. Мазкур Фармон асосида юртимизда соғлом турмуш тарзи бўйича бошланган ишлар, оммавий спортни тарғиб этиш чора-тадбирлари янги босқичда ривожланмоқда, мактаблардаги спорт залларида аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилди.
Кейинги йилларда янги Ўзбекистонда спорт сиёсат даражасига чиқди. Ўтган 4 йилда жисмоний тарбия ва спортга доир Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Улар асосида Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси тубдан янгиланиш[14]га эришишиша олиб келмоқда.
Мисол учун, коронавирус пандемияси сабабли бир йилга қолдирилган Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтган 2021 йилнинг 23 июлдан 8 август кунлари бўлиб ўтган Ёзги Олимпия ўйинларида мусобақасида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси эълон қилган спортчиларнинг якуний таркибини иштирок этишиб, муносиб ўринларни эгаллаб қайтишди. Шунингдек, мазкур мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда улкан ютуқларни қўлга киритаётган спортчиларимиз, хусусан, Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХVI ёзги Паралимпия ўйинларида жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, юксак натижаларга эришгани, терма жамоамиз сафида муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимизнинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшгани ҳамда ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали ва ибратли фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони асосида тақдирланиши[15] ҳам юртимизда спорт соҳасига берилган этибор ва соҳани давлат сиёсати даражасига кўтаришнинг бир намунаси дейиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг: “Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, энг олис туманларда ҳам замонавий ва фойдаланиш учун қулай спорт инфратузилмаси барпо этилмоқда. Кейинги икки йилда мамлакатимизда спорт билан доимий шуқулланадиганлар сони икки баробар кўпайди. Юртимиз спортчилари турли халқаро мусобақаларда мингдан зиёд медалларни қўлга киритди, улардан 400 дан ортиғи олтин медаллардир. Ҳозирги вақтда бокс, дзюдо, эркин кураш, бадиий гимнастика, оғир атлетика, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Ўзбекистонда шаклланган мактаблар бутун дунёда маълуму машҳурдир”[16], дея таъкидлаши ҳам бу фикримизни асослайди.
Қолаверса, Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини эътироф этиш билан бирга, соҳада қатор муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги мамлакатимиздаги мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётганини қайд этиш зарур[17].
Демак, юқорида таъкидлаб ўтилган, бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар, хусусан, жамиятда оммавий ва олий спорт ютуқлари соҳасида аниқ вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаш, узоқ муддатли истиқболда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, давлат ва хусусий шериклик асосида спортнинг замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яратиш, спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлаш, жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви соҳасида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш орқали яқин истиқболли юқутларни қўлга киритишга эришилади ва соҳага оид концепцияга амал ўз исботини топиб боради.
[1] Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. –Т.: “Ўзбекистон” нашриёти, 2021. 464 б. –Б 219.
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5924-сон Фармони. Манба: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.01.2020 й., 07/20/5924/0081-сон.
[3]Қаранг: https://lex.uz/docs/4711327.
[4]Қаранг:Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5924-сон Фармони. Манба: https://lex.uz/docs/4711327.
[5] Қаранг: А.Хасанов, Ш.Холназарова. Спорт таълимни ташкил этишнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари. Ўқув-услубий мажмуа. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги ЖТСБМИМТҚТМОМ. –Т.: 2020. -Б 40-41.
[6]Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3031-сон Қарори. «Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 6 июндаги 111 (6805)-сони.
[7] Электрон манба: https://lex.uz/docs/3226019.
[8] Электрон манба: https://lex.uz/docs/4711327.
[9] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.04.2021 й., 06/21/6199/0301-сон. Манба: https://lex.uz/docs/5356603.
[10] Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 06.04.2021 йилдаги ПҚ-5054-сон.
[11] Қаранг: https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/turizm_va_sport_vazirligi_tashkil_etildi.
[12] Xasanov A.X. Fuqarolik jamiyati va sportchi yoshlarning huquqiy ongi va huquqiy madaniyatini yuksaltirish [Matn]: uslubiy qo'llanma / A.X. Xasanov. –T.: XK "Umid Design", 2021. 144 b. –Б 92-93.
[13] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.08.2018 й., 07/18/3907/1706-сон; 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон.
[14] Спорт ва саломатлик — орзу-умидларимиз, куч-қудратимиз манбаи. 12.03.2021. Янги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий газетаси расмий сайти: https://yuz.uz/news/sport-va-salomatlik--orzu-umidlarimiz-kuch-qudratimiz-manbai
[15]Электрон манба: https://uza.uz.
[16] Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. –Т.: “Ўзбекистон” нашриёти, 2021. 464 б. –Б. 219.
[17]Ўша жойда. –Б 220.
Комментарии