SCIENCE GLORIFICES MAN
Author
Дилшода ҚАНДАҲОРОВА, Навоий вилояти Хатирчи тумани 18-мактаб ўқитувчиси
Инсоният қанчалик тараққий этмасин, барибир улар китобга эҳтиёж сезиб, унга талпиниб бораверади. Китоб ақл-заковат ва тараққиётнинг илдизидир.
Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Aлишер Навоий ўз даврида ёшларга қарата айтганидек: “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”.
Бугунги кунда ёшларнинг билим олиш, илмга интилиш даражаси турлича. Айтайлик, кимдир ахборот технологиялари ривожланган даврда интернетдан илм олиш, билим эгаллаш, танланган соҳаси бўйича етук кадр бўлиш учун унумли фойдаланса, яна биров ундан фақат ўйин ва видео юклаш мақсадида фойдаланади.
Бугун юртимизда таълим соҳасида узоқ йиллар фаолият юритиб, эндиликда ёшлар тарбиясига масъул бўлган собиқ педагоглар жуда кўп. Айниқса, Юртбошимиз томонидан белгиланган “Бир нуроний — беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида нуроний отахон-онахонларимизнинг ёшларга бириктириб қўйилгани таълим тизимида ҳам ўзига хос натижалар бера бошлади.
Хусусан, ўқувчиларимиз интернет орқали электрон, аудио ва видео китобларни олиб, билимларини ошириб бормоқда. “Ўтган кунлар”, “Қутлуғ қон”, “Икки эшик ораси”, “Улуғбек хазинаси” сингари кўплаб китоблар уларнинг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўқувчи-ёшлар учун ташкил этилган “Ёш китобхон” танловига қизиқиш эса ниҳоятда кўпайиб бормоқда.
Эндиликда нуронийларимизнинг бой билим ва тажрибаси, ҳаётий хулосаси асосида келажакда ўз касбини танлаётганлар, қатъий бир мақсад билан ҳунар ўрганаётганлар талайгина. Энг асосийси, бунда ёшларни китобхонликка жалб этиш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Амир Темур бобомиз айтганларидек: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.
Дарҳақиқат, аждодларимиз илм ўрганиш, китоб ўқишга ҳамиша энг муҳим вазифа сифатида қараб келишган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” амри бўлгани ҳам энг аввало инсониятни ўқиш ва илм олишнинг нақадар улуғ неъмат эканини изоҳлаётгандек.
Китоб инсонни тўғриликка, ҳалолликка, покликка, ватанпарварликка ундашини жаҳон илм-фани аллақачон тадқиқотларида акс эттиришган. Шу боис ота-боболаримиз илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида бутун тарих давомида бошқаларга ўрнак бўлишган. Тарихдан биламизки, илгари Яссавий, Бедил, Фузулий, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик ор саналган. Ўша пайтларда хориждан юртимизга саёҳат ёки тижорат ниятида келган машҳур шахслар бу ердаги кутубхоналар ва китоб дўконларининг кўплиги ва китобларнинг хилма-хиллигини кўриб ҳайратланганлар. Шу боис юртимиз ўзига хос “Илм-марифат маркази” сифатида шуҳрат қозонган.
Бугун мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун дадил қадамлар ташланмоқда. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Ёшларимиз китобни дўст тутиб, илмли, зеҳнли ва тадбирли бўлсагина, биз пойдевори мустаҳкам Янги Ўзбекистоннинг келажагини яратамиз.
Comments