0
1 261
PDF

FEATURES OF THE INSTITUTE OF MEDIATION

Author

Исроил Умаров

Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқаруви ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, 2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Қонуннинг 4-моддасига кўра, медиация - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.

Мазкур Қонун фуқаролик ва иқтисодий низоларни суддан ташқари тартибга солишга оид асосий тушунчалар, мақсадлар, вазифаларни белгилаб беради.

Қонун ёрдамида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари жумладан, тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, меҳнат ва оила муносабатлари туфайли юзага келадиган низоларга нисбатан медиация тартиб-тамойилларини қўллаш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинади.

Қонунчиликда ҳам фуқаролик, иқтисодий ва ҳатто жиноий ҳуқуқий муносабатларда медиацияга ўхшаш институтлардан фойдаланиб келинган ва ҳозирда ҳам фойдаланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 2004 йилда киритилган қўшимча ва ўзгартишларга асосан янги 661-моддаси амалиётга татбиқ этилди. Мазкур модда “Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш” деб номланган.

Шунингдек, 2006 йил 16 октябрда қабул қилинган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳам медиация институтига монанд нормалар учрайди.

Қонуннинг 3-моддасида ҳакамлик суди, ҳакамлик битими, ҳакамлик битими тарафлари, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судьяси каби тушунчаларга изоҳ берилган. Яъни, ҳакамлик суди - фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат орган, ҳакамлик битими - тарафларнинг низони ҳакамлик судига ҳал қилиш учун топшириш ҳақидаги келишуви, ҳакамлик битими тарафлари - ҳакамлик битими тузган юридик ва жисмоний шахслар, ҳакамлик муҳокамаси - низони ҳакамлик судида ҳал этиш жараёни ҳамда ҳакамлик судьяси - ҳакамлик судида низони ҳал этиш учун ҳакамлик битими тарафлари томонидан сайланган ёки белгиланган тартибда тайинланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлиги ҳақидаги нормалар белгиланган.

Мазкур нормада медиация институтига хос белгилар яққол намоён бўлади. Яъни, тарафлар ихтиёрий равишда ўзлари тайинланган ёки сайланган шахс ёрдамида низони тартибга солиш имконини берадиган келишув тузадилар.

Бундан ташқари, фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилигимизда  кенг фойдаланиб келинаётган институтлардан бири - келишув битими институтида ҳам медиация аломатлари кўринади. 

Мазкур ҳолатда суднинг ўзи қайсидир маънода медиаторлик вазифасини бажаради. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 130-моддасида суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўриши, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган.

Сўнгги пайтларда дунёнинг ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатларида низоларни суд йўли билан ҳал қилиш билан бирга, низоларни муқобил ҳал этиш усуллари ҳам жадал ривожланмоқда.

Медиация институти судгача низоларни ҳал этувчи мустақил институт ҳисобланади. Унинг мустақиллиги шундаки, дунёнинг кўплаб илғор мамлакатларида медиатор, яъни воситачи вояга етган, олий маълумотга эга ҳамда давлат хизматида ишламайдиган ақли расо шахс бўлиши назарда тутилган.

Медиация - бу шундай жараёнки, томонларнинг ўзаро розилигисиз ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Медиация давомида барча қарорлар икки томоннинг розилиги билан қабул қилинади ҳамда ушбу қарорни ихтиёрий равишда бажариш учун икки томон ўз зиммасига олган мажбуриятни бажаради. 

Медиация қонунлар ва қоидалардан кўра, кўпроқ ҳар бир томоннинг адолат тўғрисидаги тушунчасига асосланган бўлади. Аммо, низонинг ечими натижасида келишув тузилган тақдирда, ҳар иккала тараф ютиб чиққан ҳисобланади.

Медиацияда хавф - хатар минимал даражада бўлади, чунки ҳар бир томон ҳар қандай вақтда музокаралар жараёнини давом эттиришни рад этиши мумкин. Медиация махфий ўтказиладиган жараёндир, фақатгина томонларнинг ўзи ушбу жараёндан хабардор бўлишади.

Медиациянинг мақсади қуйидагича:

медиациянинг икки томонини ҳам қониқтира оладиган ечимга эришиш;

томонларнинг низолик даражасини камайтириш.

Шуни  алоҳида қайд этиш керакки, давлат суди ёки ҳакамлик судидан фарқли ўлароқ, медиатор томонларга ҳеч нарсани буюрмайди ва топширмайди. Медиациянинг асосий вазифаси низода ким ҳақ ёки ноҳақлигини аниқлаш эмас, балки томонларни ўзаро келишувига эришишдан иборатдир. Медиация, ўз навбатида, соддалаштирилган тартиб - тамойил туфайли янада кўпроқ ишлар кўриб чиқилишига имкон яратади.

Ҳалқаро амалиётда медиациянинг кўп моделлари мавжуд. Медиацияни ўтказиш шакллари ва тартиби фарқ қилса-да, унинг асосий тамойиллари ўзгармайди. Бу тамойиллар: махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги.

Хулоса қилиб айтсак, мазкур қонунни амалиётга татбиқ этилиши билан фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг яна бир ҳуқуқий кафолати вужудга келади.

 

 

 

 

 

 

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register