0
1 561
PDF

ANALYSIS OF SOURCES OF FINANCING OF INVESTMENT ACTIVITIES

Abstract

The article analyzes the procedures and principles for changing the directions of financing investment activities. The organization of an attractive investment environment in the economy of Uzbekistan, the organization of investment activity, the formation of its sources, the creation of a favorable investment environment, factors affecting investment activity in the development of the national economy are studied. The analysis of the volume of investments in fixed capital in practice is given. Reflected are the conclusions and proposals that serve to develop and implement an investment strategy in a pandemic.

Keywords

investments, fixed assets, investment climate, investment attractiveness, innovations, gross domestic product, investor, investment activity, investment financing.

Author

Тухлиев Бозор Каримович, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Солиқлар ва суғурта иши кафедраси мудири, и.ф.д. профессор в.б.

ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИНИНГ ТАҲЛИЛИ

 

Тухлиев Бозор Каримович,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети

Солиқлар ва суғурта иши кафедраси мудири, и.ф.д. профессор в.б.

 

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларида, бозор механизми ҳамда тамойилларига мос келадиган турли мулкчилик ва хўжалик юритишнинг турли шакллари пайдо бўлиши инвестиция ва инвестиция фаолияти билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муносабатларга янгича ёндашувни талаб этмоқда. Натижада, ЯИМ қиймати, шунингдек давлат бюджетининг даромад қисмида ҳам молиявий тушум манбаларининг таркиби ўзгариб, капитал маблағларнинг марказлашган тақсимотидан инвестициялашнинг марказлашмаган манба ва бозор субъектларини шакллантириш механизмларини ривожлантиришга асосий эътибор қаратилди.

Мамлакат ва унинг қўйи иерархик бўғинларида инвестиция фаолиятини ташкил этиш, уни инвестициялаш манбаларини шакллантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, миллий иқтисодиётни ривожлантиришда инвестиция фаолиятига таъсир этувчи омилларни ўрганиш ва ҳисобга олиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш сингари қатор масалалар кўплаб иқтисодчи олимлар ва мутахассисларнинг илмий тадқиқотларида атрофлича ёритилган. 

Юридик энциклопедияда инвестиция сиёсатига қўйидагича таъриф берилган, яъни Инвестиция сиёсати (инглизча investmen policy) – ички ва ташқи сиёсатни ҳисобга олган ҳолда умумий йўналишни белгилаш учун ижтимоий, иқтисодий ва хусусий хўжалик қарорларини қабул қилиш мажмуи, шунингдек, воситалардан иқтисодий самарали фойдаланиш мақсадида мамлакат ичкариси ва ташқарисида капитал қўйилмаларни жамғариш ва йўналишларини белгилашдан иборат[1]. 

2019 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти” тўғрисидаги  қонуни қабул қилинди. Бу қонун билан 1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги 609-I-сонли қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги 611-I-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги 719-I-сонли қонуни ва бошқа бир қанча меъёрий ҳужжатлар бекор қилинди. Янги қонуннинг 3-моддасида инвестиция сиёсатига қўйидагича таъриф берилган. “Инвестиция сиёсати – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида ва унинг алоҳида тармоқларида инвестицияларнинг зарур даражасини ва тузилмасини таъминлашга, инвестиция фаолияти субъектларининг инвестиция манбаларини топишга ва улардан фойдаланишнинг устувор тармоқларини аниқлашга йўналтирилган инвестициявий фаоллигини оширишга доир ўзаро боғлиқ тадбирлар мажмуи”дир белгилаб қўйилган [3].

Э.И.Носиров ва бошқалар томонидан ёзилган “Инвестиция рискларини бошқариш” номли ўқув қўлланмада инвестиция фаолиятини ташкил этиш ва уни амалга ошириш жараёнида рискларни бошқаришнинг назарий асослари баён этилган. Инвестиция рискларини турлари ва шакллари ифодаланиб, рискларни бошқариш бўйича халқаро молия институтлари тажрибаси кўрсатиб берилган. Ўзбекистонда инвестиция рискларини бошқаришнинг самарали усуллари, воситалари ва имкониятлари ёритиб берилган [5]. 

Россиялик иқтисодчи олимлар Г.П.Подшиваленко ва Н.В.Киселеванинг фикрича, Инвестиция сиёсати – инвестиция ҳажми ва таркибини ўзгартиришга қаратилган ҳамда уни иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларига самарали жойлаштиришга йўналтирилган тадбирлар мажмуидир[6]. 

Шу ўринда Л.С.Валинурова корхона инвестиция сиёсатига қўйидагича таъриф берган: Корхона инвестиция сиёсати корхонага қўйилган инвестициялар самарадорлигини таъминлашга қаратилган, шунингдек, жалб этилган инвестициялардан самарали фойдаланиш орқали корхона молиявий барқарорлиги ва тўловга қобиллик даражаси, маҳсулот рақобатбардошлигини таъминлаш, узоқ муддатли истиқболда юқори суръатларда ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир[7].

Шунингдек, О.Астанақулов инвестиция сиёсатига қўйидагича таъриф беради: инвестиция сиёсати – яқин келажакда корхона инвестиция фаолияти билан боғлиқ жадал ва самарали стратегик режалаштириш жараёни ва прогнозлаштиришни вужудга келтириш. Давлат инвестиция сиёсатини минтақавий, тармоқ ҳамда корхона инвестиция сиёсатига алоҳида ажратиб олиш мақсадга мувофиқдир[8]. 

Мамлакатимизда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида ўтган йил 202.0 трлн. сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, уларнинг 65.4 фоизи ёки 132.0 трлн. сўми жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 34.6 фоизи ёки 70.0 трлн.сўми молиялаштирилди. 

Таҳлилларимизга кўра, республикамиз иқтисодиётининг хусусий секторида инвестиция фаолиятини молиялаштириш тизими фаоллиги ошганлигини ижобий тенденция сифатида баҳолаш лозим.

Ушбу жараёнлар тадрижий йўл билан босқичма-босқич равишда инвестиция капиталини шакллантириш тизимини мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларига мос ҳолда такомиллаштириб бориш учун катта имкониятлар яратади деб, ҳисоблаймиз. Шу билан бирга инвестиция капитали таркиби ва инвестициялаш субъектлари ташкилий тузилмаларининг бозор иқтисодиёти талабларига мос равишда ўзгариши инвестиция фаолиятини жадаллаштириш ва диверсификациялаш жараёнини янада такомиллаштириш борасида қулай шарт-шароитлар яратиши табиийдир. Давлатнинг инвестиция фаолиятини амалга оширишдаги иштирокининг пасайиши ўтиш даврида инвестиция фаолияти турларига жалб этиладиган давлат даромадлари ҳажмининг камайиши оқибатида юз беради. Демак, иқтисодиётнинг устувор, айниқса реал тармоқларини давлат бюджети ҳисобидан инвестициялаш талабларининг пасайиб бориши молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни хусусий сектор орқали ҳал этиш мумкинлигини объектив ҳақиқатга айлантиради. Бироқ, ҳозирча хусусий сектордаги корхоналар, банклар ва аҳолининг молиявий ресурслари кўпайиш тенденциясига эга бўлишига қарамасдан, уларнинг жорий мавжуд имкониятлари инвестиция фаолиятидаги барча муаммоларни ҳал этиш учун етарли эмас.

Давлат бюджети ҳисобидан инвестиция фаолиятини амалга оширишда устувор тармоқларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қисқариши давлат инвестиция сиёсатининг эътибори хусусий тузилмалар: корхоналар, банклар ва аҳоли зиммасига кўчишини шарт қилиб қўйиши табиийдир. Бироқ, ҳозирча хусусий сектордаги инвестиция фаолияти субъектлари миқдори ва сони ортганига қарамай, уларнинг инвестиция фаолиятлардаги ўрни ва мавқеи давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини боса олмаяпти. 

Мулкчилик шакллари ўзгариб бориши билан инвестиция фаолиятини молиялаштиришдаги давлат манбалари ўрнини тобора турли-туман хусусий инвестиция манбалари эгаллаб бориши, бу эса инвестиция фаолиятини кенг кўламда номарказлашувига ва пировардида, инвестиция фаолияти кўлами ва самарасининг ортишига олиб келиши лозим. Бугунги кунда бу ҳолат асосан давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобига амалга ошмоқда ва натижада инвестиция фаолияти молиявий захира имкониятларини шакллантириш муаммоси юзага чиқди. 

Ушбу муаммога оид иқтисодиёт инвестиция-молия ресурсларининг реал, даставвал ишлаб чиқариш секторида таҳлил қилиш, жамғармаларни инвестицияларга айлантириш механизмини тараққий эттириш каби муҳим жиҳатларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Ишлаб чиқариш инвестицияларини молиялаштиришнинг барча мавжуд имкониятларидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш шарт-шароитларини тадқиқ этиш бозор шароитида инвестиция фаолиятини молиялаштиришнинг ички ва ташқи манбалари тузилмаси ва мутаносиблигининг ўзгариши билан боғлиқ.

Инвестиция фаолиятини амалга оширишни молиявий жиҳатдан таъминловчи манбаларнинг таҳлили бўйича иқтисодчи олимларнинг фикр ва мулоҳазалари турли хиллигини кўриш мумкин. Инвестиция фаолиятини молиялаштиришнинг бозор механизмларини назарий жиҳатлари тўғрисида проф. Я.Миркин, инвестицияларни молиялаштиришнинг реал, истиқболли шакли компанияларнинг жамғармаларини иккиламчи бозордан акциядорлик капиталига жойлаштиришни кўпайтириш ҳисобланади, аммо инвестицияларни молиялаштиришнинг бу манбаи даражаси жуда пастлигини қайд этади. Таниқли иқтисодчи олим У. Шарп ҳам инвестиция фаолиятини фонд бозори орқали молиялаштириш механизмига алохида эътибор қаратади. Унинг фикрига кўра, қимматли қоғозларнинг даромадлилиги ва рисклилиги ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқага эга бўлган оқилона инвестиция стратегия ва сиёсати инвестиция фаолиятини молиялаштиришнинг асоси ҳисобланади. Молиявий воситачилар (тижорат банклари, жамғарма ва кредит уюшмалари, кредит иттифоқлари, суғурта компаниялари, ўзаро ёрдам фондлари, пенсия фондлари) эса, корпорацияларни фонд бозоридан қўшимча маблағлар жалб қилиш имкониятини билвосита таъминлайди. 

Фикримизча, Я.Миркиннинг фонд бозори орқали инвестиция фаолиятини молиялаштириш механизми хусусидаги фикри алоҳида илмий- амалий аҳамият касб этади. Бунинг боиси шундаки, кўпчилик МДҲ мамлакатларида корпоратив акция ва облигацияларга қилинадиган инвестицияларнинг риск даражаси юқорилиги ва инвесторлар ишончининг пастлиги фонд бозорининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий сабаблар эканлиги қатор илмий изланишларда ўз ифодасини топган. У.Шарп томонидан таъкидланганидек, инвестиция фаолиятини молиялаштиришда молиявий воситачиларнинг роли ва улар манбалари давлатнинг оқилона инвестиция стратегияси ҳамда сиёсатига боғлиқдир. Чунки инвесторлар ўз маблағлари самарадорлиги юқори ва ҳимояланган ҳудудларга инвестиция киритишни мақбул кўрадилар. Фикримизнинг исботи учун ҳозирда кенг муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган Ангрен шина заводига йўналтирилган инвестицияларни келтириш мумкин.

Иқтисодий адабиётларда ички инвестиция манбалари ҳисобига миллий манбалар, шу жумладан корхоналарнинг ўз маблағлари, молия бозори ресурслари, аҳоли жамғармалари, бюджетдан ажратиладиган инвестиция маблағлари тилга олинади. 

Хорижий инвестициялар, кредитлар ва заёмлар ташқи манбалар  ҳисобланади. Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви шароитида хорижий инвестицияларни кенг кўламда жалб қилиш ва самарали ўзлаштириш масаласи ғоят муҳим аҳамиятга эга. Хорижий инвестициялар ривожланаётган мамлакатлар учун  ташқи молиялаштиришнинг  зарурий ва муҳим манбаи бўлгани ҳолда, ўзи билан бирга, жуда кўп пайқаладиган ва сезилмайдиган активлар, турли-туман технологик, ахборот, молия оқимларини, менежмент малакаларини, жаҳон бозорларидаги иш тажрибаларини ва бошқаларни олиб киради.

Бозор муносабатларига ўтиш шароитида инвестиция фаолиятини молиялаштириш тизимининг аста-секин нодавлат сектори зиммасига ўзгариши ўз навбатида хусусий, жамоа, қўшма корхоналарни ташкил қилиш ва ривожлантириш ҳамда инвестиция фаолиятини молиялаштириш манбаларининг таркибий таснифига ҳам катта таъсир кўрсатади. Масалан, хусусий ёки жамоа мулки бўлган корхоналар учун корхона эгаларининг шахсий жамғармалари ички манба вазифасини ўташи мумкин. Хорижий фирмалар билан биргаликда улушли эгалик қилинаётган корхоналар учун хорижий мулкдорнинг инвестициялари мазкур корхона учун ички манба деб қаралади. Демак, бозор муносабатлари тараққий этиб боргани сари корхоналарнинг инвестиция фаолиятини молиявий таъминлаш манбалари ҳам тобора ранг-баранг бўлиб бораверади. 

Шу ўринда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш эвазига корхоналар томонидан иқтисодиётга киритилган инвестициялар ички ёки ташқи манба ҳисобланиш масаласи эътибордан четда қолаётганлигини кўриш мумкин. Инвестиция манбаларига баҳо беришда ушбу тоифадага маблағларга ҳам баҳо беришимиз мақсадга мувофиқ. 

Фикримизча, ушбу манба корхона учун ташқи манба ҳисобланади. Чунки ушбу инвестиция маблағлари давлат бюджетига тушадиган даромад ҳисобига шаклланган. Давлат иқтисодий жараёнларни тезлаштириш ва улар самарадорлигини ошириш мақсадида инвесторларга ўз даромади бир қисмини мақсадли ажратмоқда. Шунинг учун ушбу маблағлар бухгалтерия ҳисобида ҳам алоҳида счетларда ҳисобга олинади ва мақсадли ишлатилиши назорат олинади. Агар маблағлар мақсадсиз ишлатилганлиги аниқланса, солиқ имтиёзлари ҳисобидан жамланган маблағ бюджетга олиб қўйилади.

Инвестицияларни молиялаштириш манбалари маблағларини шакллантиришда солиқ преференциялари ва имтиёзлари муҳимлиги юқорида ҳам қайд этилди. Тадқиқотларимиз ушбу йўналишда корхоналарни инвестиция фаолиятини рағбатлантиришнинг барча имкониятларидан тўғри фойдаланмаслик ҳолатлари мавжудлигидан далолат бермоқда. Муқаддам (2020 йил 1 январгача амал қилган Солиқ Кодексида) солиқ қонунчилигида корхоналарнинг инвестиция учун йўналтирилган маблағларининг Юридик шахслардан олинадиган  фойда солиғи базасининг 30 фоизидан ошмаган қисми (амортизация ажратмасини камайтирган ҳолда) фойда солиғи базасидан чегиришга оид имтиёз мавжуд эди. Лекин, солиқ қонучилиги имтиёзларини тарғибот қилиш тизими яхши йўлга қўйилмаганлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг бу имтиёз аҳамиятига тўғри баҳо бермаганлиги оқибатида солиқ имтиёзи самарасиз бўлиб қолди. Иккинчидан, ушбу даврда инвестиция фаолиятини амалга оширган солиқ тўловчилар имтиёзни қўллаш механизми ишлаб чиқилмагани сабабли ундан фойдалана олмасдилар. Ушбу объектив омиллар таъсири натижасида инвестиция фаолияти самарадорлиги пасаяди. Натижада ички инвестиция имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаслик ҳолати юзага келади.

Корхоналар даражасида инвестициялашнинг ташқи манбалари, яъни  марказлашган инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, хусусий инвесторлар (аҳоли, тижорат банклари, инвестиция фондлари ва компаниялари кабилар) фаолиятини фаоллаштириш ва хорижий инвестицияларни, имкон даражасида тўғридан тўғри, жалб этиш устувор вазифалар сифатида қаралиши ва ҳал этилиши лозим. Шу билан бирга давлатнинг инвестиция фаолиятидаги иштироки фаоллашуви инвестиция танқислигини енгиб ўтишнинг энг муҳим манбаи ва омили эканлигини ҳам унутмаслик керак. Жумладан,  айниқса молиявий-иқтисодий инқирозлар шароитида давлатнинг иқтисодиёт соҳаларига аралашувининг кучайиши бозор механизмини шакллантириб бўлган мамлакатлар учун ҳам хосдир. Ўзбекистон шароитида эса давлатнинг инвестиция жараёнига аралашуви долзарб ва зарурат бўлиб қолаверади. Бироқ, давлатнинг инвестиция фаолиятидаги иштироки турли шаклда, масалан, инвестициялашнинг марказлашмаган ва хусусий молиялаштириш манбаларини ривожлантириш ва улар фаолиятини рағбатлантириш асосида  амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. Tixomirov L.V. Yuridicheskaya ensiklopediya. Pod red. M.Yu.Tixomirova. –M.: 1998, s.181.

2. http://www.lex.uz (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими). O‘zbekiston Respublikasining Qonuni. 2019 yil 25 dekabr. “Investitsiyalar va investitsiya faoliyati” to‘g‘risidagi.

3. Maxmudov S. B. Investitsiya faoliyatini moliyalashtirishning noan’anaviy usullarini takomillashtirish.  “Xalqaro moliya va hisob” ilmiy jurnali. №5, oktabr, 2020 yil. 2 bet.

4. Valinurova L.S. Otsenka investitsionnoy privlekatelnosti ekonomicheskix sistem: teoriya i praktika / L.S. Valinurova. - Ufa.: RIOBAGSU, 2002. -250 s.

5. Astanaqulov O.T. “Korxonalar investitsiya faoliyati tahlili metodologiyasini takomillashtirish” iqtisodiyot fanlari doktori (DSc) ilmiy darajasini olish uchun tayyorlangan dissertatsiya, T.: 2020 yil 44-45b.

6. Tuxliev B.K. Osobennosti investitsionnoy privlekatelnosti v usloviyax pandemii.Elektronnoe nauchno-prakticheskoe periodicheskoe izdanie «Ekonomika i sotsium» №12(79) 2020. www.iupr.ru Rossiyskaya Federatsiya, g.Saratov

7. COVID-19 pandemiyasi va global iqtisodiy inqirozga qarshi kurash: “Taraqqiyot strategiyasi” Markazi, www.strategy.uz

8. Chakraborty I., Maity P. COVID-19 outbreak: Migration, effects on society, global environment and prevention. International Journal Science of the Total Environment 728 (2020) 138882. www.elsevier.com/locate/scitotenv

9. Davlat statistika qo‘mitasi, http://www.stat.uz

10. Davlat statistika qo‘mitasi, http://www.stat.uz

11. Trubilin A.I. i dr. Gosudarstvennaya investitsionnaya politika: Uchebnoe posobie.-2-yeizd.,isp. I dop.  – SPb.: Izdatelstvo “Lan”, 2018 -192.

12. Eminov A. Pandemiya va pandemiyadan keyingi davr: xorijiy davlatlarda investitsiya siyosati qanday kechmoqda? Adliya vazirligi huzuridagi Huquqiy siyosat tadqiqot instituti xodimi

16. Nosirov E.I. Koronavirus pandemiyasi inqirozining jahon iqtisodiyotiga ta’siri. “Xalqaro moliya va hisob” ilmiy elektron jurnali. № 3, iyun, 2020 yil. 7- bet. 

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register