COMPLEX STUCCO GENRES IN THE WORK OF MUHAMMADRIZO OGAHI: TRADITION AND SKILL
Abstract
In this article, the complex structural genres in the works of Muhammadrizo Ogahi were studied in comparison with the works of Lutfi, Hafiz Khorazmi, Alisher Navoi. The classical tradition of continuing the tradition and mastery of the masters was demonstrated through examples.
Keywords
Lutfiy, Hafiz Khorezmi, Alisher Navoi, Muhammadrizo Ogahi, Uzbek classical literature, genres with complex structure
Author
Казакбаева Дилрабо Жалоловна
МУҲАММАДРИЗО ОГАҲИЙ ИЖОДИДА МУРАККАБ СТУКТУРАЛИ ЖАНРЛАР:
АНЪАНА ВА МАҲОРАТ
Казакбаева Дилрабо Жалоловна,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Огаҳий девонидаги мураккаб структурали жанрлардан таржиъбандлар тўртта бўлиб, ишқий, фалсафий мавзулардадир. Улардан бирини олимлар Ғ.Каримов ва С.Долимов шартли равишда “Эй ёри париваш” деб номлаганлар. Ушбу таржиъбанд етти банддан иборат бўлиб, ҳар банди ўн икки байтлидир. Таржиъбанд шўх, ўйноқи, мусиқийлиги билан ажралиб туради. Уни Огаҳийнинг мажозий ишқ куйланган энг гўзал асарлари сирасига киритишимиз мумкин. Таржиъбанд маъшуқага хитоб билан бошланади:
Эй маснади ҳусн уза Сулаймон,
Човуш даринг сипеҳри гардон...
Илло мани бенавои қилдинг
Қаҳринг била мубталои ҳижрон...
Таржиъбанднинг такрорланиб келувчи восита байти:
Раҳм айлаки, қолмади қарорим,
Чиқмоқға етушди жони зорим.
Огаҳийнинг бадиий маҳоратини ўрганган адабиётшунос Д.Ғойипов шоир орифона, риндона, ишқий, маърифий, ижтимоий, фалсафий мавзуларда, табиат, ов тасвирига бағишланган ғазаллар ёзганлигини, Шарқнинг даҳо ижодкорлари Низомий, Хусрав Деҳлавий, Бедил, Навоий, Фузулий каби шоирлардан ўрганганлигини, яқин ўтмишдошлари Киромий, Нишотий, Равнақ, Роқим каби ижодкорлар анъаналарини давом эттириб, амакиси, устози Мунисдан рағбат олиб, шеъриятни юксак поғонага кўтарганлигини таъкидлайди.[1] Бироқ биз Огаҳий шеъриятини ўрганар эканмиз, салафларидан Мавлоно Лутфийга ҳам издошликни кўрамиз. Таржиъбанднинг қуйидаги иккинчи бандида Лутфийнинг ирсоли масал санъати асосига қурилган машҳур ғазалига ўхшатмани пайқаймиз:
Эй ёри паривашу малак хў,
Йўқ сан киби дилрабойи маҳрў...
Холи сияҳинг узоринг узра
Тушкан кабидур ўт ичра ҳинду.
Қаддинг қошида кўрунгуси сарв,
Сарв олида ўйлаким таронғу.
Икки қаро кўзларинг эрурлар,
Оламни бузорға икки жоду.
То парда аро юзинг ёшурдинг,
Кўзимга жаҳон эрур қоронғу...
Лутфийнинг ғазалида гису, қоронғу, оқар су, тарозу, ҳинду, тилогу сўзлари қофия бўлиб келган бўлса, Огаҳийнинг таржиъбандида инжу, ҳинду, таронғу, жоду, қоронғу, қайғу, хушбу, оғу сўзлари қофия бўлиб келган. Огаҳийнинг қофия қўллаш маҳорати Лутфий шеъриятидан илҳомланганлигидан далолат беради. Учинчи таржиъбанднинг учинчи бандида:
Ҳар дам манга юз жафо қилурсан,
Минг дардға мубтало қилурсан.
Қатлимға қилиб кўзингни жаллод,
Қасдимға қошингни ё қилурсан.
Юқоридаги банд бошидан охиригача таносуб ва зидлаш санъатига асосланади. Юз жафо, минг дардға, қатлимға, кўзинг жаллод, қасдимға, қошингни, ғамзанг қиличин бошимға, жондин, баданим, кирпикларинг ўқларини, бошдин-аёқим, ганжи ҳуснунг, зулфинг, бино, вайрон, сабрим, ситаминг, зулминг, интиҳо, ибтидо, қаҳринг, ибо, муддао, даво, фироқ, ситам, қарорим, жони зорим каби сўзлар банднинг мусиқийлигини ошириб, ритмик ўйноқилигининг, авж нуқтасининг юқорилашига хизмат қилади. Навоий девонидаги учинчи таржиъбанд билан Огаҳий девонидаги учинчи таржиъбанд мавзу жиҳатдан муштарак. Иккаласи ҳам мажозий ишқ ҳақида. Навоийнинг “севгинома”си:
Эй, киприки нешу кўзи хунхор,
Қонимни неча қилурсен афгор –
дея маъшуқадан шикоят ва унга мурожаат билан бошланса, Огаҳийда биринчи ва иккинчи бандларнинг бошланма байтлари маъшуқани алқаш, эркалаш, уни кўкларга кўтариш билан бошланади:
Эй ёри паривашу малак хў,
Йўқ сан киби дилрабойи маҳрў.
Навоий таржиъбандини арузнинг ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузу мақсур вазнида битган бўлса, Огаҳий ҳам мумтоз адабиёт анъаналарини давом эттирган ҳолатда салафлари қўллаган ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузу маҳзуф вазнида ёзди:
- - v v - v - v - -
Мафъулу мафоилун мафоийл
Огаҳийнинг охирги таржиъбанди ҳам маъшуқа ишқи ҳақида. Навоийнинг сўнгги таржиъбандида мажозий ишқ тараннум этилиш билан бирга, тасаввуфий, фалсафий қарашлар ҳам ифодаланади. Бу жиҳатдан эса Огаҳийнинг таржиъбанди тубдан фарқ қилади, шоир таржиъбандида соф дунёвий ишқни акс эттиради. Навоийнинг сўнгги тўртинчи таржиъбанди қуйидагича бошланади:
То харобот аромен дарди ошом
Мастлиғ бирла ишим айш мудом.
Бу таржиъбанд ҳам май, харобот, мастлиғ, соқий, шайх, ринд, хонақоҳ, дайр каби тасаввуфий мавзуда. Бироқ, таржиъбанднинг бошқа бандларида суюкли ёр образи етакчилик қилади.
Оразинг кўнглума очти юз гул,
Киприкинг бағрима тикти минг хор.
Огаҳийнинг бошланма байти:
Эй гавҳари маъдани саодат,
Нав бодаи гулшани шарофат.
Огаҳийнинг таржиъбанди бошидан охирига қадар тадриж санъати асосига қурилган. “Тадриж – шеърнинг асосига битта образ (кенг маънода) қўйилади ва шу образнинг барча хусусиятлари шеърнинг охирига қадар тадрижий равишда очила боради. ...Ҳар бир байт олдинги байтда ифодаланган фикрни давом эттиради, ривожлантиради. Шу асосда, лирик қаҳрамоннинг воқеликка бўлган муносабати, унинг ички кечинмалари ҳам намоён бўла боради”.[2] Биринчи бандида:
Ширину латифу тор оғзинг,
Нав ғунчаи ғулбуни малоҳат
дея машуқанинг лаълини, гисуйи муанбаринг дея сочини, жоду ики наргисинг дея нигоҳини, офоқ аро қоматинг дея сарвини тадрижий равишда изчиллик билан васф этади. Кейинги бандиди матлуби жаҳон – жамолини, жон масиҳо – жонбахш лабини, узори олини, юз узра холини, дилкушо ҳилолини тавсифлаб боради. Тадриж санъати кейинги бандларда ҳам давом этади. Таржиъбанднинг учинчи банди зулқавофиъ санъатига қурилган:
Сан айш ила шаробға машғул,
Ман ранж била таъбға муътод.
Сан ишрат аро мисоли Ширин,
Ман меҳнат аро нечукки Фарҳод.
Биринчи байтда сан-ман, айш-ранж, ила-била, шаробға-таъбға; иккинчи байтда сан-ман, ишрат-меҳнат, аро-аро сўзлари ўзаро қофиядош бўлиб, зулқавофиъни вужудга келтирмоқда. Бу жиҳатдан Огаҳий XV асрда туркий адабиётда биринчилардан бўлиб бу жанрига қўл ўрган Юсуф Амирий ва Ҳофиз Хоразмийнинг таржиъбандларини эслатади. Юсуф Амирий ва Ҳофиз Хоразмийнинг таржиъбандларида ҳам қофиянинг турли хил кўринишларини кузатган эдик.
Юсуф Амирийнинг мусажжаъ қофияли тўртта тенг бўлакка бўлинган саккиз рукнли мусамман байтлар қўлланган таржиъбандини эслайлик. Огаҳий мусамман эмас, балки мусаддас рукнли байтларни келтириш орқали жанрни бироз соддалаштирди ва ўз навбатида, қофия турларидан кенг фойдаланиб, таржиъбанд жанрининг анъаналарини давом эттирди.
Кейинги бандларда босқичма-босқич яна тадрижни кузатамиз. Ошиқ маъшуқанинг висолига етолмай, ҳижронда унинг ситамларидан жонига қасд қилгулик бўлади. Бошига юз дардни солиб, вале даво қилмаган маъшуқадан ўкинади. Бироқ унинг ёди ошиққа умид бағишлаб туради:
Ёдинг била шод бўлдим охир,
Қолди анга бу юзи қаролиғ.
Сандин неча зоҳиран жудоман,
Йўқтур вале ботинан жудолиғ.
Тадрижнинг қоидаларидан бири шуки, лирик қаҳрамоннинг кечинмалари босқичма-босқич ривожланиб боради. Энг юқори нуқтага чиқади ва ҳал бўлади. Қуйидаги байтларда тадрижнинг энг юқори нуқтага чиқиб, ошиқ кечинмалари ҳал бўлганлигини кўрамиз:
...Ҳар ерда эсанг мудом соғ ўл,
Эмин бўлуб офату балодин.
Ҳаққингда туну кун Огаҳийдек,
Фориғ нафаси эмас дуодин.
Таржиъбандда қуйидаги восита байтлар ҳар банднинг охирида такрорланиб келиб, тадрижнинг кейинги босқичга ўтишига ва ҳар банддаги ошиқ фикрларини изчил баён этишда асосий вазифани бажарган:
Жонимға эрур жалис зикринг,
Кўнглумга мудом анис фикринг.
Огаҳий таржиъбандларининг вазн хусусиятлари:
| № | Восита байт | Вазни | Афойили | Тақтеъи |
1 | Даҳр бир вайро-найидурким, хароб обод эрур, Чиқса ондин ҳар киши ғам банди-дин озод эрур | Рамали мусаммани маҳзуф | Фоилотун фоилотун фоилотун фоилун
| -v - - - v - - v - - - v -
|
2 | Олдурма кўнгулни бу жаҳонға, Еткурма жафо азиз жонға. | Ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузу маҳзуф | Мафъулу мафоилун мафоийл
| - - v v - v - v - - |
3 | Раҳм айлаки, қолмади қарорим, Чиқмоқға етуш-ди жони зорим | Ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузу маҳзуф | Мафъулу мафоилун мафоийл
| - - v v - v - v - - |
4 | Жонимға эрур жалис зикринг, Кўнглумга мудом анис фикринг. | Ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузу мақсур | Мафъулу мафоилун фаулун | - - v v - v - v ~ |
Comments