0
1 120
PDF

АВЛОНИЙ ШЕЪРЛАРИДА ИЛМ-МАЪРИФАТ ВА ВАТАНПАРВАРЛИК МОТИВЛАРИ

Author

Нигорахон Ҳошимова, ТДПУ Ўзбек тили ва адабиёти йўналиши 2-босқич талабаси

АВЛОНИЙ ШЕЪРЛАРИДА ИЛМ-МАЪРИФАТ ВА ВАТАНПАРВАРЛИК МОТИВЛАРИ

 

Нигорахон Ҳошимова, ТДПУ

 Ўзбек тили ва адабиёти йўналиши 

2-босқич талабаси

 

ХIX аср охирлари ва XX аср бошлари ўзбек адабиётида янгича дунёқараш – жадидча ёндашув шаклланди. Бу жараён миллий адабиётга янги руҳ олиб кирди. Жамият ҳаётида ўзгаришлар сезила бошлади. 

 Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби адиблар асарлари билан халқнинг жаҳолат ботқоғига қай даража ботганини, уларни маърифат сари юксалтириш муҳим эканини шивирлаб эмас, баралла айтишади. 

 Ўзининг кўплаб шеърлари, драмалари, педагогик фаолияти билан Абдулла Авлоний шоир, драматург, педагог, таржимон, публицист сифатида адабиётимизда ўчмас из қолдирди. Шоир шеърларида инсонпарварлик, ватанпарварлик, маърифатпарварлик, эзгулик ғояларини тарғиб қилади. Авлоний яшаган даврда юртимиз ўзга бир юртнинг қарами эди. Эркинлигидан маҳрум эди. 

 1917 йил инқилобга умид билан қараган Авлоний умиди пучга чиққанини англагач, қалб изтиробларини қоғозга тушириб, “Туркистон туфроғингдан бир садо” шеърини ёзади. Шеърда мамлакат аҳволидан хабар бериб, Ватан - Туркистон халқидан норози бўлиб юз ўгирганини айтади. Ватанни азалдан онага қиёслаб, Она ватан дейишади, ўзбошимчалик қилингани сабаб Она биздан норози:

 Зироатдан хабарсиз бизлар, барбод Туркистон.

 Аномиздур, ҳақи бор биздан дод этса Туркистон.

 Ватан қадрин билмас бўлди хўб авлод Туркистон [1].

 Шеърнинг ҳар банди учун “Қилур бизлардин, эй аҳли Ватан, фарёд Туркистон, Ҳама обод бўлди, бўлмади обод Туркистон” мисралари нақорат бўлиб келган. Нақоратнинг ўзи ҳам шеърнинг маъносини кўрсатиб турибди. Юрт олибсотарлар чангалига тушиб, қиймат белгиланди. Унинг боғ-у роғларини сотиб, кисса қаппайтириш пайида бўлдилар. Замон кайфу сафони қувганларники бўлиб қолди. Аҳвол шу даражага етган эди:

 Тушиб савдойи сот-сот бошимизға, беватан қолдик.

 Сотуб боғ-у экин ерлар пулин киссага солдук.

 Инсон юртида туғилгач, шу юртда еб-ичади. Тарбия кўради, камол топади. Унинг роҳатбахш ҳавосидан баҳра олади. Ширин-шакар меваларидан тотиб лаззатланади. Гўдак эди, инсон бўлиб улғаяди. Бу Ватан қийматли эмас. Унга бўлган садоқат ва муҳаббат бойлик билан ўлчанмайди. Инсон ўз ватанини ҳеч нарсага алмашмаслиги лозим. Ватанни сотган ақлсизлар унга қўшиб эркларини сотаётганларини тушунганларида эди, бу ишни асло қилмасдилар:

 Қучоғига олиб бизларни қилди, тарбият чандон,

 Онадек бағрида бизларни боқди, бўлдимиз улкон,

 Яшаб роҳат била кўксинда бўлди, исмимиз инсон

 Ҳақиқий модарин инсон сотурми оқчоға – арзон. 

 Ватан бағрида хиёнаткорларни ўстиришни истамайди. У илмли, замон билан ҳамнафас, юрт келажаги ва қадр-қиммати учун қайғурадиган ёшларни вояга етказни хоҳлайди. Дақиқа сайин ривожланаётган давлатларга қараб айтиш мумкинки, бу замон «ғафлат», «зиллат» замони эмас. Юрган дарё – ўтирган бўйра ёки қимирлаган қир ошар, деганларидек давр илм йўлида ўзлигини унутмаган ҳолда тиниб-тинчимасларники. Илм, аввало инсоннинг ўзига кўпроқ наф келтиради. Илмни бир қуёш десак, инсон ярқироқ ойнадир. Қуёш нурини шу ойнага қаратади. Ойна уни атрофга сочади. Аллоҳ илмининг зиё таратувчилари инсонлардир. Шу сабаб айнан инсонларни онгли қилиб яратган:

 Ватан бизларға дер: таҳсил айланг илм ила урфон.

 Етар ғафлат, етар, етар зиллат, етар бу хоби бепоён.

 Эмас ётмоқ замони, навбаҳор айёмидур аълон.

 Ўтирма гўшаи ғафлатта, экмак илмини ўрган.

 Шеърнинг кейинги мисрасида шоир Туркистоннинг гўзаллигини куйлар экан, унга бостириб келган босқинчиларни харобани макон айбловчи бойўғлига қиёслайди. Ҳаттоки, харобасевар бойўғли ҳам ўсимлик унмас жойда туришни истамаслигини баён этади: 

 Экинсиз ерда турмас қўйсалар бойқушни гар боғлаб,

 Ўсумлик ерлара ағёр Урди ўзларин чоғлаб.

Кейинги бандда шоир атрофга «ибрат» нигоҳи билан қаралса, дунё илм-ла пурнур эканлиги, илм масканларининг очилаётгани ва сони кўпаяётганини ҳамда илмлилар сафи кенгаяётганини, ўзга давлатлар равнақи айнан шу илм билан амалга ошаётгани, аммо ўз саводсизликлари сабаб халқ азобга дучор бўлаётганини кўриб мулоҳаза қилади. 

 Охирги банд шоир аламларига якун ясайди. “Биҳиштосо Ватан” жаҳолатнинг қурбонига айланганлиги, давр ваҳшатни мезон қилиб олганлиги, унга қарши ягона чора илм-у маърифат бўлмоғини англаган шоир банд сўнгида ўз тахаллусини келтириб, уни икки маънода қўллайди:

 Бизим оломи ғурбатга солган// Ҳижрон, адоватдур.( Ўша манба, ўша бет) бу мисрада «Ҳижрон» ҳам шоир тахаллусига, ҳам халқнинг якдил эмаслиги ва айрилиб кетаётганлигига ишорадир. Яъни миллат бирлашмоқ истаги йўқлиги сабаб мамлакат «оломи ғурбатга» маҳкумдир.

 Адибнинг навбатдаги шеъри хам Ватанга қарата ёзилган «Туркистон туфроғига хитоб» шеъридир. Ундаги мазмун қуйидагича: халқ ишсиз ва бекор юрибди. Ҳо-ю ҳавасларга дўст, «ғамхўр». Халқнинг илмсизлиги сабаб мамлакат гўёки вайронага айланаёзган. Ватан – “бойқушлар” ила “ҳамдам, ёр”. Юрт худди қабристон-у, халқ “жонлик”. Шоир эса буларни кўриб, кўз ёши тўкмоқда. Ўшал ағёрларга – душманларга макон бўлган бу юрт, энди ўзларига бегона бўлиб, азоб бераётганидан шоир саросимага тушиб, кўнгли нотинч бўлмоқда. Ғунча ишқида халқ андалиб мисол нола қилмоқда. Аммо ғунча очилиши билан ўзгалар дилини хушнуд этиш учун узиб олинмоқда. Шеърнинг ҳар бир мисрасида хитоб қилинган «Ватан» ундалмаси, аслида халққа қаратилган:

 Сендан умид шулки, жондан азиз оно!?

мисрасини қуйидагича англасак ҳам хато бўлмайди, назаримда:

 Сендан умид шулки, жондан азиз халқ!? – 

биргина шу мисрадан ҳам маълумки, Авлоний ҳамон халқдан умидвор. Акс ҳолда Ватан уларга бегона бўлажагини баралла куйлайди.

 “Ҳижрон сўзи” шеъри эса юқоридаги шеърларидан тамомила фарқ қилади. Шеър мамлакат мадҳини шўх оҳангда куйлайди. Мисралар бошдан оёқ қувонч ва шодлик билан безанади. Бу Ватан жаҳонда тенги йўқ: “туфроқлари ўсумлик”, “манзараси кўрумлик”, “тоғларидан конлар чиқар”, “ерларидан донлар чиқар”. Шеър жуда содда, ўйноқи оҳангда битилган. 

 Сувларидур томли - тотли

 Мероси қанду ноботли.

 Боғларидур ширин-шарбат,

 Анжир, узум, анор, нашват.

 Дарахтлари ўсар фирош

 Фалак узра кўтаруб бош.

 Ҳавоси ўта ёқимлик

 Чўллари бор тошлик, қумлик.

 Тошканд эмас, тошқанд эрур,

 Кечалари гулқанд эрур. 

 Шоир ёлғон сўзламайди... Бу сатрлардан кўриниб турибдики, шоир ватанини ҳеч қандай юртга алишмайди. Шеърнинг сўнгги мисраларида шоир Ватанига абадийликни раво кўришини айтади:

 Эй Ватаним, бўлма Ҳижрон!

 Мен кетсам-да, сен бўл омон! 

Авлоний шериятнинг бош ғояси ватанпарварлик, гуманизм, эркинлик, ҳурлик, эзгулик бўлгани юқорида таҳлили келтирилган шеърларидан ҳам маълум. Деярли барча шеърлари Ватанга, халқни илмли бўлишига қаратилган пурмаъно хулосалардан иборат. Агар диққат қаратилса, “Ватан” ҳамда “Илм Авлоний” шеърларида бир-бирини тақозо этадиган тушунчалар эканлиги ойдинлашади. Авлоний миллатдошлари билан бир сафда давр ҳақиқатдан дарак беради гўё. Илмсизлик орқасидан ҳеч бир давлат, ҳеч қайси даврда тараққий этмаган. Илмли инсон дунёга ўзгача нигоҳ билан қарайди. Юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшади. Бир ватан тупроғида туғилиб, нон еган инсон, шу ватанни сотиши учун қай даражада ақлсиз бўлмоғи лозим!? Шоир мана шуни инсонларга уқтириш учун тинимсиз ҳаракат қилади. Авлонийнинг Ватан ҳақидаги тарбиятлари ҳозирги кун ёшлари, келажак авлод учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Адиб ижоди бўйича илмий изланишлар олиб борган Бегали Қосимов шундай дейди: «Авлоний муаллимлик фаолияти, таълим тарбия фикрлари, жадидчиликнинг муҳим бир қаноти, амалий маърифатчиликнинг йўналиши ва хусусиятларини белгилашга ёрдам берса, шеърияти ХХ аср ўзбек миллий шеърининг майдонга келиши, тарихий такомилини тайин этишда қимматли материаллар беради». [2] 

Авлонийнинг «Ватанни суймак иймондандур» деган фикрлари ҳамда «Ватан» шеърининг 5-синф ўқувчилари адабиёт дарслигига киритилиши ҳам ёш авлодда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун кичик бир воситадир. Ватанпарварлик туйғуси инсон онгига давомий, узлуксиз сингдириб борилсагина самараси билинади. 

 Авлоний эрк ва озодликни ҳар нарсадан баланд тутуркан, унга олиб борадиган бирдан-бир йўл деб илм-маърифатни билди. Шу сабаб, Ватани, халқи учун заррача манфаат етказишни ўйлаган кишини маърифатга даъват этади, дея таъкидланади. 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Авлоний А. Танланган асарлар, 1-жилд. Тошкент. Маънавият. 1998.

2. Авлоний А.Жадидлар. Ёшлар нашриёти уйи. Тошкент, 2022.

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register