0
1 068
PDF

THE PROBLEM AND PERSONALITY OF MURID IN THE CLASSICAL UZBEK LITERATURE

Abstract

Many images and symbols in fiction actually represent the murid. After all, the murid is a lover of Truth. Images change depending on the status of the student. In literature, case and expression are consonant. The article discussed these images and interpretations. Considerations were put forward related to the spiritual career of the murid. As a result, theoretical conclusions were given about the artistic interpretation of this image.

Keywords

murid, murshid, tasavvuf, irfan, arif, tarikat, rind, solik, lover.

Author

Зулайҳо РАҲМОНОВА, ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори

ЎЗБЕК МУМТОЗ АДАБИЁТИДА МУРИД МАСЛАГИ ВА ШАХСИЯТИ ТАКОМИЛИ

 

Зулайҳо РАҲМОНОВА,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори 

институти катта илмий ходими, 

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Мумтоз шеърият қаҳрамонлари тасниф этилганда асосий уч образ тилга олинади: ошиқ, маъшуқ, ағёр. Қолган образлар шуларга ёндош рамз, тимсоллар ёхуд мана шу уч образ атрофида бирлашувчи, улар ҳақида ёрқин тасаввур уйғотувчи, тўлдирувчи қаҳрамонлардир. Бу муштараклик ҳамиша ёнма-ён: мурид-муршид-нафс, ошиқ-маъшуқ-ағёр (рақиб), ринд-соқий-зоҳид ёки козиб шайх, булбул-гул-тикан(хор), қул(солик)-Ҳақ-шайтон ёки нафс ва ҳоказо. Хўш, бу образлар ичида муриднинг ўрни ва мавқеи қандай? Тариқат – ишқ йўли. Мурид эса сўфиёна адабиётдаги энг асосий образ, яъни ошиқ. Маъшуқасининг тимсолу рамзлари ўзгариши билан у ҳам бошқа бир истилоҳ, рамз ва тимсол билан келади. Албатта, унинг ҳол ва мақомлари ҳам бу ифодага ўз таъсирини кўрсатади. Толиб, солик, йўлчи, сайёр, ошиқ, булбул, парвона кабилар муршиднинг тарбият қанотидаги мурид образи сифатида гавдалантирилса, дарвеш, қаландар, девона, ғариб, мусофир, меҳмон, мискин, гадо, бечора, бедил, Мажнун ва бошқаларни унинг сифати ва ҳолини белгиловчи образлар сирасига киритиш мумкин. Аслида буларнинг бари нафсини танишга уринаётган Ҳақ йўловчиларидир. Муриднинг адабиётдаги ифодаси, улар орасидаги нозик фарқлар шеъриятдаги образлар олами ҳақида тасаввурни бойитиши, таҳлил ва талқинларда аниқлик касб этишини инобатга олиб, уларга қисқача изоҳ беришни лозим кўрдик. 

Тасаввуфда Ҳақ йўлчисининг вуслатга етгунча босиб ўтадиган марҳалаларини кўрсатувчи образлар Толиб, Мурид, Солик, Восил, дея аталган. Шунингдек, сўфийлик назариясида Ҳақ йўлчилигидаги етти даражадан бири муридлик, деган тасниф ҳам мавжуд. Аммо муршидга таслимият маъносида то сўнгги марҳалага етгунга қадар Ҳақ йўлчисининг умумий номи муриддир, деган нуқтаи назар жуда кенг тарқалган. Бу хулоса, айниқса, тавҳид талқинига бағишланган “Лисон ут-тайр” каби асарларда аниқ кўринади. Нуҳ сурасидаги: “Ҳолбуки У зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку (Нуҳ: 71/14)!” оятига асосланиб, мутасаввифлар Аллоҳ инсонни етти даражада яратган, деган фикрни илгари суришади. Шу тарзда тасаввуфда атвори сабъ – етти мақом: нафс, қалб, руҳ, сир, сиррус-сир, хафи, ахфо тушунчалари пайдо бўлган. “Лисон ут-тайр”даги етти водий ҳам ана шунга бир ишорадир. Қалб хасталигига даво излаб қилинган сафар жуда қаттиқ ва узоқ бўлишига қарамай, комил муршид тажрибаси билан етти водий: талаб, ишқ, маърифат, истиғно, тавҳид, ҳайрат ва фанога ажратилиб, сайри сулукда изчиллик ва енгиллик ҳосил қилинган. Талаб водийсидаги Толиб – ладуний ҳаётга иштиёқманд шахсдир. Шу сабабдан у бир муршидга боғланишни истайди. Муридлик кимларга раво кўрилади? Тариқатнинг ўзига хос талабларидан бири шудир. “Халил ибн Аҳмад инсонлар тўрт хил бўлади: Биринчиси билган ва билишини ҳам билган. Булар олимлардир, уларга тобе бўлинг. Иккинчиси билади, аммо билишини билмайди. Бундай киши уйқуда, уни уйғотинг. Учинчиси билмайди, фақат билмаслигини ҳам билади. Бундай бир киши иршодга муҳтождир. Уни иршод этинг. Охиргиси эса билмайдиган, аммо билмаслигини ҳам билмайдиган киши. Бу одам жоҳилдир, ундан қочинглар” [1:209], – дейди. Демак, муридлар илмга муҳтожлигини ҳис этган ва “Мен билмайман”, дея иқрор бўла билган кимсалардир. Муршиднинг алоҳида хизмати эса унинг талаби нима эканлигини аниқ белгилаш ва кўрсатишдан иборат. Зотан йўл бошида мақсаднинг тўғри қўйилиши манзилга етишни осонлаштиради:

Жаннату кавсару гар тўбию ҳур, 

Истамак сенсиз талабдиндур қусур.

Жону кўнглумни ўзунгга толиб эт, 

Дард ила ишқингға шавқум ғолиб эт, –

байтлари худди мана шу ҳолатнинг шеърий изҳоридир. Унинг талаби жаннати ҳур эмас, Аллоҳ жамолидир. Шунда Ишқ водийсининг жунуний саргардонлиги бошланади. Муридлик – ошиқлик. Бу йўл ишқ билан босиб ўтилади. Чунки тариқат йўли хатарли, манзили узоқ. Қўрқувни умидга, узоқни яқинга айлантирувчи Ишқдир.

Ишқи тегса, куйдургуси жону танни,

Ишқи тегса, вайрон қилур мовуманни,

Ишқ бўлмаса, топиб бўлмас Мавлим сани,

Ҳарна қилсанг ошиқ қилғил, Парвардигор! [10:198]–

илтижоси шундан. Ишқ йўлбошчиларидан бўлган Ибн Арабий шундай дейди: “Билки, севги (ҳубб) илоҳий бир мақомдир. Аллоҳ ўзини у билан васф этди. Ўзини Вадуд дея номлади. Тавротда Мусога севги ила шундай ваҳий этди: “Эй Одам ўғли, сенга берган ҳаққим билан Мен сени севаман. Шундай, сенга юкланган ҳаққинг (омонат)инг ила сен Мени сев” [2:26]. Қуръони каримда ҳуб, муҳаббат, маваддат сўзлари келиб, Ишқ калимаси учрамайди. Бу калиманинг диний исботи сифатида сўфийлар таянадаган оятлардан бири: “Имонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари кучлироқдир... (Бақара: 2/165)” таъкидидир. Улар оятда келтирилган “шиддатли севги” ишққа ишоратдир, дейишган. Оламнинг яратилишини ишқ билан боғлаган мутасаввифлар “энг эски мажлис”ни – ишқ мажлиси, дея тафсирлар ёзишса, шоирлар маҳбубини “Базми Азал”да кўргани ва ўшанда ошиқ бўлганлигини айтиб шеърлар битишган: 

Адам шаҳри қадри эмди маълум ўлди,

Вужуд мулки сори сафар қилдим эрсо.

 

Олам-олам ғамға учраб бўлдум маҳзун,

Ул оламдин бу оламға келдим эрсо.

 

“Аласту” масти бўлубтурмен, ишқ аёғин,

Азал соқийсидин олиб ичтим эрсо [12:50].

 

Севги, ишқ – илоҳий туйғу, ҳақиқий ошиқ эса Аллоҳ таолодир. Алишер Навоий:

Тенгри чун одамни махлуқ айлади, 

Ўзни ошиқ, они маъшуқ айлади [8:181],–

дея, ишқ, ошиқ, маъшуқ ҳақида комил бир тасаввур уйғотган. Муршидлар илоҳий ишққа муносиб бўлиш, нафс водийларини даражама-даража босиб ўтишда тариқат одоб-арконларини кўрсатиб, муридни турли вазифалар орқали тарбиялайдилар. Бу жараён манзараларини адабиёт бадиий шаклларда гавдалантириб берди. Маълумки, тасаввуфда ишқ иккига ажратилади: мажозий ва ҳақиқий ишқ. Мажозий ишқ банданинг бандага ёхуд бирор яратиққа бўлган ишқи. Ҳақиқий ишқ эса банданинг Аллоҳга, Аллоҳнинг бандасига бўлган муҳаббатидир. Бироқ сўфийлар мажозий ишқ ила ҳақиқий ишқ ўртасида бир боғлиқлик кўришган. Гуё мажозий ишқ ҳақиқий ишқ томон йўлбошчилик қилган. Башарият учун Аллоҳ сўзлаб берган ягона ишқ қиссаси – “Юсуф ва Зулайхо” бунинг ёрқин исботидир. Зулайхонинг ишқи – Аллоҳнинг қули Юсуфга бўлган муҳаббати, ишқ йўлидаги дарду изтироби тилларда достон бўлди. Зулайхонинг “Мен Юсуфни изладим, Аллоҳни топдим” эътирофи ошиқ қалбларнинг ишқ муҳри ҳисобланди. Шу боис ошиқлар “Лайлони изламаса, Мавлони топмас”, дейишган. Ва яна шуни таъкидлаш жоизки, асл ёр, чин дўст Аллоҳни эслатадиган Ҳақ ошиғидир. Бу мартабага энг лойиқ зот эса Муршид. Муриднинг унга бўлган қаттиқ севгиси, Аллоҳга яқинлигидан дарак беради. Чунончи Мир Алишер Навоий “Ишқ агар комилдурур, ошиқ этар маъшуқини” дея таърифласа, тасаввуф тадқиқотчиларидан бири: “Тасаввуфнинг асоси – қулларга Аллоҳни, Аллоҳга қулларни севдирмоқдир” [11:5], – деган эди. Ошиқлик ҳолига эришган солик:

Ишқдин чунким мурод ўлмак эмиш, 

Бордур ўлмакка яқин заъф ичра иш.

...Ишқ аро жон тарки чун матлубдур, 

Ҳар не онинг боиси марғубдур.

дея “Мансурнинг дори”га бош қўймоқни истайди. Бу йўлда йўлбошчидан оқилу фарзоналик, йўлчидан эса сидқу ихлос ила мардоналик талаб этилади. Маърифат водийсида Ориф икки дунё саодатини англайди. Қалбдаги ҳислар тошқини ҳам айнан маърифат билан тиндирилади. Иккилик орадан кўтарилгач, Тавҳид водийсидаги Воҳид соликнинг сўзи шудир:

Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила, 

Майл қилма мунда иккилик била.

Муҳаййир соликда на жаннат орзуси, на жаҳаннам қўрқуви, на борлик ғурури, на йўқлик таҳликаси бор. Унинг мақсади фақат сайри жамол иштиёқи, Яратганнинг ризолиги. Фано водийсида Фоний соликда нафсоният маҳв этилиб, руҳоният ғолиб келади. Навоий Фано водийси таърифида шундай деган эди. 

Чун риёзат рафъ этиб руҳоният, 

Салб бўлғоч кимсадин нафсоният.

...Бордур инсон зотида онча шараф, 

Ким ямон ахлоқин этса бартараф.

Кўнгилнинг етти даражаси ва унинг маъно оламидаги сайрини тасаввуф аҳли шундай хулосалашган: “Биринчиси, орифларга кўнгиллардан кўнгилларга маърифат қуйиладиган жой – Садр, иккинчиси, орифлар Ҳақдан бир он ҳам ажралмайдиган нуқта – Қалб, учинчиси, муршидларни ота-онадан ҳам марҳаматли этгувчи жой – Шигоф, тўртинчиси, орифларнинг илҳомларида ҳеч бир зиддият ва ўзгариш кўринмайдиган жой – Фуод, бешинчиси, орифларни юзага чиқариш ва йўқ этиш илми ўргатиладиган жой – Ҳиббат ул-қалб, олтинчиси, орифларга ҳақиқий ирфон эҳсон этиладиган жой – Сувайдо ва ниҳоят, еттинчиси, муршидларга иршод ҳукми ато этиладиган нуқта – Муҳжат ул-қалб” [3:233] дир. 

Муриднинг хусусиятларини гавдалантирувчи образлардан бири солик, йўлчи, йўловчи, сайёрдир. Мурид том маънода қайдан келгану, қаёққа кетаётганини англашга уринаётган, яъни “Ундан келдик, Унга қайтамиз”, ояти сиррига етишни истаётган йўлчи, ҳузури илоҳий истаб оламлараро ўз масканини излаётган Сайёр. Унинг сафари маънавий бўлиб, қалбнинг ғайбга сафаридир:

Яна сайр айлади кўнглим,

Дўстин жамолин орзулар.

Ҳажрига ҳеч кўнмас кўнгил,

Дўстин жамолин орзулар [13:115],–

дея илоҳийлар ёзган шоирлар, мана шу сафарнинг чин йўлчилари бўлишган.

Кўнгил сайри мулк оламидаги сафардан анча машаққатли, тафаккур ва тасаввур каби поёнсиз. Тариқат аҳли муриднинг маънавий сафарини бир феълдан бошқа феълга, бир кечишдан бошқа бир кечишга ўтиш, дея англаган. Шу боис бундай мурид талвин соҳиби ҳисобланган:

Ўзи ҳазрат элчиси, илкида ишқ қамчиси,

Валлоҳ, кўнгил йўлчиси, ошиқ меҳмони келди [10:352].

Муриднинг энг таҳликали, муршидсиз адашиб кетадиган ҳоли сакрдир. Кўнгил осмонини ишқи ҳиммат-ла забт этган, таслим, таваккул, тафвиз, маърифат, ризо, муҳаббат каби ҳар фалакнинг юлдузларини кўриб, мушоҳада этган Сайёр ҳолини Маждиддин Бағдодий бундай тасвирлайди: “Зоҳир оламидаги “Бу менинг Роббимдир” офияти малакут оламида “Анал-Ҳақ” сиррига айланади. Бу ибтидо бўлиб, унда ҳали хомлик, қусур бордир. Шу боис беихтиёр “Анал-Ҳақ” ва “Субҳоний” каби имтиҳонлар ўртага чиқади. Ва булар ҳулул шубҳасини туғдиради. Солик бу ҳолдан ҳазрати Муҳаммад йўлини излаб ва унинг пок руҳидан мадад тилаб, шубҳалардан қутулади. Натижада борликдан йўқликка одим ташларкан, Аллоҳнинг нури ила убудиятдаги нуқсонини кўради ва ундаги ифтихор ва эҳтиёжини ҳам идрок этади. Ва “Анал-Ҳақ” эмас, “Анал-Туроб” (Мен тупроқман) дейишга бошлайди” [5:157]. Нафснинг мана шундай таҳликали ҳолида комил муршиднинг тажрибаси ўта муҳим. Тазкия этилган нафс қалбга айланади ва риёзатда бардавом экан, унга латоифлар ато этилади. Солик ҳар соат янги бир тажалли билан юзлашади... Бундан сўнг эса қудсий бир ҳадисда айтилганидек: “Кўзи ила назар этса, Мен билан кўрар, қулоғи билан эшитса менинг-ла эшитар, тили билан сўзласа, менинг-ла сўзлар, қўли билан ушласа, менинг-ла тутар. Қалби шаҳодат ва ё ғайб оламида тасарруфда бўлса, менинг-ла ақл (фикр) этар” сиррига эришади. Ҳулул шубҳаси ўртадан буткул кўтарилади” [5:138]. Шу тариқа Қуръони каримдаги: “...(Эй Муҳаммад, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди... (Анфол: 8/17)” дея мўминларга марҳамат қилинган мақомга кўтариладилар. Аммо мурид ўзи кўтарилган мақомни энг юксак мақом дея ўйлаши ва бундан кибр пайдо қилиши жуда таҳликалидир. Шунда пири комил сайри илаллоҳнинг охири йўқлигидан муридини огоҳ этади. Тариқатда сайёрнинг сафар манзиллари аниқ кўрсатилган. Яратилишдаги ҳикматни англаб, манзиллар маърифатини тушунгачгина, камолга эришиш мумкин. 

Мурид сифатларини акс эттирувчи образлардан яна бири Зокирдир. Зеро, мурид хоҳ йўл бошидаги мубтади бўлсин, хоҳ сулукнинг охирига етган мунтаҳи бўлсин, тилу дилини бир лаҳза ҳам мақсуду матлубдан узмайди. Қалб ойнасини кирлантирувчи ҳирс, ғазаб, адоват, шаҳват, ҳасад, кибр каби занглар зикр билан ювилади. Кўнгил хасталигига шифо изланади. Аҳмад Яссавий ҳам Зокир бўлишни истаб шундай деган эди: 

Агар тобсам йўлин, зокир бўлурман,

Юроким чок этиб, шокир бўлурман [10:254].

Зикр соликни ғайб аскарлари билан қувватлантиради, ўзига ишонч, қатъият, букилмас ирода пайдо қилади. Унга мағлубият ва музаффариятнинг фарқи қолмайди. Муҳими, Ҳақ ва Ҳақиқат билан бирга эканлиги, Яратганга қулликдан чекинмаганлиги бўлади. “Ҳазрати Умар (р.а.) мусулмон бўлишни истаганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) калимаи тавҳидни айттирдилар. Кетиш пайти келди, шунда Рисолат султони: “Бирга кетсак қандай бўлади?” – дедилар. Ҳазрати Умар ҳам қиличини бир айлантириб олиб, “Кетамиз”, дейишлари ҳамоно “Аммо сенинг қиличингга ишониб кетишимиз тўғри эмас. Зеро, ғайб аскарлари биз биландир. Ўзингни ёлғиз санама, қувватни Ҳақдан иста, қиличга таянма”, – дея буюрдилар. Ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Бизга ҳам ғайб аскарларини кўриш насиб этармикан?” – дея сўрадилар. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) “Аллоҳ зикрида давом этиш билан бўлади”, – дедилар ва тик турган Умарга калимаи тавҳидни такрорлашни буюрдилар. Ҳазрати Умар тик туролмай, ўтириб олдилар” [6:308]. Шаҳодат оламида шариат мақомидаги сайёр учун энг гўзал калима тавҳид – яъни “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир. “Ҳеч шубҳасиз, нафс – Роббим раҳм айламаса, фақат ёмонликка қистовчи (Юсуф: 12/53)” нафси аммора ҳолидаги Зокирнинг зикри “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир. Мазкур зикрнинг ўрни Садр бўлиб, ҳоли завқ ҳисобланади. Навоий ғазалларидан бирида бу зикрнинг нафсни қалб даражасига кўтаришдаги таъсирини шундай изоҳлаган эди: 

Кимки “иллаллоҳ” ила кўнглига истар пайванд,

Нафйи “ло”сидурур, элдин кесилурға миқроз.

Зикр аҳлига кўра, “Ла илаҳа” Ҳақдан бошқасини рад этиб, “Иллаллоҳ” Ҳақ таолони исбот этади. Зикрда тўхтамай давом этиш руҳнинг Ҳақдан бошқа билан алоқасини “ла илаҳа” қайчиси билан кесади. 

Пирдошларнинг жамоа бўлиб зикр айтиши хонақоҳ шартларидан саналган. Комил муршид ҳар доим мурид тарбиясида уч нарсани ёдда тутган: замон, макон ва иҳвон. Зеро, башарий фитрати қанчалар соф бўлмасин ҳеч бир инсон ўзи яшаётган давр ва жамиятдан айри бўлолмайди. Улуғлар, “Ҳаёт мадрасасидан улуғ мадраса йўқ”, дейишган. Бинобарин муриднинг камолоти нафақат ўзи учун, балки башариятнинг илму ирфонига хизмат қилмоғи шарт. Иҳвон эса муриднинг ҳол ва мартабаларига кўра танланиб борилаверади. Маънавий биродарларнинг Аҳд отаси бошчилигидаги ҳар бир суҳбатлари зикр мажлиси саналган.

Бундай зикрлар тариқатларда “ҳалқа”, “самоъ”, “хатми хожагон” каби турли номлар билан аталиб, улар танлаган вирд ва ижрода ўзига хосликлар мавжуд. Аммо зикрнинг самараси битта: зокир таййи макон ва таййи замонга эришади алал оқибат Яратган билан юзма-юз қолади. “Мурид зикрдан қачон тўхтайди?” саволга Диноварий ҳазратлари шундай жавоб берган эди: “Зикрнинг энг ози Ҳақдан ўзга­сини унутиш. Зикрнинг ниҳояси – зокирнинг зикр ичида зикрдан ғойиб бўлишидир. Маъшуқига ғарқ бўлиш зокирни зикр мақомига қайтишдан тўсса, билгинки, бу “фано фил-фано ҳолидир” [9:101]. Демак, мурид сўнгги дамгача зокирдир. Зеро, кўнгил аҳли “Ҳар нарсанинг бир жазоси бор. Орифибиллоҳнинг жазоси зикрдан узилишидир”, дейишган. Ошиқнинг имтиҳони маъшуқни бир лаҳза бўлсин ёддан чиқармаслик. Бу эса – зикр. Банда севишига лойиқ энг маҳбуб зот Яратган экан, зикрларнинг улуғи ҳам зикруллоҳдир. Бу тил иқрори эмас, балки ҳар қандай амалда маъшуқанинг ризолигини танлаш. Ҳақиқат майдонида ирода, маърифат, жасорат, адолат, ҳалоллик каби минглаб маънавий аскарларга таянишдир. Бу эса асосан зикр орқали қўлга киритилади. Шу боис ҳам мурид басирати очилишида зикрнинг аҳамияти эътиборга олиниб сўфиёна шеърият тадқиқ этилиши лозим. Бу, аввало, ёшларга ҳақиқий руҳий қувватнинг манбаи қаерда эканлигини кўрсатиб беради. Ўтар дунёга баланд назар билан қараш, нафснинг олдида тик туриш учун зокир бўлмоқ керак. Чунки зикр, бир сўз билан айтганда, ҳар ерда, ҳар қандай вазиятда ким билан бўлмасин муомалада Аллоҳни хотирлашдир. 

Тасаввуфда Ҳақ йўлчилари мурид – истовчи қуллар ҳамда мурод – исталган қуллар дея ажратилади. Мурид юради, мурод эса парвоз қилади, дейишган. Ва бу даражалар Мусо (а.с.) ва Муҳаммад (с.а.в.) мақоми орқали тушунтирилган. “Мусо (а.с.) мурид, Пайғамбаримиз (с.а.в.) мурод эди. Шу боис Мусо (а.с.) Тур тоғига қадар кела олди. Муҳаммад (с.а.в.)нинг парвози эса Арши Аъло ва Лаҳв ул-маҳфуздан ҳам юқорига кўтарилди” [4:442]. Бу улуғ мартабадан, албатта, адабиётда ҳам баҳс юритилади: 

Ҳу деди Муҳаммади мурод бўлди,

Ёруди – оламға нури тўлди,

“Қул ҳуваллоҳ” оятинда хабар бўлди.

Иқтидо қилди тугал уммат анга [10:338].

Мурид вақт фарзанди ҳисобланади. Йўл бошидаги муридлар Ибнул Вақт бўлиб, қалб соҳибларидир. Ҳолга тобе муридлар эса ўрта йўлда бўлиб, руҳ соҳиблари эрур. Йўл сўнгига етганлар сир эгаси бўлиб, улар нафас соҳиби ҳисобланган. Нафас камолига эришган мурид мусоҳаба мақомида. У охират озиғини тайёрлаш учун ҳар бир дами ҳисобли эканлигини ҳис этади. Нажмиддин Кубро ҳам: “Чин сўфий Аллоҳ мушоҳадаси завқи билан маст бўлганлигидан ҳар нафасда икки байрамни нишонлар: бири нафас олишда, иккинчиси эса нафас чиқаришда”, – деган эдилар.

Баъзи тариқатларда мурид ва дарвешлар жон истилоҳи билан келади. Ҳикматларда ҳам бу ўз аксини топган.

Аҳмад ибн Иброҳим, ушбу сўзни хўб айди,

Айта кўрунг жонларим, ло илоҳа иллаллоҳ [10:327].

Жон сўзи муридни муршиди ва биродарларига янада яқинлаштиради, маънавий фарзанд ва биродар эканлигини тасдиқлайди. 

 Мурид – ошиқ экан, булбулу парвона унинг тимсолидир. Умуман, муриднинг маъшуққа қилган гиряю нолалари, сассиз, садосиз юрак куюги булбулнинг фиғонию ва парвонанинг куйишида акс этади. 

Шарманда, осий қулман, ишқ йўлида булбулман,

Арслон бобомға қулман, қулунг бўлур Хожа Аҳмад [10:196].

Аҳмад Яссавий ҳикматлари, дарҳақиқат, валийнинг “ишқ йўлида булбул” эканлигининг тасдиғидир. Булбулнинг висол дардидаги оҳу ноласи, шамнинг дийдор учун ёниб кул бўлиши муриднинг олий орзуси ва ҳолидир.

Муридлар шайхига шеърлар бағишлаш билан бирга, уларнинг тариқати ҳақида асарлар ёзишган. Ҳатто устозлари номидан шеърлар битишганки, бунинг ёрқин далили Мавлоно қаламига мансуб “Девони Кабир”дир. 

Ҳақ йўлчилари қандай образ, рамз, тимсоллар билан ифодаланмасин, мақсад ягона – комил инсон. “Комил инсон хусусиятларига соҳиб бўлиш билан Аллоҳ таолога қуллик ўртасида муқобиллик мавжуд. Акс ҳолда Аллоҳнинг расули “абдуҳу” дея қуллик сифати билан танилишни хоҳламаган бўларди, – дейди устоз Иброҳим Ҳаққул. – Бу қуллик мақомига маърифатсиз, ирфоний таълим-тарбия ва ишқ изтиробидан йироқ равишда юксалиб бўлмайди” [14:17]. Дарҳақиқат, муридликнинг энг олий мақоми убудиятдир. Ҳаким ота айтмоқчи, бу қуллик султонликдан ортиғдир. Чин мурид “Аллоҳим, Сен нима истасанг, мен уни истайман. Сенинг истагингдан бошқа менинг бир истагим йўқдир”, дея жузъий иродасини куллий иродага таслим эта олган ошиқдир. 

Тасаввуф адабиёти – завқ ва ҳол заминида юксалган адабиёт. Унда мақомдан мақомга кўтарилаётган қалб ва руҳ ҳолининг манзаралари тасвирланган. Шу боис тасаввуф ҳол илми дейилиши ҳам тасодифий эмас. Ҳол соҳиблари эса баъзан Талаб мақомида Толиб, гоҳ Ишқ оташида муршиддан мадад истовчи Ошиқ, гоҳ сирри маърифатни ботинида яширган Ориф, баъзан ўзлигини англаган Ғаний, яна бир вақт ваҳдат ул-вужуддан роз этувчи Воҳиду Муҳаййир, охиргиси эса бақобиллоҳга юз тутган Фоний. Аммо уларда ҳамиша йўлбошчига эҳтиёжмандлик бўлган. Муршид ва мурид баҳсида адабиётдаги рангинлик ўқувчини ҳайратга солади. Тазкираларида “...нубувват давомчилари ҳисобланмиш муршиди комил”, достонларида машаққатли манзил сўнгига етказувчи руҳоний раҳнамо, лирикасида эса “базми бало”ни эслатувчи дайр пиридан тортиб, шайхи козиблар тасвирини жамулжам этган муҳташам бир меросга эга ўзбек адабиёти. Албатта, Ҳақ йўловчиси мурид бўлганда раҳнамоси муршид, ошиқу ринд бўлганда соқию маъшуқ, маънавий фарзанд бўлганда бобо, ота, булбулда гул, шамда парвона, томчида дарё, заррада офтоб, қул бўлганда эса Ҳақдир. Таҳлил ва талқинда мана шу маъруфий жуфтликни ҳар доим инобатга олиш зарур.

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. İmam-i Gazali. Tasavvufun prinsipleri. – Ankara: Kılıç kitabevi, 2001. – S.209.

2. İbn Arabi. İlahi Aşk. – İstanbul: İnsan yayınları, 1988. 

3. Ceylan Ö. Tasavvufi şiir şerhleri. – İstanbul: Kitabevi, 2000.

4. Geylani A. Gunyet’üt-Talibin. – İstanbul: Berekat Yayinleri, 1994. – S. 442.

5. Gökbulut S. Mejdüddin Bağdadı ve tasavvufi görüşleri. – Ankara: İlahiyat yayinevi, 2019. – S. 138.

6. Gökbulut S. Нажмиддин Кубро (ҳаёти, ижоди ва қарашлари). Insan yayinleri. Истанбул, 2010

7. Алишер Навоий. Бадоеъ ул-васат. МАТ. 5-том. –Тошкент: Фан, 1990.

8. Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. МАТ. 12-том. – Тошкент: Фан, 1996.

9. Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. МАТ. 17-том. – Тошкент: Фан, 2001.

10. Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар куллиёти. – Тошкент: O‘zbekiston, 2011.

11. Жўшон М.А. Ҳақиқий севги. Таржимон: М.Кенжабек. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2000. 

12. Убайдий. Ҳикматлар. – Тошкент: Movaraunnahr, 2020.

13. Юнус Эмро. Нечун йиғларсен, эй булбул. Таржимон: Жамол Камол. – Тошкент: O‘zbekiston, 2018. 

14. Ҳаққул И. Талант – жасорат жавҳари. – Тошкент: Muharrir nashriyoti, 2018. 

0
0
0

Information about the author

ID: 1111111111

Tahriryat
  • Country Uzbekistan

  • Speciality Iqtisodiyot

  • Academic degree Fan doktori (DS)

  • Scientific title Ilmiy unvonsiz

Comments

Comments

Choose a value
Comments are blocked by the administrator

Comments can only be added by authorized users. Sign in Or Register