0
1 370
PDF

Освещение взаимосвязи мистики и поэзии в узбекском языке через названия символов и материальных элементов

Аннотация

мистические идеи, символические выражения, символы, темы суфизма, выраженные в классической и светской персидской, турецкой и арабской поэзии, представление о духовном состоянии человеческой любви через символы и материальные элементы.

Ключевые слова

классическая мистическая поэзия, названия материальных элементов, мистическая лексика, мистическая терминология, религиозное учение, мистическое учение, мистический совет, совершенный человек, народ моджахедов, божественная любовь, мистическая поэзия.

Автор

М. Ахатова, ҚарДУ ПИ филология фанлари номзоди

 Тасаввуф ғоялари назарий рисолаларда, шу билан бирга кўпдан-кўп шеърий асарларда ўз ифодасини топди. Сўфийлик рамзий ифодалари, тимсоллари, мавзулари бутун диний ва дунёвий форс ҳамда турк шеъриятига(Жалолиддин Румий, Саноий, Саъдий, Амир Хисрав Деҳлавий, Ҳофиз, Жомий, Ансорий, Низомий, Алишер Навоий ва бошқалар ижоди орқали), шунингдек, маълум даражада араб шеъриятига сингиб кетди.

 Маълумки, диний таълимот бўйича Аллоҳ Таоло дастлаб тўрт унсурни бунёд этди. Булар: ўт, сув, ер, шамол. Сўнг одам яралган. Бу ҳақида Абулғозихоннинг “Шажараи тарокима”сида шундай дейилган: “...Худойи Таоло фаришталарга айтдиким, туфроқдин киши ясаб жон бериб, ер юзинда ўз ўрнимға халифа қилиб қўятурман...” Бу ҳукмга фаришталар инсонлар ўз нафсларини забт қила олмайдилар, деб эътироз қиладилар. Шунда Аллоҳ Таоло айтганмиш: “Мен билганни сизлар билмайсизлар. Боринглар, туфроқдин бир кишининг сувратин ясанг... Азроил алайҳиссалом худонинг амри билан бориб барча ер юзиндаги ҳар турлик туфроқдин олиб Маккаи муаззама бирла Тоифнинг орасинда туфроқни балчиқ қилиб одамнинг сувратини ясаб ётғуздилар”[1.Б-16.].

 Одам шамол ёрдамида ҳаракатга солиниб, олов билан жасади иситилганда қалби ҳароратга тўлибди. Ва яратганнинг шафқату саховати туфайли вужуд ичида инсон ўз эркини топибди. Тасаввуф фалсафасига биноан ушбу тўрт унсурнинг ҳар биридан тўрт хусусият, тўрт ҳолат, тўрт майл ва тўрт сифат юзага келтирилганмиш:

1.Тупроқдан-сабр, умид (Оллоҳнинг марҳаматига), эзгу хулқ ва мурувват. 2.Сувдан қувонч, саховат, назокат, бирлик. 3.Шамолдан ёлғон, икки юзламачилик, тантиқлик. 4.Оловдан-нафс, кибр, тама, ҳасад. Бундан ташқари, тупроқ Оллоҳнинг мунаввар нури, сув-унинг ёруғ ҳаёти, ҳаво-буюклиги, олов-унинг ғазаби тимсоли. Тупроқ ва сув-жаннат мулки, шамол ва олов-дўзах ичидаги нарсалар. 

  Ер, сув, ҳаво ва ўт қадимдан инсон ҳолатини, феъл-атворини, ҳиссиётларини белгиловчи асосий тўрт унсур ҳисобланади. Ер энг оғир, энг амалий, қаттиқ, қуруқ ва совуқ унсур. Сув, аввало, ҳаёт суви, тақдир ва онг теранлигининг белгиси. Ҳаво-енгиллик, ҳаракатчанлик, нафосат, муқимсизлик ва ўзгарувчанлик нишонаси. Ўт-фахр, ортиқлик, шодлик ва ғазаб, кучли ҳиссиётлар белгисидир.

Мумтоз шеъриятда Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ижодиётида “туфроқ”образи кўп учрайди:

 Туфроқ бўлғил, олам сени босиб ўтсин [3.Б-115].

                      *     *    *

Эй Навоий, ўзни мақбул истасанг туфроқ бўл,

Ким эрур мардуд, улким бошида пиндори бор [4.Б-85].

                       *     *    *

   Туфроқ бўлиш, туфроқ билан ўзни тенг тутиш - хокисорлик, улуғлик пойдевори, манманлик ва кибрдан покланиш, инсонийлик мартабасининг олдида бўлак мартабаларни назарга илмаслик. Ўзликни англаш, “ўзни мақбул” исташнинг зўр чораси тупроқсифатликдир.

   Навоийнинг бошқа бир ғазалидаги эътирофича, “бевафолар ўт, вафо аҳли эрур туфроқ”. Мисрадаги “ўт” орқали бевафоликни туғдирадиган шайтоний ва инсоний ҳирслар тўғрисида ўйлаш керак.

   Умар Ҳайём ижодига назар ташланганда эса май, шароб, кўза орқали ишқи илоҳий куйланади:

        Май ичаман, мастлик қилмайман асло,

        Қадаҳдан ўзгага бўлмайман бало.

        Бода ичишликдан менинг ғаразим-

        Ўзимга сен каби қўймаслик бино.

                             *   *   *

        Ҳаётга ўзга тус бергувчи шароб,

        Келтир, қадаҳга қуй бўлса ҳам азоб.

        Қўлга бер, оламнинг ишлари хуноб,

        Ҳар нафас умр ўтар, айлагин шитоб.

                             *   *    *

        Тур гўзал очилсин, баҳри дилимиз

        Жамолинг ҳал қилсин ҳар мушкулимиз.

        Тупроғимиз кўза бўлмасдан бурун,

        Бир кўза ичайлик, жўйсин дилимиз [5.Б-61].

Алишер Навоий ҳам май образининг ишоралари, маънолари кўп эканлигини асарларида такрор – такрор таъкидлайди. Шоир  Аллоҳнинг ягоналигини шеърий асарларида араб ёзувининг (алиф) ҳарфи орқали ифодалайди:               

       “Илоҳиёт илмин ўргат” деди дил,

        Агар ўзинг билсанг, менга баён қил.

       “Алиф”деган эдим” “бас”деди менга,

       “Бир ҳарф ҳам етади” ким бўлса оқил [4.Б-16].

Ибн Арабийнинг фикрича ҳам коинот илоҳий севги ва ишқнинг зарурати сифатида шахси аниқ борлиқлар ҳолида зот жиҳатидан ягона борлиқлар бўлган Аллоҳнинг тажаллисидан бошқа бир нарса эмас. Унингча, Аллоҳ оламни ва бутун яратиқларни қандай шаклда яратишни азалий илми билан биларди. Бу илмни бошқасидан олмади. Чунки ўзидан бошқа борлиқ йўқ эди.

Аритур дил зангарини ҳу-ҳу ёди, ошиқларни кеча – кундуз ҳу муроди.

Ҳу – ҳу тею жон бергайсен, қул Аҳмади, саҳарларда қўпуб тоат қилғум келур [3.Б-95].

Байтдаги ҳу – ҳу ва ҳу муроди шакллари ҳам юқоридаги мазмунлар билан боғлиқ.

Ишқ йўлида фано бўлай, Ҳақ, Бирубор,

Ҳар на қилсанг ошиқ қилғил, парвардигор [3.Б-58].

Ёраткон Бируборим йўлин излаб,

Шайтон лаин йўлларидин қайтинг дўстлаh [3.Б-67].

 

Қудрати бирла яратти ойи кунни Бирубор,

Ўт солиб етти фалак, даврини куйдурсам керак [7.Б-97].                       

Байтларда Бирубор номи орқали Аллоҳ Таолонинг юқоридаги ягоналик зоти англанади. Машраб:“Алифни дилга жо қилмоқни бисмиллодин ўргандим, шаҳид қонини тўкмакни каломуллодин ўргандим,” – деганда ҳам Алиф орқали Мутлақ вужуднинг ягона борлиқ эканлигига ишора қилади. 

Фидо бўлсун сенга жоним, тўкар бўлсанг меним қоним,

Мен қулингман, сен султоним, менга сен - ўқ керакса [3.Б-159].

 

Олимларга китоб керак, сўфиларга масжид керак,

Мажнунларға Лайло керак, менга сен - ўқ кераксан [3.Б-159].

Ўқ маънони кучайтириш учун хизмат қилувчи юклама саналади. Мисраларда ўқ ўз вазифасини бажарган, «сен»нинг, яъни «яратганнинг ягона борлиқ эканлиги» маъносини кучайтириш учун хизмат қилган.  Байтларда қандай руҳиятдаги шахс руҳияти якс этган? Буни ёритиш учун сўфия аёл Робиянинг дала – даштга чиқиб айтган сўзларини ёдга олиш ўринли бўларди. Робия атрофга боқиб: “Эй Аллоҳ, сен туфроқ, ҳам тошсан. Лекин мен сенинг ўзингни кўришга илҳақман,”- деган эди. Унинг яна бир бошқа сўзларини ҳам эслайлик: “Бир куни тушумга Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам кириб: «Эй Робия, сен мени севасанми?» -  деб сўрадилар. Мен шундай жавоб бердим: “Эй, Расулаллоҳ (а.с.)! Сизни ким ҳам севмайди. Лекин қалбимни Аллоҳга бўлган севги шундай тўлдирганки, кимнидир севишга, ёки нафратланишга ичимда жой йўқ”. [6.Б-118].       

Унинг юқоридаги сўзлари ваҳдат ул вужуд (руҳнинг Аллоҳ билан бирлашиши) тарафдорларининг сакр (бехушлик) ҳолида айтган “Ундан бошқа борлиқ йўқ”, “Мен йўқман, борлиқда фақат у мавжуддир”, “Жуббамда ундан бошқаси йўқ” ва бошқа сўзларини эслатади. Ва “Олимларга китоб керак, сўфиларга масжид керак, Мажнунларға Лайло керак, менга сен – ўқ кераксан” мисрасидаги сен - ўқ ҳам ўзини ва дунёни Аллоҳ Таолонинг олдида ҳеч нарса эмаслигини англаб етган мутасаввуфнинг аҳволи руҳиясини ифодалайди, яъни “менга сен – ўқ кераксан” деганда, солик “менга на икки дунё, на дўзаху жаннат керак, фақат Аллоҳ – сен кераксан” демоқчи бўлади.

Демак, бундан келиб чиқадики, “сен - ўқ” орқали Аллоҳ Таолога мурожаат қилинаётган экан. 

Тасаввуф маслагида тупроқ, сув, олов ва ҳаводан яралган моддийлик Аллоҳ билан қул ўртасидаги тўсиқ пардадир. Манбаларда кўрсатилишича, ёмон одамнинг руҳи бўри шаклида, яхши инсоннинг руҳи келинчак шаклида бўлар экан. Комил инсоннинг руҳи эса латиф ҳарир шаклига кирар, ёруғ нурдан иборат бўлар экан. Мужоҳада аҳлидан бўлган қалб бўри ва келинчак шаклини тарк этиб, нафис ҳарир шаклига келиши учун юқоридаги тўрт унсур –тупроқ, ҳаво, сув ва оловдан иборат моддийликни тарк этмоғи керак. 

  Шайх Нажмиддин Кубронинг “Усули ашара” рисоласида  ҳам шундай дейилади:

    “Мужоҳада аҳлидан бўлган зот истироҳат ва уйқуни тарк этаркан, тупроқ, сув, олов ва ҳаводан иборат тўрт унсурнинг ҳокимияти эриб битади, йўқ бўлади. Қалб бу пардалардан сидирилиб соф ҳолга келиши билан мужоҳада аҳли бўлган кимса басират кўзлари ила малакут оламини томоша айлайди ва Роббига иштиёқ сезади” [1.- Б.104].

Хуллас, тасаввуфий шеъриятда тасаввуфга хос бўлган турли тушунчалар, инсоннинг ишқи илоҳий билан боғлиқ руҳоний ҳолатлари бир қанча моддий унсурлар ва белги-ишоралар воситасида ҳам ифодаланар экан. 

       

     

     Адабиётлар:

1.Абулғозихон. Шажараи тарокима. –Т.: 2001.- Б. 16.

2. Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт. (И. Ҳаққул,  А. Бектош таржимаси). – Т.: Маварауннаҳр, 2004.

3.Яссавий А. Девони ҳикмат. –Т.: Ғ. Ғулом, 1992. – Б. 202.

4. Навоий А. Топмадим. - Т.:  Ғ. Ғулом, 1988. – Б.305.

5. У. Хайём. Рубоийлар..- Т.: Ўз-н КП Мар. Ком., 1981. – Б. 124.

6. Ҳаққул И. Тасаввуф ва шеърият. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991.

7. Қиссаи Машраб (нашрга тайёрловчи: Сайфиддин Рафъиддин).   - Тошкент: Ёзувчи, 1992. – Б. 171.

 

 

 

 

 

 

0
0
0

Информация об авторе

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Страна Узбекистан

  • Специальность Iqtisodiyot

  • Учёная степень Fan doktori (DS)

  • Научное звание Ilmiy unvonsiz

Комментарии

Комментарии

Выберете значение
Комментарии заблокированы администратором

Комментарии могут добавлять только авторизованные пользователи. Войдите Или Зарегистрируйтесь