0
1 225
PDF

Features of the development of the agricultural sector in the regions (on the example of the Kashkadarya region)

Abstract

The article examines the features of the development of the agrarian industry in the regions of Uzbekistan on the example of the districts of the Kashkadarya region. As a result, a number of problems were identified in the development of the agricultural sector of the region's districts.

Keywords

agriculture, gross agricultural product, structure of the agricultural sector, crop production, livestock, pastures and hayfields, intensive agriculture

Маълумки қишлоқ хўжалиги тармоқлари мамлакат ва ҳудудлар иқтисодиётининг ажралмас қисми бўлиб, давлатнинг озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Мамлакат худудлари кесимида қишлоқ хўжалиги тармоғини таҳлил қилиш, унга таъсир қилувчи омилларни ва соҳанинг қўшимча ўсиш драйверларини аниқлаш учун зарур ва долзарб ҳисобланади. Шу жиҳатдан Қашқадарё вилоятининг қишлоқ хўжалиги тармоқларининг ривожланишини туманлар кесимида таҳлил қилиш асосида ўзига хос жиҳатлари аниқлаш, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг янги стратегиясини шакллантиришга ёрдам беради. 

Қашқадарё вилоятида аграр соҳанинг 2017-2020 йиллардаги ривожланиш таҳлилига кўра, қишлоқ хўжалигининг ЯҲМ даги улуши 42,5 фоиздан 43,6 фоизга ортган. Ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳажми 1.6 бараварга ошган ҳолда, ўртача йиллик ўсиш суръати 101,7 % ни ташкил этган.

Қашқадарё вилояти мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 9,4% ни етиштириб беради (4-ўрин). Шунингдек, дон маҳсулотларининг 11,7% и (1-ўрин), пахтанинг 9,3% и (3-ўрин); полиз маҳсулотларининг 7,9% и (6-ўрин), узумнинг 6,1% и (7-ўрин), меванинг 5,7% и (6-ўрин), сабзавотнинг 4,7% и (9-ўрин), картошканинг 5,6% и (8-ўрин), гўштнинг 11,8% и (2-ўрин) ва сутнинг 10,7% и (2-ўрин) вилоят ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, гўшт-сут ва дон, буғдой етиштириш бўйича минтақа республикада юқори ўринларни эгалламоқда. 

Вилоятда аҳоли жон бошига тўғри келадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,5 млн.сўмга тенг бўлиб, у республика кўрсаткичига (7,6 млн.сўм) нисбатан яқин кўрсаткичга эга. Бу кўрсаткич туманлар кесимида Миришкор (13,3), Муборак (13,1), Нишон (10,1), Касби (10,2), Косон (8,3) ва Қамаши (8,1) туманларида юқорилиги билан ажралиб туради. Қарши (7,9), Чироқчи (7,5) туманларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш салоҳияти ўртача даражада. Шаҳрисабз (7,3), Ғузор (7,2) Деҳқонобод (7,2 минг сўм), Яккабоғ (6,6) туманлари аграр ишлаб чиқариш салоҳияти паст ҳудудлар гуруҳини ташкил этади (2.3.2-расм). Қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва ишлаб чиқариш кўрсаткичидаги туманлараро тафовут 1,6 баробарни ташкил этмоқда.

1-расм. Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг аҳоли жон бошига кўрсаткичи (2020 й.)

Манба: Қашқадарё вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси маълумотлари асосида тайёрланган.

 

Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 60,5% ини чорвачилик, 39,5% ини деҳқончилик маҳсулотлари ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 71,3% и – деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 25,7% и – фермер хўжаликларига, 3,0% и – қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Вилоятнинг умумий ер майдони 2856,8 минг гектарни ташкил этади. Шундан 2322,8 минг гектари (81,3%) қишлоқ хўжалигига яроқли бўлиб, уларнинг асосий қисмини яйловлар (51,0%) эгаллайди, ҳайдаладиган ерлар 23,7% ни ва уларнинг таркибида суғориладиган ерларнинг улуши 62,1%, лалми ерлар 37,9% ни ташкил этади. 

Вилоят умумий майдонининг 18,9% ини (442 минг га) суғориладиган ерлар ташкил этади. Туманлар кесимида Касби, Қарши, Косон, Нишон, Яккабоғ, Чироқчи каби чўл ҳудудларида суғориладиган ерларнинг катта қисми жойлашган. Бироқ Миришкор, Нишон, Муборак каби туманларидаги ерларнинг мелиоратив ҳолати қониқарли эмас. Вилоятда жами экин майдонларининг 47,7 фоизи турли даражада шўрланган. Шу сабабли, бу омил ҳосилдорликка жиддий таъсир кўрсатмоқда. Вилоятда суғориладиган ерларнинг ўртача тупроқ бонитети 51 баллни ташкил этади. Ҳудудий жиҳатдан бу кўрсаткич Китоб (64), Чироқчи (58), Шаҳрисабз (69) ва Яккабоғ (59) туманларида нисбатан юқорироқдир. 

Таҳлилларга кўра, экин майдонинг катта қисмига (83%) пахта ва донли экинлар жойлаштирилган. Вилоятда жами экин майдонининг 53,8 % ига дон ва дуккакли дон экинлари экилиб, ЯҚХМнинг 18,7 %и олинади. Бунда ўртача ҳосилдорлик 37,4 ц/га ташкил этади. Бу кўрсаткич Қарши (56,4 ц/га), Косон (50 ц/га), Муборак (49,8 ц/га), Касби (49,5 ц/га), Нишон (48,1 ц/га) туманларида нисбатан юқори бўлса, Китоб (29,5 ц/га), Чироқчи (21,9 ц/га), Деҳқонобод (8,9 ц/га) туманлари нисбатан паст натижага эришганлар. 

Вилоятда жами экин майдонининг 29,3 % ига пахта экилиб, ЯҚҲМнинг 17,5 фоизи олинади. Бу республика бўйича энг юқори кўрсаткич бўлгани ҳолда, билан ҳосилдорлик даражаси республика кўрсаткичига нисбатан 1,4 баравар паст. Вилоятда ўртача пахта ҳосилдорлиги 18,3 ц/га ни ташкил этади. Ҳудудлар кесимида бирорта ҳам туманда ҳосилдорлик 20 ц/га дан юқори эмас. Косон (18 ц/га), Муборак (18,2 ц/га), Миришкор (14 ц/га), Нишон (16 ц/га) туманларида эса бу кўрсаткич энг паст даражада эканлиги маълум бўлди. 

Жами экин майдонларига нисбатан озуқа экинлари 5,3%, сабзавот экинлари 3,3%, боғ ва токзорлар 6%, картошка ва бошқа экинлар 1,3%ни ташкил этади. Ҳосилдорлик жиҳатидан полиз (237 ц/га ) ва сабзавот (241 ц/га) нисбатан ижобий кўрсаткичга эга бўлиб, қолган экин турлари бўйича қониқарли даражада эмас. 

Вилоятда интенсив қишлоқ хўжалиги турлари бошқа ҳудудларга нисбатан таққослаганда суст ривожланмоқда. Масалан, 2017-2020 йиллар мобайнида вилоят ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар сони 8,7 мингта бўлиб, бу кўрсаткич бўйича у Тошкент 9,2 марта, Фарғона 2,4 марта, Андижон 2,1 марта, Самарқанд вилоятларидан 1,4 марта ортда қолмоқда. Вилоятнинг Китоб (1771 та), Қарши (1065 та), Қамаши (1020 та) туманларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ иссиқхоналар барпо этилган.

Вилоят иқтисодиётида чорвачилик тармоғини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, вилоят умумий майдоннинг 51% яйлов ва пичанзорлардан иборат эканлиги чорва бош сонини кўпайтириш учун драйвер вазифасини ўтайди.

Вилоят яйловлар билан таъминланиши бўйича (1 бош қорамол ёки қўй-эчкига тўғри келадиган яйлов майдони) республикада 4-ўринни эгалаган ҳолда ўртача 1,46 гектарни ташкил этади (2-расм).

Қашқадарё вилояти Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси билан биргаликда мамлакат яйловларининг 78 фоизига эгалик қилади. Бу яйловлар асосан чўл ҳудудларида жойлашган бўлиб, улардаги аксарият артезиан сув қудуқлари ишдан чиққанлиги сабабли фойдаланиш имкониятлари чегараланиб бормоқда.

2-расм. Республика минтақаларида 1 бош чорва молига тўғри келадиган ўртача яйлов майдони бўйича таққослама маълумот (гектар).

Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланган.

 

Вилоятдаги мавжуд яйлов ва пичанзорларининг асосий қисми Деҳқонобод, Миришкор, Муборак, Нишон, Қамаши, Чироқчи каби чўл ҳудудларида ҳамда Китоб ва Шаҳрисабз каби тоғолди туманларида жойлашган. Шу боис чорва бош сонининг салмоқли қисми ушбу ҳудудларга тўғри келади.

Республикада жами йирик шохли қорамолларнинг 12,3 фоизи (620 минг бош), жами қўй ва эчкиларнинг 21 фоизи (4726,9 минг бош), жами отларнинг 13,3 фоизи (33,2 минг бош), жами паррандаларнинг 6,9 фоизи (6180,3 минг бош) Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади ва бу соҳада минтақа мамлакатдаги етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. 

Вилоятда йирик шохли қорамоллар бош сонининг 5,9% и фермер хўжаликлари, 92,8% и деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари, 1,3% и қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Мос равишда қўй ва эчкиларнинг умумий сонидан 13,3% и фермер хўжаликлари, 81,4% и деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари, 5,3% и қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келди, шунга мос равишда отларнинг умумий сонидан 19,1% и фермер хўжаликларига, 76,3% и деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 4,6% и қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келди, шунингдек, паррандалар умумий сонидан 14,8% и фермер хўжаликлари, 58,9% и деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари, 26,3% и қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Таҳлилга кўра, чорва бош сонининг катта қисми уй хўжаликларига тегишли бўлиб, уларни субсидиялаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва ветеринария хизматларини кўрсатишни янада яхшилаш мақсадга мувофиқдир. 

2017-2020 йилларда вилоятда гўшт етиштириш 2,1 мартага ўсган. Республикадаги етиштирилган гўшт маҳсулотнинг 11,8 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келиб, Самарқанд вилоятидан кейинги 2-ўринни эгаллайди. Вилоятнинг Чироқчи, Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод, Косон туманлари гўшт етиштиришда етакчи ҳисобланади. 

Вилоятда сут етиштириш 2 мартадан ортиққа кўпайди. Ишлаб чиқарилаётган сутнинг 10,7 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келиб, бу соҳада у республикада 2-ўринни эгаллайди. Ҳозирги вақтда вилоятда 1 бош сигирдан соғиб олинаётган сут миқдори йилига 2,2 тоннани ташкил этгани ҳолда, таҳлил қилинаётган даврда маҳсулдорлик 1,6 фоизга ошган. Вилоятда етиштирилаётган сут маҳсулотларининг катта қисми Чироқчи, Косон, Китоб, Касби, Қамаши, Қарши туманларига тўғри келади. Вилоятда етиштирилаётган тухумнинг асосий қисми Шаҳрисабз, Чироқчи, Қамаши, Қарши ва Косон туманларига тўғри келади. 

Вилоятда 2017-2020 йилларда гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш 1,1 бараварга, сутни қайта ишлаш 2,5 бараварга, сабзавотларни қайта ишлаш 2,8 бараварга, меваларни қайта ишлаш 2,4 бараварга, узумни қайта ишлаш 1,5 бараварга ошган. Бироқ, вилоятда ялпи сут маҳсулотларининг 23%и, гўштнинг 3,7% и, узумнинг 3,9% и, сабзавотнинг 7% и қайта ишланади, холос. Фақат меваларни қайта ишлаш даражаси 42,7% ни ташкил этганлигини ижобий баҳолаш мумкин. 

Вилоят туманлари кесимида ўтказилган ҳисоб-китоблар қишлоқ хўжалиги тармоқларининг фаолият турлари бўйича қуйидаги ихтисослашув шаклланганини кўрсатди:

- дончилик, полизчилик, чорвачилик (гўшт етиштириш), қоракўлчилик, қўйчилик (тери ва жун етиштириш) – Ғузор, Косон, Миришкор, Муборак, Нишон туманлари;

- дончилик, пахтачилик, сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик (гўшт етиштириш), паррандачилик, пиллачилик маҳсулотларини етиштириш –  Қамаши, Қарши ва Чироқчи, туманлари;

- сабзавотчилик, картошкачилик, узумчилик, қорамолчилик (сут етиштириш), пиллачилик, тропик ва субтропик мевалар етиштириш – Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри;

- дончилик, пахтачилик, сабзавотчилик, қорамолчилик (сут етиштириш), пиллачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш – Касби тумани;

- дончилик, пахтачилик, сабзавотчилик, полизчилик, узумчилик, паррандачилик, қорамолчиликнинг сут етиштиришга ихтисослашуви – Қарши тумани;

- қорамолчилик (сут етиштириш), паррандачилик, тропик ва субтропик мевалар етиштириш, мевачилик – Қарши шаҳри;

- чорвачилик (гўшт етиштириш), чорвачилик (сут етиштириш), қўйчилик, тери ва жун етиштириш – Деҳқонобод тумани.

Юқоридаги қишлоқ хўжалиги фаолият турлари бўйича ихтисослашувда Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Китоб туманларида чорвачилик тармоқлари ривожланганлигини кўрсатмоқда.

Чўл-дашт ҳудудларида жойлашган Ғузор, Косон, Миришкор, Муборак, Нишон, Чироқчи туманларида деҳқончилик ва қўйчилик ривожланган. Бу таҳлиллар қишлоқ хўжалиги ихтисослашувида ер-сув захиралари таъсири кучли эканидан дарак беради.

Экин турларининг жойлашув хусусиятига кўра, Қарши, Косон, Миришкор, Муборак, Нишон, Касби, Яккабоғ туманлари паст даражада диверсификациялашган бўлиб, майдонининг катта қисмини дон ва пахта экинлари эгаллаган. Бу ўз навбатида қишлоқ хўжалигининг юқори рентабелли бозорбоп фаолият турларига ихтисослашувига тўсқинлик қилади. Қишлоқ хўжалиги субъектлари эса эски “қолипдан” чиқиб кетолмай, ривожланишда ортда қолмоқда. 

Сўнгги йилларда вилоятнинг қишлоқ хўжалиги техникаси ҳалокатли ҳолатга тушиб қолган. Масалан, тракторлар сони 2 мартага, шундан ер ҳайдов тракторлари 1,6 мартага, шудгорловчи тракторлар 2 мартага, пахта ва ғалла экадиган сеялкалар 1,8 мартага, культиваторлар 2,2 мартага қисқариб кетган. Бу қишлоқ хўжалигида техника етишмовчилиги ҳамда технологик янгилашда ортда қолаётганини кўрсатади.

Вилоят қишлоқ хўжалигининг ривожланишида бир қатор муаммолар мавжуд:

- ўсимликларни турли зараркурандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш долзарб масалалардан биридир. Аҳоли ва деҳқон хўжаликларининг эгалари зараркурандаларга қарши кураш бўйича етарли билим ва тажрибага эга эмаслар, касалликларга қарши курашнинг замонавий органик усулларини қўллаш имконияти мавжуд эмас;

- қишлоқ хўжалиги субъектлари сифатли уруғ ва кўчатлар, юқори маҳсулдор чорва насллари, озуқа, ўғитлар билан етарлича таъминланмаган. Қолаверса, агрономия, ветеринария ва зоотехника хизматлари талаб даражасида эмас;

- деҳқон хўжаликларида (уй хўжаликлари) чорва маҳсулдорлиги йирик ишлаб чиқариш субъектларига нисбатан паст. Бу уларда замонавий технологик усулларни кенг жалб этиш имкониятларининг чекланганлиги билан боғлиқ;

- ирригация тизими лотоклар, сув иншоотларининг асосий қисми хизмат муддатини ўтаб яроқсиз ҳолга келиб қолган, сув ресурсларининг катта йўқотилиши туфайли сув танқислиги юзага келмоқда;

- қишлоқ хўжалиги техникасининг маънавий ва жисмонан эскириш даражаси юқори. Айни дамда, шундоқ ҳам даромадлари паст бўлган фермер хўжаликлари учун янги қишлоқ хўжалиги техникалари олишда банк ва лизинг фоизлари юқори;

- бир қатор туманларда етиштирилаётган гўшт, тухум, мева, сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари чуқур қайта ишланмайди;

- маҳаллий кўчат ва уруғлар эвазига етиштирилаётган маҳсулотлар сифати ташқи бозор талабига жавоб бермайди; туманларда логистика хизматлари мавжуд эмас. Натижада маҳсулот етиштирувчилар фақат ички бозорга “қарам” бўлиб қолмоқда; 

- вилоятнинг чўл туманларида қурғоқчилик ва сув танқислиги ҳолатлари, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этишда малакали мутахассислар етишмовчилиги кузатилади;

- тупроқ бонитети паст ва экин майдонининг катта қисми шўрланган туманларда фермер хўжаликларининг режалаштирилган ҳосил олинмаслиги туфайли харид қобилиятининг пасайиши кузатилади;

- вилоятда йирик шохли қорамоллар, қўй ва эчкиларнинг катта қисми уй хўжаликларига тегишли бўлиб, уларни субсиядиялаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва ветеринария хизматлари кўрсатишни янада яхшилаш зарур.

Юқоридаги таҳлил натижалари вилоятнинг туманларида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

1
0
0

Information about the author

ID: 8820694751

Qo'ziev Komiljon
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan nomzodi (falsafa doktori-PhD)

  • Scientific title Dotsent (katta ilmiy xodim)

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register