Spiritual image or human factor is a decisive force
Инсон омили бугунги глобаллашув даврида ҳар қачонгидан кўра ҳал қилувчи, бошқарувчи куч сифатида юқори аҳамият касб этмоқда. Чунки дунёнинг қай ўзанга кетиши, бунёдкорлик, эзгуликка қаратилган ҳаракат ёки аксинча, зулм билан дунёни бошқариш кабилар инсоният ҳукмронлигининг кўриниши сифатида намоён бўлмоқда. Давлатлар ўртасидаги муносабатлар тизимида ҳам инсоният фикр оламининг маҳсули ҳал қилувчи роль ўйнаётганлиги айни ҳақиқат. Инсоният, турли қарашлар гирдобида қайнаётган, ғоя кураши у ёки бу жиҳатдан таҳдид майдонига айланаётган даврда яшамоқда. Аслида одамларнинг онгу тафаккурини турли томонга, турли қарашлар гирдобига тортаётганлигини бугунги давр “ғалаёнлари” кўрсатиб турибди. Ўзани чексизликка қадалган бу дунё майдонида ўзбек деб аталган миллат, ўз давлатчилик тарихига эга давлат – Ўзбекистон ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб, ғалаёну талотўплар ичра ўз тинчлик ва хавфсизлигини сақлаган ҳолда оқилона сиёсат юритишини бугунги давр ҳар қачонгидан кўра тақозо этади.
Буюк даҳолар, не-не зотларни она тупроғида улғайтириб, дунёга берган илдизи бақувват миллат, меҳнаткаш, кўкси она тупроқ тафтидан куч олган халқ, меҳру мурувват ришталари билан қалблари бирлашган самимий инсонлар қўним топган Ўзбекистон, ана шундай бетакрор заминдир. Шу юрт, шу заминни асраш, ардоқлаш, бағрида тинч, осуда умр кечириш бугунги глобаллашув даврида ҳар қачонгидан муҳим ва долзарбдир. Янги Ўзбекистонда янгича қарашлар, юксак ғоялар майдонга келаётган экан, буни илғор тафаккур маҳсули сифатида эзгуликка, тинчликка йўналтириш муҳим ҳисобланади. Чунки бунёдкорлик ҳам, вайронкорлик ҳам инсон ижодининг “меваси” бўлиб келганлигини ўтмишга айланган йиллар, узоқ ва яқин тарих кўрсатиб турибди. Ҳар нарсада инсон омили юқори ўринга турган экан, шу заминда яшаётган фуқароларнинг интеллектуал салоҳияти, маънавий қиёфаси муҳим роль ўйнайди. Айниқса, маънавий қиёфага эга бўлиш муҳим ва долзарб. Чунки бугунги шиддатли, кескин, муросасиз давр инсондан маънавий етуклик, қалб поклиги, инсоний фазилатларни талаб этади. Бугун бўлаётган жараёнларни таҳлил қиладиган бўлсак, юзага келган ва келаётган ғоявий курашлар, фикрлар тўқнашуви, замона талотўпларида маънавий қиёфа қай даражада эканлиги роль ўйнамоқда. Албатта, ташқи ва ички муносабатларда ҳам шахснинг қай даражада маънавий қиёфага эга бўлиши муҳим ҳисобланади.
Маълумки, давлатимиз сиёсатининг асосида тинч йўл билан ҳал этиш, давлат чегараларини янада мустаҳкамлаш, азалий қадрият сифатида қўшничилик муносабатларини ўрнатиш, улар билан ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйиш, умуман “қўшнинг тинч, сен тинч” қабилида фаолият олиб бориш ташкил этади. Янги Ўзбекистон сиёсатида ушбу жиҳатлар янгича бўй кўрсатиб, ҳар томонлама қўшничилик муносабатлари тикланди. Ижтимоий, маърифий соҳада ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилди. Айниқса, таълим бериш, маърифат улашишда Ўзбекистон бағрикенглик сиёсатини қўллади. Бугунги таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон олиб бораётган ташқи сиёсатида ўзига хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, ўзаро тотувлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш принципини қўллаб, илдизи маърифат нуридан озиқланган миллат, буюк аждодларга муносиб авлод эканлигини намоён қилди. Давлат томонидан ички ва ташқи сиёсат борасида қилинаётган ишлар ижобий, аммо буни амалга оширувчи, амалиётга татбиқ этувчи куч бу жамиятда яшаётган инсонлардир. Инсон ақлу заковатининг юқори бўлиши маънавий қиёфаси ҳам етук эканлигини кўрсатмайди. Илмли бўлиш, фақат унинг камолга етишига муҳим ва бирламчи восита бўлади, холос. Бугунги жараёнларни кузатиш ва мушоҳада юритиш орқали жамият ҳаёти учун оғриқли бўлган инсоний қусурларни келтириб ўтмоқчимиз. Аслида бу оғриқли томонларимиз ривожланиш, осуда ва тинч яшашга салбий таъсирини ўтказмай, қўймаяпти.
Бугунги давр турли тилларни билишни тақозо этади. Турли тилларни бола ҳали тили чиқар-чиқмас ўргатяпмиз. Бола улғайиб, бугунги замонга мос интеллектуал авлод, бир қанча тилларда бемалол гаплаша оладиган кадр бўлмоқда. Аммо инсон тилини, қалб тилини билишга келганда оқсамоқда. Тўғрироғи, тилни билиш воситаси кўп пул топиш, мансаб, мартабага эга бўлиш, умуман манфаатлар кураши бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта бу манфаатлар бошқалар манфаатини янчиб ўтиш эвазига бўлиши, ҳаммага аён. Бола дунёсини шакллантирганда, ўзгалар, миллат манфаати, юрт фаровонлиги каби фазилатлар инобатга олинмаяпти. Болаларда ватанпарварлик, инсонийлик фазилатлари сингдирилмаяпти. Аслида бошқа тилларни билиш ўз миллий тилини унутиш эвазига бўлиши керак эмас. Қачонки, болага ватанпарварлик туйғуси шаклланмас экан, юрт тараққиёти ҳақида ўйламасак ҳам бўлади.
Жамиятда яшаётган инсонларда оғир-босиқлик, вазминлик, сабрлилик каби фазилатлар етишмаяпти. Шов-шув, ура-урага мойил бўлиб қолдик. Жамиятда бирор муаммо ёки салбий ҳолат кузатилса, тезда кўз-кўз қилиш, бўртириб кўрсатиш ва оқибат қилган ишимиздан завқланиб, кимдандир нимадир олиш илинжига ўтдик. Ўзимизни кўрсатиш, манфаатлар умидида бир-биримизга мағзава тўкишга, инсон шаънини оёқ ости қилишга одатланиб қолдик. “Улкан” ғояларимизни амалга оширишда ижтимоий тармоқларни “оталиққа” олдик. Инсон қадр-қимматини сотиш эвазига манфаатлар қиролига айландик. Давлат, халқ, инсон шаъни, қадру ҳурмати аҳамиятсиз бўлиб қолди.
Оғриқли нуқталаримиздан яна бири бу кўпгина инсонларда миллатчилик, маҳаллийчилик кайфиятининг бўлишидир. Давлат турли миллат ва дин вакилларига бағрикенглик сиёсатини қўллаганда, нега биз инсонлар буни амалда татбиқ этмаслигимиз керак. Ана шу муросасизлик, охир-оқибат жамият тинчлигига катта таҳдид солишини биз инсонлар тушуниб етмаяпмиз. Бошқа миллат вакилини кўрганда, ўзбеклигимизни кўрсатгимиз келади. Бу каби салбий ҳаракатларимиз, оқибат катта-катта низолар, урушларни келтириб чиқаришини ўйлаб кўрмаяпмиз. Ўзбек халқи азал-азалдан тожик, қозоқ, қирғиз, татар, рус каби миллатлар билан қуда-андалик муносабатларини ўрнатиб, иноқ яшаган. Миллатчилик кайфияти инсонийлик, бағрикенглик туйғуси билан алмашиниб, гўзал фазилат касб этган. Азалий инсоний қадриятлар ўрнини муросасизлик эгаллаб боришига йўл қўймаган ҳолда ҳамжиҳат яшашимиз керак. Бунинг учун ички оламимиз бой ва гўзал бўлиши лозим.
Бугунги шиддатли даврда диний қарашлар ҳам ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Биламизки, диний билимга эга бўлиш кўплаб саволларга ечим топишнинг муҳим омили ҳисобланади. Бугунги кунда виждон эркинлиги ва диний билим олишга бўлган эътибор ўтган йилларга нисбатан юқори босқичга етди. Аммо диний билим олишга иштиёқнинг кучайиши кўпроқ шакл устунлигида кўриниб, маънавий, руҳий оламни ислоҳ қилишда сезилмаётгандек, назаримизда. Қоп-қора либосга ўралишу, соқолни ўзимизга одат қилдигу, бироқ муомала маданиятини, сийрат поклигини, ўзаро муносабатларда бағрикенглик, ахлоқий фазилатларни намоён қилишни, бироз унутдик. Мусулмон киши тили ва қўли билан озор бермаслиги ҳақида ҳадис келтирилган. Ушбу ҳадисга қанчалик амал қилиб, ҳаёт кечиряпмиз, буни кундалик турмушимиздаги ҳолатлардан билишимиз мумкин. Агар ҳар бир инсон шу биргина ҳадис асосида ҳаёт кечирганда, қанчадан-қанча улкан даражадаги муаммолар, низолар, урушлар барҳам топган бўлар эди.
Юқорида келтирилган мисоллар давлат ва жамият ҳаёти, унинг эртанги истиқболли келажаги учун тўсиқ ҳисобланади. Инсон қачонки, гўзал маънавий қиёфага эга бўлмас экан, оғриқли муаммолар ўз ечимини топмай қолаверади. Давлат томонидан чиқарилган қонун, қарор-фармонлар халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши учун ҳам инсонлар маънавий сифатларга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, манқуртликка айланган онг, мансаб, мартаба асосига қурилган ҳаёт тарзи, манфаатлар эвазига ҳаёт кечиришга ўрганган жисм устунлик қилган жамиятда ривожланиш, тараққиёт бўлмайди. Бугунги шиддатли даврда инсонларнинг маънавий қиёфаси, уларнинг ҳамжиҳатлиги, жипслиги, бирдамлиги муҳим роль ўйнайди. Қачонки, ички муносабатларда инсоний фазилатлар устун бўлса, шундагина, ташқи муносабатларда ҳам ҳамжиҳатлик, аҳиллик юқори босқичга етади. Бизни буюк давлат барпо этиш йўлидаги саъй ҳаракатимиз ҳам маънавий қиёфамизни қай даражада шакллантиришимиз билан белгиланади.
Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини шакллантиришда инсоннинг маънавий қиёфаси ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Инсон ўз-ўзини ислоҳ қила олар экан, жамият маънавий қиёфасини ҳам ўзгартира олади. Инчунин, инсон ўз дунёсини эзгу фазилатлар билан гўзаллаштира олса, кенг доирада бугунги шиддатли, талотўпли дунёни ҳам ўзгартира олиш қобилиятига эгадир. Зеро, ҳар бир инсон олаётган илмни ўз маънавий дунёсини бойишига хизмат қилишга эътибор қаратиши лозим. Шундагина, давлат тинч, юрт фаровон ва қўшничилик муносабатларида эса ўзаро ҳамжиҳатлик, самимийлик муҳитини ярата олган бўламиз.
Comments