Personal interpretations of the writer in a literary portrait
Abstract
The article is devoted to the coverage of the creative personality and the creative laboratory in the literary portrait of prof. It was studied by analyzing the literary portrait of A. Rasulov by the famous writer U. Khoshimov "Honored Writer". Analysis shows that the constant communication of the critic with the writer and his good knowledge of the history of his work play an important role in illuminating the artist's creative laboratory.
Keywords
literary portrait, creative process, creative laboratory, creative psychology, personality of the writer, spirit of the era, critic, interpretation, analysis.
Author
Қ.Қаҳрамонов, филология фанлари доктори
Атоқли ёзувчи Ўткир Ҳошимов ижоди ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигининг доимий диққат марказида бўлиб келган. Адибнинг, айниқса, “Нур борки соя бор”, “Баҳор қайтмайди”, “Дунёнинг ишлари”, “Тушда кечган умрлар”, “Икки эшик ораси” каби қисса ва романлари, кўплаб публицистик мақола ва очерклари адабий жамоатчилик томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинган ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
Маълумки, ёзувчи ҳаёти ва ижоди, унинг адабий сиймоси, шахсиятига оид кузатишлар кўпроқ адабий портретларда ёритилади. Одатда адабий портретлар ёзувчи таржимаи ҳолини, асарларининг яратилиш тарихини чуқур ўрганган ёки у билан кўп мулоқотда бўлган портретнавис-мунаққидлар томонидан ёзилади.
Адабий портрет ёзувчи таржимаи ҳоли, оилавий шажарасини айрим тафсилотлари билан батафсил ўрганадиган, ижодкорнинг ҳам шахс, ҳам ижодкор сифатидаги сиймосини бир бутун ҳолда яратишга қаратилган бўлади. Шунга кўра, унда ёзувчининг ҳаёти, ижодий қиёфаси, ижоди бор бўйича - жозибаси-ю мураккабликлари, зиддиятлари, руҳий драмалари билан қамраб олинади.
Ўткир Ҳошимов билан доимий мулоқотда бўлган, кўплаб сафарларда, ҳар хил тадбир ва учрашувларда бирга иштирок этган, ёзувчи асарларининг яратилиш тарихидан яхши хабардор бўлган, баъзан эса ўзи ҳам ижодига туртки берган Абдуғафур Расуловнинг “Ардоқли адиб” китобида ёзувчининг адабий сиймоси ўзига хос ранггин бўёқларда чизилади.
Шуниси эътиборлики, адабий портретда ижодиёти текширилаётган ёзувчи ёки шоирнигина эмас, балки унинг ижодий фаолиятини таҳлил қилаётган танқидчининг ҳам ўзига хос қиёфаси бўй кўрсатиб туради.
Ушбу портретда ёзувчининг ижодкорлик салоҳияти, шахсияти, ижодий лабораторияси ўзига хос йўсинда яратилади. Китобда энг аввало ижодкорнинг авлод-аждоди, шажараси ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз. Бу маълумот образли тарзда қуйидагича тасвир этилади: 2001 йилнинг эрта баҳори. Наврўз арафасида Олий Мажлис биносига бораётган адибнинг димоғига гул ифори урилади ва у гулзорда янги очилган навниҳол гулни кўради.
Мунаққид “гул” детали билан боғлиқ эпизодни “Баҳор қайтмайди” қиссасидаги “Баҳор гўристондан бошланади” деган тасвир билан мустаҳкамлар экан, адибни хаёлан икки аср ортга - авлод-аждодлари тақдирига етаклайди. Шу асосда Олий Мажлис биноси рўпарасида Азимхон, Эшонхонтўра, Абдулқосимхон, Саййид Қосимхоннинг авлодлари, хусусан, халқ академиги Ҳабибулла Қосимов, халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовлар боболари – бешёғочлик машҳур зотлар мангу қарор топган маскан гулзорга айлантирилганлиги ҳақида маълумот беради.
Мунаққид адиб авлодлари ҳақида баён этилган ушбу маълумотлар орқали ёзувчи табиатига хос муҳим отамерос хислатлар: ҳалоллик, покдомонлик, кибру ҳаводан узоқлик, адолатсизликка, маҳаллийчиликка қарши муросасизлик каби фазилатлар нафақат унинг шахсиятида, балки ижодининг ҳам асосий ғоявий мотивларини ташкил этувчи муҳим омил сифатида белгиланади.
Таъкидлаш зарурки, мунаққид ёзувчи шахсияти билан асардаги концепцияни бир-бирига мутаносиб тарзда параллел тарзда тасвирлаб, ўз кузатишларини баён этади. Жумладан, ёзувчи шахсиятидаги ҳалоллик, покдомонлик хусусиятларини кўрсатишда адибнинг элликдан ортиқ катта-кичик асарларидаги қаҳрамонларни иккита қутб – ҳалоллик ва покдомонлик билан тубанликни ўзида мужассамлаштирган образлар ташкил этишини таъкидлайди. “Ҳусан дума, (“Икки эшик ораси”) билан Соат Ғаниевич – комиссар деярли тенгдош. Бири – ғирт қишлоқи, колхозчи, унинг ёнига яқинлашиш мушкул – кийимларидан бадбўй ис тарқалади – касби “шарбатчи”... Иккинчиси – ўзига оро берадиган, сочини ҳафсала билан тарайдиган, бўйнидан бўйинбоғ тушмайдиган, қаерда қандай гапиришни биладиган, қонунни сув қилиб ичиб юборган. Ажабки, Ҳусан дума - покиза, ҳалол. Комиссар – ҳаром, тубан, палит одам”![1]
Китобда Алимардон ҳақида фикр юритилиб, унинг истеъдодли қўшиқчи бўлиши баробарида, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, покликни эъзозламайдиган шахс сифатида тасвирланишини таъкидлар экан, “пок руҳ бўлмаса, истеъдод ҳам иш бермас экан”, деган хулоса билан Алимардон фожиасига ишора қилинади. Китобда адибнинг бошқа асарларидан ҳам шу тариқа мисоллар келтирилишини мунаққиднинг ёзувчи шахсиятига хос ҳалоллик, покдомонликни улуғлаш, тубанлик ва пасткашликка қарши кураш кайфиятининг устуворлигини кўрсатиш, дея баҳолаш мумкин. Бинобарин, муаллиф адабий портретда шу тариқа ижодкор шахсияти ва асарларидаги бадиий ният ўртасидаги мутаносибликни асослайди. Агар ёзувчи шахсиятида ушбу хусусиятлар устувор бўлмаганда унинг асарларининг асосий концепцияси ҳам бу тарзда ёритилмаган бўларди, деган қарашни илгари суради.
Китобда ижодкор сифатида шаклланишидаги иккинчи муҳим омил сифатида адибнинг болалиги кечган Дўмбиравот мавзеси, у ерлик аҳоли табиати, яшаш тарзи, урф-одати ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги тасвирлар орқали ойдинлашади. Ёзувчи асарларидаги аксарият тасвирланган жойлар, номлар, манзаралар, одамлар унинг болалаги ўтган Дўмбиравот мавзесининг тасвирлари билан уйғун келиши асарларининг ҳаётий асосини белгиловчи омил сифатида баён этилади. Демак, ёзувчи асарларининг ҳаётийлигини таъминловчи муҳим манба бу ўз кўрган-кечирганларидан чиқарган сабоқлари эканлиги ойдинлашади.
Мунаққид Ўткир Ҳошимовни ёзувчи олами деган тушунча доирасида ўрганар экан, “олам ичра ўз адабий оламини яратаётган ёзувчилардан бири сифатида баҳолайди”. Шу нақтаи назардан Ўткир Ҳошимовнинг “Нур борки, соя бор”, “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар” ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталиб, уларнинг яратилиш тарихи, асар қаҳрамонларининг таржимаи ҳоли ҳақида ўз билганлари асосида фикр юритади. Масалан, “Нур борки, соя бор” романининг яратилиши ҳақида ёзар экан, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Ўткир Ҳошимов тўртовининг 1973 йилги ёзги таътилни Лаъли Бадахшонда ўтказганлиги ҳақидаги маълумотни келтиради. Сафар чоғида тоғ йўлидаги ваҳимали даралар, табиат манзаралари, тоғ ҳавосидаги ўзгаришларнинг уларнинг саломатлиги ва руҳиятига таъсири, умуман сафар тафсилотлари баён этилади. Ушбу ҳолатни муаллиф қуйидагича тасвирлайди: “Аммо Ўткиржон кундан-кунга сўлиб борар, юраги бесаранжом бўлар эди. Ёзувчи раъига кўра сафарни қисқартирдик. Самалётда Душанбега сўнг Тошкентга учдик”.
Ушбу маълумотномалардан биз Ўткир Ҳошимовнинг жисмидаги касаллик унинг руҳиятига ҳам кўчганини ва тез орада “Нур борки, соя бор” асаридаги журналист Шерзод образига айланганини билиб оламиз. Шерзоднинг очерк ёзиш учун Лаъли Бадахшонга қилган хизмат сафари таассуротлари муаллиф ҳамроҳлигида кечган саргузаштларнинг айнан ўзи экани ва ёзувчи Шерзод тимсолида ўз кечинмаларини тасвирлагани ойдинлашади. Бу маълумотлар ҳам ёзувчи асарларининг аксариятида ўз кўрган-кечирганлари асосий манба сифатида муҳим аҳамият касб этиши маълум бўлади.
“Дунёнинг ишлари” қиссасининг яратилиши ҳақида ҳам шундай ҳодисага дуч келамиз. Мунаққид таъкидлашича, онасининг вафотидан кейин Ўткир Ҳошимов кўп вақт ўзига келолмай юради. Бир куни навбатдаги китобхонлар билан учрашувдан кейин иккови бир хонадонда тунашади. Шунда мунаққид ухлай олмай у ён-бу ёнга ағдарилаётган Ўткир Ҳошимовнинг “Соғиндим. Жудаям соғиниб кетаяпман, онамни бирам кўргим келаёптики...” деган изтиробли сўзларини эшитади ва ёзувчига онангиз ҳақида ёзинг, деб маслаҳат беради. Шу воқеадан бир хафта ўтар-ўтмас ёзувчи муаллиф қошига келиб, онаси ҳақида ёзганларини ўқиб беради. “Дунёнинг ишлари” қиссаси шу тариқа яратилади ва ундаги Она образи маълум даражада автобиографик характерга эга бўлса-да, аслида бутун оналарнинг умумлашма образи тимсолига айланади. Ушба тафсилотлар Ўткир Ҳошимовнинг бир фарзанд сифатида армонларини кашф қилаётган бўлса, иккинчи жиҳатдан, унинг ижодкор сифатидаги қалбини ҳам очмоқдаки, бу ҳам ёзувчининг ижодида инсоний меҳр етакчилик қилишини очишга хизмат қилади. Умуман, ушбу адабий портретда биз ёзувчининг турли хил ҳолатлардаги руҳий оламини, ўзига хос дунёқарашини, айни пайтда айрим асарларида шўро даври одами сифатида иш юритишга мажбур бўлганини, бундай қалбини очиқ айтиш имконияти бўлмаган паллаларда “Дафтар ҳошияларига битиклар” сифатида битиб борганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, бир учрашувда “Нур борки, соя бор” романидаги сояларнинг коммунизмда йўқолиши мумкинми, деган қитмир саволига эҳтиёткорлик билан буни коммунизмга борганда кўрамиз, деб жавоб бериши, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” да эса бу масалага доир: “Жаннат билан комунизм орасида фарқ борми?
- Бор! Жаннатдан ҳеч ким қайтиб чиқмайди. Коммунизмга ҳеч ким етиб бормайди”, деган ёзув ҳам айни ўша пайтлари битилганлигига ишора қилинади. Бу ҳам ёзувчи шахсиятида эҳтиёткорлик билан ҳақиқатпарварлик туйғуси уйғунлашиб кетганини кўрсатувчи эпизодлардан биридир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абдуғафур Расулов Ўткир Ҳошимов билан ҳаммаслак ва ҳамкор сифатида унинг шахсияти ва ижодини узлуксиз кузатиб борган, биринчи ўқувчиси ва муҳаррири бўлган мунаққидларимиздан бири сифатида ардоқли адиб бадиий оламини, ҳаётий ва ижодий сиймосини чуқур билган, ўзи гувоҳ бўлган ва асарларига қандай кўчиш жараёнларини, ижодий лабораториясини етарлича очиб бера олганини кузатамиз.
Адабиётлар рўйхати:
1.Расулов А. Ардоқли адиб: Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодига чизгилар. – Т.: Шарқ, 2001, 121 б.
2.Қуронов Д. ва б. Адабиётшунослик луғати.-Т.: Akademnashr, 2010, 397 б.
3.Ҳошимов Ў. Танланган асарлар. I –Т.: Шарқ, 2009, 442 б.
[1] Расулов А. Ардоқли Адиб: Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодига чизгилар. –Т.: Шарқ, 2001. – Б. 16.
Comments