0
1 125
PDF

SATIRICAL EXPRESSION IN OMON MATJON'S POETRY

Abstract

The article analyzes the satirical poems of Amon Matjon, the ideas presented in them. It also discusses the specific aspects of satire in the poet's poetry.

Keywords

satire, satirical expression, satire, critical poem, poetic thought, image, lyrical character, idea.

Author

Мунисжон ҲАКИМОВ ЎзР ФА Тил, адабиёт ва фольклор институти илмий ходими

ОМОН МАТЖОН ШЕЪРИЯТИДА САТИРИК ИФОДА

 

Мунисжон ҲАКИМОВ

ЎзР ФА Тил, адабиёт ва фольклор 

институти илмий ходими

 

Адабиёт фақат баландпарвоз гапу, ижодкорлик шу баландпарвозлик орқасидан қорин тўйдириш дегани эмас. Агар шундай бўлганида Абдулла Қаҳҳор унинг «кучини ўтин ёришга сарф»лашни тавсия этиши тайин эди. Жумладан, ўзи ишонгиси келмаган шеъри билан шеърхонни ишонтирмоқчи бўлган шоир юксаклик эмас, тубанлик сари ҳаракат қилади. Аксинча, баландпарвозликдан холи, ҳақиқат куйланган шеър ўқувчи қалби ва шууурида бетакрор из қолдиради. Чунки бунда шоир ўқувчи билан ҳамдард, ҳаммаслак. Шеърхон гўё шоирнинг лирик қаҳрамони. 

Омон Матжон шеърияти билан таниш ўқувчи ана шундай хулосаларга келиши табиий. Унинг мақтов, фахр, тантанаворлик акс этмаган, сатирик ва танқидий шеърий асарлари ҳам адабиётнинг бош мақсадига хизма қилади – виждон билан ҳисоблашишга, нафсни тийишга, эзгуликни улуғлашга, ҳалол ва ҳаромни фарқлашга, инсониятни ўзаро тотувликка, Ватанни севишга чорлайди. Гапни чувалаштириб ўтирмасдан мисолларга мурожаат этайлик. Мана, унинг «Бозор ҳазили» шеъри. Шеър 1992 йил – мустақиликнинг илк йилларида ёзилган. Деҳқон ҳам, ҳунарманд ҳам – барчаси ўз маҳсулотининг эгасига айланиб ўзи сота бошлади: «Ўз жойида муқим нарса қолгани гумон, Алиш-алмаш, айирбошлаш замони келмиш». Хўш, эркинлик замонида ҳар ким ўз мулкидан хоҳлаганидек фойдаланса, нима бўлибди? Қолаверса, қадимда ҳам бу ерлардан савдо карвонлари ўтган, қимматбаҳо буюмларни бизнинг маҳсулотларимиз билан айрибошлашган. Лекин шоир масаланинг бошқа жиҳатига эътиборни қаратади. Ўз мулкига эга бўлиш дегани уни хоҳлаганча ва хоҳлаганга сотиш мумкин дегани эмас: 

 

Наҳот, фойда, тама яшар миллатсиз, ерсиз,

Катта-кичик алишмоқда не тушса қўлга! [1]

 

Шоир шу ўринда тиниб тинчимаган халқни болариларга қиёслайди. Лекин боларилар «ўз иши-ла банд... Сал хавф сезса, бир-бирига қалқону вобанд». Ҳаётда ҳам меҳр, одамийлик, бирлик, ўзлик каби тушунчаларни асраб қолиш жуда муҳим. Уларни йўқотган халқнинг ўзи йўқолишга маҳкум. Шунинг учун шоирнинг қарори қатъий:

 

Халқим! Агар истиқболинг тағин булутли, 

Ўтолмасанг олди-сотди, нафдан нарига –

Алишаман, сотвораман сени бир қути,

Бир жамоа, бир аҳил уй асаларига! (15)

 

Сўз Омон Матжоннинг миллат тақдири билан боғлиқ сатирик шеърияти ҳақида борар экан, бу жиҳатдан унинг «Ажойиб ғалабалар» шеъри ҳам эътиборни тортади. Шеър собиқ Иттифоқ халқларининг етмиш йил мобайнида эришган «минлаб ташбеҳлар билан жисми жонимизга томирлаб кетган» ғалабалари, зафарлари хусусида. Лекин шоир улардан ғурурланишга шошилмайди. Моҳият ва натижалага эътиборни тортади. Ғалаба албатта ғолибнинки. Мағлуб эса «басир, қул, ризқи ҳам нимчорак». Инқилобдан сўнг халқнинг мулкига эгалик қилган дея бойларни қулоқ қилдик. Уларнинг бойликлари эса халққа қайтарилиши ўрнига ташиб кетилди. Шунинг учун бу «ғалаба»дан сўнг ҳам «камбағалнинг тўймади қорни». 30-40-йилларда «Биз элни, илмни, оламни билган Халқнинг «душман»ларин «енгдик» беомон!» Мустамлакачиларга зиёлиларимизни ўз қўлимиз билан тутиб бериб эришган бу «ғалаба»миз эса аввалгисидан ҳам ўтиб тушди. Энди босқинчилик сиёсатини амалга ошираётганларни ҳисоб беришга мажбур қиладиган кишининг ўзи қолмади. Аслида эса ҳақиқий халқ душманларига енгилдик. Жамият фақатгина роботдек ҳеч қаршиликсиз буйруқни бажарадиган бўлиб қолди. «Ғалаба»ларимиздан яна бири Иккинчи жаҳон урушида «газанда Гитлерни – қора балони девни чивин билан ҳайдаган мисол» енгганимиз. Ачинарлиси шуки бу жангга иттифоқлик, хусусан, марказий осиёлик жангчилар ҳеч қандай қуролсиз ва таёёргарликсиз киритилаверган. Инсон қадри билан ҳисоблашишни, айниқса марказий осиёликлар ҳақида гап кетганда, хаёлга ҳам келтиришмас эди. Кам сонли душманга қарши беҳисоб қурбонларимизнинг дарё бўлиб оққан қонига бўялган «байроғимиз – ол!» Бироқ биз яна мустамлакалигимизча қолавердик, мағлублар тараққиётда биздан илдамлаб кетди: «Еттинчи осмонда яшар ҳур, озод!» 

Пахта ҳосилини етиштириш учун чўллар, қўриқ ерлар ўзлаштирилди. 1944 йилда Ўзбекистон 820 имнг тонна пахта топширди. «Бу ўзбек деҳқониннг эришган катта ғалабаси эди». [2] Бу «ғалаба»нинг ўзига хослиги шундаки, «ҳосилни эгамас, ҳашарчи бўлиб» топширдик. Унинг тақдири ва фойдаси бизга бегона. 

Ана шунақа ур-сурли «ғалаба»ларни кетма-кет забт этавериб, фақат моддий бойликларниигна эмас, маънавий бойликларимизни ҳам қўлдан бера бошладик. Миллий байрамларимизу урф-одатларимиз томоила унитилаёзди. Шунча «ғалаба»га эришган миллатнинг тили Давлат тили сифатида қаноатлантирилмади. Иттифоқ аталмиш «қонли кема» бизни минглаб йиллик тарихимиз ва маданиятимиз қирғоқларидан олисларга олиб кетди. 

 

Во ажаб! Биз қанча зафар қозонсак,

Шунча бор қул, қарам бўлиб қолибмиз! (85)

 

Халқимиз пешонасига ана шундай «ғалаба»ларнинг битишига ҳам ўзимиз сабачи. Чунки амирлик ва хонликларга бўлинга ҳолда бир-бири билан зиддиятда бўлган учта давлат Чор Россиясига қарши курашда бирика олмади. Буюк Темур давлати ўрнида ана шу парчаланган ҳокимиятлар ҳукмронлик қилди. Шоирнинг мана бу тўртлигида ана шундай ҳолат ўзига хос сатик тарзда ифодасини топган: 

 

Иккига бўлинди бир гуруҳ ўртоқ,

Интилиш озайди – торайди сўқмоқ.

Бир ялов остида эдилар энди

Чити мунда қолди, мунида – таёқ. (29)

 

Бир байроқ остида ҳаракат қилувчи миллат иккига бўлиниб мол-мулкни тенг бўлишган. Ҳаттоки байроқни ҳам. Лекин иккига бўлинган байроқ энди оддий латта ва таёқдангина иборат матоҳ. Энди улар миллат эмас, оломон. Оломоннинг бошига эса хоҳлаган кўйни солиш мумкин. Даҳо шоиримиз А. Ориповга кўра бу жамият «Машраб осилганда» ҳам «Чўлпон отилганда» ҳам томошага ўч холос. Чунки бу жамият аъзолари иккиюзламачилик ва ёлғончиликдан тап тортмайдиган, ўз манфаати йўлида ёлғонни – ростга, ростни – ёлғонга тўнкариб тураверади. Бу жиҳатдан Омон Матжоннинг «Бу – ёлғон!..» шеъри эътиборга молик. Шеърда шоир «ёлғон» сўзини турли кўринишда турли шахслар тилидан сўзлатади. Шу биргина сўзни айтиш орқали кимдир «эрка, тўқ», «ингранади кимдир бағри қон», «ишшайди биров», «кўкракка муштлади кимдир». «Эрка, тўқ»лар ҳақиқат юзига оёқ қўйсалар, «бағри қон»лар ҳақиқат исташади. «Ишшайган биров»лар «ифлос виждон билан ғолиб» (А. Қодирий) бўлсалар,  «кўкракка муштла» «пок виждон билан мағлуб», «ҳақиқа йўлида боши кетса, «их» демай»диганлар (А. Қодирий).  Хуллас,

 

Шундоқ, битта рост сўз айтилгунича

Ким қанча жонларнинг умиди сўнди.(317)

 

Омон Матжоннинг «Табиатнинг «Қизил китоб»ига» шеърида ҳам экологик муаммолар билан бирга виждон, садоқат, дўстлик каби инсоний туйғулар ҳақида сўз юритилади. Шоирнинг бой поэтик тафаккури бу тушунчаларни «Қизил китоб» билан муносабатга кириштиради. «Қизил китоб»да қирилиб кетаётган ўсимлик ва жонзодлар номи киритилиб улар асраб қолишга ҳаракат қилинади. Демак, «Қизил китоб» қайсидир маънода «нажот элчиси бўлса, етди унга кўп гап ёзмоқнинг пайти!» Биринчи галда самолёту машиналардан чиқаётган заҳарли тутунлар туфайли ноёб бўлиб қолаётган тоза ҳавони, кейин тоза сувни ёзишни хоҳлайди шоир. Сўнг китобхон диққатини у инсоний муносабатларда йўқолиб бораётган тушунчаларга қаратади. «Кимлар пур-тўкин, Кимлар энг охирги бир кўмакка зор!» Унинг наздига кўра «қиймати буюк» ДЎСТЛИК, «собит ЭЪТИҚОД», табаррук УДУМларни ҳам топиш мушкул. 

 

Удумлар наинки бир-икки авлод,

Бир Халқ тақдиридан шаҳодатнома! (143)

 

Омон Матжоннинг «Фалончининг фикри», «Гўдак феълли дўстимга» шеърларида жамият ва шахслар характеридаги иллатлар аёвсиз кулгуга тортилади. «Фалончининг фикри» шеърида таъма кутувчи амалдорларнинг сансоларчилиги, мансабни суистеъмол қилиши фош этилган. Янги ихтиро тасдиқдан ўтиши учу ҳакам олдига қўйилади. Аммо у «лом-мим – кутганмиш бир кишини». Иш ҳақида бирор мард фикр билдирмабди. Ихтирочи «баланд»га кўтарилаётганда:

Фалончи сўз қистирибди:

 

«Ёш-да... Ғўр-да... Аланга!... (274)

– дея уни ишдан ҳам, тақдирловдан ҳам қолдириб юборишади. Хуллас, унинг «ичган бир култ ароғи»ю бировнинг қизи билан саломлашгани ҳам унинг бошига битган бало бўлади. Чунки ихтирочи «ўзни мағрур тут»ган, «фалончи»ни эсламаган, «фалончи»га ёқмайдиган кийим кийган. У «Шахс»ларга ёқиш учун:

 

Хушомадни ва «хўп-хўп»ни 

Ҳужжат – қасам қилиб ол... (275)

 

Муаммолар осон ҳал бўлишини истаган киши шунга одатланиши керак. Иккиюзламачи ва амалпарас кимсалар учун истеъдод, қалб – сариқ чақага ҳам арзимас тушунчалар. «Фалончилар қилмагунча мурувват» икки дунё қоронғу уларга. Айнан шулар – ўз тинчи, қорин ғами учун яшайдиганлар миллатнинг эрки, ғурурининг топталишига сабаб бўлмаганмиди? Шунақалар сабаб Абдурауф Фитрат Мириих юлдузидан:

 

Борми сенда бизим каби инсонлар,

Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар? [3]

дея нажот тиламаганмиди?

«Гўдак феълли дўстимга» шеърида эса шахслар характеридаги қусурларни болага хос хусусиятга қиёслаш орқали қаттиқ кулгу остига олади. Бола қилган хатолари учун тез-тез катталардан дакки эшитади, ўрни келганда жазоланади, сўнг йиғлайди, узр сўрайди. Бу ҳолат катталарда йўқ дейсизми?

 

Йўқса, ҳар қадамда нечун хатолар, 

Нечун шунча йиғи ҳам илтижолар?! (148)

 

Болага хос нафснинг қули бўлиш катталарда ҳам бор. «Йўқса, не учундир бунча тўймаслик?» Ёмони шуки, боланинг нафсини бирор егулик ёки ўйинчоқ билан алдаш мумкин, лекин катталарнинг нафси ўпқон мисоли ҳамма нарсани ўз домига тортаверади. Ёш болада тақлидга мойиллик кучли – катталардан эшитганини такрорлаб юради. Шоир катталардаги лаганбардорлик, «соясига салом бериш» каби иллатларни шунга ўхшатади:

 

Йўқса, нима учун катталар зинҳор 

Не десалар шуни қиламиз такрор?! (148)

 

Шеър сунгида кулгунини салмоғи кулминация талабига кура ортади. Энди шоир айрим шахларни эмас миллатни гўдакка қиёслаш билан шеър талабига хос образлиликни яратади. Яъни бирор нимани талаб қилаверган ёки йиғлаётган болани катталар алдашади, овутиша. Агарда ҳеч имкони бўлмаса, онаси уни ухлатади. Шўро мафкураси таъқиби ва таъсирида ўтган етмиш йилиги тасаввуримизни ҳам, тафаккуримизни ҳам гўдакники сингари тутишга уринилди. Миллатнинг Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Файзулла Хўжаев, Усмон Носир каби уйғоқ вакиллари қатағон қилинди. Минг йилликлар оша шаклланган цивилизациямиз таъқибга учради, тарихимиз тўғри баҳоланмади. Бу қилмишларнинг ҳаммасида миллатимизнинг ўзлигин эсламаслик, мустамлака бўлиб қолиш, ЭРК, ОЗОДЛИК каби тушунчаларни ёдга олмаслик кабилар мақсад қилиб олинга эди:

 

Йўқса, не учундир шунча овутмоқ,

Шунча алдаб, шунча уйқуда тутмоқ?! (148)

 

Шернинг 1975 йилда ёзилганлиги тутқич билмас тўлқинларнинг шоир қалбидан ўша мафкура ҳукмронлик қилган даврлардаёқ отилиб чиққалигидан далолат! Чунки ҳақиқий ШОИР қалбида замон ва макон пойлаб турмас дардли туйғулар жўш уради.

Шоир ижодида Ватанни асраш, Юртга содиқлик шу даражада кучлики, унинг поэтик тафаккури «Плайнзликларнинг антиқа ирими»да ҳам бу борада ўзига хос образлилик ярата олган. Шоир 1979 йили АҚШнинг Плайнз шаҳри дўконларидан бирига кирганида деворда игналар қадаб ташланган харитага кўзи тушади. Сотувчи қиз шоирга одатни тушунтиради:

 

– Сайёҳ қайси юртга қаймоқчи бўлса,

Ўша жойга мана, игна қадасин! (230)

 

Мана шу оддий деталь тўққиз банддан иборат каттагина шеърга таяч – тугун вазифасини ўтаган. Хўш, қаҳрамонимиз игна қадайдими, йўқми? Қадаса, нима бўлади? Қадамасачи? Шоир игна қадашни ватанига хиёнат деб билади ва таклифни рад этади. 

 

Юртимиз қалбини бир бор кўрсайдинг,

Найзалар ўрнини минглаб битмаган.

Доро, Искандарлар тиғ урган унга,

Энди мен санчишим гўё етмаган. (230)

 

Араблару Чингиз басқиларида тўкилган қонларда «Океанлар косадан чиқарди». «Ҳатто тож-тахт деб ўз элин» не-не хонлар қон тўкмади бу юртда. Шундай бағри хун ва яра юртига шоир қандай қилиб игна санчсин! Узоққа бормай Иккинчи жаҳон урушини эсга олинг – «Гитлер ўзбек тупроғига отмаса-да ўқ» жангга кетган ватандошларимиздан келган «қўрғошиндан оғир қорахатлардан» ҳар бир оиланинг бағри кемтик. Ўқувчи энди бир тўхтамга келади: қаҳрамонимиз игнани қадамайди! Йўқ, у игнани қадайди ва бунга тайинли асос топа олади: 

 

Юртга игна санчмоқ нечоғлик оғир,

Лекин қайтиб бориш истаги зўрроқ! (231)

 

Араблару Чнгиз босқинига қарши ўн минглаб аскарлар жанг килгандир, тож-тахт талашларида юз минлаб аскрлар қубон бўлгандир, Иккинчи Жаҳоурушила миллионлаб ватандошларимиз ҳалок бўлгандир, лекин қайноқ қони уларникиданда устунроқ жасорат курсатишга шай! Шунинг учун у ватанига қайтиши, уни миллионлаб аскарларга ишонмасдан ўзи ҳимоя қилишни истайди.

Китобхон Омон Матжон шеърияти билан танишар экан, унда чатирик ифода салмоқли мавқега эга эканлигига гувоҳ бўлади. Бу шеъриятдаги сатира гоҳ у, гоҳ бу кўринишда шахсни ҳалоллик, виждонлилик, меҳр-муҳаббатли бўлишга; миллатни жасурлик, ғурурлилик, уйғоқликка; инсониятни бирдамлик, эзгуликни улуғлашга чорлайди. 

 

Адабиётлар:

[1] Матжон О. Сайланма. Т.: 1995. 15-бет (Бундан кейин шу манбадан олинган шеърий парчалар саҳифаси қавс ичида кўрсатилади).

[2] Ўзбекиcтоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Т.:2000. 449-б.

[3] Фитрат А. Танланган асарлар. Т.: 2000. 36-б.

1
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register