0
1 211
PDF

EXCISE TAX: GENERAL AND SPECIAL

Abstract

The article examines the economic essence, feature, fiscal significance of the excise tax, and also developed proposals for improving the excise tax.

Keywords

tax system, taxation, excise tax, excisable goods, tax rate, customs duty, sales tax

Мамлакатимизда солиққа тортиш тизими ва солиқ маъмурчилигини, шу жумладан, акциз солиғини ундириш механизмини такомилаштириш масалалари бугунги кунда долзарблиги билан аҳамиятлидир. 1992 йилдан, республикамизда акциз солиғи илк бора жорий қилинганда бери, доимий равишда уни ундиришнинг мақсадлилиги, миқдори, товарларнинг импортида, шу жумладан, МДҲ давлатларидан, ҳамда солиқни ҳисоблаш ва ундириш тартиби бўйича баҳсли мунозаралар олиб борилмоқда. Шу сабабли, республикамизда акциз солиғини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини тадқиқ этиш ҳамда шу аснода баҳсли масалалар ечимини ишлаб чиқиш билвосита солиққа тортиш ва солиқ маъмурчилигининг назарий омиллари ҳамда жаҳон тажрибасини тадқиқ этиш ва таҳлил этиш нуқтаи назаридан олиб қарагандагина мақсадга мувофиқдир.

Шуни таъкидлаш жоизки, акциз солиғи турли иқтисодий ривожланиш босқичларида бўлган қатор давлатларда билвосита солиққа тортишнинг самарали шакли сифатида эътироф этилади. Шу билан бирга акциз солиғи ҳозирги кунда жаҳон солиққа тортиш амалиётида мувафаққиятли қўлланилмоқда. Акциз солиғининг қадим даврлардан ҳозирги кунга қадар бу даражада кенг тарқалишининг асосий сабаби, фискаллигининг аҳамияти ва йиғувчанлик даражасининг юқорилигидир. Бу ҳақда, ҳатто 1666 йилда француз иқтисодчиси Ф.Дэмэзон таъкидлаб ўтган эди: “акцизнинг биргина ўзи бошқа барча солиқ тушумлари ва ундан ҳам кўпроқни беришга қодирдир”.[1]

“Акциз” термини, қатор тадқиқотчилар фикрича, голландча - exijs (қадим французча accise) сўзидан келиб чиққан бўлиб, “солиқ солиш мақсадида баҳолаш” деган маънони англатади. Бундан ташқари қуйидаги мулоҳаза ҳам мавжуддир, яъни “акциз” сўзи лотинча accidere (кесиб олмоқ, кесмоқ) сўзидан олинган бўлиб, солиқ солиш мақсадида идишда мавжуд бўлган ичимлик миқдорини ўлчашда фойдаланиладиган махсус чўпдаги кертма белгини англатган. 

Акциз солиғи оммавий турдаги истеъмол товарлари (хизматлари)га солинадиган эгри солиқ тури бўлиб, маҳсулот баҳоси (ёки хизматлар тарифи)га устама шаклда ўрнатилади ҳамда шу тариқа охирги истеъмолчи зиммасига юклатилади. 

Акцизлар моҳиятан индивидуал ва универсал акцизларга бўлинади. Индивидуал акцизлар моҳиятан ва табиатан универсал акцизлар — қўшилган қиймат солиғи, сотувга солинадиган солиққа ўхшаш бўлиб, чекланган товарлар гуруҳига солиниши билан улардан фарқланади. Одатда акцизга тортиладиган товарлар, умумий характерга эга бўлиб, ушбу товарларга бўлган талаб даромад даражасига нисбатан паст эластикли(эгилувчан)дир. 

Иқтисодиётнинг трансформациялашуви даврида акциз солиғи биринчилардан бўлиб жорий этилади, чунки ушбу солиқни жорий этиш ва унинг тўланиши устидан назоратни амалга ошириш нисбатан осон кечади. Бундай маъмурий афзалликлар солиқ органларининг солиқни ундиришда бухгалтерия китобларига таянишлари ўрнига, балки маълум бир товарларнинг натурада ифодаланган физик ҳажми устидан назорат қила олиш имкониятларига эгалигидан келиб чиқади. 

Тарихан, акциз солиғи истеъмолга эмас, балки ишлаб чиқаришга солинадиган солиқ ҳисобланган, яни ишлаб чиқариш жойининг ўзида ишлаб чиқарувчилардан ундирилган. Акциз солиғи маҳсулот бирлигига қатъий белгиланган суммада ёки товар қийматига нисбатан фоизда белгиланиши солиқнинг маъмурий афзаллигини янада тўлдиради. Бундан ташқари, акциз солиғи, айниқса маъмурий харажатлар бирлигига нисбатан ҳисоб-китоб қилинганда, агар акциз ости товарлари гуруҳи пухта ўйланиб, чекланган товарлар гуруҳини ўз ичига олса, юқори даромад келтириши мумкин.

Акциз солиғининг бошқа истеъмол солиқлари ва мажбурий тўловларидан асосий фарқи: биринчидан, уларнинг амал қилиш доирасининг ўзига хослиги — аниқ бир товар (хизмат) ёки товарлар (хизматлар) гуруҳи истеъмолига қўлланилиши, иккинчидан, эквивалентсиздир. Биринчи хусусият акциз солиғини кенг қамровли солиққа тортиш базасига эга бўлган истеъмол солиқлари — қўшилган қиймат солиғи ёки сотувга солинадиган солиқдан фарқласа, иккинчи хусусият — жамоатчилик товарлари ва хизматларидан фойдаланганлик учун тўланадиган турли тўловлар ва йиғимлардан ажратади.

Бажарадиган функцияларидан келиб чиққан ҳолда акциз солиғини асосий уч гуруҳга бўлиб ўрганиш мумкин: биринчи гуруҳга, анъанавий акциз солиғи (алкогол ичимликлари ва тамаки маҳсулотларига) киради. Мазкур гуруҳдаги акциз солиғини ундирилишидан асосан иккита мақсад кўзланади: ижтимоий зарар маҳсулотлар истеъмолини чеклаш ҳамда фискал, иккинчи гуруҳга, нефть ва нефть маҳсулотларига солинадиган акцизлар киради, учинчи гуруҳ ҳашам буюмларга солинадиган акциз солиғини ўз ичига олиб, одатда аниқ йўналтирилган фискал мақсадни кўзламайди. Бундай гуруҳдаги акциз солиғи аксарият ҳолларда қайта тақсимлаш функциясини бажаради, чунки мазкур буюмлар истеъмолчиси аҳолининг бой қатлами ҳисобланади. Бундан ташқари, қуйидаги бошқа мақсадларни ҳам айтиш жоиз, масалан, капитал сиғими юқори бўлган ишлаб чиқариш маҳсулотларига айрим давлатларда ҳашам буюмлар сирасига мансуб товарлар (автомобиллар, қимматбаҳо электроника маҳсулотлари ва ҳ.к.)га акциз солиғини солиш орқали меҳнат сиғими юқори бўлган соҳаларни рағбатлантириш, импорт товарларига солинадиган божхона божларига қўшимча равишда акциз солиғини жорий этиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш ёки ташқи савдо балансини яхшилаш мумкин.

Ўтиш даври иқтисодиёти оқилона йўлга қўйилган солиққа тортишнинг акцизли тизими орқали ижобий натижаларга эришиши мумкин, чунки акциз солиғи орқали ўтиш даврининг дастлабки босқичларида солиқли тушумларнинг сезиларли даражадаги салмоғини шакллантириш мумкин. 

Акцизли солиққа тортиш тизимини ташкил этиш нисбатан содда бўлиб, солиқ органлари хизматчиларининг бозор иқтисодиёти доирасида амалга ошириладиган битимли товарлар билан ишлаш борасидаги тажрибаларини оширади. Бундай тажриба қўшилган қиймат солиғи ва даромад солиғи билан ишлаш учун зарур бўлган аудит ва назоратнинг мураккаб усуллари асосини ташкил этишга ёрдам беради. Шу тариқа, акциз солиғи, бир томондан, иқтисодиёт ривожланаётган бир пайтда транзит давр қийинчиликларини енгиб ўтишда зарур бўладиган молиявий даромадларни таъминласа, иккинчи томондан, солиқ органларининг солиққа тортишнинг янги янада мукаммал бўлган усулларига ўтишга ёрдам беради. 

Тадқиқотларимиз сўнгида акциз солиғини ундириш механизмини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги таклифларимизни келтириб ўтишни жоиз топдик, жумладан:

  • ижтимоий зарар ҳисобланган ёки салбий оқибатларни юзага келтирувчи товарларга нисбатан акциз солиғининг қўлланилиши маълум бир ижобий томонларга ҳам эгадир. Бундай солиққа тортиш маълум бир маънода хавфли нархи баланд товарлар истеъмолини чеклашга хизмат қилади, масалан, улар сирасига алкогол ичимликлари ва тамаки маҳсулотлари ёки истеъмоли атроф-муҳитни ифлослантирувчи бензин ёки ёқилғининг бошқа турлари киради. Бундай билвосита нафлилик солиқнинг қўшимча натижавийлигини юзага келтиради, бироқ кўпгина акцизлар одатда (шундай бўлиши ҳам керак) солиқли тушумларга эга бўлиш мақсадида жорий этилади;
  • Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган энергетик ичимликлар (кофеин моддаси юқори бўлган энергетик ичимликлар) ҳамда таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз салқин ичимликларга акциз солиғини жорий этиш лозим;
  • Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 283-моддаси 7-бандида бензин, дизель ёқилғисини якуний истеъмолчиларга реализация қилишни, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали, шунингдек газни газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш пунктлари орқали реализация қилишни амалга оширувчилар акциз солиғини тўловчилар сифатида эътироф этилган. Бизнинг-ча, солиқ тўловчилар таркибидан бензин, дизель ёқилғисини якуний истеъмолчиларга реализация қилишни, шу жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали, шунингдек газни газ тўлдириш станциялари ва газ тўлдириш пунктлари орқали реализация қилишни амалга оширувчиларни чиқариб ташлаш лозим;
  • Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигига мувофиқ, акциз солиғи нарх таркибида ва қўшилган қиймат солиғи базасида ҳисобга олинади. Шундан келиб чиқиб, солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига акциз солиғи солинадиган товарларни импорт қилиш вақтида қўшилган қиймат солиғи солиш базасида божхона божи ва акциз солиғи суммаси ҳисобга олинади. Фикримизча, бу ерда солиқни ундириш механизми бироз бузилади, яъни қўшилган қиймат солиғи солиш базасига акциз солиғи ва бож суммалари ҳам киритилади. Яъни, солиққа тортиладиган базага олдин ундирилган акциз солиғи суммаси ҳам киритилмоқда, бу тўланган солиқ учун яна солиқ тўлаш демакдир. Бу солиққа тортишнинг аниқлик ва адолатлилик тамойилларига мос келмайди.

Юқорида таъкидланган таклиф ва мулоҳазаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши акциз солиғидан истеъмолни тартибга солувчи ва ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи восита сифатида фойдаланиш имконини беради, иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида акциз солиғини такомиллаштириш жараёнини тезлаштиради ҳамда миллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш орқали бюджет даромадларининг кўпайишига замин яратади.

 


[1] Малов В.Н., Кольбер Ж.Б. Абсолютистская бюрократия и французское общество. -М.: «Наука», 1991. C.90

1
0
0

Information about the author

ID: 6405789295

Shodiyev Olimjon
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Ilmiy darajasiz

  • Scientific title Dotsent (katta ilmiy xodim)

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register