0
899
PDF

Solidarity position of the new Uzbekistan

Author

Лола АЗИМОВА, Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Давлат тинчлиги ва барқарорлиги кўп жиҳатдан қўшни давлатлар билан муносабатларида белгиланади. Чунки бир девор ортида бўлган қўшнинг тинч бўлса, сен ҳам тинч бўласан. Акси бўлса, қўшни уйдаги нотинчлик сенинг ҳам оромингни бузади. Шу жиҳатдан, юртимиз сиёсатида янгича қараш – янги Ўзбекистонни барпо этишда қўшничилик муносабатларига муҳим вазифалардан бири сифатида қаралди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан маслаҳат учрашувда “Бугун Марказий Осиё халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик солномасида янги саҳифа очилди”, деб ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолиятларига эътибор қаратган эдилар. Давлат раҳбарининг узоқни кўзлаган ҳолда олиб борган сиёсати замирида миллатлараро тотувликни таъминлаш, ўзаро дўстлик алоқаларини ўрнатиш, турли миллат вакиллари билан ҳамжиҳатлик, аҳилликда яшаш ғояси асосида ҳаракат қилиш тамойили ташкил этади. 

Ўзбекистоннинг яқин йиллар ичида қўшни давлатлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, чегаралар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари мисли кўрилмаган даражага етди. Ижтимоий, иқтисодий, таълим, маданият соҳасида давлат аҳамиятига молик юқори ишлар олиб борилди. Фавқулодда вазиятларда қўшни давлатларга ёрдам қўлини чўзиш, маънавий кўмак масалалари, шунингдек, уларнинг билим олишлари учун мамлакатимизда таълим муассасаларининг барпо этилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида афғон ёшлари учун ўқув маркази фаолият юритмоқда. Албатта, бундай хайрли ишларни турли миллат вакилларига бўлган ҳурмат ва айни пайтда Ўзбекистонда яшаётган 130дан ортиқ миллат вакилларига нисбатан эҳтиромнинг амалий ифодаси, дейиш мумкин. 

Маълумки, миллий низолар, этник қарама-қаршиликлар ҳамиша давлатлар тараққиётига тўсиқ бўлган. Қаерда, миллий бирдамлик бўлмаса, ўша ерда ривожланиш, тамаддун бўлмайди. Бунинг яққол намунасини ўтган аср охирларида Фарғона ва Ўш воқелари ҳамда бугун баъзи давлатларда ҳалиям давом этаётган низолар мисолида кўриш мумкин. Айниқса, Афғонистондаги вазият ҳалигача долзарблигича қолаётганлиги, буни сиёсий йўл билан тартибга солиш, хусусан, ўт очиш ва зўравонликни тўлалигича тўхтатиш, музокаралар асосида барча томонлар учун мақбул келишувга эришиш лозимлиги, бу эса тинчлик жараёнларини таъминлашнинг асосий шарти эканлиги Ўзбекистон томонидан илгари сурилган муҳим вазифалардан бири бўлди. 

Албатта, тинчлик ва фаровонлик улуғ неъмат сифатида ҳар бир онгли мавжудот учун қадрлидир. Шундай экан шу заминда яшаётган ҳар бир инсон, тили, дини, ирқидан қатъий назар тинч ва фаровон яшаш ҳуқуқига эга. Бу эса жамиятда ўзаро маънавий соғлом муҳит қай даражада яратилганлиги билан белгиланади. Хусусан, давлат раҳбари томонидан ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чорлов бўлса-ю, бироқ инсонлар миллатчилик кайфияти билан яшаса ва шундай ҳаракат қилса, шубҳасиз, жамиятни таназзул ҳолига олиб келиши муқаррардир. Энг муҳим бирлаштирувчи куч бу бирдамлик, ҳамжиҳатлик, жипсликда яшашдир. Шу жиҳатдан, давлатимиз ташқи ва ички сиёсатида миллий бирдамлик, ҳамжиҳатлик масаласига алоҳида эътибор қаратди. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам минтақа давлатларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда иш юритиш муҳим вазифалардан қилиб белгиланди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши сифатида Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш масаласи устувор вазифа қилиб белгиланди. Зеро, ушбу масалалар бугунги глобаллашув даврида стратегик вазифалардан бири сифатида долзарблик касб этаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шубҳасиз, бир макон доирасида яшаётган турли миллат вакиллари баҳамжиҳат, бирдам, аҳил бўлса, ташқи алоқалар, дўстона муносабатлар ва энг асосийси хавфсизлик таъминланишига эришилади. Давлатнинг ички тотувлиги – ташқи хавфсизлигининг муҳим гарови ҳисобланади. 

Таъкидланганидек, юртимиз кўп миллатли замин бўлиб, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши учун барча шароитлар яратилган. Ҳатто миллатлар жипслиги, ҳамкорлиги учун маданий алоқалар сифатида тожик, туркман, қозоқ, қирғиз маданият кунлари доирасида тадбирлар, учрашувлар, илмий ва ижодий суҳбатлар ўтказилмоқда. Шунингдек, миллатлар ҳамдўстлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларга бўлган дўстона муносабатнинг эҳтироми сифатида миллий боғ ва кўча номлари берилди. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларининг бир неча бор ўтказилиши минтақа давлатларининг мақсадлари муштарак эканлигидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур учрашув муҳим ва долзарб стратегик аҳамиятга эгалиги ҳамда ҳамжиҳатликда иш олиб бориш хусусида “Биз ҳозиргина тор доирада ўтказган музокараларда ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдик ва мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келдик”, деб таъкидлаган эдилар. Учрашув давомида кенгайиб бораётган минтақавий шерикликнинг бешта муҳим устувор йўналиши сифатида қатор долзарб масалаларни келтириб ўтган эдилар. Мазкур вазифаларда тинчлик ва хавфсизлик, барқарорликни таъминлаш ҳамда ривожланиш ва тараққий этиш каби умумминтақа манфаатини кўзлаган илғор ғоялар илгари сурилган.

Биламизки, азал-азалдан шу заминда турли миллат вакиллари аҳил ва иноқ яшашган ва ҳатто қуда-андачилик муносабатлари орқали қариндошлик алоқаларини йўлга қўйишган. Бу анъана ҳали-ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Турли миллат вакилларининг яшаш тарзи шу заминга ҳурматнинг ифодаси сифатида ўзбеклар турмуш тарзи билан уйғунлашиб кетган. Рус миллатига мансуб бир аёлнинг ўзбек заминида шу миллатга нисбатан чексиз муҳаббату шукроналик билан яшаши мени ҳайратга солади. Ўтган аср охирларида замона тақозоси билан шу заминга келиб қолган Розия опа (асли исми Роза) ўзбек турмуш тарзига тезда мослашиб, саккиз фарзандни вояга етказди. Онахон ўзбек аёлларига хос фазилатларни ўзида сингдириб, фарзандларини ҳам ўзбекона миллий қадриятлар руҳида тарбиялаган. Энг муҳими, нон-туз еган макони бўлмиш ўзбек заминига муҳаббати, садоқати юқори эканлиги яшаш тарзида, қўшнилар билан ўзаро муносабатларида яққол кўринади. Онахон бир суҳбатда “мен борини ўзгалар билан баҳам кўрадиган бу қадар бағрикенг, самимий, содда халқни кўрмадим”, деган эди. Ҳамиша қўли дуода юртга тинчлик, осудалик сўрайдиган онахон қиёфасида ўзбек аёлларига хос сифату фазилатларни кўрдим. Она қиёфаси миллат танламаслигига амин бўлдим.

Ўзбек халқи борини ўзгалар билан баҳам кўрадиган миллатдир. Бу халқ барча инсонларни бирдек кўриб, дастурхони ҳамиша очиқ бўлган. Яқин йилларга қадар қардош халқларга ҳурматининг ифодаси сифатида суҳбатдоши тожик бўладими ёки туркман, қайси тилда бўлса, ўша тилда муносабатга киришган. Хусусан, бетакрор ижод намуналарининг форс-тожик тилида ёзилганлигини бунинг амалий ифодаси, дейиш мумкин. Шундай экан, бу анъанани давом эттирган ҳолда турли миллат вакилларига ҳурматда бўлишимиз, аҳилликда ҳаёт кечиришимизни бугун ўзаро миллий низолар кучайган, дунё майдони ғоялар курашига айланган, фитналар авжига чиқиб, мафкуравий полигонлар онгу қалбни манқуртлик домига тортишга интилаётган шиддатли давр тақозо этади. 

Юқорида таъкидланганидек, тинчлик ва хавфсизликнинг энг муҳим қуроли бу миллий хусусиятларни сақлаб қолиш ва инсоний сифатлар билан ҳаёт кечиришдир. Қачонки, бир заминда яшаётган инсонлар аҳил, бирдам, ҳамжиҳат бўлса, шундагина ҳеч қандай куч ўз таъсирини ўтказа олмайди. Давлатнинг ички хотиржамлиги, тинчлиги ва фаровонлиги ҳамиша ташқи муносабатларининг муҳим асоси бўлиб келган. Шундай экан, янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини қўйишда шу юртда яшаётган ҳар бир инсон масъулият билан ёндашган ҳолда инсонпарварлик, тинчликсеварлик туйғуси билан фаолият олиб бориши керак. Шундагина давлат ва жамият тараққий этиб, янада юксалади. 

 

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register