0
1 239
PDF

NAVOI AND ERKIN VAHIDOV

Abstract

Alisher Navoi's genius was a source of creativity for many artists. Ever since its inception, the great poet's indelible work continues in the form of tradition, influence, and interpretation. This is clearly reflected in the work of Erkin Vahidov, a major representative of modern Uzbek poetry. It is possible to witness that the thinker is reflected in the work of the poet not only as an ideal of the nation, but also of humanity.

Keywords

poem, thought, tradition, influence, interpretation, person, ghazal, aruz, lover, rival.

Author

Мунисжон ҲАКИМОВ, ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий ходими

Инсоният тамаддунида шундай шахслар бўладики, уларнинг илмий, маънавий-эстетик тафаккури нафақат ўз даврида, балки асрлар оша кейинги авлод тафаккури учун ҳам мезон вазифасини ўтайди. Бу инсонларни мутафаккир дейишади. Шарқ мумтоз шеъриятининг йигирмага яқин жанрида қалам сурган Алишер Навоий ҳам ўзининг беқиёс тафаккури билан жамият ривожига мислсиз таъсир кўрсатган мутафаккирдир. Туркий шеъриятда Навоийдан сўнг фаолият юритган ҳеч бир сўз санъаткори йўқки, даҳо санъаткор ижодини четлаб, ундан илҳом олмаган бўлса. Ўзбек ҳалқининг атоқли шоири Эркин Воҳидов шеъриятида ҳам Навоий ижодининг таъсири алоҳида ўрин тутади. 

Э. Воҳидов болалик чоғлариданоқ буюк мутафаккирнинг асарларига ошуфта бўлиб улғайди. Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом кабиларнинг навоиёна сатрларини ўқиши, устоз Ғайратийнинг мумтоз шеъриятни таҳлил қилиб бериши бўлғуси шоирни «сеҳрли олам»га ошно қилди.

Фузулий девонин қўлимга олдим,

У солди кўнглимга ғазал меҳрини...

Кўп заҳмат сўнгида

Англаб етолдим

Устоз Алишернинг буюк сеҳрини[1], –

дея ўша онларни хотирлайди шоир.

Навоий шеъриятини бор бўй-басти билан тасаввур қилишга интилган қаламкаш кўрдики:

Азалий даврада чарх уради ер,

Муштарий азалдек чақнаб турибди...

Беш аср сўнгида буюк Алишер

Баҳри муҳит аро кезиб юрибди.

Шоир наздида шеърият – улкан бир уммон. Унда кезишни истаган ҳар бир ижодкор бамисоли бир қайиқ. Неча-неча қайиқларнинг денгиз тубига ғарқ бўлганига эса тарих гувоҳ. Беш аср ўтса ҳамки, Алишер Навоий кемаси аччиқ тўлқинларга кўкрак уриб, қитъалараро кезишдан тингани йўқ. Бу кема:

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш[2],–

дея башарият учун тотувлик, тинчлик, меҳру муҳаббат юкини ўз елкасига ортиб олган. Улкан кемага ортилган ҳар бир байт, ҳар бир мисра бемисл санъаткорлик маҳсули, олам-олам ҳикмат хазинаси. Шоир иқрори эса шундай:

Ҳаяжон кўнглимда, ҳайрат ақлимда,

Олис қирғоқдаман – бу нечук тимсол!!

Ярим минг йил оша ўзга иқлимда

Бундоқ учрашувни ким этмиш хаёл.

Навоий ижодининг шайдосига айланган Э. Воҳидов фақатгина ҳайратланиб қолмай ўзи ҳам ғазаллар бита бошлади. Аммо у арузга кириб келган вақтларда адабий жамоатчиликнинг катта қисми бу вазнни эскирган деб камситар, инсоннинг ички дунёсини тўла очиб бера олмайди, ижодкорни рамкага солиб қўяди, дея айблашар эди. «Бундан ташқари уни динга, ўтмишда қолган «нуқсон»ларимизга улаб, баттар ерга уришди. Шунга кўра мактабу олий ўқув юртларида ғазални ўрганишга юзаки ёндошилди, у ташлаб қўйилди».[3] Бу жараён нафақат ўзбек, балки бошқа туркий халқлар ва тожик адабиётида ҳам юз берди.[4] Мана шундай оғир бир вақтда Жамол Камол, Омон Матжон, А. Ориповлар билан бирга Э. Воҳидов ҳам аруз вазнида номигагина ижод қилиш уни яна-да ожизлантириб қўйишини, шунинг учун анъанага бадиий маҳорат билан ёндошиш лозимлигини амалий исботлашга бел боғлашди. «...халқимиз Навоий ва Фузулийлар, Ҳофиз ва Бедилларнинг гўзал ва теран ғазалларини билади. Унинг аруз вазнига диди ана ўшаларни ўқиб тарбия топган. Шу сабабдан жўн ва саёз мисраларнинг халқимиз орасида эътибор топмаслиги табиий.

Аруз адабиётнинг, умуман санъатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади»[5], – дейди айб вазнда эмаслигини тўғри англаган шоир.

Ниҳоят, сўзининг амалий исботи сифатида Э. Воҳидов «Ёшлик девони»ни яратди. Девон «Дебоча»сининг илк мисралари шундай бошланади:

Истадим сайр айламоқни

Мен ғазал бўстонида.

Кулмангиз, не бор сенга деб

Мир Алишер ёнида.[6]

Кўринадики, шоир Навоий билан сирлашишни, мутафаккир шеърларидаги маъно, образ ва усулларни янги талқинда куйлашни ҳавас қилади. Навоийнинг:

Зоҳид, сенга ҳур, манга жонона керак, 

Жаннат санга бўлсун, манга майхона керак[7],–

сатрларидаги зоҳидга хитоб қилинган нафас Э.Воҳидовнинг:

Ол ўзинг кошоналарни,

Менга кўй майхонани,

Барча ҳушёрлик сенга-ю,

Барча хумморлик менга[8], –

сатрларида ёрга лутф тарзида янгича уфуриб турибди. 

Ёрга ошиқ ёки ошиққа ёр ҳолидан хабар етказишни сабо (шамол, ел, шаббода)га хитоб қилиш Навоийнинг бир қанча ғазалларида учрайди. Мана улардан бири: 

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт, 

Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт.[9]

Ошиқнинг бу усулда ёр билан дардлашиши мумтоз адабиётда анъанага айланиб улгурган. Навоийшунос А. Ҳайитметовга кўра, бу каби ғазалларда Навоий ёрнинг «ҳеч қаерини асло хунук демайди, лекин у бевафо. Гўзал ҳусни билан ғурурга берилган ва гўзаллигидан ҳақиқий ошиғини ёки ошиқларини эмас, ўзига номуносиб кишиларни (рақибларни) баҳраманд қилади»[10]. Э.Воҳидовнинг лирик қаҳрамони ҳам:

Дилдорга нома ёздим,

Еткур ўзинг, мен ожиз,

Гул бўйларини боғдан

Келтирган эй, шаббода[11], –

дея шаббодага хитоб қилади. Шоирнинг маҳорати шундаки, унинг лирик қаҳрамони Навоий лирик қаҳрамони каби ёрни бадаҳду паймон, номусулмон, васлиға бир ваъда қилғандин пушаймон тарзида айблашни истамайди. У шаббодадан ёрнинг «кўнглига қайғу солма»сликни, дил шарҳини наво билан сўзлашини сўрайди. Яъни ёрнинг гўзаллигига махлиё бўлган ошиқ уни айблашдан ўзини тияди, ёр ҳам ўз ҳуснидан «ўзига номуносиб кишиларни (рақибларни) баҳраманд қил»майди. Унинг ёри ниҳоятда нозиктаъб:

Ҳасрат тўла сўзингдан

Озор топар нигорим,

Рамзи ишора бирлан

Қилгин уни ифода.

Навоий ёрнинг ташқи гўзаллиги тасвирланган ғазалларининг айримида «маъшуқанинг бир неча аъзоларини бирин-кетин таърифласа, бошқа баъзи ғазалларида унинг фақат бир аъзоси ёки характеридаги бир хусусиятнинг ўзинигина тасвирлаб кўрсатади»[12]. Э. Воҳидов «Кўзинг» ғазалида ёрнинг фақатгина кўзини тасвирлаш орқали ошиқ ҳолини баён қилади. Шоир кўзни шуълаафшон, шабистон, шоҳу султон, жоду, мовий осмон каби сифатлар билан тасвирлар экан, кўзга нисбатан уммон ташбеҳини қўллаши унинг санъаткорлигидан далолат:

Ҳисларимнинг елканида

Бир адашган йўлчиман,

Севги бўронин юборган

Чексиз уммондир кўзинг.[13]

Шоир мисраларга лиризмни шу даражада жо қилганки, ишқ билан боғлиқ тушунчалар (ҳис, севги, кўз) ҳам, бу тушунчалар ташбеҳи (елкан, бўрон, уммон) ҳам китобхон кўз ўнгида гўзал бир тасвирни уйғотади. Ёрнинг кўзи – чексиз уммон. Ошиқ – ҳиссиётларидан елкан ясаб йўлга чиққан йўлчи унга қанча термулмасин, сарҳад номаълум. Маъшуқа юборган Севги бўрони уни йўлдан, аниқроғи, эс-ҳушидан адаштирган. Ҳар қандай шеър, албатта, мантиқий изчилликка асосланмоғи лозим. Шеърдаги ошиқ ҳам, ўрмонга ўтин олиб борилмаганидек, уммонга сув келтиришни маъқулламайди – йиғлашни хоҳламайди:

Ёр кўзин уммон деб айтдинг,

Унга сув тўкмоқ нечун? –

Бас, ани кўрганда, Эркин,

Нега гирёндир кўзинг?[14]

Уммон сўзини ҳам ўз маъносида, ҳам кўчма маъносида қўллаш орқали яратилган сатрларда ўзига хос мантиқий боғлиқлик борлиги ўқувчининг ғашига тегмайди, аксинча завқ беради. Умуман, бу каби сўзни ўйната олиш усули Э. Воҳидов шеъриятининг ўзига хосликларидан биридир. 

Мумтоз адабиётда ўзга шоир ғазалига назира боғлаш, мухаммас боғлаш анъана сифатида мавжуд. Э. Воҳидов «Йўқ эмиш орзуда айб...» ғазалида эса на назира, на мухаммас боғламасдан Навоийнинг «Жонға чун дермен...» ғазали («Фавойид ул-кибар», 597-ғазал)ни мавзу ғоя ва услубда давом эттиради. Навоий ғазалида лирик қаҳрамон ишқ офати жонга қаердан келганлигини суриштиради. Жон жисмни, жисм бағирни, бағир кўнгулни, кўнгул кўзни, кўз маҳваш талъатини айбдор қилиб кўрсатади. Э. Воҳидов ғазали гўё бу ғазалга хотима ясайди, ҳукм чиқаради. Кўнгул икки жоду – кўзни айблайди. 

Бандга тушган бу кўнгулдур[15],

Менда, айтинг, не гуноҳ,

Дил кушига дом кўйган

Ул икки жодуда айб.[16]

Кейинги байтларни шоир ўзига хос услубда давом эттиради. Яъни кейинги «сабабчини» «айбланувчи» эмас лирик қаҳрамон белгилайди:

Жоду кўзлар банди ёлғиз –

Сен эмас, тутқун юрак,

Аввал охир кўҳна мерос

Ишқ деган туйғуда айб.

Навоийга кўра хулоса «ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати». Э. Воҳидовга кўра ишқ кўнгил майли, кўнгил эса Оллоҳ (азал)нинг мўъжизаси:

Эй кўнгил, ўз майлинг ила

Бўлдинг ишқ домига банд.

Излама энди баҳона,

Демагин у-буда айб.

«Ҳаётга, борлиққа яқин турган Навоий умр бўйи ўз лирикасини янги мазмун, янги ранг, янги товушлар билан бойитиб борди. У борлиқдаги гўзал нарсаларни, осмоний жисмларни, тоғдаги шабадаларни, йил фаслларини – ҳамма-ҳаммасини куйлади, бу билан ҳаётга чексиз муҳаббатини кўрсатди».[17] Э. Воҳидовнинг санъаткорона ташбеҳларига ҳам асосан гулу гиёҳлар, дарёю сойлар, осмон жисмлари, тоғу тошлар, табиат ҳодисалари асос бўлган. Тўғри «бутун инсониятни икки аср жараёнларида алғов-далғов қилган, ларзага солган, қонлар кечиб, шонлар топган йўриқлари, йўллари, чақмоқ янглиғ оловли чизиқлари унинг юрагидан ўтган ва шеърий акс садо берган»[18], лекин «Ғунча», «Сурма», «Тун билан йиғлабди булбул...», «Чашма», «Сарв», «Барг», «Шоҳигул», «Узум», «Гуллар базми», «Лола» каби кўплаб ғазаллари шоирнинг бетакрор ташбеҳли топилмаларига жуда бой. Буни шоир «шеъриятнинг ҳаётидаги курашчан вазифасини тушуниб етмагандан ёки шеърнинг ҳақиқат садоси, дардли юрак нидоси эканини билмаганимдан эмас, менинг руҳимга гўзаллик олами яқинроқ бўлганидандир, болаликдан Шарқ шеърияти руҳида тарбия топганимдан бўлса керак»[19], – дея изоҳлайди. У Шарқ шеърияти деганда, энг аввало, Навоий шеъриятини назарда тутган, бизнингча. Мана, шоирларнинг ғунча ҳақидаги мушоирасига эътибор берайлик. Навоийда: 

Гули рухсоринг аро бўлғали пинҳон ғунча, 

Рашкдин боғда пинҳон ютадур қон ғунча[20], –

дея лирик қаҳрамон ёрига гўзаллигини мақтар экан фирини боғда яширинган ғунчанинг рашкдан қон ютаётганлигига унинг жамоли сабабкорлигини ҳусни таълил санъати асосида ифода этади. Э. Воҳидовда эса тингловчи ёр эмас, балки лирик қаҳрамон тўғридан-тўғри ғунчага мурожаат қилади:

Барг остидан мулойим

Боққан иболи ғунча,

Не сирни саклагайсан,

Бағринг нечун тугунча?[21]

Бунда ғунча образи шунчаки қиёс воситаси эмас, лирик қаҳрамон мусоҳиби бўлганлиги учун фаолроқ. Ошиқ ўзининг ҳолатини ғунчага эш билади, у билан дардлашади. Ғунча кўкси қонлигига, уятдан қизарганлигига ошиқники каби ишқ сабаб. Лирик қаҳрамон у билан дардлашиб, сўроққа тутиб борар экан, ғунча ҳам ўзига хос ошиқ сифатида намоён булади:

Бўлдингми мен каби ё

Бир бевафога ошиқ,

Айт, севганингни сенга

Парвоси йўқми унча?

Адабиётшунос Ё. Исҳоқовга кўра «Ўзбек классик поэзияси ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга беихтиёр турлича қарашлар ва ғоялар ифодаси учун асрлар давомида актив хизмат қилган хилма-хил оригинал ташбиҳ ва сифатлашлар (эпитет), нозик истиора ва истиоравий образлар келади».[22] Ҳассос сўз устаси шеърни ташбеҳлардан шу қадар тўйинтирадики, оқибатда майда деталларгача, масалан, шудринг томчиси ҳам унинг синчков нигоҳидан яширин эмас:

Гулгун яноғинг узра

Бир томчи ёш кўрарман,

Кел, бирга дардлашайлик,

Уй-уйда йиғлагунча.

Навоий ғазалида ҳам ошиқ кўз ёш тўкади, лекин бунда, Э. Воҳидов ғазалидаги каби, табиат ҳодисаси (шудринг) инсон ҳолати (кўз ёш тўкиш) воситасида эмас, инсон ҳолати табиат ҳодисаси орқали ифода қилинади. Ҳусни таълилнинг ажойиб намунаси яратилади:

Кўз ёшимдин агар оғзингда эрур кулгу не тонг, 

Чун бўлур неча булут йиғласа хандон ғунча.

Э. Воҳидовнинг нарсанинг турли жиҳатларига эътибор бериб, майда деталлардан ҳам гўзал ташбеҳлар қила олиши мумтоз шоирлар ғазалларига боғланган мухаммасларинг ёрқин ва бетакрор бўлишига ҳам асос бўлган. Жумладан, шоирнинг Навоийнинг «Айлагач» радифли ғазалига боғлаган мухаммаси ғазал мавзусидан аён бўлганидек ёрнинг гўзаллиги ҳақида. 

Кўз очар гулшанда ғунча, булбул афғон айлагач,

Нега афғон айлай, ул гул юзни тобон айлагач,

Мисли ойким, кўрк очур сайри шабистон айлагач,

Ҳусни ортар юзда зулфин анбар афшон айлагач,

Шам равшанроқ бўлур торин паришон айлагач.[23]

Мухаммасга замин бўлган ғазал матлаъсини шоир ёр «сочини ҳар томонга ёйиб тараса, ҳусни ортади – бамисоли пилигини, торини тараб ёйиб қўйса шам равшанроқ ёнгандек»[24], дея шарҳлашдан аввал Навоий ижодхонасига кириб боради: «Шоир қўлида қалам, шеър хаёли билан банд. Унинг қаршисида майин нур таратиб шам ёниб турибди. Алишер қаламнинг учи билан шам пилигини ёйиб қўяди. Шам равшанроқ ёнади. Ана шунда шоир хаёлида шеър туғилади. Шам ёруғлиги ва куйдириши билан унинг кўз олдида севикли ёри бўлиб жонланади. Ахир унинг дил уйини ёритган, зулматли ҳаёт ичра унинг хаёлини чароғон қилган ва тунлар ҳижронида ўртаган ёр шам эмасми?» Энди у ҳам шу ижодхонада устоз қаршисида чўкка тушиб қалам сура бошлайди – устознинг ҳусни таълилни юзага чиқарган гўзал «ёлғон»и олдида шогирд ҳам латиф «ёлғон» қўшса нима бўлибди! Ёрнинг ёйилган сочи ҳуснни орттиргани, тор (пилик)нинг паришон қилиниши шамни равшан қилгани каби булбулнинг афғон чекиши ҳам ғунчанинг кўз очишини тезлатади. Дарвоқе, шам қоронғуликни ёритади. У ёруғликда керак эмас. Ой ҳам шабистонда қадрли – кўркам. Бу каби инжа сатрлар билан шогирд ҳам устоз мухлисларини айни ўзиники каби шеърият дунёсида сайру саёҳат қилдиради.

Э. Воҳидов Навоийнинг «То муҳаббат дашти...», «Ҳар қачонким кемага ул ой...» ғазалларига боғлаган мухаммасларида ҳам буюк шоирнинг ғояси, услуби ва дардига тўлақонли эш бўла олган. 

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур, 

Мавжлуғ дарё киби ошуфта кўгнглум қўзғалур,[25]–

сатрлари билан бошланади ғазаллардан бири. Байтдаги гўзал қиёсга кўра, ёр (ул ой) ҳар гал кемада саёҳатга чиқар бўлса, ошиқ кўнгли «мавжлуғ дарё киби» тўлқинланади. Мухаммасда эса тасвир янада аниқроқ кўринади. Ундаги сатрлар ғазалга ўзига хос экпозиция вазифасини ўтайди. Ошиқ кўнгли «мавжлуғ дарё киби» тўлқинланишининг сабаблари ҳассослик билан куйланади. Ошиқнинг фироқда «соҳилда бир жисм» билан қолиши , ёрнинг ошиқ жонини олиб йироққа кетиши – «айрилиқ они». Ёр ҳар гал кемада саёҳатга чиқар бўлса, ошиқ кўнгли «мавжлуғ дарё киби» тўлқинланишининг боиси шундан:

Айрилиқ они яқиндур, кема йўл бонгин чолур,

Ваҳ, мени ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур,

Жон бориб жоно билан, соҳилда бир жисмим қолур,

Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур, 

Мавжлуғ дарё киби ошуфта кўгнглум қўзғалур.

Шеър, энг аввало, дард маҳсули. Шоир шеърда нафақат ўзининг, балки жамият, инсониятнинг ғам-қайғусини қанчалик ўткир акс эттира олса, шеър шу қадар таъсирли бўлади. Э. Воҳидов Навоийнинг «Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни...» ғазалини шарҳлар экан, «фалак бедодидан, замон бедодидан шоирнинг чеккан ноласи бўлиб, неча асрлар оша девондан девонга кўчирилиб, оғиздан оғизга ўтиб, ҳам китоб варақларида, ҳам қўшиқлар қанотида бизгача етиб келди», дея унинг асрлар оша ўз қадрини йўқотмаганлигига ҳаққоний изоҳ беради. Э.Воҳидов ҳам:

Кўп жафолар кўрди олам,

             Кўз юмиб қилсам хаёл,

Мисли сайёд тиғи мажруҳ –

             Айлаган оҳу замон[26], –

каби сатрларда замон (дунё)га нисбатан умумлашма фикр-мулоҳазаларни баён қилади. 

Атоқли ва севимли шоиримиз Э. Воҳидов бир умр Навоийнинг муҳиби бўлиб яшади. Шоирнинг шеърияти ўқувчига такрор-такрор Навоийни эслатиб туриши бунинг ёрқин далили. Унга: 

Айт-чи, шоир, учар бўлсанг фазоларга,

Кўчар бўлсанг Ой, Ҳулкару Зуҳроларга,

Йўлга Ердан нималарни олар эдинг,

Сен кемангга нималарни солар эдинг?[27] – 

деб савол берганимизда шоир энг зарур нарсалари орасида, албатта:

Навоийнинг, Фузулийнинг шеърларини

Олар эдим, олар эдим мен барини.

Буларсиз мен учмоққа ҳеч розимасман,

Фазоларга кўчмоққа ҳеч розимасман, –

жавобини бериши тайин. Чунки Э. Воҳидов «ўзи билан шеър хазиналарини олиб юради. Унинг билан бирга Навоий юргандек, Фузулий юргандек, Гёте юргандек, Гейне юргандек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Чўлпон юргандек... Уларнинг шеърларини ўз шеърларидек ўқийди. Уларни сўзлатади, тилга киритади – етган ерига шеър хазиналарини етказади, борган ерига шеър хазиналарини етаклаб боради».[28]

 

АДАБИЁТЛАР:

1. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 360-361-бетлар.
2. Алишер Навоийнинг 570 йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилган халқаро конференциядаги маърузасида Э. Воҳидов байтдаги ёрлиқ сўзи ийҳом санъати асосида икки маънода – дўстлик ва мақтовли маъноларида қўллаганлигини илк бор таҳлил қилиб берган эди. Бу шоирнинг Навоий ижодининг нозик дидли билимдони эканлигидан далолатдир. 
3. Камол Ж. Умрим, ҳайрат билан қайларга етдинг / Ёшлик. 1993. 12-сон. 9-б.
4. Бу ҳақда қаранг: Юнусов М. Традиция ва новаторлик проблемаси. Т.: Фан. 1965. 19-25-б.
5. Воҳидов Э. Шоиру шеъру шуур. Т., 1987. 21-б.
6. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 114-б.
7. Навоий А. Тўла асарлар тўплами. Х жилдлик. I жилд. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2011. 737-б.
8. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 116-б.
9. Навоий А. Тўла асарлар тўплами. Х жилдлик. II жилд. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2011. 90-б.
10. Ҳайитметов А. Навоий лирикаси. Т.: Ўзбекистон. 2015. 127-б. 
11. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 120-б.
12. Ҳайитметов А. Навоий лирикаси. Т.: Ўзбекистон. 2015. 129-б.
13. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 131-б.
14. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 131-б.
15. Бизнингча бу сатр «Бандга тушган бу кўнгул дер» тарзида ўқилгани маъқул. Чунки иккинчи сатр айнан кўнгул тилидан сўзланмоқда (–Ҳ.М.).
16. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 126-б
17. Ҳайитметов А. Навоий лирикаси. Т.: Ўзбекистон. 2015. 127-б.
18. Ғафуров И. Эркин Воҳидов сайёраси. / «То қуёш сочгайки нур». Т.: O’zbekiston. 2016. 4-5-б. 
19. Воҳидов Э. Шоиру шеъру шуур. Т., 1987. 14-б.
20. Навоий А. Тўла асарлар тўплами. Х жилдлик. II жилд. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2011. 561-б.
21. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 118-б.
22. Исҳоқов Ё. Навоий поэтикаси. Т.: Фан. 1983. 108-б.
23. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 205-б.
24. Воҳидов Э. Сўз латофати. Т.: O‘zbekiston. 2014. 129-б.
25. Навоий А. Тўла асарлар тўплами. Х жилдлик. I жилд. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2011. 190-б.
26. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 55-б.
27. Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 162-б.
28. Ғафуров И. Юрак мулкидаги кашфиётлар. // Воҳидов Э. Сайланма. 1-жилд. Ишқ савдоси. Т.: Шарқ. 2000. 7-б.

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register