ODE GENRE IN UZBEK POETRY AND ITS IMPROVEMENT IN CHULPON'S WORK
Abstract
It is well known that the genre of mourning is a sad poem that has found artistic perfection in folklore. In this regard, a number of examples of this genre have been created in the written literature. The article is devoted to the study of the role of mourning in Uzbek poetry and its examples in the works of Chulpon.
Keywords
mourning, weeping, tradition, memory, metaphor, finger, wish.
Ўзбек шеъриятида марсия жанри ва унинг Чўлпон ижодидаги такомили
Зарина Караматова Фатиллоевна, БухДУ мустақил тадқиқотчиси
Аннотация. Маълумки, марсия жанри халқ оғзаки ижодидан ҳозиргача бадиий такомил топиб келган қайғули шеърдир. Шу жиҳатдан бу жанрнинг ёзма адабиётда ҳам қатор намуналари яратилган. Мақола ўзбек шеъриятида марсиянинг ўрни ва унинг Чўлпон ижодидаги намуналари тадқиқига бағишланган.
Калит сўзлар: марсия, йиғи, анъанавийлик, хотиранома, мажоз, бармоқ, аруз
Халқ оғзаки ижоди, ўзбек мумтоз ва замонавий шеъриятида ўзига хос бадиий такомил босқичларини босиб ўтган марсия маъюс, хазин, ўйчан, қайгу, гамгин рухдаги шеър ёки қўшиқдир. “Марсия” – арабча сўз бўлиб, “йигламоқ”, “аза тутмоқ”, “ачинмоқ” деган маъноларини англатади. Бирор кишининг вафоти муносабати билан, унинг фазилатларини эътироф этиш, вафотидан афсусланиш мазмунида ёзиладиган лирик шеър[1]дир. Халқ огзаки ижодида марсиялар “йиғи” деб ҳам аталган ва инсонлар қалбида туғилган қайғу ва аламни, жавобсиз муҳаббатни, айрилиқ изтиробини, ўтиб бораётган умр, йўқотиш, қалбдаги азобли ва ҳазин туйгуларни ифодалаган. Қадимда “марсия” кўпинча, бирон яқин кишининг вафоти муносабати билан ёзилган мотам қўшиқлари шаклида юзага келган. Мумтоз адабиётда марсиялар подшохларга, якин қариндошларга бағишланганлиги маълум. Наршахийнинг “Бухоро тарихи”дан ўрин олган Сиёвуш ўлими билан боғлиқ марсия, Маҳмуд Қошгарийнинг “Девону луготит-турк” асаридаги “Алп Эр Тўнга”, Алишер Навоийнинг устози Абдурахмон Жомийга, Хондамирнинг Навоий вафотига бағишланган марсиялар жанрнинг бетакрор намуналаридир. Хондамир ўз марсиясида Алишер Навоийнинг вафот этишини халқ бошига тушган оғир мусибат сифатида таъсирчан ифода этади.
Таъкидлаш керакка, марсия ўзининг шеърий шаклига эга эмас. У шеърий шаклни ғазал, қасида, мураббаъ, мухаммас, тажрибанд, таркибанд кабилардан “ижарага олиб туради”. Шу билан бирга марсияларнинг ранг-баранг вазнларда, хусусан, анъанавий бармоқ ва арузда ҳам битилиши муҳим хусусият сифатида кўзга ташланади. Бинобарин, мумтоз адабиётдаги марсиялар кўпроқ арузда, янги адабиётдаги марсиялар эса, асосан, бармоқда ёзилганлигини кузатиш мумкин. Бармоқда ёзиш анъанаси Маҳмуд Қошгарийнинг “Девону луготит-турк” асаридаги “Алп Эр Тўнга” марсиясидан бошланади. Бу асар мураббаъ шаклида бўлиб, мисралар асосан а-а-а-б тартибида қофияланган. Унинг ҳар бир мисраси етти бўғиндан тузилган. Туроқлар тартиби эса 4+3 шаклидадир. Ушбу марсияни Азиз Қаюмов ҳозирги ўзбек тилига табдил қилган:
Алп Эр Тўнга ўлдими,
Ёмон дунё қолдими,
Замон ўчин олдими,
Энди юрак йиртилур[2].
Марсияда Алп Эр Тўнга халқ қаҳрамони сифатида тилга олинади. Шунинг учун унинг ўлимидан халқ чуқур қайғуга тушади. Юқоридаги сатрларда шу маҳзун оҳангни ҳис этиш мумкин.
Ўзбек мумтоз адабиётидаги марсиялар ўзининг махсус бадиий шаклига эга эмас. Улар бадиий шаклни бошқа жанрлардан, жумладан, ғазал, мусаммат кабилардан “ижарага” олиб туради. Масалан, Нодиранинг “Фироқнома” марсияси муашшар – ўнлик шаклида, Увайсийнинг фарзанди вафотига бағишланган “Соғиндим” радифли марсияси ғазал шаклида битилган. Қолаверса, мумтоз шеъриятдаги марсиялар, асосан, аруз вазнида битилган. Замонавий ўзбек шеъриятидаги марсия Шарқ мумтоз ва жаҳон адабиёти ўзанларидан ўсиб чиққан. Марсия ва жаҳон шеъриятидаги қадимий ва навқирон жанр бўлган элегия хусусиятларининг бир бирига уйғунлашуви, синкретлашуви натижасида замонавий адабиётдаги марсия шаклланиб, такомил топди. Замонавий ўзбек адабиётидаги марсиялар анъанавий бармоқ вазнида битилиши, маҳзун руҳи билан ҳозирги шеърият жанрлар таркибини тўлдириб туради.
Замонавий шеъриятда марсиянинг талқинига назар солсак, XX- асрнинг 20-30 йилларида ўзбек лирикасида марсиянинг дастлабки намуналари пайдо бўлди. Ҳамзанинг Турсунойга, Чўлпоннинг ўзбек қизлари тақдирига багишланган шеърларида марсияга хос қайгу мотивлари, гамгин кайфият ўз ифодасини топди. Кейинчалик Ойбек, Ҳамид Олимжон ва бошқа шоирлар ўзбек элегиясининг энг яхши намуналарини яратдилар. Бундай марсияларда кўпинча қандайдир халқ қахрамони ёки халқ арбобининг вафоти туфайли кишилар бошига тушган ташвиш ва ғамлар ифодаланган. Ва шунингдек, ўша қахрамонлар ёки арбоблар инсониятнинг улуг мақсадлари ва халқ иши йўлида халок бўлганлигига алоҳида урғу берилиб, кишиларни руҳлантирувчи ғоялар илгари сурилган.
Чўлпон ижодида марсия жанрининг яхши намуналари яратилган. Жумладан, шоирнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига”, “Кетдинг” сингари шеърлари бу жиҳатдан аҳамиятли. Асар мураббаъ жанрида ёзилган ва унда Беҳбудийнинг пок хотираси улуғланган. Маълумки, Маҳмудхўжа Беҳбудий жадид адабиётининг бетакрор намояндаси, маърифатпарвар зиёлисидир. Жадидшунос олим Б.Қосимовнинг ёзишича: “Маҳмудхўжа Беҳбудий XX аср бўсағасидаги Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатчилигининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист”дир[3]. У яқин тарихимизнинг энг мураккаб ва таҳликали даврида яшаб, ижод этди. Ўз ҳалқини маърифатли ва илмли қилиш учун чинакамига фидоийлик кўрсатди. Тарихнинг гувоҳлик беришича, 1919 йилнинг 26 ноябрида Қўқонда ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи иш бошлайди. “27 ноябрга ўтар кечаси «Туркистон мухторияти» эълон қилинди. Бу мустамлакадан мустақиллик томон қўйилган жиддий ва жасоратли қадам эди. Унинг маънавий отаси, шуҳбасиз, Беҳбудий эди”[4]. Бу ҳаракат собиқ шўро ҳокимияти томонидан хоинона бостирилади. Шу кунлари шаҳар тўпга тутилади ва натижади 10 минг туркистонлик ўлдирилади, 180 қишлоққа ўт қўйилади. Шундан сўнг “Беҳбудий изтироб билан Самарқандга қайтади. У ерда тура олмай, Тошкентга келади. Туркистон рус совет ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади. Табиийки, музокаралар натижа бермайди” [5]. Шундан сўнг Беҳбудий 1919 йилнинг 25 мартида йўлга чиқади ва Шаҳрисабзда қўлга олинади. Орадан икки ой ўтгач, у Қаршига келтириб зиндонга ташланади. Бир неча кундан сўнг Қарши беги Тоғайбекнинг буйруғи билан зиндон яқинидаги «подшолик чорбоғи»да ўлдирилади. “Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахтимиз Самарқандга роса бир йилдан кейин маълум бўлди. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутди” – деб ёзади адабиётшунос Б.Қосимов[6]. бу фожиа жуда кўп маърифатпарвар ижодкорларни, жумладан, Чўлпонни ҳам чуқур қайғуга солади. Қайғули ҳислар билан суғорилган марсия шу муносабат билан қоғозга тушади:
Белгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз қўйи юришимни тезладим.
Амалимнинг юлдузиким кўз тикди
Қора, жирканч, ўлим кони – ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?” – деб
Ўзимни хам ютмоқ бўлган эрларга[7].
Бунда шоир “белгисиз қабр”, – дер экан, Беҳбудийнинг ўз юртида эмас, Қаршида қатл этилганлигини ва бир йилгача халқдан сир тутилганлигини назарда тутади. “Қизил ва пок қон” ифодаси эса Беҳбудийнинг истиқлол учун олиб борган курашларини ифода этади. Шоир “ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрлар” образида собиқ тузум, қатағоннинг дояси бўлган большевикларни акс эттирган.
Қўлимдаги тутам-тутам гулларим,
Қабринг топиб, сочмоқ учун теринди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш энди.
Мен-да ожиз у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб, кўз ёшимни тўкмакка
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла у ерда
Оқ каллалик қора девни сўкмакка.
Шоир Беҳбудий қабрига терган гулларини олиб боради ва унинг номаълум қабрини излайди, гулларни қўйишга чоғланади. “Гул ўрнига заҳар тилар муҳит” кўчма маънода большевиклар тузумини англатади. Шу боис шоир уни “ожиз муҳит” деб тилга олади. Қабр устида аччиқ кўз ёш тўкар экан, “оқ каллалик қора девни” сўкади. Аслида “оқ каллали қора дев” деганда шоир: «Бухоро амири Саййид Олимхониииг яширин буйруғига асосан Беҳбудий фожиали суратда ўлдирилган. Ушбу мажоз орқали Чўлпон амир Олимхонни ва умуман истибдод ва жаҳолат ҳукуматини назарда тутган бўлса керак”[8]. Демак, “оқ каллали қора дев” салбий маъно ташийди ва Бухоро амири Саййид Олимхоннинг рамзий образини ифодалаб келади.
Шунинг учун юлдуз каби ярқираб
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб чизган йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.
Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин
Ер остида пок рухинг-ла сезмайсен.
Ана, сочдим қалбимдаги гулларни,
Термак учун чақираман қулларни...
Адабиётшунос Б.Қосимов Беҳбудий яшаган давр ижтимоий-сиёсий ҳаётини таҳлил қилар экан, ёзади: “XVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, ўзаро жанжал, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни ҳолдан тойдирган, имкондан фойдаланиб ўлкани забт этган Русия зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринарди. Мана шундай бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётта бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди”[9]. Юқоридаги мисраларда ҳам ўз миллати ва Ватани келажагини яратиш учун юлдуз бўлолган Беҳбудий ёдга олинади. Марсиянинг жанр белгиларидан бири – хотираси улуғланаётган инсоннинг эзгу ишлари эътироф этилиши билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Чўлпон унинг “юлдуз каби ярқираб элда қолган исмини” ёд этади. Шу билан бирга, қўлидаги гулларни “мотам гуллари” дейди. Бу шоирнинг қайғули, андуҳли кечинмаларини акс эттиради. Қолаверса, ўзи ҳам бундай аччиқ қисматни олдиндан сезгандай, “шодлик гули кўпдан бери сўлганини” афсус ва қайғу билан тасвир этади.
Умуман олганда, янги ўзбек шеърияти тонгида ёзилган бу марсия нафақат миллатпарвар адиб Беҳбудий ҳақидаги ғамгин хотиранома – тарихнинг синиқ бўлаги, балки кўкларга кўтарилган собиқ тузум ҳақида битилган ҳукмнома ҳамдир.
Чўлпоннинг яна бир марсияси “Кетдинг” деб номланган. Бу шеър марҳум Раҳматулло Султонов хотирасига бағишланган:
Йўлдошим, замзама бўлдинг-да, кетдинг.
Бор эдинг, йўқолдинг, ўлдинг-да кетдинг.
Гул эдинг, очилмай сўлдинг-да, кетдинг,
Йўқлик денгизига тўлдинг-да, кетдинг.
Қичқириб орқангдан югурдим, чопдим,
Ғариблар мозорин изладим, топдим.
Кўрай деб сўнг чоғда телмуриб боқдим,
Сен эсанг юзингни бурдинг-да, кетдинг (51)
Шеър матнидан Раҳматулло Султонов шоирнинг дўсти, қадрдони эканлиги англашилади. Унинг ўлими Чўлпонни чуқур қайғуга солганлиги маҳзун мисралардан сезилиб турибди. Шоир унга йўлдошим, деб мурожаат қилади. “Замзама” форс тилидан олинган бўлиб, “майин товуш билан айтиладиган ашула, хониш”[10] деган маънони билдиради. Бу Раҳматулло Султоновнинг ҳаётда ҳамманинг тилида куйланувчи қўшиқ бўлиб қолганлигини билдириб туради. “Гул эдинг, очилмай сўлдинг” деганда эса, унинг бу ёруғ дунёни жуда ёш вақтида тарк этганлигига ишорадир. Чунки гул ёшлик, навқиронлик тимсолидир. “Йўқлик денгизи” ҳам истиора бўлиб, унинг боқий, абадий дунёга кетганлигини ифодалаб туради.
Элингнинг тилаги етимми қолди?
Бошига қайғини ўлимми солди?
Жонингни тангриси севибми олди?
Айтмадинг, оғзингни юмдинг-да, кетдинг.
Боқчангга ёш қўллар экалар гуллар,
Очилмоқ истайлар лола, сунбуллар,
Фироқ куйларини куйлар булбуллар,
Сен бўлсанг йўқликка урдинг-да кетдинг,
Кўкармай, яшармай, қурдинг-да кетдинг (51).
Юқоридаги сатрларда элнинг тилаги етим қолиши, ўлимнинг бошга қайғу солиши, булбулларнинг фироқ куйларини чалиши сингари тасвирларда шоирнинг асл инсон ўлимидан чуқур қайғуриши, дард чекиши кўзга ташланиб туради. Энг асосийси, шеърнинг ҳар бир мисраси шундай ғам ва маҳзунлик оҳангларига йўғрилган.
Умуман олганда, ўзбек шеъриятида марсия жанрининг шаклланиши ва тарақий этиши чуқур илдизларга эга. Чўлпон марсиялари эса шу кўп асрлик анъаналарнинг узвий давомидир. Бу марсиялар янги ўзбек адабиётида маҳзун руҳдаги шеърларни бошлаб берди.
[1]Қуронов Д., Мамажонов З. Ва бошқалар. Адабиётшунослик луғати. –Тошкент: Akademnashr, 2013. –Б.162.
[2] Кошғарий М. Девону луғотит-турк. –Б.77. ziyo.uz.com kutubxonasi
[3] https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/mahmudhuja-behbudiy
[4] https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/mahmudhuja-behbudiy
[5] https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/mahmudhuja-behbudiy
[6]https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/mahmudhuja-behbudiy
[7]Чўлпон. Танланган асарлар. Уч жилдлик. 1-жилд. –Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994. –Б.50 . (Кейинги мисоллар шу китобдан олинади ва қавс ичида бети кўрсатилади)
[8]Эшонова З. Изоҳлар. Китобда: Чўлпон. Танланган асарлар. Уч жилдлик. 1-жилд. –Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994. –Б. 434.
[9] https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/mahmudhuja-behbudiy
[10] Навоий асарлари луғати. –Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1972. –Б. 242.
Comments