An artistic interpretation of human dignity
Author
Умида Мансурова, 328-умумтаълим мактабининг Она тили ва адабиёти ўқитувчиси
Инсон қадр-қимматини, ўзлигини, руҳий-маънавий оламини англатувчи сўзлар жуда кўп. Лекин, улар орасида шундай бир сўз борки, у ўз маъно қатламининг улуғворлиги, инсоннинг ҳаётий принциплари ва қалб ойнасини намоён этиши билан бошқа тушунчалардан алоҳида ажралиб туради. Бу катта ҳарфлар билан ёзиладиган Муқаддас сўзидир. Бу сўзга “Изоҳли луғат”да шундай таъриф берилади:
“Муқаддас бу сўзнинг асл маъноси пок, тоза, азиз, илохий, олижаноб деган тушунчани англатади”.
Кишилар ҳаёти давомида “инсон” деган муқаддас номга сазовор бўлиши учун виждони пок бўлиши, яқинларини, уларнинг туйғуларини қадрлай олиши, меҳр кўрсатиш ва яхшилик улашишда олижаноб бўлиши даркор. Атоқли адиб Одил Ёқубов бир умр ўз ижоди ва ибратли ҳаёт йўли билан ана шундай эзгулик қўнғироғини чалиб ўтган инсонлардан бири эди. Адиб 1961 йилда ёзилган қиссасининг номини “Муқаддас” деб атайди. Таъкидлаш жоизки, бу атов нафақат асар номи ёки қаҳрамонининг исмини англатади, балки, умуман олганда, кенг маънода эса, ёзувчи ижодий прнинципи, эстетик идеалини белгилаб берувчи тушунчага айланганини кўрамиз.
Зеро, адибнинг бундан кейин яратилган барча асарларининг етакчи концепциясини инсон маънавий оламининг гултожи бўлган виждон, диёнат, имон- эътиқодни куйлаш ташкил этади.
Шу маънода, таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов Одил Ёқубовнинг ижодий биографиясини “Муқаддас” туғилган кундан белгилаши ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки “Муқаддас” нафақат Одил Ёқубов ижодида, балки 60-йиллар ўзбек адабиётида ҳам катта воқеа бўлди. Ёзувчи ўзининг бу қиссасида ҳаётнинг энг долзарб муаммоларидан бири-виждон поклиги билан нопоклик ўртасидаги зиддиятни ёритишни ният қилган. Ва бу ниятига маълум маънода эришган ҳам”, деб ёзади бу ҳақда олим.
“Бу қисса Одил аканинг талабалик йилларида кўрга-кечирганлари, кузатган ҳаётий воқеаларнинг, таъбир жоиз бўлса, акс-садосидир”, - дейди ёзувчининг турмуш ўртоғи Марям Ёқубова.
Дарҳақиқат, Одил Ёқубовнинг “Муқаддас” қиссасида бош қаҳрамон Шарифжон ва унинг севгилиси Муқаддаснинг ҳаёт йўлидаги илк қадамлари, бу йўлда турли-туман синовлар қаршисида баъзан ожиз, баъзан непкин кураш жараёнлари, бу жараёндаги орзу-умидлари, ғам-ташвишлари, ўй-хаёллари, виждон деган адолат тарозиси олдидаги бурчни қандай адо этишлари, хуллас, адолат ва адолатсизлик ўртасидаги қалб зиддиятлари самимий ҳикоя қилинган. Шунингдек, асарда ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари муҳити ҳам ўзининг реалистик талқинига эга.
Бош қаҳрамон, яъни Шарифжон қиссада ҳикоячи вазифасини бажарган. Ёзувчи воқеа ва ҳодисаларга, қаҳрамонларнинг ҳаётига сиртдан пассив кузатувчи сифатида иштирок этса-да, лекин воқеалар тизимини, драматизмни аниқ баён тасвир этганки, бу ҳол китобхонни ром қилиб, ўзига эргаштира олганки, натижада ўқитувчи китобхон ҳам барча воқеа ва ҳодисаларга Шарифжоннинг нигоҳи билан қарайди, унга қўшилиб севинади, пайти келганда изтироб чекади,
Шарифжон меҳнатдан қочмайдиган виждонли бола. Лекин у аксарият ёшлар каби ўз бахтини ўқиб, илм олиб топаман, деганлар хилидан эмас. У кўпроқ ўқиш билан ишни баббаравар олиб бориб, жамиятда ўз ўрнини топишга аҳд қилган ёшлар тоифасидан.
Шу мақсадда у мустақил ҳаётини марҳум отаси меҳнат қилган заводда ишлаш билан бошлайди. Ишдан меҳнат таътилга чиққан Шарифжон онаси ва ўгай отасининг: “Институтга топшириб кўр, кира олсанг, яхши, кира олмасанг сендан нима кетади?” деган қистови билан ўқишга ҳужжат топширади. Институтда Муқаддасни кўриб, ёқтириб қолган Шарифжон у билан бирга ўқишни орзу қилиб қолади. Мана шу нуқтадан бошлаб Шарифжон маънавий оламини намоён этувчи, ўзлигини, яшаш принципларини белгиловчи синов даври бошланади.
Ёзувчининг маҳорати шунда кўринадики, мана шу синовни Шарифжон ва Муқаддаслар учун ҳам, ўша давр учун ҳам характерли бўлган воқеа – энди-энди урф бўла бошлаган, кейинчалик эса жамият учун чинакам иллатга айланган, коррупциялашган ўқишга кириш жараёни вокеалари, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик иллатлари тасвири билан боғлайди.
Ёш бўлишига қарамай ҳалол-покиза ҳаётни, меҳнат орқали эришиладиган бахтни орзу қиладиган Шарифжон Муқаддасга бўлган туйғуларига бўйсиниб, азбиройи кунда унинг ёнида бўлиш учун ўгай отасининг ёрдамига рози бўлади. Муҳими шундаки, ёзувчи асарда таниш-билишчилик иллатини, унинг ҳаётий асосларини шу бир кичик эпизод орқали жонлантирар экан, унинг фақат жамият ҳаётидаги бузғунчи оқибатидангина эмас, балки катта ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёшлар маънавиятида содир этаётган аянчли қисматидан ҳам огоҳ этади. Ёзувчи ушбу вокеани, унинг Шарифжон томонидан қабул қилиниши вокеаларини кўйидагича жонли манзараларда акс эттиради:
“– Бешми? – деб сўрашди. – Шунақага ўхшайдими? – дедим мен. Ойим пешонамдан ўпди. Дадам эса ёстиққа қайта ёнбошларкан: – Ана кўрдингми, кеча ўртоқларим билан гаплашиб қўйганман, десам ишонмовдинг, – деди қўлига газетасини олиб. – Сиз бултур ҳам шундай деган эдингиз, – деди ойим. Дадам бирдан қўлидаги газетани четга отиб юборди...
– Хўп, мен ҳеч ким билан гаплашмадим, бултур ҳам гаплашган эмасман, бу йил ҳам! – деди у титроқ, аянчли овоз билан... Бир йилдан бери давом этиб келаётган бу кўнгилсиз жанжал менга жуда оғир ботарди. Биринчидан, ойимнинг институтга кира олмаганим учун ҳамма айбни дадамга тўнкаши қаттиқ тегса (Салим Каримович институтда ўқитувчи эди), иккинчидан бултур бўлиб ўтган катта бир жанжал устида мен Салим Каримовичнинг ўз дадам эмаслигини, у менга фақат ўгай отам эканлигини билим қолгандим”.
Китобхон Салим Каримович тимсолида ўз даврининг ўртамиёна, оилавий муаммоларда муросасоз, педагог сифатида ўзини жуда ҳам намоён этишга қодир бўлмаган инсон сифатида кўради. У асарда ўзининг институтда ишлашидан фойдаланиб, хотининг амрига бўйсиниб нопок ишга қўл урган шахс сифатида келса, бошқа томондан ўғлининг ўгайлигини билдирмаган, барча ишларни унинг келажаги учун қилаётган меҳрибон ота тимсолида ҳам ҳис этиш мумкин. Онасининг Шарифжонга кўрсатган мактубидан шу нарса аниқ бўладики, унинг ўқишга кириши, ўқиб инженер бўлиши отасининг васияти экан. Ёзувчи қиссанинг леймотивига айлантирган ғоявий мотивга кўра, бу васиятни амалга ошириш учун танланган йўл, яъни Шарифнинг ҳам, онаси ва Салим Каримовичнинг ҳам нопок ишга қўл уришини, қайси йўл билан бўлса ҳам ўз мақсадларига эришишга интилишини оқлаб бўлмайди.
Албатта, муҳаббат асирига айланган ҳар бир инсон ўз севгиси учун курашиши, қандай қилиб бўлмасин ўз мақсадига эришишга интилиши табиий.
Шарифжон ҳам ўзи билмаган ҳолда нопок ишга қўл уради: отаси дўстлари билан келишиб, унинг ишини тўғирлашади. Бу иш айнан Муқаддаснинг келажаги, унинг тақдири билан боғлиқ эканлигини жуда кеч тушунди, тушунганда эса кеч бўлди. Унинг мақсади фақат битта эди: меҳнатдан қочиш эмас, балки Муқаддас билан бирга ўқиш. Ёзувчи ҳақиқат аён бўлган дақиқаларни ишонарли ва жонли тарзда чиза олди. Бу эса қаҳрамонлар билан биргаликда китохонни ҳам ҳаяжонга солади: “– Бу йигитча сизнинг ўрнингизга кирганини биласизми? –деб сўради... Қаттиқ сесканиб кетдим, “ялт” этиб Муқаддасга қарадим. У ҳам менга қаради. Аллақандай қўрқиб, нимадандир чўчиб қаради. Изтироб чеккан катта қора кўзлари гўё ёрдам сўраётгандек жавдираб, мўлтираб турар, қошлари аламли чимирилган эди. Бу кўзлар мендан Азизов айтган даҳшатли ҳақиқатни инкор этишимни сўрар, ялиниб ёлворар эди. Мен эсам...мен эсам жонимдан, хаётимдан ҳам ортиқ кўрган севгилимнинг чеҳрасида акс этиб турган бу изтиробига, бу нидосиз саволига нима ҳам дердим? Секин бошимни эгдим...”
Муқаддас ишониб, суяниб юрган тоғ, яъни адолат қулади. Уни тиклашга ҳаракат қилган Шарифжон эса, Азизов домланинг таъбири билан айтганда, унга яна “меҳрибонлик” кўрсатади. Алданганини билган Муқаддас Шарифжонга ёзган мактубида унинг ўқишга қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқни олиб келса ҳам ўқимаслиги, бу бир ой унга катта сабоқ бўлганлиги, олдин ишлаб кейин ўқиш фақат меҳнатни ҳурмат қилиш ва ачиниш учунгина эмас, одам таниши учун ҳам зарурлигини айтади. Ўз айбини тушуниб етган Шарифжон эса ўқишни хоҳламайди. Заводга ишга кетади.
Севги туйғулар ичида энг мусаффо ва муқаддас туйғулардан биридир. У адолатсизликни, ноҳақликни ва хиёнатни кечирмайди. Севги олдида қилинган кичик бир ҳато эндигана мустақил ҳаётга қадам қўяётган қанча ёшларнинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин.
“Муқаддас” қиссаси ёзувчи ижодида аҳлоқ принципларини шакллантирувчи асар сифатида ҳам алоҳида ўрин тутади. Юқорида таъкидланганидек, “Муқаддас” сўзи фақат қисса қаҳрамонига қўйилган ном эмас, балки адолат, ишонч, диёнат, виждон, иймон-этиқод каби туйғуларнинг муқаддаслигига ҳам ишорадир. Ёзувчи адабиёт ҳаётнинг, ҳаётдаги инсонлар ҳаётининг бир парчаси, кичик бир инъикоси эканлигини китохонга кўрсата билганлиги учун ҳам шу даражада машҳурликка эришди. Бу қисса ҳақида Чингиз Айтматов шундай фикр билдирган эди: “ - Адил! Кечроқ бўлса ҳам “Муқаддас”ни ўқидим. Менинг “Жамила” ва “Сарвиқомат дилбарим” эртароқ рус тилида чиқди. Аслида сенинг “Муқаддас”инг аввалроқ чиққанда сен мендан ҳам машҳур бўлиб кетардинг” . Атоқли ёзувчининг бундай самимий эътирофи ҳам қиссанинг бадиий қийматини белгилаб келмоқда.
Comments