0
1 031
PDF

INVESTMENT AND ITS IMPORTANCE IN ECONOMIC DEVELOPMENT

Abstract

This article presents the concept of investment and the analysis of scientific and practical approaches to it. Also, as a research object, development trends and importance in economic development were analyzed.

Keywords

Investment, investment activity, fixed capital, capital flows, investment environment, investment project, investment activity.

Author

Кенжаева Замира Эгамбердиевна

ИНВЕСТИЦИЯ ВА УНИНГ ИҚТИСОДИЁТ РИВОЖЛАНИШИДАГИ АҲАМИЯТИ 

 

Кенжаева Замира Эгамбердиевна,

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 2-сонли касб-ҳунар мактаби

“Махсус фанлар” кафедраси ўқитувчиси.

 

 

Ривожланган давлатлар тажрибаси таҳлили иқтисодиётга доимий равишда инвестициялар киритишни рағбатлантириб бориш мамлакат иқтисодий ривожланиши барқарорлиги ва рақобатбардошлигини таъминловчи асосий омил сифатида эътироф этилади. 

Шу сабабли республика иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг янги босқичида тармоқларга жалб этилаётган ички ва ташқи инвестиция ресурслари кўламини кенгайтириш, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, инвестицияларни молиялаштириш манбаларини шакллантириш ва такомиллаштириш масалалари билан боғлиқ амалий характердаги муаммоларга кенг маънода эътибор қаратилмоқда. Лекин, назаримизда, инвестиция иқтисодий категориясининг ўзига хос тамойил ва хусусиятлари билан боғлиқ илмий-назарий ва услубий муаммоларини чуқур ўрганиш ўз долзарблигини  сақлаб қолмоқда. 

Бунинг асосий сабаби режали иқтисодиётнинг инқирозга юз тутиши ҳамда шу даврда ривожланган мамлакатлар иқтисодиёт фанида кенг қўлланиладиган “инвестиция” категорияси эътибордан четда қолганлиги ҳамда уни “капитал қўйилма” категорияси билан бир хил маънода тушунилганлигига бориб тақалади. Иқтисодий адабиётлар таҳлилларига кўра нафақат мамлакатимиз, балки собиқ Иттифоқ таркибидаги бошқа мамлакатлар иқтисодиёти ва амалиётида ҳам “инвестиция” тушунчаси асосан  ХХ асрнинг 80-йилларидан кенгроқ талқин қилина бошланди, мустақилликдан кейинги даврда эса инвестиция назариясини ўрганишга эътибор янада кучайди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётга миллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали иқтисодиёт таркибий тузилмаларини ривожлантириш ҳамда иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминлаш ҳозирги босқич ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этган. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш асосий вазифалардан бири қилиб белгиланган. 

Инвестиция ва унинг иқтисодиёт ривожланишидаги аҳамиятини ўрганишларимиз жараёнида “инвестиция” сўзи билан боғлиқ яна кўплаб ижтимоий-иқтисодий маъно-мазмундаги атама ва тушунчалар, ҳаттоки янги иқтисодий категориялар мавжудлигини кўрсатди. Улар жумласига “инвестиция фаолияти”, “инвестиция турлари”, “инвестицияни молиялаштириш манбалари”, “инвестиция салоҳияти”, “инвестиция муҳити”, “инвестиция сиёсати”, “инвестиция жозибадорлиги”, “инвестиция лойиҳаси”, “инвестиция бозори”, “инвестиция ва такрор ишлаб чиқариш”, “инвестиция жараёни”, “инвестиция объекти”, “инвестиция субъекти”, “инвестиция хатари(риск)”, “инвестицияни суғурталаш”, “инвестиция фаолиятини диверсификациялаш”, “инвестиция портфели” каби бошқа кўплаб тушунча ва атамаларни киритиш мумкин. 

Шу билан бирга, инвестициялар билан боғлиқ адабиётлар таҳлили юқоридаги атама ва категориялар ичида бозор иқтисодиётига ўтишнинг дастлабки босқичларида асосий тадқиқотлар «инвестиция», «инвестиция фаолияти», «инвестиция муҳити» тушунчалари  атрофида кўпроқ тадқиқотлар олиб борилган, деган хулоса чиқаришга асос бўлади. Бу эса ўз навбатида уларнинг иқтисодий-назарий моҳиятини дунё ҳамжамияти доирасида талқин қилинган ном ва мазмунда ифодалаш, улар устида илмий изланишлар олиб бориш амалиёт учун ўта муҳим ва зарур эканлигини эътироф этади. Чунки, халқаро ҳамжамият доирасида содир бўладиган давлатлараро иқтисодий муносабатларда иқтисодий атамаларнинг мазмуни уларга мос равишда талқин қилинмаса, мамлакатлар ўртасида тузиладиган битим,  шартномалар соҳасида турли тушунмовчиликлар, чалкашликлар ва номутаносибликлар келиб чиқиши муқаррар. Шу туфайли собиқ Иттифоқ республикалари, шу жумладан мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг илк кунларидан эътиборан давлат ҳамда жамият қурилиши фаолияти тизими ва механизмларини бозор иқтисодиёти талаби  тамойилларига мос ташкил қилиш бўйича тегишли қонунлар, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишини объектив заруратга айлантирди. 

Аммо инвестициялар тўғрисидаги илмий изланишлар фақат ўтиш даври мамлакатлари иқтисодиёти учун хос деган фикрдан йироқмиз. Чунки, дунёнинг ривожланган мамлакатлари иқтисодчи олимлари инвестициялар назариясини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича илмий-амалий изланишлар олиб боришмоқда. Ушбу йўналиш бўйича амалга оширилган тадқиқотлари натижалари ҳамда инвестициялар назариясини такомиллаштиришга қўшган ҳиссалари учун Ф.Модильяни ва М.Миллер (1950-1960 йй.), Д.Тобин (1981 й.), Г.Марковиц (1990 й.) олимлар халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлишган.[1]

Лекин, эътиборни жалб қиладиган асосий масала шундаки, инвестиция назариясининг, айниқса унинг иқтисодий категория сифатидаги мазмун ва моҳияти тўғрисида  иқтисодчи олимлар ўртасида хилма-хил фикр-мулоҳазалар мавжуд. Инвестициялар таърифи бўйича ҳамон ягона хулосага келинмаган, ҳар қайси изланувчи  бу категорияга нисбатан ўз ёндашув услуби ва фикрига эга эканлиги билан ажралиб туради. 

Инвестициялар назарияси ўзининг тарихий ривожланиш жараёнларида бир қанча босқичларни босиб ўтган. В.В.Аладьин инвестиция бўйича ўтказилган тадқиқотлари  натижасида “инвестицияларнинг дастлабки белгилари Австрия иқтисодчилари мактабининг, жумладан Бем-Баверининг илмий ишларида кўриш мумкин”, деган хулосага келади. [2]

Инвестициялар бўйича олиб борган тадқиқотларида Эдвин Дж.Долан, Колин Д.Кэмпбелл, Розмари Дж.Кэмпбелллар замонавий бозор иқтисодиёти шароитида оила хўжалигининг йиллик харажатлари ҳажми даромадлардан кам бўлган ҳолларда, оила хўжалигининг  товарлар ва хизматлар, шунингдек солиқлар ҳамда бошқа тўловлардан ортган даромадлари жамғарма ҳисобланади. Ушбу жамғармалар даромад олиш мақсадида иқтисодиёт соҳаларига йўналтирилгандагина у инветиция капитал ҳисобланади. 

Маълумки, социалистик иқтисодиёт шароитида ҳам оила хўжаликларида жамғармалар мавжуд бўлиб, улар жамғарма касса, уй хўжалиги кассасида сақланарди ёки қимматли қоғоз (омонат банки облигация) харид қилиш учун йўналтирилар эди. Аммо ушбу жамғарма кассалардан сақланаётган ёки облигацияга йўналтирилган маблағлар  иқтисодиётда инвестиция сифатида эътироф этилмасди. 

Ваҳоланки, замонавий бозор иқтисодиёти шароитида жамғармалар корхоналар ва давлат ихтиёрида ҳам бўлиши мумкин. Демак хўжалик юритувчи субъектлар ва ташкилотлар даромадларининг харажатлардан ортиқ қисми ҳам жамғарма маблағларини ташкил этади.  Ушбу ҳолатда улар ишлаб чиқариш харажатларидан ташқари инвестицияларга ҳам маблағлар йўналтириш имкониятларига эга бўладилар. 

Фирмалар инвестициялари икки йўналишда амалга оширилади, “биринчи йўналиш –асосий капиталга, яъни ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлган ишлаб чиқариш воситалари, бинолар, компьютерлар, шунингдек бошқа  ишлаб чиқариш қуролларини янгитдан сотиб олиш ёки яратишга, иккинчи йўналишда эса товар-моддий захираларга, яъни ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланиш учун зарур хомашё захиралари ва қолдиқ тайёр маҳсулотларга инвестиция йўналтирилади, деган қарашлар ҳам мавжуд [3]. 

Уильям Ф. Шарп, Гордон Дж. Александр, Джеффри В Бэйллар фикрича, “мумкин қадар кенгроқ маънода айтганда инвестициялар - бу келажакда каттароқ фойдага эга бўлиш учун бугун пулдан ажралишдир».[4] Муаллифлар инвестицияларга келажакда кўпроқ сумма олиш учун фақат пул шаклида иқтисодиётга йўналтирилади, - деб таъриф беради. 

Бизнингча, бундай фикрлаш инвестиция манбаларига бир томонлама ёндошув бўлиб, иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар фақат пул маблағлари кўринишидагина бўлиб қолмай, балки бошқа моддий ва номоддий кўринишларда ҳам бўлиши мумкин. 

Шунингдек, муаллифлар инвестициялаш ва жамғармалар (savings) ўртасидаги фарқни жамғарма «истеъмолга ажратилган» қиймат, деб баҳолайди. 

Инвестицияларнинг иқтисодий мазмун ва моҳиятини ўрганган россиялик иқтисодчи олимлар П.И. Вахрин ва А.С. Нешитойларнинг фикрича «инвестиция» ва «капитал қўйилма» сўзлари бир-бирига жуда яқин тушунчалар бўлиб, «инвестициялар - бу корхонанинг бирон-бир фойда ёки даромадга эришиш мақсадида узоқ муддатли пул қўйилмаларидир». [5]

Муаллифларнинг инвестицияга берган таърифида, бозор иқтисодиёти талаблари асосида инвестицияларнинг иқтисодий мазмунини очиб беришга ҳаракат қилинган. Лекин, яхлитликни тўлиқ очиб беришга бироз тўсиқ бўлиб турган ҳолат, биринчидан таърифда инвестицияларни узоқ муддатли қўйилма деб аниқ белгилаб қўйилганлигидир. Иккинчидан эса, таърифда инвестиция манбалари ўз аксини топмаган.

Бизнингча, инвестициялар капиталнинг актив таркибий қисми бўлиб, у муайян бир аниқ муддатни талаб этмайди. Бозор иқтисодиёти шароитида инвестор учун инвестиция ресурслари ўзларининг қопланиш муддати қанча бўлишидан қатъи назар ижтимоий-иқтисодий самара келтирса кифоядир. 

Н.В.Игошин «Инвестициялар – асосий капитални қайта ишлаб чиқариш, тиклаш ва кенгайтиришга йўналтирилган пул маблағлари сарфидир. Умуман олганда инвестициялар бўш турган пул маблағларини молиявий ва моддий бойликларга қўйишдир».[6] Муаллифнинг ушбу таърифида фикримизча,  ижтимоий соҳалар ҳам инвестиция объекти эканлиги олимнинг назаридан четда қолган. Бундан ташқари таърифда инвестиция мақсади ҳам ўз ифодасини топмаган. Ваҳоланки, инвестиция фақат ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва тиклаш учун ва ижтимоий соҳадаги йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга сарфланадиган маблағлар бўлиб, ижтимоий соҳа инвестори асосан  давлат ҳисобланади. 

Зотан, бизнинг фикримизча, инвестицияларга берилган таъриф уларга тааллуқли бўлган барча жараёнларнинг мазмун ва моҳиятини ўзида акс эттирган мукаммал умумлашмадан иборат бўлиши керак. 

Шу боис илмий тадқиқотларимиз ва инвестиция атамаси мазмуни тўғрисидаги маҳаллий ҳамда хорижий олимлар қарашларини таҳлиллари натижасига асосан қонунда инвестиция атамаси таъриф мазмунини “инвестициялар - қонун ҳужжатларида тақиқланмаган даромад ёки ижтимоий наф олиш мақсадларида иқтисодий ва ижтимоий фаолият объектлари ҳамда инсон капиталига йуналтириладиган молиявий, моддий ва номоддий ресурслар, уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, дастурий маҳсуллардир” редакцияда баён этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Инвестиция фаолиятини эса, бизнингча, ҳар қандай иқтисодий тизимнинг барча тармоқ, соҳа ва жабҳаларининг ривожланишини таъминловчи, унга ижобий таъсир кўрсатувчи ресурслар ва омиллар иштирокидаги жараёнлар ва йўналишлар мажмуаси сифатида эътироф этиш илмий-назарий ва амалий жиҳатдан асослидир. Шунинг учун ҳам, рақамли иқтисодиёт шароитида инвестициялар ва инвестиция фаолиятининг алоҳида олинган ўзига хос хусусият ва белгилари бўйича уларнинг молиявий-иқтисодий мазмун ва моҳиятларини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Аладьин В.В. Инвестиционная деятельность субъектов Российской федерации. /В.В. Аладьин. –М: Социум, 2002. С.18-19.

2. Долан Э.Дж. и др. Деньги, банковское дело и денежно-кредитная политика. /Пер. с англ. В.Лукашевича и др.; Под общ. Ред. В Лукашевича. –Л., 1991. С.15-16.

3. Шарп У., Александер Г., Бэйли Дж. Инвестиции: Пер. с анг. – М.: ИНФРА-М, 2003. – XII, с.1. 

4. Вахрин П.И., Нешитой А.С. Инвестиции: Учебник. – 3-е изд., перераб. И доп. – М.: Издательско-торговая корпорация «Дашков и К», 2005. С.13.

5. Игошин Н.В. Инвестиции. Организация управления и финансирование: Учебник для вузов. 2-е изд., перераб. и доп. –М.: ЮНИТИ-ДАНА, 2001.С.81

6. Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги 2019 йил 25 декабрда қибул қилинган Қонуни. http://www.lex.uz (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими).

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register